Thursday, January 26th, 2023

Баҳоналар ортидаги ниқоб – HURRIYAT


Мамлакатимизда жорий қилинган ҳар бир қонуннинг мақсади биринчи навбатда инсон ҳаёти ва дахлсизлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимояни ошириш ва адолатли турмуш тарзини таъминлашга қаратилган. Одатда қонунларни янги тартибда қабул қилишга ижтимоий муносабат турларининг кўпайиши, ахборот коммуникацияларининг ривожланиши, илм-фан тараққиёти ва бошқа омиллар сабаб бўлади. 2020 йил 17 августда “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрирда қабул қилиниши ҳам фикримизга яққол мисолдир.

Баъзан фуқаролар сўраб қолишади: фарзандни бошқа шахсга “холислик” билан бериш жавобгарликка олиб келадими? Келинг, шу саволга қонун ҳужжатлари асосида жавоб излайлик. Одам савдоси ўзи нима? Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддасида, одам савдоси одамни олиб-сотиш ёки одамни эксплуатация қилиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш тушунтирилган ва бу қилмишларга тегишли жавобгарлик белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2009 йил 24 ноябрдаги 12-сонли “Одам савдосига оид ишлар бў­йича суд амалиёти тўғрисида”ги қарорида олди-сотди тариқасидаги одам савдоси одамнинг бир шахс томонидан бошқасига пул, бошқа моддий қимматликлар (мулк), мулкий характердаги хизматлар, мулкий ёки пул шаклидаги қарздан воз кечиш ва бош­­қа сифатдаги ҳақ эвазига берилиши тўғрисида ёзма ёки оғзаки битм тузилишини назарда тутади. Бундай кўринишдаги одам савдосига одам қандай мақсадларда сотиб олинганлиги (сотилганлиги) ҳуқуқий аҳамият касб этмаслиги кўрсатилган.

Ҳозирги кунда содир этилаётган ана шундай қабиҳ жиноятнинг салмоқли қисмини афсуски, чақалоқлар “олди-берди”си ташкил қилмоқда. Ушбу турдаги жиноятларни содир этишга олиб келган омиллар ўрганилганда, оилавий муҳитнинг тўғри шакл­ланмаганлиги, ёшлар ўртасида никоҳсиз туғилаётган гўдаклар тақдири ҳал қилинмаётгани ва ҳаттоки фарзанд дунёга келтириш орқали даромад олишни касб қилиб олган нопок шахсларнинг хатти-ҳаракатлари оқибатида юз бермоқда. Энг ачинарлиси, чақалоқ дунёга келган шифохонада “савдолар” бошланиб кетиши, бу савдоларда гоҳида даллоллик вазифасини ҳатто айрим тиббиёт ходимлари томонидан бажарилиши чақалоқнинг ўз оиласидан ажралишига олиб келмоқда. Фарзанд асраб олишни орзу қилган оилалар, айрим “уддабурон” одамфурушларнинг тузоғига илиниб, жиноят кўчасига кириб қолаётгани бугун ҳеч кимга сир эмас. Бу каби жиноятларнинг олдини олишнинг энг самарали усули халқимизнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, давлат идоралари билан жамият ўртасида узвий боғлиқликни таъминлаш орқали юзага келаётган ижтимоий муносабатларни ҳал қилиш учун тегишли идораларга мурожаат қилиш, жумладан, фарзандликка олиш бў­йича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда туман ҳокимликларига ариза бериш орқали ечим топиш лозимдир.

Энди фарзандни бировнинг тарбиясига бериш — жиноятми, деган саволга қайтсак, афсуски, бу – одамфурушларнинг ўз жиноятларини яшириш учун ўйлаб топган баҳоналарининг бири бўлиши мумкин. Судгача жиноятчиларнинг аксарияти шуни важ қилиб кўрсатишгани кўп кузатилган. Ахир, кимгадир кимнингдир тарбия усули маъқул бўладиган бўлса, бизда устоз-шогирдлик анъанаси бор. Бунга ота-боболаримиз шундай чора кўришган.   Биз ҳам бунга амал қилсак, шунинг ўзи кифоя. Хуллас, баҳоналар — очиқ-яширин жиноятларга ниқоб вазифасини ўтамасин. Фарзандларимизни ўзимиз ўстирайлик! Фарзанддек улуғ неъматни ато этган экан, шукур қилиш жоиз. Ахир, бир тирноққа зор инсонлар қанча?

Сардорбек АБДУСАТТОРОВ,

жиноят ишлари бўйича

Наманган вилояти

Учқўрғон туман суди раиси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link