Sunday, December 4th, 2022

“Бизнинг бор-йўғимиз —ижодимиз” – HURRIYAT


Самарқанддаги дилкаш давраларда айтилган сўз шундай бўлди

 

Ўтган ҳафта Самарқандда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Маматқул Ҳазратқулов иштирокида ижодий учрашувлар ўтказилди.

Самарқандга катта ижодкорлар, таниқли адиблар мунтазам келишади ва тез-тез адабий-бадиий кечалар, мушоира ва ижодий учрашувлар ташкил этилади. Бу ушбу табаррук заминнинг азалдан маданият, маърифат маскани экани, кўплаб олиму фозиллар, ижодкорларга бешик бўлгани ҳамда юксак илмий ва ижодий муҳити, адабиётга, сўзга меҳр-муҳаббат сифатида шаклланган анъаналари билан боғланади.

Биргина кейинги ўттиз-қирқ кун ичида Самарқандда Абу Абдулло Рудакий   ва Абулқосим Фирдавсий ҳайкаллари ўрнатилиб, адабий кечалар ташкил этилди, қорақалпоқ адабиёти кунлари ўтказилди, “Самарқанднома” достони ва яна ўнга яқин китоб тақдимотлари уюштирилди.

Бугунги ўзбек адабиёти, журналистикасининг дарғалари билан бўладиган бу галги учрашувларга ҳам қизиқиш катта эди, “қачон, қаерда бўлар экан?”, деб сўровчилар кўп эди.

Шароф Рашидов номи билан аталадиган Самарқанд давлат университетида ташкил этилган дастлабки учрашувда маҳаллий ижодкорлар, университет профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан бирга вилоятнинг турли ҳудудларидан келган адабиёт ихлосмандлари қатнашди.

Учрашувда Самарқанд ижодий муҳити ва бу ерда камол топган ижодкорлар, уларнинг мамлакатимиз адабий жараёнидаги ўрни ва таъсири, бугун етишиб келаётган иқтидорлар ижоди ҳақида сўз юритилди. Аҳолининг, айниқса, ёшларнинг китобхонлик мада­ниятини ошириш юзасидан фикрлар билдирилди.

– Элимизнинг энг катта бойлиги – адабиётимиз, бизнинг бор-йўғимиз эса ижодимиз. Шу орқали халқимизга хизмат қиламиз, китобхонлар қалбига эзгу ғояларни сингдиришга интиламиз – деди ёзувчи Эркин Аъзам. – Адабиётнинг қудрати ҳам шунда. Тўғри, бугун замонавий ахборот технологиялари ривожланди, кенг оммалашди. Ахборот олиш ва тарқатиш имкониятлари кўпайди. Аммо ҳеч қандай техника, технология ёрдамида инсоннинг тафаккурини бойитиб, дунё­қарашини кенгайтириб бўлмайди. Бу жараён фақат фикрлаш орқали, ўқиш, уқиш орқали амалга ошади. Буни эса адабиёт бажаради. Китоб у қоғоз ҳолида бўладими, электрон шаклдами ижод маҳсули, фикр­лар, қарашларнинг қаймоғи. Бадиий асар билан одамларни тарбиялаш, тўғри йўлга бошлаш, ҳеч бўлмаганда ён-атрофидаги воқеа-ҳодисалардан хулоса қилиб, ўз йўлини топишга ундаш мумкин. Адабий жараён шуниси билан характерли, шуниси билан муҳим.

– Самарқанд замини тарихий улуғворлиги ва буюк алломаларга бешик бўлгани билан ижодкорларга ўзгача илҳом бағишлайди, – деди шоир Усмон Азим. – Ҳар гал бу ерга келганимда кўнглимда янги асарлар учун ғоялар туғилади. Кейинги йилларда вилоят ёшлари орасида адабиёт оламига илдам қадамлар билан кириб бораётган йигит-қизларнинг кўплигини кўриб, уларнинг ижодини кузатиб, қувонаман. Уларнинг шеърларидаги ташбеҳлар, оргинал топилмалар кишини ўйлантиради, ҳайратга солади. Шунинг учун бу ерда ижодий учрашувлар, мушоиралар ўтказиш ҳамма вақт завқ беради.

Учрашувда Ургутда туғилиб ўсган ва пойтахтда турли масъул вазифаларда ишлаган таниқли ёзувчи Маматқул Ҳазратқуловнинг ижоди, кейинги йилларда чоп этилган китоблари ҳақида ҳам сўз юритилди.

– Биз учовлон Самарқандга адабиёт, ижод ҳақида суҳбатлашиш учун келганмиз. Буни бизни Самар­қандга таклиф қилган Маматқул ака йўл давомида ҳам қайта-қайта таъкидлаб келди, – деди Эркин Аъзам. – Лекин мен суҳбатларимизда шу заминнинг фарзанди, кўп йиллар масъулиятли вазифаларда ишлаган ва айни чоғда мамлакатимиз маданияти ва санъатини тарғиб қилувчи “Гулистон” журналига раҳбарлик қилаётган Маматқул Ҳазратқулов ҳақида ҳам гапиришимиз керак деб ҳисоблайман. Чунки сафдошимиз бу йил 75 ёшга тўлди. Мен Маматқул ака билан турли идораларда бирга ишлаганман, ижод оламига бирга қадам ташлаганмиз, бир-биримизнинг ёзганларимизнинг илк ўқувчилари бўлганмиз. Бу инсондаги юксак билим, сўзга эътибор, масъулиятлилик ва камтарлик фазилатлари ҳамма вақт мени ҳайратга солган ва ўз навбатида ҳавас қилганман. Маматқул ака шундай инсонки, ўзига топширилган вазифани бажармагунча ҳаловат нималигини билмайди, ҳар бир ишни чин дилдан, виждонан қилади. Шу сабабли мамлакат ижтимоий ҳаётида ўз ўрни бор. Масъул вазифаларда ишлаган пайтларида ҳам ижод қилган бўлса-да уларни тўплаб китоб ҳолида чоп этишдан вақтини қизғанди. Мана энди бугун ўша асарларни бирма-бир китоб қиляпти, яхши-яхши асарлар ёзяпти, таржима қиляпти. Биргина шу йилнинг ўзида тўртта китоби чоп этилмоқда.

Маматқул Ҳазратқулов дўстларининг табрик ва эътибори учун миннатдорлик билдириб, мазкур учрашувларнинг ташкил этилиши тарихига тўхталди.

– Ўтган йил май ойида Ургут тумани ҳокимлиги таклифи билан бир гуруҳ ижодкорлар, олимлар тумандаги маҳаллалар ва таълим муассасаларида учрашувлар ўтказгандик, – деди М.Ҳазратқулов. – Ана шу сафаримиз чоғида Жомбой тумани ҳокимлиги ҳам бир маданий-маърифий тадбирига таклиф қилди. Бордик, жомбойлик ижодкорлар, ёшлар билан учрашдик, суҳбатлашдик. Учрашув чоғида туман ижодкорларининг “Умид” адабий тўгараги аъзолари мени ушбу гуруҳнинг навбатдаги машғулотларида қатнашишга таклиф қилишди. Рози бўлдим ва шу йилнинг март ойида Самарқандга келганимда Жомбойга бориб “умид”чиларнинг галдаги учрашувида иштирок этдим. Шу учрашув чоғида ёш ижодкорлар мендан дўстларимиз – Эркин Аъзам ва Усмон Азим билан ижодий учрашув ташкил этишда ёрдам сўрашди. Мен уларни Жомбойга олиб келишга ваъда бердим. Кейин бу таклифни уларга айтганимда розилик билдиришди. Аммо бу ваъдани бажаргунимча олти ой вақт ўтди. Чунки бу вақт орасида Самарқанд жуда катта халқаро тадбирга тайёргарлик кўрди, вилоятда катта қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Бутун мамлакатнинг, дунёнинг нигоҳи Самарқандда бўлди. Шукур, ШҲТнинг Самарқанд саммити юксак савияда ўтди. Мана, насиб қилган экан, ваъдани бажаришга имкон туғилди. Лекин Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмалари вилоят бўлимлари фақат Жомбойда эмас, Самарқанд шаҳрида ҳам адабий кечалар ташкил этиш таклифини билдирди.

Учрашувда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Х.Бобомуродова, Ф.Тошев, адабиётшунос олим Ҳ.Умуров элимиз ардоғидаги ижодкорлар асарлари, уларнинг ижоди ҳақида фикрларини билдирди.

Бундай учрашувларда, табиийки, ёшларнинг саволлари кўп бўлади. Бу гал ҳам талабалар, ёш ўқитувчилар ижодкорларнинг ёшлиги, устозлари, ўқиган китоблари, энг биринчи асарлари, бугунги ёш шоир ва ёзувчилар ҳақидаги фикрлари билан қизиқди.

— Ҳеч ким онадан шоир ёки ёзувчи бўлиб туғилмайди, — деди М.Ҳазратқулов. — Тўғри, туғма истеъдод бўлиши, бошқалардан ажралиб турадиган иқтидор бўй кўрсатиб туриши мумкин, лекин истеъдод асосан, ўқиш, изланиш, меҳнат орқали юзага чиқади. Балки айрим касб ёки соҳада бировнинг ёрдами, далдаси билан бирор натижага эришиш мумкиндир, аммо ижодда ўзингиз ҳаракат қилмасангиз, ўзингиз интилмасангиз, ҳар бир фикрни, сўзни юракдан ёзмасангиз адабиётда ўрнингизни топишингиз мушкул. Бугун имконияти бўлган ҳар бир одам китоб чиқаряптику, дейишингиз табиий. Ҳа, китоб чиқаряпти, бироқ бу китобларни ким ўқияпти, бундай “асар”ларнинг умри қанча? Гап китоб чоп этишда, давраларда чиройли гапиришда эмас, одамларнинг кўнглига кириб борадиган, уларга сабоқ берадиган, таъсир қиладиган умрбоқий асарлар ёзишда, халқнинг юрагидан жой оладиган ижодкор бўлишда.

Жомбой туманида яқинда фойдаланишга топширилган кинотеатрда ўтказилган учрашув, “Умид” тўгараги аъзолари билан суҳбат ҳам устоз ижодкорларнинг ўзига хос маҳорат сабоғига айланди. Тадбир давомида жомбойлик истеъдодли ёшлар улардан ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларига жавоб олди.

Самарқанд вилояти педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий марказида эса ўқитувчилар билан учрашувда педагогнинг китобга меҳрини ошириш, аҳоли ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтиришда устозларнинг роли катта эканлиги алоҳида қайд этилди. Муаллимнинг ижодкор тайёрлашдаги маҳорати ҳақида алоҳида сўз юритилди. Мазкур учрашувда вилоят ҳокими Э.Турдимов ҳам иштирок этди ва ижодкорларнинг фикрларини қўллаб-қувватлади.

— Муаллим маҳалладаги зиёлиларнинг зиёлиси ҳисобланади. Одамлар унинг юриш-туришидан, суҳбатидан ибрат олади, — деди Э.Турдимов. — Муаллим деганда, айниқса, кекса авлод, қўлида доимо китоб ушлаб юрган кишини тасаввур қилган. Бугунги муаллим ўз номига, мактабларда яратилаётган шароитга, кўрсатилаётган ижтимоий ҳимояга муносиб бўлиш баробарида глобаллашув жараёни талабларини ҳам ҳис қилиши зарур. Шогирдларига билим беришда фидойилик қилаётган ва ибрат бўлаётган муаллимларга ҳавас қиламан.

Пойтахтдан келган меҳмонлар учрашув ва ижодий кечалар билан чекланмай, “Буюк ипак йўли” халқаро туристик маркази, Имом Бухорий мажмуасида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишдилар. Муқаддас қадамжолар зиёрат қилинди. Муҳими, уларнинг ҳар бир мулоқоти иштирокчилар учун чинакам дарс, сабоқ бўлди.

Ғолиб ҲАСАНОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link