Султонмурод ОЛИМ,
Ўзбекистон Журналистлар
уюшмаси аъзоси
ГАЗЕТА
Болаликнинг китоблари ёпилмас,
Болалигин унутганлар топилмас.
Болаликдан сўйлаб берсам мен сизга,
Таъна-дашном ёғдирмассиз сиз бизга.
Уч кечани ухлолмасдан ўткардим.
Уни энди сизга қандай еткардим?
Бири – отам рубоб олиб берган кун,
Тонгга қадар бедорликда ўтди тун.
Ўн учимда чиқди ёзган мақолам,
Мендек ухлай олмади ҳеч бу олам.
Яна бир тун ухламадим, қайтмайман,
Фарзандлардан уяламан – айтмайман.
Эллик беш йил бўлди, мана, тиним – йўқ,
Газетасиз ўтган бирор куним – йўқ.
Газета бу элнинг айтар сўзидир,
Ҳам оламга боқар ўткир кўзидир.
Интернетга ишонманглар, тезкордир,
Юзинг-кўзинг, демас, жуда безкордир.
Фикр бор-у, кўпинча бир далил – йўқ,
Хабар айтар, онгни очар таҳлил – йўқ.
Газетасиз яшаган эл ғўр бўлар,
Газетасиз қолган кўзлар кўр бўлар.
Юздан ошиб, ўтганимда, орзум – шул,
Газетанинг босилмайин қолган ул,
(Устингиздан кулса-кулсин минг-минглар),
Қоғозидан кафан қилиб, кўминглар.
16.09.2022.
Янгиликларни дўстларингизга улашинг