Monday, October 3rd, 2022

Айтсам тилим куяди, айтмасам дилим…


1970 йилларда пойтахтимизнинг Чилонзор даҳасидаги бетон уйда яшардик. Баъзилар: “Ғиштлик уй яхши бўлади, бетон уйнинг одамга зарари бор”, де­йишса, ҳайрон қолардим, “ҳар иккисининг томи бор, поли бор-ку”, дердим. 1984 йилда Дархон маҳалласига кўчдик. Уй ғиштдан қурилган экан. Кейин билсам ғиштин уйлар чиндан бошқача – яхши бўларкан. Фарзандларимдаги томоқ оғриқлар, тез-тез шабадалаш, ўзимдаги оёқ оғриқ деган дардлар анча камайди. Дарвоқе, ўша пайтларда Ислом Шоғуломов (Аллоҳ раҳмат қилган бўлсин) бош­лиқ “Шарқ” компанияси ишчиларига, газета ходимларига кўп қаватли уйлардан квартиралар ажратиб, қўлингизга калитини тутқазишарди. Уйларнинг барчаси ғиштдан қуриларди. Сира ёдимдан чиқмайди, бош муҳарриримиз (ўша пайтда “Ёш ленинчи”, ҳозирги “Ёшлар овози” газетаси) Рустам Шоғуломов (Аллоҳ раҳмат қилган бўлсин) “кимга уй керак” деб юрган пайтлар бўлган.

 

Таҳририятда, нашриётда икки йил ишлаган одамга нав­бати билан уй берилиши одатий ҳол эди. Ўша вақтларда айрим ходимларимиз ҳатто 2-3 тадан квартира олишган. Ҳозир кўпчилик ишонмаслиги мумкин, хонадонлар мутлақо бепул берилар эди. Балки, матбуотга эътибор жуда юқори бўлган экан-да, деб ўйлашар. Лекин шундай эътибор бошқа соҳаларга ҳам ёмон бўлмаган. Хусусан, турли завод ва фабрикалар, айтайлик, Тошкентдаги 84-завод, “Малика”, “Қизил тонг” сингари фабрикаларда ишлайдиганларга ҳам кўплаб квартиралар берилганлигини яхши биламиз.

Тўғри, у замонлар Истиқлол, Ҳурлик давр­лари эмас эди. Юртимиз собиқ иттифоқ таркибида бўлиб, барибир Кремлга тобе респуб­ликалардан бири эди.

Нима бўлганда ҳам Истиқлол берган имкониятлар ҳақида гапиришимиз керак. Буюк боболаримизнинг орзу-армонлари ушалди. Оддий одамларга иш ва маош берилгани, квартиралар ажратилгани яхши бўлган дейиш мумкин. Бироқ миллатимизнинг улуғ зотлари қатағон қилингани, миллий қадриятларимиз топталгани ва бошқа иллатлар ҳеч бир имтиёз билан оқлаб бўлмас фиғонлар эканлигини яхши англашимиз керак.

Шундай бўлса-да, сўзимиз бугун фақат мадҳ, мақтовлардан иборат бўлмаслиги керак, деб ўйлайман. Чунки, бор эришилган ютуқ ва муваффақиятлар — ўзимизники.

Бугун ҳаётимизга соя солаётган айрим муаммо ва камчиликларни ҳам айтишимиз, имкон қадар улар бартараф этилмоғига ҳисса қўшмоғимиз фойдадан холи бўлмаса керак.

Тўғри, йиллар ортда қолди. Давр ўзгарди. Масалан, жонажон Тошкентимизнинг Амир Темур хиёбонини олайлик. Ҳар куни бу хиёбонни кесиб ўтиб ишхонамга —   “Мат­буотчилар уйи”га борар эдим. Бу ердаги тарих гувоҳлари бўлган азим чинорлар (ҳозирда у чинорлардан асар ҳам қолмаган) қулоғимга алланималарнидир шивирлаётгандек бўларди. Қизиқиб улар танасига ўрнатилган тахтачалардаги ёзувларни ўқирдик. Ёши Х аср, тана айланаси олти метр. Ёнидагисининг ёши ХVI аср, айланаси 8 метр. …Бу каби тарих гувоҳлари шаҳримизда жуда кўп эди. Улар бизга ота-боболаримиздан мерос қолганди. Уларнинг соя-салқин бағрида эҳ-ҳе қанча диллар, кўнгиллар ором топган, дам олган, нафас олган. Биз инсонлар гоҳида бешафқатмиз. Қайсидир донишманд тўғри айтганидек, “Дунёда энг шафқатсиз жонзот – инсон”. Ҳа, ҳиё­бондаги неча-неча юз йиллик дарахтлар кесиб ташланди. Тўғри, аждодларимизга, алломаларимизга ҳурматимиз баланд. Лекин улардан қолган чинорларни ўйламай-нетмай барчасини йўқ қилдик. Таг-туги билан йўқотдик. Ўша пайт­лар эсимда, ўн-ўн икки йил аввал эди бу —   Тошкент “яланғочланиб” қолди, кўчалар офтоб тиғида қолди, соя-салқин жой қолмади. Инсонга ки­йим-кечаклик ярашса, жойларга катта дарахтлар – чинорлар ярашиқли эди.

Шубҳасиз, пойтахтимиз сўнгги йилларда улкан бунёдкорлик, қурилиш майдонига айланди. Қанча гўзал бинолар, иншоотлар, кўп қаватли уйлар қурилди. Айниқса, Toshkent Cityнинг бунёд этилаётганини мўъжиза дейиш мумкин. Бироқ… шаҳардаги айрим маданий объектларни, сўлим жойларни бузиб, ўрнига кўпқаватли уй қуриш, катта даромад кўриш деб тушунилгани барибир яхши бўлмади. Негаки, Тошкентнинг Самарқанд дарвоза, Камолон, Эски шаҳар, Бешёғоч, Кўкча каби тарихий жойлари ўз ҳолича сақланиши керак эди. У ердаги эски биноларни таъмирлаб, жило берилса, Тошкентнинг тарихий чеҳраси сақланган бўлармиди, дейман-да. Қолаверса, юртимизга дунёнинг узоқ ўлкаларидан келадиган сайёҳлар замонавий биноларни эмас, қадимий Тошкентни, эски маҳаллаларимизни кўргани келишади, буни истаган сайёҳдан сўраб кўринг. Чунки замонавий осмонўпар бинолар уларнинг ўзлари яшайдиган жойларда ҳам кўп.

Яна бир нарса муҳимки, тадбиркорлар ўзларига ёққан жойлардан танлаб қурилишлар қилишда давом этмоқда. Шу боис сердарахт жойлардаги дарахтлар кесилиб кетди. Шу ўринда аниқ бир мисол келтирмоқчиман: Миробод туманидаги С.Азимов кўчасида 72 ва Истиқбол кўчасида 24-рақамли уч қаватли 77-серияли уйлар бор. Бу уйлар тарихий бинолар ҳисобланади. Улар машҳур архитектор Радченкова лойиҳаси асосида қурилган. Очиғини айтиш керак, жуда мус­таҳкам бўлиб, тўлиқ ғиштдан бунёд этилган. Деворлари қалин, 60-70 см.дан кам эмас,   қолаверса, уйлар чорраҳанинг бурчагида бўлгани учун атрофдаги бинолар ансамблига жуда мос тушган. Унинг бир томони, кўчанинг бу юзида, емакхона-кафе, рўпарада ойнаванд шифохона, яна бир томонида эса мактаб, демак, бино тарихдан дарак. Бироқ қарийб 4 йилдан буён ушбу уй можароси тугамайди. Инвестиция баҳонасида 30 ёшлар атрофидаги йигит бойиш мақсадида уйни бузиб, ўрнига кўп қаватли бино қуришни режалаштирган. Албатта, бу ишда шаҳар ва туман ҳокимликлари ҳам бош-қош бўлиши керак. Уйдаги яшаётганларнинг эса ярмидан кўпини саксон-тўқсон ёшлардаги нуронийлар ташкил этади. Уларнинг кўпчилиги ўтказилаётган тазйиқлардан, кўча-кўч, буза-буз­лардан озор чекишди, баъзилари касалга чалинишди. Кўплашиб бир қанча юқори   жойларга мурожаат қилишди ҳам. Масала дастлаб бироз тинчигандек бўлди, бироқ вақт сал ўтгач, яна ўша жанжал, можаро бош­ланди. Ўша ёшгина йигит кунларнинг бирида 5-6 хонадон одамларини кўчириб, уйнинг ўша қисмини буза бошлади. Ваҳоланки, бинонинг ичида кўпчилик ўз уйи­­да бўлишига қарамай, тап тортмади. Бир ёшгина йигитнинг даромад топиб бойиши учун қолганлар қадрдон уйини бўшатиб бериши керак эди! Ақл бовар қилмайди. Ахир, уларнинг қанча умри қолган. Қолган умрини ўзлари ўрганган, қадрдон жойда ўтказишлари зарурлигини нега тушунишмайди?

Президентимиз ҳар соҳада инсон омили, инсон қадр-қимматининг биринчи даражали эканлигини қайта-қайта уқтирмоқдалар. Шундай экан, 3-4 қаватли мустаҳкам уйларни (устига-устак тарихий) пардозлаб, ёш авлодга тарихдан гувоҳ тарзида қолдириш мумкин эмасми?! Аслида ҳар бир одам учун маълум квадрат жой, маълум миқдорда ҳаво, маълум миқдорда яшиллик белгиланса керак?! Лекин кейинги қурилишларда бу нарсага етарлича амал қилинмаётганга ўхшайди. Қурилаётган уйлар жуда бир-бирига яқин, зич жойлашган. Бундан ҳаво етишмаслиги келиб чиқади. Мисол учун, С.Азимов кўчасидаги завод ўрнига қурилган уйларни олайлик. Ҳатто деразадан қўл узатиб сўрашсангиз бўлади. Ниёзбек йўли кўчасида қурилаётган “Namuna” массивидаги ва Абдулла Қодирий кўчасида қурилган уйлар ҳам шунақа, ўта тиғиз, бир-бирига яқин. Бунинг устига ҳаммаси бетондан, балкони ҳам жуда кичкина. Қолаверса, уларда автотранс­порт воситалари учун тўхташ жойлари, автотураргоҳлар ҳам намунали ўйланмаган. Бунинг оқибатида машиналар биноларнинг олдида қолдириб кетилмоқда. Бу эса пиёда йўловчиларнинг ҳаракатланиши учун ҳам ноқулайлик туғдирмоқда. Бунинг мисолини Қори Ниёзий кўчасининг бош­ланишида қурилган “Golden House” массивидаги уйлар мисолида янада аниқроқ кўриш мумкин. Бу уйларнинг биринчи қаватидаги емакхона, “Makro” савдо-сотиқ ва турли маиший хизмат кўрсатиш шоҳобчаларига келган мижозлар транспорт воситаларини йўлнинг юзидаёқ қолдиришади. Йўлнинг бир томонини эгаллаган гул дўконлари ва иккинчи томонидаги қолдириб кетилган автоуловлар пиёдалар ҳаракатланиши учун ошиб бўлмас “довон”дек гап. Хуллас, бунақа уйлар шаҳарга кўрк бўлолмайди, аксинча чиройини бузади.

Шаҳар айланиб гоҳида ўйланиб қоламан, назаримда, кўп қаватли янги уйлардаги хонадонларнинг сони аҳоли сонидан кўпга ўхшайди. Тўғри, улар сотиляпти. Лекин жуда суст, жуда секин. Сотилгунига қадар қанча-қанча ҳашаматли уйлар бўш туравериб ҳувиллаб ётибди! Аммо нима бўлса, бўлсин, уй қурадиганларга даромад, мулк бўлсин, экан-да.

Юқорида айтганимиздек, юртимизга келадиган туристлар кўп қаватли биноларни эмас, балки лойсувоқли, миллийлигимизга хос ва мос бўлган қадимий биноларни, қолаверса, улуғ алломаларимиз ётган қадамжоларни кўргани келишади. Баъзи бир тадбиркорларни эса бу нарсалар бугун қизиқтирмайди. Нега кўпчилиги уйқурарман экан, савобталаб тадбиркор эканлар, шаҳар чеккасида эмас, шаҳарнинг қоқ марказида, ҳали яна юз йиллаб сақланиши мумкин бўлган уйларни бузиб қуришлари керак?! Оддий одамга ҳам тушунарли: шаҳарнинг қоқ марказидаги ерларнинг ҳар қаричи тиллога тенг. Бундай жойга уй қурсанг — даромад топасан, қимматига сотасан. Бироқ…

Такрор айтмоқчиман, пойтахтимизда кўп яхши ободончиликлар қилинаётгани, кўчаларимизнинг кенг ва ёруғ бўлаётгани, Toshkent city каби чиройли шаҳарчалар бунёд этилаётгани қувонарли. Буни юқорида ҳам таъкидладик. Аммо яна шуни так­рор-такрор айтишга юрак зада бўлди, эски Тошкентнинг қадим қиёфаси, ўзлиги, тарихи, файзини ҳам сақлаб қолишни ўйлайлик. Ҳали ҳам кеч эмас.

Муқаддас АБДУСАМАТОВА,

Ўзбекистон Республикасида хизмат

кўрсатган маданият ходими, меҳнат фахрийси



Source link