Thursday, November 24th, 2022

Гарринча – HURRIYAT


“Асрга татигулик кун…”

1960 йилнинг 27 март куни Бразилиядаги машҳур “Маракана” стадионида бир воқеа юз беради.

“Флуминенсе” ва “Ботафого” жамоалари ўйинида меҳмонлар кетма-кет ҳужум уюштирар экан, ҳужумчи тўпга тегинса бас, у дарвоза тўрига тушадиган вазият вужудга келади. Бироқ…

…оний лаҳзалар ичида виждон билан нафс, инсонийлик билан инсофсизлик, тантилик билан шуҳратпарастлик ўртасида аёвсиз кураш кечади.

Тўп ҳужумчи Мануэл дос Сантоснинг шундоққина оёғида. Нима қилсин?..

“Маракана” ғалати сукунат оғушида қолади (одатда меҳмон жамоа гол урганида шундай ҳолат юз беради).

Футболчи бироз иккиланади-ю, тўпни очиқ дарвозага киритмасдан, майдон ташқарисига тепиб юборади.

Мухлислар ҳайрон: “Бу бола ақлдан озмаганми?”.

Гап шундаки, ўша лаҳзада ҳимоячилардан бири майдонда ётар, рақибнинг қийин ҳолатга тушиб қолганидан фойдаланиб гол уришни Мануэл ўзига эп кўрмаган эди.

Шикастланган ўйинчи тезда сафга қайтади. Тўпни майдонга киритиши зарур бўлган шериклари эса нима қилишни билмасдан каловланиб қолади.

Қоида бўйича тўпни бир-бирига ташлаб, ўйнаб кетиш керак. Хўш…

Мушкул лаҳзаларда Яратганнинг ўзи уларни қўллайди. Гўё олдиндан келишиб олгандек, тўпни аввал майдонга киритиб, сўнг рақиб фойдасига яна ён тарафдан ташқарига – аутга чиқариб юборадилар!

Бу – футболнинг юз йиллик тарихида кузатилмаган ажойиб ҳодиса – одамгарчилик ҳиссининг томошага ишқибоз оломон ҳиссидан ғолиб келиши эди.

Сирасини айтганда, ҳеч қандай ғайриоддий ҳодиса юз бергани йўқ. Гарринча одам қилиши керак бўлган ишни қилди, холос!

Ўша кундан бошлаб Бразилия, кейинчалик бутун жаҳон футболида бу ҳаракат ёзилмаган қоидага, эзгу анъанага айланди.

Бугунги кунда бундай ҳаракатлар “фэйр-плэй”, яъни ҳалол ўйин деб аталиб, йил сўнгида махсус соврин билан мукофотланмоқда.

Хўш, жаҳон футболида маънавий инқилоб ясаган, футбол – қандай бўлмасин, рақибни доғда қолдириш иштиё­қида одамзод ўзини ўтга-чўққа урадиган оддий спорт тури эмас, инсоний туйғуларни тарбиялайдиган бетимсол санъат эканини кўрсатиб берган бу танти йигит ким эди?..

Бу бразилиялик Мануэл Франсиско дос Сантос – Гарринча эди. Унинг номи тилга олинса, чинакам тўп сеҳргари кўз олдимга келади.

Бемисл маҳорати, ажойиб ўйинларига гувоҳ бўлган кам сонли ровийларнинг ҳикоя қилишларича, у тўп оёғига теккан заҳоти елдек елиб, рақибларни кўз очиргани қўймас эди.

У ўйнамасди, гўё рақс тушарди.

1933 йилнинг 28 октябрида Бразилиянинг Пау Гранде шаҳарчасида оддий қоровул оиласида дунёга келган Мануэл, улғайиб, профессионал спортчи бўлиб етишгач, худди ҳаётдагидек майдонда ҳам самимият тимсолига айланди.

Худбинлик нималигини билмас, на мол-давлат, на машҳурликка интилар, аксинча, бойлик, шон-шуҳрат унинг ортидан “қувиб” юрарди.

Профессионал фаолиятини бошқаларга нисбатан кечроқ – 20 ёшида бошлаганига қарамасдан (унгача ёшлар жамоаларида ўйнаган), дарров мухлислар назарига тушади. Тўғри, уни биринчи марта майдонда кўрганлар бўйининг пастроқлиги (169 сантиметр), юриш-туришига қараб мазах қилган, дейишади. Аммо улар бу қилмишларидан тезда уялиб қолганлариям бор гап. Негаки, Мануэл ақл бовар қилмайдиган ўйин техникаси, алдамчи ҳаракатлари (финтлари), чиройли голлари билан рақибларниям, мухлисларниям ўзини ҳурмат қилишга мажбур эта оларди.

Майдондаги “Чарли Чаплин”

Бундай шахслар ҳақида одатда турфа афсоналар юради. Гарринча ҳаётига оид ана шундай гап-сўзларга ишонилса, унинг бир оёғи иккинчисидан бир неча сантиметр калтароқ бўлган. Ким билсин, бу ростдир, балки ғанимлари ўйлаб топган анчайин бир уйдирмадир, нима бўлганда ҳам, бу гап-сўзлар унинг майдонда мўъжиза кўрсатишига асло халақит берган эмас.

Гарринча фаолияти давомида камдан-кам футболчига насиб этадиган бахтга эришди: икки марта жаҳон чемпионати шоҳсупасига кўтарилди.

1958 йил Швециядаги мусобақанинг қаҳрамонларидан бири, 1962 йил Чилида ўтган турнирда эса асосий қаҳрамон бўлди: олти ўйинда майдонга тушиб, тўртта гол урди ва мусобақанинг энг яхши тўпурари ҳамда энг кучли футболчиси деб тан олинди.

Аввалига чорак финалда Англия, кейин эса ярим финалда Чили терма жамоалари дарвозасига иккитадан тўп киритган Гарринчанинг чиндан ҳам “юлдузи порлаган эди”.

Айниқса, футбол ватани вакиллари билан ўйиннинг 31-дақиқасида ҳисобни очган ҳужумчи, 53-дақиқада Ваванинг гол уришига имконият яратиб беради. Орадан олти дақиқа ўтиб эса ўзининг иккинчи, жамоасининг учинчи голини уриб, ҳисобни 3:1 га етказади. Шу тариқа Бразилия терма жамоаси Англияни мусобақадан чиқариб юборади.

Гарринча юзлаб ажойиб ўйинларни ўтказган, саноқсиз мўъжизалар кўрсатган. Шундай эса-да, бир масалада аксарият мухлису мутахассислар якдил фикр билдирганлар: инглизлар билан кечган ушбу шиддатли “жанг” Гарринча фаолиятининг энг ёрқин саҳифасидир.

Таниқли спорт журналисти Игор Фесуненко “Пеле. Гарринча. Футбол” китобида маълумот беришича, Бразилия – Англия учрашуви ниҳоясига етгач, мағлуб жамоа бош мураббийи Волтер Винтерботтом бундай деган:

– Мен тўрт йил мобайнида шогирдларимни футбол жамоалари устидан ғалаба қозонишга тайёрлаган эдим. Афсуски, Гарринча деган йигитга дуч келишимизни ўйламаган эканман…

Мухлислар Мануэл дос Сантосни ана шундай қаҳрамонликлари туфайли ҳам “Халқ қувончи”, “Футбол даҳоси” деб кўкка кўтарди.

Санъаткорона ҳаракатлари туфайли “Майдондаги Чарли Чаплин” деган эътирофлар ҳам янгради.

Кичик жуссасига ишора қилиб, Гарринча (“Ўрмон қушчаси”) деб эъзозлаганлар ҳам бўлди.

Омад қуши, бунча оғирсан?..

Ҳеч кузатганмисиз, ҳаётда бошқалар тинимсиз меҳнату машаққат чекиб эришадиган натижаларга баъзи инсонлар бир уринишда етади.

Билгичлар бу ҳодисани истеъдод билан боғлайдилар. Биз эса оддий қилиб: “Ҳа, уларга Худо берган-да”, — деймиз.

Гарринча ана шундай омадли инсон эди. Лекин… у омад қушини бир умр елкасида олиб юролмади.

Майдонда мўъжизалар кўрсатиб, ҳаммага шодлик улашган, не-не рақибларни доғда қолдириб, даврининг энг зўр футболчиси бўлган Гарринча… ҳаммани енгди-ю, ўзини, бутун вужуди-ю руҳини борган сари чирмаб, ҳалокат ботқоғига етаклаган нафсини енгишнинг уддасидан чиқолмади. Жамоасининг улкан ғалабаларига беқиёс ҳисса қўшган футболчи, шон-шуҳрат ёхуд мол-дунё олдида эмас, бир қултум ичкилик қаршисида ҳамиша ўзини ожиз ва нотавон ҳис этди. Бу бало ортидан автофалокатга учраса-да, ичишни ташлай олмади. Оқибатда… Бу ишнинг охири аввалги замонларда қандай бўлган эса, Гарринча тақдирида ҳам шундай из қолдирди: аввалига соғлиғидан айрилди, бора-бора одамлар назаридан қолди. Бегоналар, унга бефарқ кимсалар у ёқда турсин, кечагина уни бошлари узра кўтариб юришга тайёр мухлислар ҳам қачонлардир суюкли қаҳрамонлари бўлган инсон қисматига ачиниш билан боқишдан ўзга чора тополмас эди.

Шифокорлар унда дастлаб юрак хасталигини аниқлашади. Сўнгра жигарида циррози борлиги аён бўлади.

Боладек содда, ҳаётни оппоқ рангда кўрган Гарринча ночор аҳволда қолади.

Ким билсин, у покиза қалби билан ҳар қандай мушкулотдан худди майдондагидек финтлар ёрдамида чиқиб кетаман, деб ўйлагандир?

Бироқ ҳаёт – футбол майдони эмас, унинг ўйинлари, шартлари бутунлай бошқача.

Хасталик ожиз танини емириб, вужудини оғриқ, руҳини тушкунлик забт этган Гарринча 1983 йил январь ойида, ҳали эллик ёшга ҳам етмасдан, ёруғ дунёни тарк этди.

 

Футбол!

Мени асра шу футбол ҳаққи!

Наҳот, хатоларга кунларим боғлиқ?

Умрим – юзга ногоҳ тушган тарсаки,

Ям-яшил майдонда қолди даҳолик.

 

Менга очилмагай қайта бу эшик…

Стадион! Қара! Бу мен – Гарринча!

Менга тўп текканда қалқигансан тик,

Қарсаклар чалгансан қўлинг толгунча.

                                    (Усмон Азим. “Гарринча”)

 

… У вафот этганда бутун Бразилия йиғлади. Суюкли футболчиси билан видолашиш учун миллионлаб одамлар кўчаларга чиқди. Улар атиги бир мартагина бўлсин, Гарринчани яна тўп билан кўришни истар, афсус­ки, энди уни яшил майдонда кўришнинг сира иложи йўқ эди.

Элмурод КАРВОНЛИ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link