Saturday, September 24th, 2022

Ахборот хизматининг “хизмати” нимадан иборат? – HURRIYAT


Маълумки, ҳар бир давлат ташкилоти, муассасасида ахборот хизмати ёки жамоатчилик билан ишлаш хизматлари ташкил этилиб, бугунги кунда уларнинг фаолияти кенг йўлга қўйилди. Албатта, бу ахборот олиш, сўз ва матбуот эркинлигини таъминлашда жуда яхши қадамлардан бири бўлди дейиш мумкин.

Аммо бу ҳаракатлар бугунги кунда қандай самара беряпти, айтмоқчимизки барча тузилмаларда ҳам кўзда тутилганидек иш юритиляптими?

Тан олиш керак, ўз фаолиятини намунали тарзда олиб бораётган ахборот хизматлари ҳам йўқ эмас. Хусусан, бугунги кунда Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Давлат солиқ қўмитаси, Адлия вазирлиги сингари идоралар, айрим банк ахборот хизматлари ва уларнинг қуйи тизимларидаги бўлимлари фаолиятидан қониқиш мумкин. Чунки гап улар томонидан ташкил этилаётган турли тадбирлардагина эмас, балки исталган вақтда оммага берилаётган очиқ маълумотларнинг тезкорлиги ҳамда шаффофлигида дея оламиз. Лекин нима учун аксарият вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари ва бошқа қатор давлат ташкилотларининг ахборот хизматлари фаолияти у қадар сезилмайди?

Аслида ахборот хизмати ёхуд Жамоатчилик билан ишлаш бўлимлари фаолияти қандай бўлиши, нималардан иборат эканлиги ҳақидаги тушунча кўпчиликка у қадар ойдин бўлмай қолмоқда. Кимдир уларнинг фаолияти корхона, ташкилотнинг иши ҳақидаги маълумотларни кенг оммага етказиш, деб тушунса, айримлар фақат матбуот нашрлари билан алоқани йўлга қў­йишда, деган фикрда.

Яқинда ана шундай ахборот хизмати ходимларидан бири билан учрашиб қолдим. Илгаридан таниш бўлганлиги учун иши билан қизиқдим.

— Э-э, ака, ишларим ёмон эмас, — дея мақтаниб гапира бошлади у. — Бош­лиқнинг кун бўйи иши, юриш-туришидан бошлаб, керакли маълумотларни ижтимоий тармоққа жойлайман. Кечқурун эса бошлиқ ижтимоий тармоқ орқали улар билан танишиб, раҳмат айтиб қўяди.

Демак, ахборот хизматининг вазифаси шу экан-да, деган фикрга борасиз. Аслида, уларнинг зиммасига шундай вазифалар юкланганки, маъзур тутасиз, шу соҳада бугун фаолият юритаётган “журналист”ларнинг яъни матбуот котибларининг кўпчилиги ҳалигача тушуниб етмаганга ўхшайди.

Бугун улар зиммасидаги вазифа ўзи ишлаётган вазирлик ёки ташкилот, корхона фаолияти, ички тизими, бош вазифаси, ижтимоий мавқеи ҳақидаги ҳар бир маълумотни кенг оммага етказишдан иборат. Бироқ бу талабга бугунги “хизмат”ларимиз давр талаб қилганидек жавоб бермаяпти!

Жамоатчилик вакиллари уёқда турсин, ҳатто биз, матбуот ходимлари ҳам ташкилотларга мурожаат этганингизда ахборот хизматидагилардан тегишли маълумотларни ўз вақтида ололмаймиз! Хизмат вакилларининг оғзаки маълумотига кўра бизни, қолаверса, жамоатчиликни қизиқтирган саволларга жавоб беришнинг имконияти йўқ эмиш. Мақсад қандайдир йўллар билан корхона, ташкилотнинг ёпиқ сирларини ошкор қилмасликдан бош­­қа нарса эмас. Аслида, биз ҳеч қачон бирон-бир ташкилотнинг ички сирини ошкор этишга бел боғламаймиз. Мухбир, деган “қоработир” ташкилот остонасига яқинлашдими, бошлиқ йиғилишга кетган, ўринбосари эса ҳудудлар бўйлаб назоратга йўналган бўлади.

Қолганлар эса “биз кичкина одаммиз”, деб ўзларини четга олишади. Ахборот хизмати ходими эса бошлиқсиз ҳеч бир маълумот бера олмаслигини ошкора тан олади…

Ахборот хизмати, деган тизим жорий этилганида энди маълумот олиш, ички тартиб билан танишиш юзасидан илгари белгиланган енг учидаги тартибларга барҳам берилади, деб ўйлаган эдик. Афсус, чучварани хом санаганга ўхшаймиз! Бугунги ахборот хизматларининг кўпи матбуот билан мутлақо яқинлашгани йўқ. Ҳолбуки, биз биргаликда фао­лият юритиб, бир-биримизнинг камчилик ва нуқсонларимизни ҳамкорликда бартараф этишимиз лозим эмасми? Бунинг ўрнига аксарият ахборот хизмати ходимлари аллақачон амал отида сайр этиб юришибди! Майли, асло ҳасад қилмаймиз, буюрсин, хизмат машиналарини миниб юришаверсин, “отнинг калласидай” маош­лар ҳам олишсин. Бироқ шунга яраша фаолият ҳам бўлсин-да. Энг ачинарлиси, матбуот нима десангиз ҳатто икки оғиз изоҳ беролмайдиган талаба қиз ёхуд сиртқи йўналиш орқали эндигина ўқишга кирган йигит рўпарангизда — мен ахборот хизматиданман, дея қарши олади. Яна шуни тан олиш керакки, ҳатто ишлаётганларнинг ҳаммаси ҳам соҳага тааллуқли ижодкорлардан эмас.

Назаримизда, энг оғриқли муаммо ана шунда бўлса керак.

Қувондиқ ХАЛИЛОВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси,

“Самарқанд” газетаси мухбири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link