Sunday, December 4th, 2022

Гар дарахтсан — мажнунтолдай эгил халқингга – HURRIYAT


Ойдин Ҳожиева,

Ўзбекистон халқ шоири

           ИССИҚ ЎЛКАЛАРГА…

 Иссиқ ўлкаларга учиб кетгандек,

Ёшлик турналари қайтмайди гарчанд,

Давом этаётган ширин тушлардек,

Шоир умри мангу ёшликка пайванд.

 

Офтобга юкинган оқ сочли тоғлар –

Этагида гулхан ёқилгай баҳор,

Гулхан зарралари – ол қизғалдоқлар

Ёшлик сепи каби яшнайди такрор.

 

Гар тунаб қолмайсан бирор бекатда,

Ёшликнинг қаноти толмас карвони,

Шошилма, бу тансиқ эзгу фурсатда,

Шоирнинг дилида ҳаёт туғёни.

 

Наргиз бу гузарда чалма зангўла,

Илҳом қушчаларин чўчитма зинҳор,

Сен боқ, бу юракда ишқ – қўшиқ тўла,

Ўрик гулларига чўлғанган баҳор!

 

                           * * *

Изимда оташсўз шоира қизлар…

ЗУЛФИЯ.

 

Сизни соғинарман байрамларда.

Ёмғир шивалаган кўкламларда.

Давраларда, лутф-у карамларда

Иссиқ юзингизни кўргим келадир.

 

Аллоҳдан ғанимат инъом тонгларда,

Намозшомгулидай сирли шомларда,

Илҳом шалолали ҳур пайғомларда

Иссиқ юзингизни кўргим келадир.

 

Янги шеър ўқишиб кўнғироқларда,

Ўгитингиз тинглаб жон қулоқларда,

Шифо симиргандай соф булоқлардан,

Ғойибона суҳбат қургим келадир.

 

Кўкси, кўнгли тўла эзгулик, зиё,

Қайда гуллар энди ул меҳригиё?

Дунёга бир келди-кетди Зулфия,

Баҳордай қайтмайди, дегим келади…

 

                         * * *

Шошилма айтмоққа!

Кўнгил тобида,

Меҳр садафида гавҳар – битта сўз!

Шошилма!

Шошилма, тил ғилофида

Ўлжасини кутган ханжар – битта сўз!

Шошилма!

Сабрнинг панжарасидан

Сиртлондай сапчиса у беихтиёр,

Унинг важоҳатли исканжасидан

Талафотсиз чиқмоқ ўлимдан душвор!

Шошилма!

Айқириб оққан дарёни

Ўша сўз симириб, гоҳо қуритгай!

Шошилма, ўспирин, ўктам дунёни

Бир сўз мункиллаган чолдай қаритгай!..

 

                       ОҒРИҚ

Мени беуйқу, бефароғат айлар,

Битта сўз кўксимни этади доғлик.

Мени беҳуд, яна бетоқат айлар,

Суяк-суягимдан ўтар бир оғриқ.

Недир ул? Хаёллар тарами ичра

Игнадай йўқолиб уни изладим.

Гоҳи алангадай осмонга сачраб,

Ёзнинг ўртасида гоҳо музладим.

Ҳар ким қўл тортади ўз кўмочига,

Ғаним панд берса-ку, кечирмоқ осон.

Не озор – қор бўлиб қўнди сочимга,

Не ўйлов юзимни этди заъфарон!

Дунё тор узукдай қисиб келди гоҳ,

Гумонлар тулкидай писиб келди гоҳ.

Жонимга туташ қай қадрдонимдан

Наҳот, иғво хатнинг туси келди гоҳ?

Бу ҳол не – тиллари куйганлар айтсин,

Ўздан ортиқ дўстин суйганлар айтсин!

Беҳуда силтовдан дийдаси қотиб,

Дилкаш сўздан яна ийганлар айтсин!

Сукунат чинқирар тунлар қулоқда,

Най каби янграйди овунчли ҳикмат:

Кийик турмас гоҳо ишонган тоғда,

Ул оғриқ – дўстингдан келган хиёнат!

 

                        ЮРАГИНГДА…

 Юрагингда учқун бордек, кечикма, уйғот,

Кўзингни не ғафлат босди, уйқуда – туғён.

Девор ошган беҳигулдай ифоринг тузғот,

Қўнғироғи тилдан қолиб, нега гунг Виждон!

Агарчи сен шавқи-дарди ўрлаган қўшиқ,

Зарангларни шудгор айла, олтин омоч бўл!

Уйғон булут эсанг, бўрон солганда чивиқ,

Дўлми, селми, қалдироқми, гули бўзноч бўл!

Билагингда жўшқин кучни эзгуликка бур,

Гар дарахтсан – мажнунтолдай

                                           эгил халқинга,

Гар кемасан – халоскор бўл

                                           қаттол тўфонда!

Сен оловсан, топинмагин совуқ ёлқинга.

Уйғон, девор тирқишида қолган қорақурт,

Мисли заҳар санчма сўзнинг илмоқларига.

Эътиқоду имон учун курашганда юрт

Тариқ бўлиб тўкилмагин оёқларига!

 

ДАСТХАТ СЎРАГАН ҚИЗГА

Барчага бахт кулса, ғунчам,

Биргина тилак билан,

Ўтмас эди ҳеч бир одам

Армонли юрак билан!

 

Оқ юзларинг баҳор – ёзли,

Ҳатто шамол ўпмаган!

Кулгуларинг эрка-нозли,

Чиркин хаёл тегмаган!

 

Бинафшадай латофатли,

Қадамларинг нафисдир!

Бу ҳаёт-ку, саховатли,

Фақат бахтга танқисдир!

 

Худди қалбинг осмонида

Ишқ арғимчоқ солмамиш.

Сирларингга ой нуридан

Ўзга қулоқ солмамиш!

 

Умр дарё мисли тезоб,

Олма гулим, гулларсан.

Муҳаббатдай буюк азоб

Келсин мерос йўллардан!

 

Аёл учун зийнату тахт

Қиммат-қирон эмасдир!

Ёлчитмаса гар муҳаббат,

Дунё – дунё эмасдир!

 

                            * * *

Кимга чумолидай ғимирлаган жон,

Кимнингдир сиғинган шоҳидасан.

Кимнинг мушкулини этгувчи осон,

Кимнингдир бедорлик-оҳисан.

 

Ҳамлага шайланган она шер,

Гоҳ, нажот излаган оҳусан!

Бировга меҳрибон, камтар Ер,

Кимга – қадр қўнғироғисан!

 

Кўзингда ғам кўрса – мўлтираб,

Дард уққан дўст хайрихоҳисан!

Сени хушвақт кўрса – қалтираб

Қолган кимнинг дилсиёҳисан!

 

                  ҚАРЗ

Дардинг олайин, тупроқ,

Сендан қарзга ботганман.

Ҳовучингда болбулоқ

Шарбатларин тотганман.

 

Оқшомлари хаёлчан,

Саҳарлари бир ҳалим,

Тупроқ йўлда сарпойчан

Ўйнаб юрган Ватаним!

 

Боғлар оралаб ўтсам,

Қирқоғайни гулимсан!

Тоғлар қоралаб ўтсам,

Хаёллари дўлимсан!

 

Тегирмондай гулдираб,

Матал айтди момолар!

Тарихлардан йўл сўраб,

Элга қайтди донолар.

 

Ва болалик қасрига

Сеҳргардай кирдилар.

Тасаввур ғорларимда

Чироқ тутиб юрдилар.

 

Оқшомлари хаёлчан,

Саҳарлари бир ҳалим,

Тупроқ йўлда сарпойчан

Ўйнаб юрган Ватаним!

 

Сенга кирган тиканни

Киприк-ла олмадим гоҳ,

Сен ғамгин боққанингда

Дардкашинг бўлмадим гоҳ!

 

Зарафшонга ёғилган

Қутли булут бўлсайдим.

Этагингга тўкилган

Марвартак тут бўлсайдим.

 

Қирларингга сочилган

Буғдой донинг бўлсайдим,

Дўстларингга илинган

Сўнгги нонинг бўлсайдим.

 

Оқшомлари хаёлчан,

Саҳарлари бир ҳалим,

Ёмғирда, қорда ивиб,

Пахта терган Ватаним!

 

Ўпкангни совуқ олиб,

Кеч кузаклар сабоҳа,

Оғзимга талқон солиб

Юрганим бир гуноҳим!

 

Айқирган Оролингни

Шўр босгани бир увол.

Нечун мени эртароқ

Уйғотмади бу савол!

 

Тўғрининг ёқасидан

Эгрилик олганида,

Гоҳ, ҳақиқат боши ҳам,

Эгилиб қолганида.

 

Қандай қилиб менинг, оҳ

Еб-ичганим ош бўлди?

Сен ипак бўлдинг, тупроқ,

Менинг бағрим тош бўлди…

 

Увол, увол лаҳзалар

Олгай гирибонимдан.

Журъат бўлиб ларзалар

Чақмоқ чақар жонимда.

 

Шу журъат-ла яшасак,

Оқларман нон-тузингни.

Кечир, сендан умрбод

Қарздоргина қизингни!

 

                          СИРЛАШУВ

– Дарёларим, менинг қувноқ сингилларим,

Гулпарастим, мангу уйғоқ сингилларим,

Неча йилки, бўйингизга боролмадим,

Мавжингиз-ла қувалашиб юролмадим.

Ошиғингиз – мажнунтоллар омонмикан?

Тўлқинингиз бешик-бешиксимонмикан?

Оқ патларин тараб-тараб булоқларда,

Қамишзорда оқ турналар меҳмонмикан?

Сўлим қизлар Сизга саҳар йўл оларми?

Тушин айтиб, сувингизга гул соларми?

Уюр ҳайдаб келганида чавандозлар

Юлдуз тўла кўзгунгиздан лол қоларми?

Хонбалиқлар рақс этарми кўзни олиб?

Балиқчилар қийқирарми қармоқ солиб?

Садо келар гумбурлаган Зарафшондан,

Угамдарё, Пскомдарё   томонлардан:

Ўйноқ-ўйноқ балиқларим чириб кетди,

Оғаларим – мажнунтоллар қуриб кетди.

Ғофил Инсон оёқ ювди булоқларга,

Оқ турналар қучиб, оҳлар уриб кетди…

 

                          * * *

Чўтир туннинг ҳикоятларин

Чўкка тушиб тинглайди тоғлар

Ва булбулнинг ишқ оятларин

Талабадай ёдлайди боғлар.

Дараларда шамол – тун қизи

Чарх йигириб оттиради тонг.

Аждаҳони енгиб бир ўзи,

Кенжа ботир қотиб ётар донг.

Йўл қавартган товонларини

Уқалайди туннинг бармоғи.

Унинг қилич-қалқонларини

Илтимос қилар сўзнинг қайроғи…

 

                                 * * *

Бошингда минг туман савдодир сенинг,

Тонган-топинганинг Худодир сенинг,

Ҳасратинг видодир, хушхабаринг – ишқ,

Гирялар жонингдан ўтодир сенинг.

Ёшинг ҳисобига юлдузлар етмас,

Сочинг оқ, кўйлагинг қародир сенинг!

Бир инсон қисмати олдида лекин

Дунё, кўрганларинг ҳалводир сенинг!

 

   ДЕҲҚОН ТАЪРИФИ

Кимнинг қурби-қуввати

Макри, жағи-тилида.

Тушса, бутун чиқади

Тегирмоннинг дўлидан.

Яктаклари жавзода

Сизилмаган шўр тердан.

Қўли тегса мабодо,

Кўчат тутмайди ерда.

Ул эса чечан эмас,

Бор кучи – билагида.

Иродаси эланган

Меҳнатнинг элагида.

Кетмон урса, гурсиллаб

Ернинг тани яйрайди.

У тилинмас, ҳар куни

Кетмон дамин қайрайди.

У қўл урса, дарахтнинг

Илдизлари эмар бол.

Белбоғининг учига

Носвой тугиб юрган чол.

Давраларда гап топмай,

Каловланиб қолар лол,

Она Ерни бир умр

Гапиртириб келган чол!..

 

                            * * *

Муҳаббатнинг ширин шаробин ичиб,

Мевасин талх, деди, туфлади аёл.

Дорулшафақда уйқуси ўчиб,

Хархаша қилади бир гўдак увол.

Маймоқ айиқчасин бўйнидан қучиб,

Кўрпаси очилиб ухлар болажон.

Тушида оқ лайлак келади учиб,

Уни олиб кетар водийлар томон.

У жўжа какликдай қирда йўрғалар,

Беркинмачоқ ўйнар бойчечак билан.

Ҳуштак ясаб берар сўфи тўрғайлар,

Тоғлар опичади камалак билан.

Шамол харсангларда қовурар бодроқ,

Дўпписига кулча узиб берар ой.

Уни тиззасига олади ўтлоқ,

Кайвони кампирдай аллалайди сой.

Туннинг чориқлари пиёз пўстидай,

Ҳассаси игнадай, кўчада сарсон.

У қандай сайёҳки, кетар индамай,

Жон ипидан тушиб қолса бир маржон…

Эшикда умидвор ўлтиради тун,

Уйқуси қудуққа ташланган челак…

Ҳар кеча гўдакни овутмоқ учун

Деразадан учиб кирар оқ лайлак…

 

                   * * *

Жон энам-а, жонимдан

Ўтди ғаним иғвоси…

Ел совурган сомондир

Фосиқларнинг ғавғоси…

– Жон энам-а, гоҳида

Дўстлар ниқоб тутдилар.

Мақтаб-мақтаб олдимда,

Ортимдан тош отдилар…

– Отилмаган сопқон-ку,

Қайтиб тегар ўзига.

Сен мунғайиб қарама,

Қаллобларнинг юзига…

– Юрагимга зирапча,

Санчилди гоҳ, энажон!

Шубҳаларнинг дўлида

Янчилди дон каби жон…

– Довул, тўфон бошида

Гулдираган тоққа боқ!

Тузмаган бардошидан

Тўзим тила, эй чироқ!

– Жон эна-я, қишларда

Музлаган оғоч бўлдим!

– Нажот сўра баҳордан,

Қайта гуллайсан, қўзим!

 

                * * *

Эман каби эгилдим,

Не қилайин, энажон?

Халқига суянса ким,

Букилмагай ҳеч қачон!

Қуриган дарахт бўлма,

Зиқна-ю бадбахт бўлма,

Зоғларга тилинг берма,

Ғанимга сиринг берма…

Меванг – элники бўлса,

Сўзинг—дилники бўлса,

Ёвинг бўлса-да лак-лак,

Қилолмас сени ҳалак!

Сен томонда бўлар халқ!

 

                  * * *

Боғларнинг кўйлагидан

Ҳид ўғирлар эпкинлар.

Тун юзига тошади

Оқ седана – сепкиллар.

Оқ тонг билан ёйилур

Кексаларнинг дуоси.

Яйдоқ тоғ юзи бужур,

Ўқир офтоб иншосин.

Фурсат – олтин чиғириқ,

Замон момо ип эшар.

Минг йилларнинг нуқтаси

Урчуғида туташар.

Қўллари толмасмикан?

Ё уйқу олмасмикан?

Сезгир юрак, торларинг

Шул чечанга мосмикан?

Ерга тегмас қадамим,

Вақтнинг арғимчоғида,

Бир пишиқ қатим бўлсам

Замоннинг арқоғида…

 

 

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link