Thursday, January 26th, 2023

Бузғунчилар сафидан чиқинг! – HURRIYAT


Тошкент шаҳрининг биз яшайдиган Қурувчи мавзесидаги 305-мактаб томининг ҳар ер-ҳар еридан қор-ёмғир сувлари оқиши учун карнайлар туширилган. Айтсам, ишонмайсиз: ҳаммаси пачақ-сачақ бўлиб кетган. Ҳолбуки, мактаб таъмирланганига ҳали икки йил ҳам бўлгани йўқ, чамамда.

Қўл, оёқ, таёқ ёки копток билан урилмаса, карнай қанақасига пачақ бўлсин? Қўл, оёқ, таёқ ёки копток билан урилган-да, албатта.

Хўш, уларни ким пачақлаган? Шубҳасиз, буни шу мактабда ўқийдиган ўғил болалар қилган.

Нега?

Инсоннинг қонида, бунёдкорлик билан бирга, бузғунчилик ҳам бўлар экан. Шунинг учун бу дунёда кимдир – қурувчи, кимдир – буз­ғунчи.

Ахир, металл ишлаб чиқариш учун аввал таркибида шу моддаси бор тошларни қазиб олиш, кейин уни ундай қилиб майдалаб, ажратиш, сўнг эритиб, суюқ ҳолатга келтириш, уни қуйиб, тунука ишлаб чиқариш, сўнг бўяш, станокда карнайга айлантириш, мактабгача олиб келиш, ўрнатиш… лозим.

Эҳ-ҳе, қанча меҳнату қанча машаққат!..

Лекин болалар азбаройи бузғунчилик кайфияти учунгина, халқона айтганда, қўли қичиганидан шундай тайёр маҳсулотни яроқсизга чиқариб қўйяпти.

Шу болалар бир кун катта бўлади. Ёхуд ҳозирги катталарнинг аксарияти бир маҳаллар бола бўлган. Демак, бутун жамият ҳам шундай: кимдир тузади, кимдир бузади, яъни кимдир – қурувчи, кимдир – бузғунчи.

Келинглар, жамиятда қурувчи, барпо этувчи бўлайлик. Лоақал, ўзимизни бузғунчилар сафидан чиқарайлик. Шунда бир бузғунчи камайиб, бир қурувчи, бунёдкор кўпаяди.

С. ОЛИМОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link