Saturday, December 3rd, 2022

Айрилиқ (Орол бўйидаги ўйлар) – HURRIYAT


Ўзбекистон журналистлар уюшмаси йўлланмаси билан

 

(Иккинчи мақола)

 

Кемалар қумда “сузмоқда”…

 

Орол! Денгиз!! Сени бу ҳолда кўраман, деб ўйламагандим. Ахир “Денгиз” эдинг, бугун не кўйга тушибсан?! Сенинг бу ҳолга гирифтор бўлганингни билганимда, тилимнинг тагида асраб бўлса ҳам бир томчи сув келтирмасмидим? Эҳ, одамзот нима қилиб қўйдинг?! Бу дардни такрорлайвериб, оҳ уравериб, фарёд чекавериб, тўлқинлар билан бирга ғойиб бўлди. Энди уларнинг нолаларини майин қумлар шивирламоқда, шамоллар увламоқда, юзлаб километрларга чўзилаётган бўронлар гувламоқда: “Одамзот! Нима қилиб қўйдинг?!”

Ҳа, Оролнинг қуриши умумсайёравий фожиа ва унинг “нашъу намолари”дан ҳеч ким бебаҳра қолмаяжак. Зеро, бу кўргуликка ер тарвузи устида умргузаронлик қилиб юрган ҳамма жонзотнинг айби бор.

Шу туфайли балиқлар қирилиб кетди, қирқдан зиёд ҳайвонот тури манзилларини тарк этди, ўсимлик олами кунпаякун бўлди. Энди ўз жигарларидан ажралган тупроқ уввос солиб йиғламоқда, қуёш олови баттар кучаяётир, унинг тафтидан қумлар ёнмоқда. Бу гулханни ўчиришга келган шамолллар қум-тўзонларни, ёниб кулга айланган тупроқ-кулларни минг метрлаб тепага кўтариб, оламга сочаётир, гўё кибр ва ҳаволанишдан кўр бўлиб қолган кўзларни очаётир.

Энди нима бўлади? Бош масала – ана шу. Бу эса ё ҳаёт, ё мамот масаласи. Мутахассисларнинг энг охирги хулосаларига кўра, бу марварид жавоҳирнинг қуриб битишида 70 фоиз инсон омилининг, қолган 30 фоизда эса табиат ҳодисаларининг айби бор экан. Шу сабаб фожиа рўй берди, қилғиликни қилиб қўйган   инсон эса бу ҳол қаршисида ожиз, нотавон турибди.

Денгиз мавж уриб, бандаргоҳни кўтариб ташлагудек шўхлик билан шаддод ўйнаган қирғоқда бугун қум ўйнайди. Ўша шарафли кунлардан ёдгор бўлиб бор-йўғи маёқ қолибди. Энди унинг учидаги чироқ ёнмайди, кемаларни қирғоққа чорламайди. Ахир кемалар йўқ, сув йўқ ахир! Кема дегани сувда бўлади-да. Сув ўрнида бўшлиқ, яъни саҳро! Қуйида қум денгизи, қирқ метрлар қуйида; демак, сувнинг чуқурлиги шунча бўлган. У жойга тушиш учун зиналар ясалибди (уларнинг сони72 та, худди денгиз қуриган йилларга тенгдек). Кейин эса қумга чўкиб ётган кемалар. Уларни нуфузли меҳмонга кўрсатиш, шу билан дунё эътиборини жалб этиш ва нажот калитини қўлга киритиш мақсадида узоқ-узоқлардан судраб келишган экан. “Жуда катталарини ишбилармонлар бўлаклаб, металломга топшириб юборишганди” дейишади ҳамроҳларим аҳволга изоҳ бериб. Озгина сабр қилишганда қолганлари ҳам “калла-поча” қилиниб, ХХI аср иншоотларига ишлатилиб юборилар экан. Энди кемалар бўлганини, улар сувда сузганини эслатиб, занглаб кетган темир кулбалар қўнқайиб туришибди. Уларни суратга тушириш, устига чиқиб, узоқ-узоқларга маҳзун термулиш, атрофини айланиб, пайпаслаб, кема эканига ишонч ҳосил қилиш мумкин. Улар қумга чўккан ва жон таслим қилган туялардан ҳам хароб ҳолда турибди. Сони ҳам кўп эмас. Афсуски, “кемалар қабристони” эди бу жой. Дунёда яна шундай бошқа экзотика маскани, томошагоҳ бормикан?

Бундай катта кўламли фожиа бир кунда содир бўлмаган ёки табиатнинг тасодифий зуғуми остида рўй бермаган. Унга узоқ тайёргарлик кўрилган, ҳисоб-китоблар бўлган, муҳокамалар, илмий машваратлар ўтказилган. Ахир ер юзидаги тўртта мовий ва йирик кўллар: Каспий, Шимолий Америкадаги Виржиния, Африкадаги Викториядан бирининг харитадан йўқ бўлиши шунчаки жўн ҳодиса эмас. Бу ҳаракатнинг тад­рижи ҳужжатларда муҳрланган.

Баъзи маълумотларга қулоқ тутилса, ҳали рус князи Иван Грозний (1530-1584) пайтида, балки ундан ҳам олдин Орол борасида ва унинг шаҳобчаларидан ҳовучлаб олтин олиниши ҳақида хабарлар етиб борган экан. Кейин эса императорлардан бири кемада Ҳиндистонга боришни орзу қилган. Бунинг учун Каспий ва Оролни бирлаштирадиган шлюз барпо қилиш керак бўларди. Ўшанда Амударё тўлиб оққан ва унинг суви Саримқамиш кўлини ҳам тўлдириб турган. Тарих китобларида қайд этилишича, аслида Чингизхоннинг Хоразмни босиб олишидан кейин дамбалар бузиб ташланган ва Амударё Ўзбой томон уриб кетган. Фақат ХVII асрга келиб, яна ўз ўзанига қайтган…

Фақат энди яна Ўзбой ўзанини сувга тўлдириб, бу йўлни Каспийгача давом эттириш кифоя эди. Воқеалар ривожланиб бораверган, савдогарлар, сайёҳлар, аввало, қумларида олтин ярақлаб ётган, далаларида жаннат мевалари пишиб турувчи, одамлари меҳнаткаш ўлка ҳақида бир-биридан қизиқ ва оҳанраболи маълумотларни тарқатаверадилар. Ниҳоят, 1717 йил император Пётр I Бикович-Черкасский бошлиқ махсус экспедицияни Ўзбой ўзани картасини тузиш мақсадида разведка   учун жўнатади. Уларнинг нияти бузуқлигини, яъни айғоқчи эканини (айғоқчилик ислом ақидаларида жуда қаттиқ қораланган) билгач, бу “саёҳатчи”лар Хива хонлиги томонидан қаттиқ жазога мустаҳиқ топилади. Бундай ёндашув энди масалани мантиқан бошқа ўзанга солиб юборади: ҳам қасос, ҳам истило. Бу ҳаракат узоқ давом этади ва 1863 йилда Хиванинг ишғол қилиниши билан ниҳояланади. Аслида бу янги босқинчиликларнинг бошланиши эди.

 

Гуллаш ўрнига …чўллаш

 

Моҳияти пардаланган, фақат эзгу мақсадлардан сўзловчи гап-сўзлар юқори доираларда айланиб юрар, гарчи тузум ўзгариб, янги жамият юзага келган бўлса ҳам муносабат ўзгармай қолаётганди. Албатта, ўтган аср бошларида бу мавзу қанчалик жамоатчилик назарида бўлган, балки долғали воқеалар гирдобида Орол тақдири кейинга сурилгандир, аммо тинч тараққиёт йилларида у диққат марказида тураверган. Жумладан, Ўрта Осиёда қишлоқ хўжалигини экстенсив ривожлантириш масаласи кўрилганда Амударё дельтасида ўзлаштирилмаётган унумдор ерлар, бундан ташқари Орол ҳавзасида катта миқдордаги сув захираси борлиги ҳам диққат марказига чиққан. Жумладан, илмий доираларда   қурғоқчил йилларда 17 куб км., серёмғир йилларда эса 35 куб км. ортиқча сув Орол денгизи ҳавзасида мавжуд бўлади, улар хўжалик мақсадларида фойдаланилмайди ва бекорга ҳавога буғланиб кетади, деган фараз айтилади. Бу фикрни ўша даврнинг йирик гидролог ва ирригаторларидан бири бўлган В. В. Цинзерлинг олға суради ва у билан кўп олимлар ҳамфикр бўлади. Энди мақсад “ҳавога беҳуда буғланиб кетаётган ва хўжалик мақсадларида фойдаланилмаётган” сув захирасини истифода этиш устида кетади.

В. В. Цинзерлинг (1884-1954) швед миллатига мансуб бўлиб, катта ҳаётий тажрибага эга олим эди. 1927 йилда эълон қилинган 800 саҳифага яқин “Амударёнинг суғориш тизими” (“Орошение на Аму-даре”) монографияси билан дунёнинг чўлланган ерлар бўйича энг йирик мутахассислари қаторида эътироф этилганди. У 1918 йилдан бошлаб йирик иншоотларни қуриш давлат қўмитаси ташкилий бюроси таркибида ирригация, мелиорация ва ўрмонларни тиклаш лойиҳаларини тузиш билан шуғулланган.   Қорақум каналини лойиҳалаштиришда ҳам қатнашади. Ана шундай узоқ муҳокамалардан кейин давлат режа қўмитаси 1932 йил 25 декабрда 4-8 йил давомида 30 дан 50 куб км.гача Амударё сувини Сариқамишга олиш ҳақида қарорни маъқуллайди. Қарорда бу ҳол Оролбўйида сувдан фойдаланиш шароитларига таъсир қилмаслиги таъкидланган.

Бу масаланинг муҳокамаси мунозаралар билан узоқ давом этган. Қолаверса, Орол денгизининг асосий манбаси Амударё ва Сирдарёнинг сувига даъвогарлар ҳам етарлича топиларди. Жумладан, 1950 йилда Катта туркман канали қазила бошланди. Режага кўра Амударё суви Ўзбой ўзани бўйлаб Кранодарсккача етиб бориши ва 1200 километрга чўзиладиган канал Орол ва Каспийни бирлаштирмоғи лозим эди. Албатта, инсон ва табиатнинг бу даражадаги катта “мулоқоти” илмий доираларни бефарқ қолдирмасди. Ўз пайтида В. В. Цинзерлинг меъёридан кўп сув олиш Орол ҳавзасининг сийраклашишига олиб келишини ва бу атмосфера ҳавосига кескин таъсир қилишини эслатиб ўтганди. Бошқа бир гуруҳ эса (масалан, географ ва иқлимшунос Александр Воейков ва бошқалар) Оролни “табиат хатоси” деб атаб, унинг ўрнидаги ерлардан деҳқончилик ва бошқа самаралироқ мақсадларда фойдаланишни таклиф қилишарди.

А.Воейков (1842-1916) деярли дунёни кезиб чиққан йирик мутахассис, тадқиқотларида табиат ва инсон муносабатларини чуқур ўрганган. У теварак-атроф муҳити инсоннинг табиий ва руҳий саломатлигига бевосита таъсир этади, деб ҳисоблаган. Гигиенист сифатида аҳоли турли қатламлари турмуш тарзининг улар соғлигига таъсирини ўрганиб, кўплаб мижозлар қулай иқлим шароитидан куч олишини таъкидлаган ҳамда Кисловодск, Сочи ва Боржомининг табиатини таҳлил қилиб, бу жойлардан курорт сифатида фойдаланишни чор ҳукуматига тақдим этган. Ана шу мутахассиснинг Оролни қуритишга хайрихоҳ бўлганини қандай тушуниш керак? Унинг 1913 йилда Россияда нашр этиладиган “Қишлоқ хўжалиги ва ўрмончилик” журналида 30 саҳифага яқин “Туркистон очерклари” босилган экан. Балки уни обдон ўрганиш масалага ойдинлик киритади).

Албатта, 25 фоиз Амударё сувининг Катта туркман каналига олиниши Оролнинг саёзланишига олиб келмаслиги мумкин эмас эди. Узоқ тортишувлардан кейин қуйидаги хулосага келинди: Амударёдан 30-50 куб км. сув олиниши билан кўл майдони 15-20 минг кв.кмга, ҳажми 700 куб км.га, чуқурлиги 6-7 метрга қисқариши, туз миқдори 1 л/1, 5 гр.гача бўлиши мумкин, холос. Бутуниттифоқ география жамиятида бўлган ўша мунозара иштирокчилари бу ҳол 200-300 йилдан кейин шу даражага етишини тасдиқлашганди. Билъакс, сув сатҳининг чўкиши Амударёнинг қуйи қисмида янги ерларни ўзлаштириш имконини беради,   ботқоқланиш ва шўрланишнинг олдини олади. 1951 йил 27 мартда бўлган илмий мунозарада кўзда тутилган бу башоратлар қанчалик хато эканини бугунги аҳвол кўрсатиб турибди.

Албатта, мавжуд аҳвол илмий жамоатчиликдан сир тутилди, турли баҳоналар билан вазият чалкаштирилди, аҳоли эса умуман хабардор қилинмади. Ўтган асрнинг 50-йилларида Москвадан чиқадиган “Комсомольская правда” газетаси Орол сатҳи бир неча сантиметр пасайгани ҳақида информация эълон қилади. Уни ўша пайтда Мўйноқда чиқадиган “Орол балиқчиси” газетаси кўчириб босади. Бу “хоин”лиги учун газета раҳбарига қаттиқ чора кўрилиб, ишдан олинади. Айтиш мумкинки, Орол фожиасининг сабаблари ва оқибати охиригача темир сандиқларда ўта махфий сақланди.

Аммо ойни этак билан ёпиб бўлмаганидек, бу беҳад катта бўҳронни ҳам беркитиб туриш мумкин эмасди. Денгиз сатҳининг сезиларли пастлагани билиниб қолаётганди. Шундан кейин илғор зиёлилар бонг уришни бошлаган, “Оролни қутқариш” муассасалари тузилган, катта-катта йиғилишлар ўтказилган, лекин буларнинг барчаси қалдирғочнинг тумшуғида олиб келган бир томчи сувичалик наф бергани йўқ. Оролнинг қуриши қайтарилмас жараёнга айланганди. Эътибор беринг, ўжар рақамлар нималардан сўзлайди: 1960 йилда Оролнинг чуқурлиги 53 метр, сув ҳажми 1068 куб км., майдони 66 минг кв. км. бўлган. Сувнинг шўрлиги 10 г/л. даражасида. Қирғоғининг узунлиги 4430 км.ни ташкил қилган. 1911-1960 йиллар давомида денгиз сатҳи бор-йўғи 30 см. пастлаган.

 

Мана,   …“результат”!

 

Бугунги кунда вазият ўтган асрнинг 70-йилларига келиб кескин ёмонлашишга юз тутгани қайд қилинади. Илмий кузатишлар 1971-1985 йиллар орасида сув сатҳи ҳар йили 67 см.дан пастлаб бораверганини тасдиқлайди. Оқибатда, 1986 йилга келиб денгизнинг чуқурлиги 41 метрга тушиб, у иккига бўлиниб қолади. Барча чоралар ҳавога учиб кетаверди. Ғилдирак айланишни бошлаган, уни тўхтатиш учун ундан ҳам катта куч керак эди.   Нажот Сибирь сувлари бўлиши мумкин эди. Аслида, Аму ва Сирдарё сувларини суғоришга олиш жараёнида бу ҳол кўзда тутилган, яъни Сибирь дарёлари сувларини Ўрта Осиёга оқизиш кўзда тутилган, обрўли минбарлардан бу таъкидланган эди. Аммо турли сабаблар (аслида баҳоналар) билан лойиҳанинг иккинчи талаби бажарилмади ва жабрдийда Орол бу нотўғри, нопок ёндашувнинг қурбони бўлди. Масаланинг моҳияти – шу!

Жараён давом этди. 2002 йилга келиб, денгиз сатҳи 20 метрдан кўпроқ саёзлашиб, қирғоқдан юзлаб километр чекинишга улгурди. Денгиз бўйидаги флора ва фауна ўнгланмас зарар кўрди, қум бўронлари кўпайди ва кучайди. Ҳавзага умуман сув тушмай қолди, натижада 2014 йилдан денгиз тўла қурий бошлаган. Шундай қилиб, 1960-2016 йилларда Оролнинг майдони 9 марта, сувнинг умумий ҳажми 21 марта қисқарди. Эндиликда Оролни сақлаб қолиш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас: табиат ўз сўзини айтди, ҳудуд биосферасини тартибга солиб турган тарози вайрон қилинди. Бир неча кўллардан иборат бўлиб қолган денгизнинг туби аллақачон ботқоқликка айланиб, сўнгги нафасини олаётгани ҳақида хабарлар бор…

Мутахассислар тасдиқлайдики, Оролнинг қуриши сабабларининг учдан икки қисми инсоннинг табиатга нотўғри муносабати, маданиятсиз зуғуми туфайли юзага келган. Айтиш мумкинки, унга Саҳройи кабирнинг қисмати насиб этди. Африка қитъасининг ўттиз фоизга яқин майдонини эгаллаб ётган, қарийб 9 млн.кв. м.ни ташкил этувчи бу улкан қуруқлик ҳам бир неча юз минг йил олдин денгиз бўлган экан. Ҳозир унинг ҳудудида 2,5 млн.дан ортиқ одам яшайди, ўзига хос ҳаёт тарзи, тирикчилик мароми шаклланган. Энди Орол эмас, Оролқум ҳудудида ҳам шундай бўлиши табиий. Ҳозир сунъий саксовулзорлар барпо қилинаяпти. Кейинги 4 йилда 1 732 796 гектар майдонга чўл ўсимликлари уруғи қадалди. Янги ресурслар изланаяпти. Масалан, аритмия цисталари даромадли соҳага айланаяпти. Бу жойлардаги қамишнинг юқори сифатлилигини мутахассислар таъкидлаган, ундан самарали фойдаланилаяпти, чорвачиликнинг турли тармоқларини ривожлантириш имкониятлари ошиб-тошиб ётибди. Хуллас, энди Оролқумда саҳро ҳаётини йўлга қўйиш ҳақида кўпроқ қайғуриш керакка ўхшайди.

Масаланинг бир нозик томони шундаки, вазият тақозоси билан бу ҳудудда ўзига хос ва бошқа жойларда учрамайдиган иқтисодиёт ҳамда аҳолининг турмуш тарзи йўлга қўйилиши, шаклланиши лозим. Маълумки, Орол ҳавзаси Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудида ёйилган. Бу маъмурий бўлиниш фалокат ҳудудида тикланиш ишларини мувофиқлаштириб олиб боришда маълум қийинчиликлар туғдирмоғи табиий. Ҳатто масалани ҳар ким ўзича ечишга уринишлар ҳам бўлган: Сирдарё сувини кичик Оролга буриб, уни тўлдириш учун дамбалар, каналлар қазилган, бироқ табиат амри Орол яхлит ҳолда яшаши шарт, деган қонунни тасдиқлаб, бу уринишлар натижа бермаган. Ўзбекистонда барпо қилинаётган яшил майдонлар Қозоғистон мутахассислари эътиборини тортди, улар бу тажрибани ўрганиб кетишди.

Демак, Орол ҳудудининг тақдири ҳам, келажаги ҳам бир. Шундай шароитда Ўзбекистондан Мўйноқ, Бўзатов, Қўнғирот, Тахтакўпир туманлари, Қозоғистондан Орол, Қизил Ўрда, Қазали, Чалқар авданларида олиб борилаётган қутқариш ва тиклаш юмушларини яхлит ҳолда мувофиқлаштириб туриш эҳтиёжи мавжуд. Мабодо амалга оширилаётган тадбирлар бир марказдан бошқарилса, унинг самарадорлиги ҳам юқорироқ бўларди. Ҳозир фалокат ҳудудига халқаро ташкилотлар (масалан, “Траст-банк”, Жаҳон банки ва бошқалар), жамоат бирлашмалари ёрдам бераяпти, халқаро жамоатчилик ҳам бепарво эмас. Бу борада муҳтарам Президентимизнинг БМТ 77-сессиясидаги чиқиши катта аҳамият касб этди.

Шундай шароитда, кўрилаётган чораларнинг самарадорлигини ўйлаб, Орол ҳудудини   алоҳида Халқаро табиий фалокат зонаси деб эълон қилиш ва унинг мақомини белгилаб қўйиш мақсадга мувофиқ эмасми? Қолаверса, бу тузилманинг ягона ўз молия манбалари, йўл харитаси, қолаверса, маъмурий тузилмаси бўлиши кучларни бирлаштиришни таъминлаган бўларди.

Шовқин-суронларга тўла ХХ аср икки йирик воқеа билан умрини якунлади: 1). Қизил империя қулади; 2). Орол денгизи қуриди. Бу во­қеаларнинг қандайдир ички мантиқ боғлаб турганган ўхшайди. Инсон қавмининг бир бўлаги ҳозиргача шаклланган ҳаёт тарзини остин-ус­тун қилиб, “Дунё материя асосига қурилган, онг иккиламчи омил” деб чиқди ва давом этиб, “Табиатни бўйсундириб, ўзимизнинг ҳақлигимизни исботлаймиз” дея дағдаға қилди. Шу кибр билан Оролга ҳужум бўлди ва маҳв этилди. Энди эса ҳақ ва ноҳақни фарқлашнинг аниқ исботлари мавжуд: барибир табиат, табиий қонунлар ҳукмрон бўлиб қолаверади!

* * *

…Мўйноқда бўлган кунларим шимолда куз нафаси сезилиб қолган, ҳаво беғубор, осмон тиниқ эди. Муаззам кенгликлардан теран моҳият ва мазмундан хабар бериб, вазмин саболар эсиб турарди. Бундай ҳаво кишига жуда ёқимли, бу ҳавода Орол қумликларини кезиш аллақандай мароқли эди. Мен ҳамроҳларим: туман маънавиятининг байроқдорлари Гулчеҳра Тўқсонбоева ва Фатима Каримовага юзланиб:

— Қандай гўзал табиат! Нолийдиган ҳеч нарса йўқ, — дедим. Улар баравар кулиб юборишди ва жўр бўлганча тагдор қилиб:

— Орол келган одамнинг ниятига қараб муомала қилади! – дейишди. Гап нимадалигини бундан ортиқ лўнда ифодалаб бўлмайди.

Ҳаким САТТОРИЙ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link