Sunday, September 25th, 2022

Афсонавий қиёфалар: Ғунчадек нафис, шердек шиддатли


(Ердан оёғи узилган, аммо қўниш жойини топа олмаётган ҳурлиқолар ўқимасин!)

 

Лариса Рейснер инсон табиатида кам учрайдиган ўткир феъл-атворга эга аёллардан эди. Яна бунинг устига истеъдодли эди. Яна бир фазилати бор эдики, бу ҳол унга нисбатан кўпчиликнинг бепарво бўлишига йўл қўймасди. У яралишдан жуда гўзал эди. Гувоҳларнинг қайд этишича, унга рўбару келган ҳар қандай эркак ёнидан бепарво ўтиб кета олмас, беихтиёр тўхтаб, анграйиб қоларди. Ларисанинг шахсиятида мужассамлашган бундай фазилат ва нуқсонлар (ҳа, у ҳам бир банда сифатида нуқсонлардан холи эмасди!) ҳаёт йўлларида чуқур из қолдирди, умрининг онгли лаҳзалари саргузаштларга, кес­кин воқеаларга бой бўлди. Унинг номини журналистика тарихида қайноқ нуқталардан оловли репортажлар ёзган муаллиф сифатида эслашади.

Лариса 1895 йил 2 майда Польша қироллигига қарашли Люблин шаҳрида дунёга келади. 10 ёшга тўлганда уларнинг оиласи Петербургга кўчиб ўтади.   Отаси Михаилнинг касби юрист бўлса-да,   невропсихолог сифатида яхши мутахассис эди, олий ўқув юртида дарс берарди, шу билан бирга эркин кўз қарашлари билан атрофидагиларнинг диққат-эътиборида турарди. Унинг мулоҳазалари ўша пайтларда Европада пайдо бўла бошлаган социал-демократик тафаккур тарзига ҳамоҳанг эди ва шу туфайли Карл Лебкнехт, Роза Люксембург, ҳатто Владимир Ленин билан жуда яқин эди.

Албатта, ўша йиллари ижтимоий ҳаётда қарор топ­ган консерватив қарашларга муқобил тарзда жамиятни ислоҳ қилиш ғояси билан чиққан фикрлар, худди бугун қўл телефонларининг бозори чаққон бўлганидек, ёшлар ва илғор зиёлилар ўртасида урф бўлганди. Ана шундай муҳитда улғайган Лариса отаси дарс берадиган   ўқув юртида таҳсил олди, лекин унинг келажагини соҳа эмас, дунёқараши, эътиқоди, маслаги белгилади. Партияга аъзо бўлди, ижтимоий ҳаракат тўлқини кучли бўлган оқимларга интилди, олдинги позициядаги зиёлилар даврасига қўшилди, турли сиёсий тўгаракларнинг доимий аъзосига айланди.

Ижодкорлик табиатида бўлган қиз 18 ёшида сирли тараққиёт олами ҳисобланувчи Атлантида ҳақида эссе ёзди. Унинг феъли бошқаларга ўхшамаганлигидан севимли машғулотлари ҳам, қизиқишлари-ю танлаган мавзулари ҳам ўзгача эди. Отаси билан ҳамкорликда “Рудин” деган ном билан журнал чиқарди. Ўша пайтларда Иван Тургеневнинг қаҳрамони номи янгиликка интилувчи қатламнинг умумий шиорига айланганди. Журналда шеърлар, ўткир фелъетонлар эълон қилинди, В.Плехановнинг муросачилик қарашлари “оппортунизм” дея баҳоланган мақолалар берилди. Унинг 8 та сони чиқди, тарқалди ҳамда янги бир руҳ ва шахсдан хабар берди, дейиш мумкин. Барибир ижодий изланишлар тўхтаб қолмади. Максим Горькийнинг “Новая газета”си ва бошқа даврий нашрлар билан ҳамкорлик қилиб турди.

Ўз иқтидори билан мавқе қозониб, пояма-поя улғайиб борган Лариса мамлакат маориф халқ комиссари А. Луначарскийнинг котибаси мақомига ҳам эришди. Аммо унинг қалбида бошқа бир ишқ туғён урарди. Гап нимадалигини тушунишда мутахассиснинг шарҳи ёрдам беради. “Шеъриятнинг муқаддас руҳига сиғиниб, Лариса қалбдан ўзини буюк шоирага айлантирадиган мўъжизага ишонарди, — деб ёзади адабиётшунос Л. Васильева. — Бу унинг азалий ва сирли орзуси эди. Аммо ўз шуҳрати билан бу кенг­ликни фатҳ этган Анна Ахматова унга халақит қилди. Лариса сояда қолиб кетишни хоҳламади. Шул сабаб шеърият қанчалар сеҳрли бўлмасин, унинг қучоғини тарк этди, у аста-секин шеъриятдан наср­­га, насрдан очеркка ўтди”. Л. Рейснернинг умумий ҳаёт йўли шарҳи шундан иборат, аммо бунгача, яъни “азалий ва сирли орзу”ни тарк этиб, насрга ўтишгача анчагина саргузаштлар борки, ўтган лаҳзалар ҳам беҳуда кетмаган, балки ёруғ излари билан бу таржимаи ҳолни безаган.

Ўз буюклигига тўғаноқ бўлган (ўзи шундай тан олган) Анна Ахматова билан “ҳисоб-китоб”ни чўзиб ўтирмади, унинг эри Николай Гумилёв билан яқинлашди (балки буюклик иксирини юқтирмоқчи бўлгандир). Йирик олим эса ҳар қандай эркак каби бетимсол гўзаллик қаршисида ожиз эди. Бу икковнинг муносабатини сокин кузатган улуғ шоира, азбаройи эрининг феълини яхши билганидан, ечимни аниқ тасаввур қиларди. Шундай бўлиб чиқди. Россияда номи чиққан машҳур тарихчи, этнограф йўлни ёзувчи Николай Энгельгарднинг   қизи Анна билан давом эттириб кетди ва уйланиб олди. Гарчи изтиробли бўлмасин, Лариса бунга тез кўникди, ахир атрофида мухлислари ғужғон ўйнарди-да. Қолаверса, қайноқ ҳаёт уни ўз бағрига олган, у ҳарбий денгиз флотида махсус хизматга кирганди. Ҳарбий вазир Лев Троцкийнинг ўзи уни бош штаб комиссарлиги разведка бўлими комиссари этиб тасдиқлаганди.

Нима бўлганда ҳам Лариса Рейснер таассуротларини қоғозда ифодалашдан завқланарди. Шу йиллардаги ижтимоий кайфият, инқилобий руҳ унинг қаламида суратлана борди, кичик лавҳалардан жонли репортажларгача, тезкор ахборотлардан кўламли очеркларгача иншо этиб, ўша давр қиёфасининг ёрқин тимсоли, ўтли минбари бўлган газета-журналларда эълон қилиб борди. Натижада, “Фронт” номи билан салмоқли тўплам юзага келди. Эълон қилинган битиклар ижодий жамоатчиликни янги бир муаллифга жалб этди. Энди ўзаро мулоқотлар, давраларда тиниб-тинчимас Лариса ҳам қатнашадиган, фақат қатнашибгина эмас, зеб берадиган ҳам бўлиб қолди. Шу йиллардаги ҳаёт солномасида Л.Рейснернинг ўз даврида бутун Россия жамоатчилигига яхши таниш бўлиб улгурган А.Пастернак, А.Блок, О.Мандельштам, М.Кольцов, В.Рождественский сингари ижодкорлар билан яқин муносабатда бўлгани қайд қилинган.

У доим йўлда, ҳаракатда эди. Бир неча марта разведкага чиқиб келгани, ҳатто қўлга тушиб қолганда бундай нозик ва латофатли аёлдан қалтис иш чиқишини кутмаган терговчини чалғитиб, деразадан ташлаб қочгани, луғатда эса “ҳарбий сиёсатчи” атамаси унга нисбатан ишлатилгани ҳақида маълумотлар мавжуд. Ниҳоят, суронли фронт йиллари ва йўллари орқали ўтган тақдир “олов оғушидаги ғунча”ни   Волга флотилиясининг командири Фёдор Раскольников билан дуч қилди. Бу “денгиз бургути” аёлни бутунлай инкишоф этди.

1918 йил апрелида улар турмуш қуришди. Мазкур жуфтлик чинакамига ҳар қандай киши орзу қилиши мумкин бўлган турмуш эканлигини замондошлар эъти­роф этган, қолаверса, қашшоқ Россияда бу оила энг бой ва тўкис яшаганини ҳамма биларди: уй хизматчиси, тирикчилик учун юқори даражадаги зеб-зийнат, моддий тўкислик…

1921 йилда Ф.Раскольников Афғонистон давлатига мамлакатнинг ишончли вакили (элчиси) этиб та­йинланади. Уларнинг хизмат манзилига йўл Ўрта Осиё орқали ўтарди ва қўлида қаламини маҳкам тутган Лариса таассуротларини мунтазам қоғозга тушириб борарди. Йўл эсдаликлари ва кечинмалари ке­йинчалик яратилган ва тезда нашр этилган “Афғо­нистон” китобида акс этди. Муаллиф танишларидан бирига шундай деб ёзганди: “Пойгада ортда қолаётган бедовдек тўлиқиб ишлаяпман. Тезроқ ўз Афғонистонимни муқовага тиқсам, дейман”.

Шубҳасиз, Афғонистонга йўл ҳозирги Ўзбекистон ҳудудларидан ўтарди. Унинг хотираларида бу ўлка таассуротлари худди “Минг бир кеча” эртакларидек акс этган. Лариса Тошкент ва Самарқанд бозорларини қаламга олади, тўкинчилик, деҳқонларнинг саховати, одамларнинг самимийлигидан ҳайратланади.

Ҳаёти ўрмонлар қуршовида ўтган журналист туп­роқ йўллардан юриб, чанг босган манзиллардан ўтар экан, бу зиддиятли манзаралар унинг тасаввурида исён қўзғайди ва қоғозга ғайритабиий тасвирлар тўкилади. Унинг ўша асаридаги “Туркистон” деган бўлими шундай бошланади: “Кўз илғамас тубсиз осмон ва сип-силлиқ ер ўртасида йўқ бўлиб кетадиган сароб. Жонсиз далалар, лоқайд кўллар, мангу қор билан қоп­ланган қирлар ва юзлаб верстга чўзилган музлаган сукунат узра ойнинг оппоқ нурлари. Темур отларининг туёқлари остида мажақланган, иссиқда куйган, қаҳратонда музлаган йўллар; асло кўз юммайдиган ва туш ҳам кўрмайдиган тақирлар: улар ҳаракатсиз чўзилган.

Англаб бўлмайди; Гейненинг қайноқ кўз ёшлари пўрсилдоқ қора ерга сингиб кетади. Ҳатто Елезавета Петровнанинг дабдабали улуғворлиги, унинг салтанати ҳақидаги суюқ ва беҳаё латифалар, ҳатто Бестужевнинг совуққонлиги, Разумовскийнинг мардона бағрикенглиги, ҳатто Шуваловнинг жимжималари-ю Ломоносовнинг қасидалари ҳам ой нури ва булутлар салтанатидан тошга айланган бўшлиқлар бағрида ўз тароватини йўқотади.

Бу марҳумлар салтанатида тарих яшаши мумкин эмас. Қуёш нурлари жимирлаб ётган бир парча шўрхок тупроқли ер бўлагида ҳаммаси нисбий”.

Бу таъриф ва тасвирлар на қадар нисбийлиги муаллифнинг қарашлари билан изоҳланса, уларда ўша пайтдаги ҳукмрон мафкуранинг бир ёқлама муносабатини ҳам сезиш қийин эмас. Ана шундай дунёқараш эгаси ҳатто Афғонистон амири Омонуллохоннинг саройигача кириб бориш ваколатига эга эди. Унинг сарой ва ҳукмдор оиласи билан яқинлиги кўп таъкидланган, ҳатто Европа андазаларига интилган қиролнинг бу жозибали аёл билан бир неча марта стол теннисида маҳоратини кўрикдан ўтказганлиги ҳам қайд этилган. Маълумки, Лариса Рейснернинг эри Фёдор Раскольников катта бир мамлакатнинг ишончли вакили эди, “империалистлар қуршовида эзилаётган” Афғонистон эса унинг давлати кўмагига кўз тикарди. Бу яқинликда ана шундай омиллар ҳам иш бажарарди.

Нима бўлганда ҳам Лариса “ишончли элчи”дан зерикди, барча ёлворишлар беҳуда кетди ва улар ажрашдилар. У Россияга қайтди, 1923 йилда чех журналисти ва инқилобчиси Карл Радек билан танишди. Улар “Красная звезда” ва “Известия” газеталарининг мухбири сифатида Германияга йўл олдилар. Шу йилларда Рур ҳавзасидаги ишчилар қўзғолони, Гамбург исёни ва бошқа “дунёни ларзага соладиган” мавзуларда ҳозиржавоб репортажлар ёзди. Германиядан қайтиб, Донга йўл олди, оғир саноатнинг муҳим мас­канларидан очерклар ёзди.

Кейинги йилларда Лариса Рейснернинг ижоди давомида яратган китоблари ёруғлик юзини кўрди. Унинг ҳаётий идеалларига декабристлар фаолияти ҳамоҳанглик бахш этган, ёруғ из қолдирганди. “Декаб­ристлар сурати” асари ана шу муносабатнинг ифодаси эди. Л.Рейснернинг “Кўмир, темир ва тирик одамлар” китобида ўша йиллар манзараси бутун зиддияти ва ихтилофлари билан акс этган.

Уни яқиндан билганлар бисотларидаги энг ёқимли сўзлар билан илтифот қилардилар. Ларисани кимдир “Олимп илоҳаси” деса, бошқаси “Яроқланган Диана” деб атарди. Унинг жисмида ғунча нафосати-ю замбарак ҳайқириғи қоришиб кетганди. Гоҳ Палладага, баъзан Жаннага, яна инқилоб Валькириясига қиёслашарди. Барибир барча таърифлар кам бўлиб туюлаверар, у ўз борлигича намоён бўлаверар, муҳибларининг эътирофларида мафтун қалбларнинг ардоқли ҳамрози сифатида қолаверарди.

1926 йилнинг бошида Лариса қорин тифига чалинади. Кремль касалхонасидаги барча муолажалар беҳуда кетади. У 9 февраль куни вафот этади. Унинг ёруғ оламни тарк этиши шунчалик кутилмаган фожиа эдики, сўнгги нафасида боши устида турган онаси ҳам дунёда яшашни истамайди, ўз жонига қасд қилади. Умуман, бу гўзал ва бетимсол, ўз вақтида гулдек нозик ва ўқ отар қуролдек даҳшатли аёлнинг вафоти яқинларини оғир изтиробга солади. “Ларисага, инсон қавмининг буюк, нодир, сара намунасига ўлиш нима учун керак бўлиб қолди?” деб ёзган экан машҳур журналист Михаил Кольцов.

Рус ижодкорлари ҳам бу такрорланмас аёл тимсолини унута олмадилар, ўз ижодлари давомида унинг ёрқин хотирасига қайта-қайта мурожаат қилдилар. В.Вишневский “Оптимистик трагедия” асарини (экранлаштирилган ҳам) унга бағишлади. Пастернак “Доктор Живаго” асарининг бош қаҳрамонини унинг исми билан атади. У хотираларда кўп бора тилга олинди, шеърлар ёзилди. Латвия флотидаги бир кема ҳам унинг номи билан аталади. Қалам тутган кўплаб ижодкорлар эса Лариса Рейснернинг ҳаёт йўлини бир дарс сифатида ўрганадилар, ижодий мактабидан баҳраманд бўладилар. У кўпларнинг эътиборини тортган ва назарига тушган ижодкорлардан эди.

Ҳаким САТТОРИЙ



Source link