Monday, December 5th, 2022

Бирлашиш ва бағрикенглик бандаргоҳида – HURRIYAT


Инсон энг қадимий замонлардан буён бирлашган ҳолда истиқомат қилишга интилиб келади. Йигирманчи аср социологияси карвонбошиларидан бири Толкотт Парсонс ҳар қандай жамият эзгу мақсадлар атрофида бирлашсагина умумий бахту саодат, чинакам фаровонлик, тўлақонли тараққиётга эриша олишимизни асос­лаб берган эди. Дарвоқе, эл бирлашса, миллат бирлашса, мамлакат бирлашса, минтақа бирлашса ва пировардида бутун жаҳон бирлашса халқлар бахту фароғат меваларидан баҳраманд бўлади. Бу ғоя илк юнон файласуфи Фалес ва илк Шарқ Ренессансининг ёрқин вакили Абу Носир Форобийдан тортиб, бугунги кун файласуфлари Кеннет Кларк ва Виктор Алимасовгача бўлган барча олимларнинг ажойиб асарлари мағзига сингган. Хусусан, К.Кларк Парижнинг энг гўзал гўшасида, Сена дарёсининг соҳилида, бетакрор Лувр музейининг рўпарасида, Муқаддас Момо собори яқинида туриб бу ёруғ оламнинг нақадар сулув эканини қайд этар экан, асил тамаддуннинг замирида энг аввало тинчлик, тотувлик, биродарлик, бағрикенглик ётишини уқтиради. Ва ўзи турган жойни дунё тамаддунининг киндиги бўлса керак, деган фаразга боради. Ўзимизнинг юртдошимиз, таниқли файласуф Виктор Алимасов эса инсон яшашдан, фикрлашдан, амалий ишлардан лаззат олиши лозим, деб ҳисоблайди. Китобларини “Фалсафа ёхуд фикрлаш санъати” ва “Фалсафа ёхуд фикрлаш чанқоғи” деб атайди. “Борлиқдан ўзиб яшаш зарур” деган хулосага келади.

Янги Ўзбекистоннинг Жаҳон Ҳамжамияти томонидан тобора эътироф этилаётган оқилона ташқи ва одилона ички сиёсати, яқин ва олис истиқболга мўлжалланган устувор йўналишлари ҳам умумбашарий интилиш­ларнинг яққол исботидир.

Иккинчи Шарқ Ренессанси титанларидан бири, нафақат буюк шоир, балки буюк мутафаккир, буюк файласуф, буюк социолог Низомиддин Ғиёсиддин ўғли Амир Алишер Навоий ҳазратларининг “Олам аҳли билингизким, иш эмас душманлиғ, Ёр ўлунг бир-бирингизгаким, эрур ёрлиғ иш” деган ўгити бугун янада долзарброқ аҳамият касб этмоқда. Ким билади дейсиз, бу бебаҳо сатрларнинг айрим сўзлари ғазал мулкининг бўлғуси султони томонидан Самарқандда таҳсил олган чоғларида ён дафтарчасига битилган ҳам бўлиши мумкин. Ўшанда буюк Амир Темурнинг беқиёс иродаси боис Самарқанд етти иқлим халқлари, маданиятлари учун бирлашиш бандаргоҳи бўлган эди. Орадан беш ярим аср ўтиб, Самарқанд бутун жаҳон равнақи учун муҳим бўлган машварат – Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг олий мақомдаги мажлисига мезбонлик қилди.

“Самарқанд қадим-қадимдан Шарқий Осиёдан то Шимолий Африка, Яқин Шарқ ва Европагача бўлган маконда яшайдиган халқлар ўртасида маънавий, иқтисодий, маданий ва илмий алмашувларнинг маркази бўлиб келган, – деди Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мазкур анжумандаги нутқида. – Асрлар давомида бу ерда турли цивилизациялар вакиллари ўртасида самарали мулоқотнинг ўзига хос маданияти яралган. Самарқанд – биз ШҲТни тузишда асос қилиб олган бағрикенглик ва турли халқларнинг анъана ва қадриятларига ҳурмат тамойиллари асрлар давомида ҳаётга тадбиқ этилган жонли намунадир. Ҳозирги кунда геосиёсий рақобат, мафкуравий зиддият ва баҳслардан холи бўлган бундай мулоқот фавқулодда зарурдир. Шу боис бугун Ўзбекистон шерик­ларга умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлидаги Самарқанд бирдамлиги ташаббусини тақдим этишдан мамнундир.”

Мамлакатлар мулоқоти турли тўфонлардан чайқалиб турган бугунги дунё учун ўта муҳимдир.

Янги Ўзбекис­тон саноат ва сервисни, тадбиркорлик ва туризмни ривожлантириш, жаҳон иқтисодиёти билан интеграциялашув, камбағалликни кескин қисқартириш, интеллектуал манбаларни мустаҳкамлаш эвазига қисқа фурсатлар ичида ривожланган давлатлар қаторидан кафолатли ўрин олишни мақсад қилиб қўйган.

Давлатимиз раҳбари Самарқанд саммитининг мантиқий давоми сифатида Астана шаҳрида ўтган уч машварат чоғида бу нуқтаи назарни янада ойдинлаштирди. Хусусан, Осиё­­да ҳамкорлик ва ишонч чоралари бў­йича кенгашнинг олтинчи саммитида юзага келган янги геосиёсий воқеликнинг мусбат ва манфий қирраларини таҳлил қилиб, минтақада барқарор тараққиётга эришиш юзасидан аниқ, мақсадли таклифлар билдирди. Айниқса, жафокаш афғон заминида тинчлик ва тотувликка эришиш, ёш авлодни ҳар томонлама комилликка етаклаш, экологик муаммоларни биргаликда ечиш борасидаги фикрлар нуфузли анжуман томонидан илиқ кутиб олинди. Биринчи бора ўтказилаётган “Марказий Осиё – Россия” саммитида ҳам давлатимиз раҳбари минтақавий шериклик ва иқтисодий интеграцияни ривожлантиришга оид қимматли ташаббусларни илгари сурди.

Мен нафақат учинчи бора сайловчилар ишончини қозонган депутат, сиё­сий партия ва касаба уюшмалари фаоли, тиббиёт соҳаси вакили, балки оддий фуқаро сифатида Самарқанд саммити якунларидан ўта ғурурландим. Чунки анжуман Янги Ўзбекистоннинг нақадар тўғри, равон, ойдин геосиёсий йўлдан юксак тараққиёт манзиллари томон бораётганини жумла жаҳонга очиқ кўрсатиб берди. Мен хизмат тақозоси билан ҳар куни ўнлаб одамлар билан учрашаман, ҳар куни бир неча юз кишилик ёшлар жам бўлган аудиторияларда маърузалар ўқийман, мажлисларда иштирок этаман. Ўзим сайланган Тошкент шаҳридаги 19-округ сайловчиларининг фикр ва мурожаатларини ўрганиш бўйича махсус жадвалим бор. Энг аввало сезганим замондошларимизнинг юзларида бугунги кундан мамнунлик нури, кўзларида қувонч, шуурларида эртанги кунга собит ишонч бор. Буюк Чўлпоннинг халқ ичига борайлик, деган иборасини доим эслайман. Нокамтарликка йўймангу тождор вирус балоси кучайган чоғларда мен биринчилардан бўлиб вакцина билан эмландим, оғзимга ниқоб тақиб, юзлаб одамлар билан учрашдим. Аллоҳга беадад шукур, бу балонинг хуружи сусайди. Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномасида таъкидлаганларидек, бу борада “Халқимизнинг букилмас иродаси, фидокорона меҳнати ва маҳорати” ҳал қилувчи куч бўлди.

Социолог энг аввало одамларнинг фикрларини ўрганади. Навқирон чоғимизда бир талаба танишим “Қаердансиз?” деган саволга “Қўнғиротданман!” деб жавоб берарди. “Ахир, сиз шўманайликсиз-ку!” десак, “Шўманайда биргина кўча бор. Ҳатто раҳматлик Шароф Рашидов ҳам Олий Кенгаш Раёсати Раиси чоғида Шўманайга келишга келиб, қайтишда йўл топа олмай қийналган экан. Қандай айтаман шўманайликман деб?” дерди дўстимиз. Давлатимиз раҳбари республика етакчиси бўлган куннинг эртасига Шўманайга борди. Ҳозир Шўманайни, Мўйноқни, Бўзотовни, Тахтакўпирни, Элликқалъани таниб бўлмайди. Замонавий корхоналар ишламоқда. Одамлар яшашдан завқ олиб, сўлим хиёбонларда кезмоқда, спорт иншоотларида жисмоний тарбия билан шуғулланмоқда, театрларга кириб “Қирққиз” ва “Суймаганга суйканма” сингари гўзал пьесаларни томоша қилишмоқда. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурининг ижросини ҳар қадамда кўриш мумкин.

Биз ўз мамлакатимиз тараққиётини қанчалар юксак суръат билан ривож­лантирсак, бутун Жаҳон Ҳамжа­мияти, БМТ, ШҲТ, МДҲ, ЕХҲТ ва бошқа нуфузли тузилмалар билан шу қадар яқин, ўзаро фойдали алоқалар ўрнатганмиз. Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида она тилимизда нутқ сўзлаб, “Ҳозирги таҳликали ва мураккаб вазият ер юзидаги барча давлатлар ва халқлар ўзаро боғлиқ эканини, ўртамизда мунтазам мулоқот, ишонч ва яқин ҳамкорлик ўта муҳимлигини исботлади”, — деган эдилар. Самарқанд ва Астана саммитлари бирлашиш ва бағри­кенглик бандаргоҳидан тинчлик, тотувлик, тенглик, тараққиёт манзилларига бораётганимизни яна бир бора исботлаб берди!

Тошпўлат МАТИБОЕВ,

Тошкент шаҳар кенгаши депутати,

“Oltin qalam” Миллий мукофоти совриндори

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link