Friday, December 2nd, 2022

Атамалар комиссияси қаерда? – HURRIYAT


Кўпчиликка маълумки, Оҳангарон шаҳри 1957 йиллар цемент заводи қурилиши шарофати билан “туғилган”. Яъни, 1966 йилда Хонобод посёлкаси Оҳангарон шаҳри деб атала бошланган. 1976 йилдан бошлаб вилоят мақоми берилган. Савол туғилади. Хонобод нега Оҳангарон деб номланди? Олмалиқ шаҳри — 1951, Ангрен шаҳри эса ундан олдин — 1946 йилда ташкил топган. Ундан   ҳам илгари, аниқроғи, 1926 йил ҳозирги Оҳангароннинг номи Қурама деб юритила бошланган. Оҳангарон сўзига русийзабон   аҳолининг тили келишмагани оқибатида “Ахангаран”, “Ахенгарен”, “Ханг­рен” аталавергани боис “Ангрен” сўзи пайдо бўлган ва бу шундай номдаги шаҳар пайдо бўлишига олиб келган. 1982 йил “Оҳангарон” газетасида чоп этилган “Кўчангиз кимнинг номида?” танқидий мақоласидан кейин Оҳангарон шаҳрига — Хонобод, Ангрен шаҳрига эса Оҳангарон номини қайтариш учун анча ҳаракатлар   бўлганди, аммо бари   бесамар кетди.

Қизиқ, ўша пайтларда агар кўчада касалхона бўлса — “Больничная”, почта бўлса – “Почтовая”, аэродром бўлса — “Аэродромная”, ариқ бўлса — “Аричная” ва агар   тут дарахти бўлса — “Тутовая” деб номлаб қў­йишган. Ахир, биз Москва, Екатеринбург, Новосибирск, Чита каби шаҳарлари номини бузмай   ишлатамиз-ку! Нега, ўзга миллат юртдошларимиз Тошкентни — Ташкент, Бухорони — Бухара, Қўқонни — Коканд деб бузиб айтадилар, ёзадилар? Тўғри, ўша вақтда мақола таъсирида “Восход” кинотеатри “Хонобод” номини олди.

Яна, мақола таъсирида баъзи номлар ўзгарди. “К.Каландаров”, “Н.Бойматов”, “Т.Юсупов”, “А.Каримов”, “К.Холмуҳамедов”, “А.Набиев” ва “Ф.Хўжаев” каби янги кўча номлари пайдо бўлди. Бироқ бу ишда ҳам хатоликлар кўп бўлди.

Савол туғилади, юқорида номлари зикр этилган сиймолар ким? Карим Каландаров — тажрибали деҳқон, ташкилотчи раҳбар — собиқ Куйбишев номли колхоз раиси, халқ уни ҳозир ҳам “Карим раис” деб алқайди. Н.Бойматов — колхозлаштириш ҳаракати фаолларидан бири, Турмон Юсупов — уста деҳқон, колхоз раиси. Акром Каримов — Афғонистон тупроғида ҳалок бўлган, жангчи-байналмилалчи. Қўчқор Холмуҳамедов — 1916 йилда оқ подшонинг мардикор олиш сиёсатига қарши чиққан маҳаллий миллат вакилларидан бири бўлган. Абдулла Набиев Ўзбекистоннинг биринчи фаол комсомолларидан. Файзулла Хўжаев ким бўлганини эса деярли барча билади.

Кези келганда шуни айтиш керакки, ҳозирги “Темир ота” чойхонасининг ўрнида Лениннинг ҳайкали бўларди. Кейин уни раҳматли Мансур Қорахўжаев бинокорлик материаллари саноати техникумининг янги биносига кўчириб кетди. Мустақиллик шарофати билан Абу Райҳон Беруний ҳайкали қад ростлаганди. Ҳозир ўша жойда йўқ. Сабабини кўплар билмайди. Ҳайкал воқеасининг тарихи бундай: аввалги техникум янги бинога кўчирилиб коллежга айлантирилгач, жой қаровсиз бўлиб, ҳатто чорва моллари боқиладиган жой бўлиб қолди. “Оҳангарон” газетасида эълон қилинган “Кўчангиз кимнинг номида?” мақоласи муаллифи Саноат касб-ҳунар коллежи мутасаддиларидан шифер заводи учун ҳайкални сўрайди. Улар, ўзимиз ўрнатамиз, дея уни олиб келгани талабаларни юборишган, талабалар иш жараёнида ҳайкални синдириб қўйишган. Жонкуяр журналист Беруний ҳайкалини Тошкентдаги Скульптура корхонасида гипс­дан ясатиб келади ва ҳозир ҳам у “Оҳангароншифер” акциядорлик жамиятининг маъмурий биноси олдида кўрк бериб турибди.

Афсуски, бундай ҳол бугунги кунларда ҳам кузатилмоқда. Кўчаларимизга “Баҳор”, “Тинчлик”, “Пахтакор”, “Меъмор”, “Қурувчи”, “Янгилик”   каби номлар қўйилган. Бу кўчаларга бундай номларни ким берган? Бу ҳақда “Ёшлик” маҳалласидаги ёши улуғлардан сўрадим. Ҳеч ким жўяли жавоб беролмади. Ниҳоят, ўша пайтлар шаҳар катталаридан бири бўлган акахонимиз истеҳзоли жилмайиб, деди: “Шаҳар раҳбари, архитектор ва яна бир-икки “сиймолар” кабинетда ўтирволи-иб номлашган-да!”

Ахир, Оҳангарондан ҳам буюк алломалар, шоирлар, ўз касбининг фидойилари, меҳнати билан халқ ардоғида бўлганлар етишиб чиққан. Усмон   Умарзода, Иброҳим Алиев, Мансур Қорахўжаев, Мажид Давронов, Тожимуҳаммад Хушназаров, Ҳусан Уролов, Ўткир Зулфиев, Тоштон Султонов, Холтўра Эшназаров, Умар Умрзоқов, Мамадали Давлатов, Хидирали Ҳайитқулов, Акром Аъзамов, Илёсхон Аҳроров, Саттор Орипов каби мамлакатимизда таниқли сиймолар шулар жумласидандир. Шу ўринда бир фикр. Бу инсонларни мамлакатимизда барча танимас, лекин улар фаолияти вилоят миқёсида вақтида оммалашган-ку! Агар ҳар бир воҳанинг суюкли фарзандлари номи ва хотираси ўз жо­йида шарафланса кўчаларни номлашда тушунмовчиликлар камайган бўларди. Биз буларни биламиз, аммо кейинги авлодлар секин-аста уларни унутмайдиларми? Шундай экан, кўчаларимизни шунчаки Олмазор, Шафтолизор, Гулзор, Теракзор каби номлар билан аташ қай даражада ўринли?

Энди кўчаларни номлашда бундай хатоликлар, чалкашликлар бўлиши мумкин эмас. Чунки одамлар учун чинакам саодат эшиклари очилмоқда. Одамларнинг онги, тасаввури ўзгармоқда. Кўчаларимизга фаровонлик қуёшининг нури туша бошлади. Кейин… Ҳайронман, бир пайтлар Атамалар комиссияси бўларди, ҳозир бормикин? Бўлса, нега унинг таъсири йўқ.

Озод ХУШНАЗАРЗОДА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link