Thursday, January 26th, 2023

Бир коса ош – HURRIYAT


Кимнидир йўқлаб, кўргани бориш учун қандайдир байрам ёки муҳим сана бўлиши шарт эмас. Биз ўзбекларда одамгарчилик, меҳр-оқибат деган тушунчаларнинг содда кўринишларидан бири бу қон-қариндошлардан, таниш-билиш, яқинлардан кўнгил сўраб бориш эканлигини болаликдан барчамиз катталардан кўриб-билиб ўрганганмиз.

Шу сабабли ҳам тўртта оғайни бир бўлиб маза-матрасиз, ҳеч бир мақсадсиз, беҳуда кўча кезаверишдан кўра, қайсидир кексароқ яқинимизнинг ҳолидан хабар олиш, ҳеч бўлмаганда байрам кунлари икки дона нон олиб, кўргани бориш бизга кўпроқ ҳузур-ҳаловат, руҳий енгиллик бағишлайди.

Ахир, иш, турмуш яна бошқа-бошқа ташвишлар асло тугамайди. Одамдан эса фақатгина яхшилик қолади. Майли, ҳеч кимга моддий ёрдам кўрсата олмассиз, қандайдир совға кўтариб боришга ҳам қурбингиз етмас, аммо буларнинг важидан ғанимат одамларнинг дийдоридан, ширин суҳбатидан ўзингизни олиб қочишингиз ярамайди. Сизни интизор кутадиган инсонлар учун бир бор кўриниш беришингизнинг ўзи ҳар қандай совғадан афзал. Ҳар ҳолда шундай дейишади. Лекин баъзида бундай бўлмаслиги ҳам мумкин экан. Келинг, яхшиси сўзимни ўзим гувоҳи бўлган бир воқеа билан давом эттирсам.

Айни ҳозиргидек байрам нафаси ҳали совиб улгурмаган кунларда қариндошимиз бўлган кекса бир онахонни кўргани борардим. Ёши анчайин ўтиб, уйдан кўчага чиқолмай қолган, доим эшикка термулиб ўтирадиган бу онахоннинг дуосини олиш бизлар учун катта бир мукофотдай эди. Ўзига тўқ, анчайин бадавлат, тадбиркор ўғилларнинг онаси бўлган бу кекса аёл бизнинг қўлимизга қараб қолмаган бўлса-да, ҳар гал онам ош дамлаганларида ёки бошқа бирор тансиқроқ таом тайёрлаганларида улар учун албатта бир коса чиқарар эдилар. Синглим, уларнинг уйидан косани бўшатиб қайтаркан узундан-­узоқ дуо қилганларини онамга етказиб хурсанд бўларди. Укам эса, “ая улар бизнинг овқатимизга қараб қолишмаган-ку, нима учун ҳар доим ўзимиздан аввал шу онахонга овқат сузаверасиз” деб савол берарди. Онам бўлса, тўғри, улар биз чиқарадиган нарсаларга муҳтож эмас, биз ҳам бу билан камбағаллашиб қолмаймиз. Аммо бу уларга ҳурматда ўғлим деб тушунтиргандек бўлардилар.

Ҳа, онамизнинг гаплари юз фоиз тўғри эди. Шунинг учун ҳам биз укамга ўхшаб бунақа саволлар бермас, онамни бундай ишлардан қайтармасдик. Қачонки, кўнглимизни қаттиқ ранжитадиган бир ҳодисага гувоҳ бўлмагунимизча.

Ҳар қандай байрам олдидан Тошкентдан вилоятга қайтгач, ҳар гал қиладиган биринчи ишим онамнинг қистови билан ўша онахонни йўқлаш бўлади.

Кунлардан бирида одат бўйича ўша онахоннинг уйига йўл олар эканман онам икки кун аввал синглимдан уларга бир коса ош киритганини, қайтишда ўша ошнинг бўшаган косасини олиб қайтишимни уқтирди. Яна қўлимга ҳовлимиздаги мевалардан тайёрланган уч литрлик бонкада шарбат ва тандирда янги ёпилган иссиқ нон ва сомсалардан ўраб берди. Бордим, кекса онахон келганимдан роса қувонди. Ўқишимни, ишларимни сўраб, мени ҳам дуо қилди. Қайтишда онам айтгандек икки кун аввал синглим олиб келган ошнинг косасини сўрадим. Шунда хонадон келини ҳозир косани бўшатиб чиқаман, кеча рўпарада тургани учун қизлар ўзимизнинг коса деб ўйлаб бир нима солиб қўйишган экан деб кириб кетди. Бироздан кейин эса, ўша косани кўтариб томорқа томон юргандек бўлди. Не кўз билан кўрайки, косада ҳали бирор марта ҳам қошиқ тегмаган, икки кун туриб айниш арафасига келиб қолган ош бор эди. Келин ошни товуқларга тўкиб, уйга кирди-ю, косани қўлимга тутқазди.

Минг хил хаёллар билан ўйланиб уйимизга киришим билан синглимдан кеча қанақа овқат олиб борганини сўрадим. Устига бир бўлак гўшт, биттадан картошка ва беҳи солинган эди деган сўзларини эшитиб роса хафа бўлдим-у, ҳеч кимга индагим келмади. Бироқ шу вақтда укам келиб, ҳа ака сиз ҳам биз киритган ошни товуқларга тўкиб беришганини кўриб қолдингизми деганида ичимдан бир нима узилгандек бўлди.

Онамнинг кексаларга ҳурмат деб савобталабликда қилган ишига уларнинг билдирмай бўлса-да, қилиб келган муносабати, қолаверса, овқатнинг уволидан қўрқмаганликлари мени дарғазаб қилди. Шундай бўлса-да, бизнинг уйдан овқат олиб киришгани эсларидан чиқиб қолгани учун қолиб кетиб, айнигандирда деб ўзимни ҳам укамни ҳам юпатмоқчи бўлдим. Лекин укам: “йўқ, бизнинг ўртамиёна дамланган ошимиз уларга тўғри келмас экан, қизлари шундай деганини ўзим эшитганман” деганидан сўнг аламим янада ортди. Қани энди буларни онамга айтиб, ўша хонадонга овқат киритишдан уларни қайтара олсак. Ўзимизнинг хафа бўлганимиз етмагандек, онамиз ҳам ранжимасин деб бу ҳақда оғиз очишдан ўзимизни тийдик.

Орадан вақтлар, яна бир қанча байрамлар ўтди. Бу йил ҳам янги йил байрами олдидан ўша кекса онахонни йўқлашга бордим. Аммо бу сафарги таассуротим умуман бошқача бўлди. Бир пайтлар иши юришган бу хонадон ўғиллари касод бўлиб, оиланинг келин ва қизлари ҳам анча тежамкор бўлиб қолишганди. Кекса онахон бўлса, болаларим бойлик келган кунларда кўп исрофгарчиликка берилганликлари учун Аллоҳ уларни синовга тортди. Ўзлари хор қилган нарсаларга энди зор бўлишяпти деб ўтирганди.

Бу сафар ўзим билан олиб келганим бир коса ош қўлимдан олинди-ю, дастурхонга қўйилди. Билишимча ўша куни бу хонадонда қозон осиб овқат қилинмаган экан. Ҳолатни кўриб, суюнишимни ҳам куюнишимни ҳам билмай қолдим.

Камолиддин РЎЗИМАТОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link