Friday, November 25th, 2022

Босма нашрларнинг трансформацияси нималарга боғлиқ бўлиб қолмоқда? – HURRIYAT


Матбуот, айниқса, газетачилик барча жамиятларда ахборотдан ташқари маданият ва санъат ҳамда ҳукмрон мафкуралар, қад­риятлар тарғиботчиси ўлароқ ном қозонганига бир асрдан анча ошди. Ҳатто ҳозир — ХХI асрда ҳам буни биров жиддий ёки илмий жиҳатдан инкор қилаётгани йўқ. Дунёда “New York times”, “Figaro”…каби миллионлаб нусхада чиқадиган газеталар борки, булар бугунги кунларимиз “тебраниши”га ҳам сезиларли таъсир ўтказаётганини ҳаммамиз жуда яхши биламиз. Бироқ таассуфки, бизда бугун газетачилик бир соҳа ўлароқ “синиш” арафасига келди. Бу қандай юз берди?

Ҳозир шундай замон бўлдики, чор тарафни “академик”лар эгаллашди. Фавқулодда худди биров атай экиб чиққандай… Уларнинг аксарияти ижтимоий тармоқларни ҳаёт ҳақиқатини акс эттирувчи бош манба деб билишади ва унгагина топинишади.

Гарчи иддао нафаси уфуриб турган бўлса-да, бу фикрнинг ҳақиқатга дўнганига анча бўлган. Энг ёмон томони, улар ҳамма нарсага ўзлари мансуб “иқлим” нуқтаи назаридан ёндашишади. “Биз барча ҳақиқатларнинг тагига етганмиз, бошқа биладиган илм дунёда йўқ” демоқчи бўлишади.

Мисол учун яқинда мамлакат таълимида “ислоҳот” ўтказиш иддаоси билан чиққан дўстларимизни олайлик. Улар “мажбурий обуна” деган атамадан шундай олабўжи ясашдики, обуна бўлиш, газета ўқиш деган маърифий машғулотнинг моҳияти гуноҳ ва салкам “жиноят”га айланиб қолди, гўё.

Байроқ роса баланд кўтарилди. Чунки истак чўнг эди… Менинг назаримда, бу ҳам бир “проект” бўлди. Бу лойиҳадан мақсад интернетга куч бериш, одамларни кўпроқ ахборот технологиялари орқали банд қилиш ва пировардида янги ахборот маконида каттароқ ва мўмайроқ тушумларга эга чиқиш эди. Ва ниҳоят, бу амалга ошди ҳам. Хўш, нима ўзгарди, жамият нима ютди? Нима ютгани очиқ савол. Бой берилаётган нарса шулки, жамият бугун маърифат олишда   вариантсиз қолмоқда. Ҳа, очиқ тан олиш керак, бугун бош воизлик интернет тармоқлари қўлига ўтди. Сўкишлар, ҳақоратлар, олди-қочди, қўйди-чиқди ҳақидаги миш-мишларга тўла интернетдаги миллий лаҳтагимиз (сигмент) бугун бош “тарбиячи”га айланди. Маърифатдан кўра кўпроқ жаҳолат, самимиятдан кўра кўпроқ разолат қайнаётган бу “қозон” бизга эртага яна неларни тақдим этаркан ҳали?!

Бир замондан бери мактаб дарсликлари ҳақида гапирилмоқда. Дарвоқе, айни борада аҳволимиз энди бутун бўй-басти билан аёнлашди. Киши шундай ўйга борадики, бунга ўша бояги “проект”ларнинг ҳам таъсири катта бўлган бўлиши эҳтимолдан узоқ эмас. Чунки маърифат гўшаси бўлган мактабга газета бормай қолгани, у ерлар ҳам ижтимоий тармоқлар тамонидан “ишғол” этилганига анча бўлган.

Мактабларда китоб ва дарсликларнинг ўрнига нима қолди?

Одатда катта ишлар кенг доираларда қабул қилинадиган қарорларга асосланади. Бизда эса кўпинча бунинг тескариси бўлди. Айниқса, таълим соҳасида. Бир катта мулозим (ҳозирда собиқ) Халқ таълими соҳасига янги концепция тақдим этди. Аниқроғи, гўёки тақдим этди. Унга кўра, болаларга совет давридан қолган ёдлатиш тамойили ўрнига йўналтирувчи вазифа қўйиш лойиҳаси, яъни ўқитувчи ўқувчиларни йўналтиради, болалар эса керакли билимни интернетдан хатм қилади, деган қараш илгари сурилди.

Аммо бу ўта шошқалоқ фикр эди, аслида. Чунки қуйидаги оддийгина саволга жавоб ҳали йўқ эди: Хўш,   ўқувчи олайлик, она тили, адабиётдан, география ёки тарих фанидан билимни интернетнинг қайси манбасидан олиши мумкин? Ўша манба ҳали рисоладагидай борми? Ахир яратилмаган-ку ҳали! Эътибор беринг ўзбек ўқувчисининг билимини ошириши учун фундаментал билим кўникмалари ҳали интернетнинг ўзбек сигментида мутлақо етарли эмас.

Хўш, ўзи, умуман, педагогиканинг ҳафтиягини ҳам билмаган бу аъён бутун бир мамлакат ва миллат келажаги учун даҳл қиладиган муҳим соҳа бўйича шундай қарор қабул қилиши қанчалик тўғри эди? Бу ҳуқуқни унга ким берган? Минг афсуски, ҳеч ким! Демак, соҳанинг замонавий раҳбари билиб билмай аслида ўз соҳасининг ривожи йўлида мактаб ўқувчиларининг кўп йиллик умрини зое кетказишга қарор берган бўлиб чиқмоқда.

Мен гапни узоқдан олиб келяпман.

Бир нарсани тушуниш керак, жамият қуёнчилик ёки товуқчилик тажрибахонаси эмаски, унда турли экспериментларни тап тортмай, ҳеч қандай таҳлилсиз, асоссиз амалга оширишга киришилса. Популизм учинчи минг йиллигимизнинг муҳташам ва киборий эпидемияси эканлиги бор гап. Аммо билағонлик бутун бир жамиятнинг гарданини яғир қилиш ҳисобига бўлиши керак эмас, менимча. Интернетга керагидан ортиқ роль бериш, уни мифлаштиришга зўр бериш, бу борада атрофдаги барча омилларни суриб ташлаш эвазига босма нашрлар ҳам зарар кўрди. Мана, бизга тегишли бўлган жойи!

Энди бевосита газеталарга қайтамиз

“Мажбурий обуна” ҳақида жуда кўп гапирилди. Бу ўринда биз аниқлик киритиб оладиган бир қанча жиҳатлар бор. Масалан, “мажбурий обуна” дегани газеталарни мажбурлаб ўқитиш бўладиган бўлса, шахсан мен баъзи нашрларни ҳатто мажбурий ўқитиш сиёсатига икки қўллаб қўшилган бўлар эдим. Масалан, “Тафаккур”, “Жаҳон ада­биёти”, “Шарқ юлдузи”, “Саодат”, “Фан ва турмуш” сингари журналларни нафақат халқ таълими, олий таълимдаги тил ва адабиёт йўналишидаги ҳар бир муаллим ёки педагог, балки ўзини зиёли санаган ҳарбий, муҳандис, врач, математик, техник қўйингки, барча ўқиши мажбурий бўлиши лозим. Нимагаки, ўрта таълимнинг ўзи мажбурий бу — биринчидан. Иккинчидан, миллатнинг интеллектини ёзма адабиётлар шакллантиришини илм-фан аллақачон исботлаган. Ва бу стратегик масала бўлиб қолавериши шарт!

Масалага шу жиҳатдан ёндашадиган бўлсак, яна шахсан “Маърифат” газетасини халқ таълими тизимидаги ҳар бир мактабга камида 5-10 тадан мажбурий етказишни йўлга қўйилиши шарт, деб ўйлайман.

Нега? Чунки бунинг ўрнини боса оладиган муқобил босма нашр ҳозирда   йўқ!

Интернет, ижтимоий тармоқнинг вазифаси, йўли бошқа! Лайк йиғиб “обрў” топиш мумкиндир, аммо билим олиб ҳам, тарқатиб ҳам бўлмайди. Саводни оширишга хизмат қилмайди барибир бу.

Энди босма нашрларнинг иккинчи оғриқли нуқтасига ўтайлик. “Ishonch” газетаси шу йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида ўнлаб танқидий чиқиш қилди.   Молия вазирлигига, Иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига, Марказий банкка ва бош­­қа катта идораларга кўпчиликни қизиқтириб, қийнаб келаётган, баъзида ўта мантиқсиз кўринган масалалар бўйича кўп­лаб саволлар йўллади. Аммо натижа нима бўлди? Ўнлаб танқидий материалларга биронта жўяли жавоб ололмаяпмиз.

Гоҳида катта-катта вазирликлар, бообрў мулозимлар ФБда чиққан сичқоннинг қулоғидай мурожаатга ҳам эътибор қилишади. Марказий нашрларда чиққан саҳифа-саҳифа муаммоли мақолаларни ўқиб ҳам кўрмайди. Бу нимадан дарак беради? Бу тизимларимизда мувозанатнинг йўқолганидан, очиқроғи, масалалар чалкаштириб ташланганидан дарак беради. Мана, қаранг-да, баъзи бир катта аъёнларимиз масалан, дунёнинг бир бурчагида ўтириб фитна тарқатаётган кимсанинг ёлғон-яшиқ хабари билан ҳисоблашади, лекин давлат муассислигида бўлган ўз газетасидаги мулоҳазага эътибор ҳам бермайди. Буни қандай тушуниш мумкин?

Бир замон Тошкент шаҳар ҳокимлигида ахборот хизмати раҳбари бўлиб ишлаганман, тўғри, у пайтларда танқид кўп эмас эди, аммо савол етарли эди. Баъзида раҳбарнинг қабул қилган қарорларига мантиқли жавоб беришга қийналардик, аммо топардик ўша мантиқли жавоб бериш чорасини. Чунки пойтахт ҳокимлигида мантиқсизлик бўлиши уят ҳисобланар эди биз учун. Хўш, ҳозир-чи? Айтинг, мана дарслик­лардан-да стратегикроқ бўлган яна қандай масала бор?

Бу фикрларни ўйлаб шундай хулосага келаманки, соатларимиз милларини тўғрилаб оладиган вақт аллақачон келган. Агар вазирлик ва ҳокимликлар давлат ва жамоат идоралари ўз соҳасига тааллуқли ишларга, матбуотнинг муносабатига қулоқ солмас экан, матбуотнинг роли, унинг яшаб қолиши ҳақида гапиришимиз бизнингча, ортиқча.

Иккинчи яна бир оғриқли масала: Бугун босма нашрлар малакали мутахассисларни сақлаб қололмаяпти. Ўтган икки йил ичида “Ishonch” газетаси уч-тўрт нафар навқирон, қалами чархланиб тайёр бўлган кадрни “узатма” қилди. Қаерга денг? Ахборот хизматларига. Биттаси Андижон вилоят судининг ахборот хизматига 10 миллион сўмдан кўпроқ маош эвазига ўтиб кетди… Тушунинг, “Ishonch” балким энг катта маош берадиган таҳририят эмасдир, аммо таҳририятлар орасида энг катта ойлик берадиган учликдан пастда эмас. Мен қолганларнинг аҳволини тасаввур қиляп­ман.

Хўш, бу ҳолатдан жамият ютяптими? Албатта, йўқ. Бугун   ахборот хизматларида журналистикадан бехабар демайман-у, аммо икки қатор матн ёзишни тузукроқ эплолмайдиган ҳамкасбларимиз етарли, балки ахборот хизмати деган “проект”ни ростанам журналистикадан холи қилиб қайта кўриб чиқармиз? У аслида соҳани кучсизлантиришга хизмат қиляптику…

Энг асосий масала эса бу — ОАВга бўлган муносабат ўзгариши кераклиги. Бугун матбуотда чиқаётган жуда кўп­лаб мавзулар раҳбарларимизга аслида тайёр “шпаргалка”. Мутасаддилар кучли кадрлардан қўрқишни бас қилиб, замон билан баробар фикрлашга ўтиши керак. Бунинг учун эса, сал матбуотга ҳам қулоқ тутиш лозим. Баъзида соҳа мутахассислари журналистларнинг соҳани улардан яхшироқ тушунишига дуч келиб қолишаётганига гувоҳ бўл­япмиз. Бунақада мамлакат, соҳа қандай қилиб ривожланиши мумкин?

Мен бу гапларни жамият матбуотдан воз кечишга шошмаслиги кераклигини таъкидлаш ниятида айтяпман.

Яқинда Туркия ва Россия Федера­циясида хизмат сафарида бўлдим. Аксарият емакхоналарда газеталар тахлаб қўйилган. Асосан бепул тақдим этиляпти. Газеталарни варақлайман. Бир қарашда уларнинг на дизайни ва на мазмун-мундарижасида бизни “қойил” қолдирадиган мўъжиза йўқдек. Аммо муҳими, давлат ва жамият шу нашрларни бепул тарқатяпти. Чунки, давлат унинг ўзи олиб бораётган сиёсатга хизмат қилаётганини анг­ламоқда. Айтиш керак, тан олиш керакки, бу жуда муҳим масала.

Трансформация эса босқичма-босқич, ўзаро ҳамжиҳатликда амалга ошиши мумкин. Уни ҳовлиқиб, шошма-шошарлик билан тадбиқ этиб бўлмайди.

Юқоридаги фикрлар — шахсий мулоҳазаларим, албатта.

Ҳусан ЭРМАТОВ,

“Ishonch” ва “Ishonch-Доверие”

газеталари Бош муҳаррири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link