Thursday, December 1st, 2022

Виждон урса қалб ичра туғён… – HURRIYAT


Фарида АФРЎЗ

 

Муаллиф ҳақида:

Бўтаева Фарида Қўзиевна   ( Фарида Афрўз) — 1956 йили   Қўқон шаҳрида туғилган. Қўқон давлат педагогика институтини битирган.

1999 йили Ўзбекистон Президенти фармони билан “Шуҳрат” медали ҳамда   2001 йили “Ўзбекистон Мустақиллигининг 10 йиллиги” кўкрак нишони, 2017 йилда “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.

Шоиранинг “Қирқкокиллигим”, “Изтироб кўйлаги”,   “Тунлар исёни”, “Кўзим маним…”, “Қурбонжон додхоҳ”,   “Ўзимдан ўзимгача”, “Ушшоқ”, “Тасбиҳ”, “Ўша кун бугундир”, “Куздан аразладим”, “Мен, сен, у” сингари шеър ва достонлардан иборат китоблари чоп этилган. Москвада, Туркияда бир қанча шеърий китоблари нашрдан чиққан.

Шоира бугунги кунда Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

 

            Виждон урса қалб ичра туғён…

 

                    * * *

Она ер – туфроқ қолиб,

осмон билан овворамиз,

Жон бериб, жонинг олар, жонон билан овворамиз.

 

Кўзларингга жовдирар,

сарсон висол, саргашта ишқ,

Ёш тўкиб, йиртиб   яқо, ҳижрон билан овворамиз.

 

Теграмизда   хур   малаклар,

бири сингил, бири ёр,

Инсоф қолиб, инсон қолиб, шайтон билан овворамиз.

 

Отамиз мезбон   эди,

оҳ, онамиз мезбон эрур,

Зор этиб   ҳар   иккисин, меҳмон билан овворамиз.

 

Ҳар нафас ёнингда   дилдош,

ҳар мушкулотингга ечим,

Яхшилар   бунда   қолиб, ёмон билан овворамиз.

 

Чин ҳақиқат   йўли   бошқа,

чин вафолиқ ўзгадир,

Ҳақ қолиб, иймон   қолиб, ёлғон билан овворамиз.

 

Кўнгли уммон   кимсаларнинг

жилғасидин сув ичиб,

Роз қолиб, шукрон қолиб, тўғон билан овворамиз.

 

Бизни Ҳақ ҳур   айлади,

нур айлади, озод этиб,

Ҳар тарафга қулф уриб, қўрғон билан овворамиз.

 

Ҳар кишики, кўзи очдир,

кўр қилар, тўзони ганж,

Йўл кўрсатар сарбон қолиб, карвон билан овворамиз.

 

Кимки бизга   интизордир,

Фарид Афрўз чин сўзим,

Жоним нисор, чин дўст учун қурбон билан овворамиз.

 

            ОНА ТИЛИМ

 “Она тилим!” десам, бирдан,

Турку турон бош кўтарар,

Тош битиклар, Ўрхун хати,

                                          илму урфон бош кўтарар.

 

“Она тилим!” десам, ногоҳ,

Қад ростлайди “Алпомиш”лар,

“Гўрўғли”ю “Кун туғмиш”лар,

                                           қадим аркон бош кўтарар.

 

“Она тилим!” десам, ё, Ҳақ,

Мотуридий, Замахшарий,

Бухорийлар қонда ёққан нури

                                           Қуръон бош кўтарар.

 

“Она тилим!” десам, масрур,

Берунийнинг қомуслари,

Ибн Сино малҳам тутган дардга

                                           дармон бош кўтарар.

 

“Она тилим!” десам, мағрур,

Ярим жаҳон тилга кирар,                

Силсиласи зилзиладай

                                    Соҳибқирон бош кўтарар.

 

“Она тилим!” десам, абад,

Навоийдан наво келар,

Беш қитъага нур таратган бешта

                                           достон бош кўтарар.

 

“Она тилим!” десам, шаҳдам,

Саф тортгайдир Улуғбеклар,

Али Қушчи хушин олган юлдуз,

                                            осмон бош кўтарар.

 

“Она тилим!” десам, ё, Раб,

Сўз ёнади оташ мисол,

Машрабини дорга осган ғофил

                                                  арқон бош кўтарар.

 

“Она тилим!”десам, йиғлар,

Увайсийлар, Нодиралар,

Момоларим назм этган латиф

                                                Ҳўқон бош кўтарар.

 

“Она тилим!” десам, ўртаб,

Шаҳид кетган Қодирийлар,

Авлонийлар, Усмон Носир, Фитрат,

                                                Чўлпон бош кўтарар.

 

“Она тилим!” десам, титраб,

Ғафур Ғулом, Ойбек, Қаҳҳор,

Миртемирлар умрин еган буюк

                                                  армон бош кўтарар.

 

“Она тилим!” десам, шаксиз,

Ҳаққим кўпдир дунёларда,

Буюкларни бот-бот берган

                                        покиза қон бош кўтарар.

 

“Она тилим!” десам, энди

Ўз тилимда Ўз Бекка хос,

Мен сўз айтсам, бани башар,

                                      жумла жаҳон бош кўтарар.

 

“Она тилим!” десам, бугун,

Аждодларим, қаранг, қаранг,

Яна Шарқдан янгиланган

                                   Ўзбекистон бош кўтарар.

 

                      * * *

Алла айтса, миллат онаси,

Юлдузлар пойига тўкилар.

Осмон тушар оёқ остига,

Фалакнинг чоклари сўкилар.

 

Алла айтса, миллат онаси,

Индамай тинглайди дунёлар.

Дув тўкилар, қоя тошлари,

Шаштидан қайтади дарёлар.

 

Алла айтса, миллат онаси,

Ватандан хоинлар чиқмагай.

Ўғил-қизи ор деб яшайди,

Келинлар ножинслар туғмагай.

 

Алла айтса, миллат онаси,

Номуслар янчилмас, қул қолмас.

Ишқ ичра ёнар жўмардлар,

Ва асло аёли тул бўлмас.

Алла айтса, миллат онаси,

Томирда ҳур ҳаёт уйғонар!

Оҳ, аёл, алланг айт, аллангдан,

Аллоҳнинг Арши ҳам тебранар…

 

                                * * *

Бургут бўлсанг, самовий парвозингда уч,

Охумисан, тоғу тош қояларинг қуч,

Эй, сен, фитна, разолат – хаёллари пуч,

Билгинки, ғолиблар таҳлил қилинмас.

 

Сен магарки, шамолсан, ортингга қайтма,

Қуёш бўлсанг, шафақнинг қўшиғин айтма,

Мардмисан, жўмардлик тахтидан кетма,

Билгинки, ғолиблар таҳлил қилинмас.

 

Майдасанки, чил-парчин бўлишинг тайин,

Тегирмонда янчарлар, янчилган сайин,

Эй, дунёси хароба, умри бетайин,

Билгинки, ғолиблар таҳлил қилинмас.

 

Зўрмисан, гар, зўрлигинг кўрсатиб ўтгил,

Ғўрмисан, бас, пешонанг қисматга тутгил,

Ночормисан, ночорлик шаробин ютгил,

Билгинки, ғолиблар таҳлил қилинмас.

 

Чумоли не қилар, филлар жангида,

Муз ёнмагай, асло, олов рангида,

Тун кезмагай, илло, омад тонггида,

Билгинки, ғолиблар таҳлил қилинмас.

 

Аслида-ку, ғолиблик Ҳақдан иноят,

Ҳар не ишга қўл урар, бўлар каромат,

Бу ҳам битта ҳидоят, ажиб, синоат,

Билгинки, ғолиблар таҳлил қилинмас.

 

Кузак ўтиб, қиш келди, келади наврўз,

Ҳар бир майса, ҳар чечак, айтар ғолиб сўз,

О, мағлублик сенгамас, Фарида Афрўз,

Билгинки, ғолиблар таҳлил қилинмас.

 

                             * * *

Баъзида жонингга   тегади кунлар,

Ҳатто сокинлик ҳам, ойнинг жамоли.

Руҳим истаганда, бемаврид исён,

Сени соғинаман,

Қўқон шамоли.

 

Бу ерда ҳар неки, тўкис, сарҳисоб,

Маданият барқ урур, ҳар иш маъноли.

Нима ҳам дер эдик, пойтахт- пойтахт, лек,

Бир сен, етишмайсан,

Қўқон шамоли.

 

Шаҳарни кезаман, салқин, саҳарлар,

Кўнгил туғён урар — шеърли, сафоли.

Аммо бир япроқ ҳам “шитр” этмайди,

Қайдасан, қайдасан,

Қўқон шамоли?!

 

Сен дув – дув тўкасан, мева қуртласа,

Сен заиф илдизнинг, мўртнинг заволи.

Сен борсан, синов бор, имтиҳон, жазо,

“Адолат пешвоси” –

Қўқон шамоли.

 

                        * * *

Томчисини, қизғанмайди,

уммони борлар,

Нафасини санаб олмас, осмони борлар.

 

Куз келмасдан

ҳазон бўлар, янтоқ ёбонда,

Тўрт фасл ҳам гуллайверар боғбони борлар.

 

Карвонни деб,

ёв бўлганлар, ёвга олдирар,

Балолардан омон чиқар сарбони борлар.

 

Дона донин,

ўзи емас, едирмас суллоҳ,

Сичқонга ҳам озор бермас хирмони борлар.

 

Қайда мансаб,

қайда шуҳрат, ундан қочарлар,

Юрагида шайтон эмас, раҳмони борлар.

 

Ҳийла-найранг,

фисқи-фасод, бош кўтарган чоғ,

Занжирбанд, зиндонбанддир, виждони борлар.

 

Дўстни сотмоқ,

ёрдан тонмоқ, касби олчоқнинг,

Ҳар инсонни ҳикмат билар, иймони борлар.

 

Қўй, куйинма,

Фарид Афрўз, янги тонг отди,

Сени кутар меҳр деган, қўрғони борлар.

 

                   * * *

Қўшиғингни айт, ёмғир,

Рақсларга туш, япроқ.

Эй, куз, бунча гўзалсан,

Баҳордан-да, баҳорроқ?!

 

Беҳи қалқир анҳорда,

Анорзорлар вақти чоғ.

Эй, дил, бунча яйрайсан,

Баҳордан-да, баҳорроқ?!

 

Боғлар сокин, онамдай,

Тунлар ойдан, ойдинроқ.

Эй, ишқ, бунча, умидбахш,

Баҳордан-да, баҳорроқ?!

 

Елкадаги тоғлар йўқ,

Армон недир, не фироқ?

Эй, жон, бунча, оромваш,

Баҳордан-да, баҳорроқ?!

 

Шароб тутар, узумзор,

Хирмонларнинг кўкси тоғ.

Эй, юрт, бунча, кўркамсан,

Баҳордан-да, баҳорроқ?!

 

Кузак, сенсан, сарҳисоб,

Бурчсан, шондан шарафроқ.

Эй, умр, сен яшнаб қол,

Баҳордан-да, баҳорроқ?!

 

                   * * *

Ичингга

дунёлар чўккани сайин,

Елкаларинг оғир, қўлларинг оғир…

Қадамлар оғирдир, аламлар оғир,

Хатарлар оғирдир, хабарлар оғир…

 

Ичингга

ин қурса айрилиқ қуши,

Баҳорлар оғирдир, чаманлар оғир…

Хижрондан ҳар чечак қовжираб турса,

Водийлар оғирдир, воҳалар оғир…

 

Ичингда

ўзингни йўқотиб қўйсанг,

Жонингни топмасанг излаб, изиллаб.

Исминг ҳам ҳаттоки, танимай турса,

Жисмлар оғирдир, илмлар оғир…

 

Ичингда

бир қизча турса жилмайиб,

Йиллар ўтаверса унга қарамай.

Қаришлар оғирдир, қарғишлар оғир,

Севишлар оғирдир, севилиш оғир..!

 

                        * * *

Ўз ҳолимга қўймаслар ҳеч ҳам,

Ўз ҳолимни талашар ҳамма.

Ихтиёрим ҳуркиб, қунишар,

Эшигига босади танба.

 

Ҳолим эса кундан-кун хароб,

Чинқиради эҳтиёжларим.

Ҳасратимни тинмай ташийди,

Совуқ тилли симёғочларим.

 

Атрофда-чи, ҳаёт қайнайди,

Дўст-биродар, барига тўқсан.

Бир кун келиб умрингга кирсанг,

Ҳамма бору, бир ўзинг йўқсан!  

 

                          * * *

Миллат бўлса, байроқ топилур,

Кўтаргувчи билак топилур.

Виждон урса қалб ичра туғён,

Ватан, деган юрак топилур!

 

Элни деган, энгашиб қолмас,

Дониш киши кенгашиб толмас.

Ватан, деган, ватан бўлажак,

Сувда чўкмас, ҳеч ўтда ёнмас!

 

Ватан борки, соғинч сўзи – ғам,

Юрт деганда кўзларида нам,

Сен бошимда порлаган қуёш,

Эй, мушфиқим, муштипар онам! –

 

Қайтар бир кун азалий шукуҳ,

Қайтар ғурур,о, покиза руҳ,

Қадри баланд бўлса гар одам,

Қадар бўлар бошидаги туғ!

 

Момо замин, о, бобо тупроқ,

Вужудимни титратган титроқ.

Сени билсанг, кўзимдай севдим,

Киприкларим очмоқда япроқ!

 

Томиримда оққан қоним, сен,

Миллат туққан, онам — шоним, сен,

Дунёларга даҳолар берган,

Аёл бошим, қирқда жоним, сен!

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link