Monday, October 3rd, 2022

Ватандошимиз оқланди, лекин… – HURRIYAT


Элимиз жуда оғир синовларни бошидан ўтказган. Репрессия йиллари, “пахта иши” бўйича қанчадан-қанча ватандошларимизнинг ҳуқуқлари поймол этилди. У даврларда иши судда кўрилган одам борки, қамаларди. Жиноят ишлари бўйича судья ва терговчининг ҳукми олдида оқловчининг ўрни билинмасди. Тергов даврида калтак­ланган, ҳатто хотини, қизини келтириб зўрланиши билан қўрқитилган — дўқ-пўписалар ила иродаси синдирилган жабрдийдаларга кўп дуч келганман.

Ўзбекистон ҳақли ислоҳот йўлига ўтгандан кейин, жиноят ишлари бўйича судлов тизимида ҳам ижобий ўзгаришлар рўй берди. Айниқса, Президентимизнинг 2020 йил 10 августдаги “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари” тўғрисидаги қарорини судья сифатида адолат йўлидаги муҳим қадам деб ҳисоблайман.

Аммо бугун ҳам   кишини ранжитадиган ҳолатлар кўзга ташланмоқда. Бу фуқароларнинг бир-бирини жиноят қилишга ундаш, яъни “правакатор”лик иллатидир.

Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг 2021 йил 25 июндаги ҳукмига кўра Б.Аҳмедов Ўзбекистон Рес­публикаси жкнинг тегиш­ли моддасига асосан бир йил муддатда давлат ташкилотларида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган. Унга икки йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.   Тергов ҳужжатларига асосан у Бухоро шаҳар Давлат Солиқ инспекцияси Солиққа оид ҳуқуқбузарликлар билан ишлаш шўъбаси катта инспектори сифатида “Мирзо омад плюс” МЧЖ раҳбари Анвар Шариповнинг ишончига кириб МЧЖ ҳисоб рақамини ёпиш учун ундан 100 АҚШ доллари олганликда айбланади.

Вилоят судига киритилган апелляция юзасидан Б. Аҳмедовнинг иши камина раислигида ўтган судда қайта кўрилди. Шавкат Қувватов, Нозим Жўраев каби судлов ҳайъати аъзолари саъй-ҳаракати билан адолат қарор топди. Ватандошимиз оқланди. Нега дерсиз?

“Жабрдийда” А.Шарипов Б.Аҳмедовга қўнғироқ қилиб, ўзини таништиради. Эртасига келиб, ўзига   Бухоро туманлараро Иқтисодий судидан чақирув қоғози келгани,   “Мирзо омад плюс” МЧЖ фао­лиятидан ҳисобот топширилмаганлиги учун ҳисоб рақами ёпилгани, ҳисоботни топшириб берса унга 100 АҚШ доллари беришини маълум қилади.

Ва Б.Аҳмедовнинг пластик картаси рақамини ёзиб бериши, бугуноқ пул ташлашини айтади. Ҳақиқатан 2021 йил 29 январь куни яна қўнғироқ қилиб, пластигига пул тушганини маълум қилади. Судда Б.Аҳмедовнинг А.Шариповдан пул сўрамагани, А.Шариповнинг ўзи оиласидан икки марта ажралгани учун қийналиб юргани, “Фура” машинасида қанча хизмати бўлса қилишини, тезда Рос­сияга кетишини айтиб, уни “ёрдам” беришга мажбур қилгани аниқланди. Шу билан бирга, Б.Аҳмедов мазкур ишларга ваколати бўлмаса-да “Мирзо омад плюс” МЧЖнинг солиқ ҳисоботини тузиш ва провардида тўхтатилган ҳисоб рақамининг очилишини таъминлаш учун қонуний ҳаракатларни амалга оширган. А. Шариповга қўнғироқ қилиб, ҳисобот топширмаганлиги сабабли унинг ҳужжатлари судга оширилган бўлиши мумкинлигини ва эртагаёқ Давлат хизматлари марказидан электрон калитни олишини ва калит орқали корхона фаолиятини кўриб чиқишларини айтган. Ва бу жараён амалга оширилган. Суд давомида мазкур ҳолат тасдиқланди.

Кейин А.Шариповнинг корхонаси вилоят солиқ бошқармаси ҳисобидаги солиқ тўловчи бўлса-да, бошқармага эмас шаҳар ДСИ ходимига мурожаат қилган. Б.Аҳмедов ҳисоботларни топшириш кераклигини бир неча маротаба тушунтириб айтган бўлса-да, барибир ундан шу масалани ҳал қилиб беришни илтимос қилаверган.   У суд томонидан корхонанинг ҳисоб варағи тўхтатилган бўлса, тегишли солиқ ҳисоботлари топширилгачгина ҳисоб варағи очилиши мумкинлигини билган. Аммо Б.Аҳмедовга қўнғироқ қилаверган. Жабрланувчининг судланувчига кунда неча бор қўнғироқ қилганлари ҳақдаги маълумотлар ҳам судга тақдим қилинди.

Мазкур жиноятда жабрланувчи деб топилган А.Шарипов олдин ҳам бир неча жиноят ишларида “жабрланувчи” деб топилган. 2017 йил Ромитан туман судида Д.Шарипова, Ф. Темировлар, 1918 йил Когон шаҳар судида А. Задаевларнинг кўрилган жиноят ишларида ҳам А.Шарипов жабрланувчи бўлган. Бундан унинг содда инсонларни жиноят содир этишга ундаганлиги яққол кўринади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Бухоро вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг Б.Аҳмедовга нисбатан оқлов ҳукмининг қонунийлиги Ўзбекистон Респуб­ликаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида, кассация инстанциясида яна бир марта кўрилиб, ўзгаришсиз қолдирилди. Б.Аҳмедовга нисбатан оқлов ҳукми тўғри чиқарилганлиги яна бир бор тасдиқланди. Кассация инстанциясида кўриб чиқишда Олий суд судьялари, жумладан, Илҳом Раҳмонқулов, Шамсиддин Тожиев, Жаҳонгир Ғайбуллаевларнинг кўп йиллик тажрибалари қўл келди, деб ҳисоблайман.

Ҳар қандай қонуний чиқарилган оқлов ҳукми адолат тантанасига хизмат қилади. “Бирники — юзга, юзники — минг­­га, мингники эса — туманга” деганларидек суднинг оқлов ҳукми, аввало, оқланган шахснинг оиласига, қариндошлари, маҳалласи, тумани, умуман бутун жамиятга ижобий таъсир кўрсатади. Аммо кишини бир масала ўйлантиради. Коррупцияга қарши кес­кин кураш олиб борилаётган даврда А.Шарипов нима учун масъул шахсга пул таклиф қилади? Ўзининг ҳам пора олган киши билан тенг даражада жиноят содир этаётгани маълум-ку!

Б.Аҳмедов оқлашга оқланди. Аммо буни ҳаёт дейдилар. Ҳамма ҳам холис ниятни тўғри тушинавермайди. Ахир, биров ўзингни томдан ташла, деса, ташламаймиз-ку!

Суръат НАЙИМОВ,

жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти,

Жондор тумани раиси,

юридик фанлари номзоди

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link