Saturday, January 28th, 2023

“Гулистон”га қандай ишга кирган эдим? – HURRIYAT


ёки адиб Мирмуҳсинни эслаб…

 

“Гулистон” журналига ишга қабул қилинадиган бўлдим. Бош муҳаррир, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Мирмуҳсин аризамга қўл қўяркан, бир узри борлигини айт­­ди:

— Техник муҳаррирнинг маоши салкам меники билан тенг. Жа­моада кўп йиллардан буён ишлаб келаётган ходимимиз бор. Маошнинг йигирма фоизини у кишига берасиз. Бунинг учун ёзма розилигингиз керак. Уни аризага илова сифатида ўзимда сақлайман.

Албатта рози бўлдим. Ахир, кўп устозлар ишлаган, айниқса, Асқад Мухтордай адиб қадрини оширган журналда иш бошлаётганимдан жуда мамнун эдим. Кейин маошнинг қолгани ҳам аввалги ишхонамдаги ойлигимдан бир қадар кўп эди. Қолаверса, Мирмуҳсин домла (ёзувчини ишхонада ҳамма шундай эъзозларди) бу масалада мендан сўрамай иш юритиши мумкин эди. Нотўғри тушуниб, кўнгли ўксиб юрмасин, деган. Ҳам узоқ йил ишлаган ходимнинг, маоши кўп бўлган ишга мени қўймай бошқасини олди, демаслиги учун ҳам шундай қилган. Бу адибнинг нафақат раҳбарлик қобилияти, инсоний хислатининг ҳам намунаси эди. У киши бошловчи ходим билан жамоада кўп меҳнати синг­ган одамнинг кўнглига бирдай қараганди: мени ишга қабул қилди, унинг ойлигини оширди. Ҳаёт сабоғини олганларгина шу тахлит эҳтиёткорлик, андиша билан иш юритадилар. Бундай инсонлар ҳозир ҳам бор. Во­рислик риштаси узвий — Мирмуҳсинга ўхшаган адиблардаги бундай фазилат кимларгадир ижобий таъсирини ўтказган.

Ёзувчи кўп нуфузли матбуот нашрлари раҳбари бўлса ҳам ўша ижодий жамоаларда энди ишга келган мухбирдан ҳам ғайратли эканлигини ҳозиргача эслашади. Сира ишга кечикмаган, ишдан эрта кетмаган. Уйига борса, ҳаммада бўладиган турмуш ташвиши, болалар тарбияси. Келасолиб тўғри ижодхонасига кириб кетмагандир?!

Журнал рассоми Ҳусан Содиқов мен билан деярли тенгдош бўлиб, иши, муомаласидан барча мамнун эди. У ижарада турар, ташвиши уйи борларнинг ташвишидан фарқ қиларди. У билан иноқлашиб қолганимизни сезганми, раҳбаримиз хонасига чақириб, сўради:

— Ҳусанжонни яқиндан биласизми?

— Шу ерда танидим, — тўғрисини айтдим.

— Ичиб, чекиб… юрмайдими?

— Йўғе… унақа йигит эмас.

— Қандайдир гарангсиб юрганга ўхшайди.   Бугун соат ўн бирларда ишга келди. Кеча эрта кетиб колганидан хабарим бор. Энди… бир-биримиздан хабардор бўлиб юришимиз керак-да! Бир нарса сезган бўлсангиз айтинг. Балки, ёрдамимиз керакдир. Секин сўраб кўрасизми? Бизга ҳеч нима демаяпти.

Ўзим янги ходим бўлганим, жа­моанинг тартиб-қоидаларига мослашиш кераклиги учун ҳам ишга вақтида келиб-кетаман. Аммо Мирмуҳсин домланинг ишга келиб-кетиш ҳақдаги фикридан ташвишлана бош­ладим. Баъзи шоирлардан, ижодкорга эркинлик керак, деган гапни эшитиб қолардим. Сазоворманми, йўқми “ўзаро жорий қилинган имтиёз”дан мен ҳам умидвор эдим. Бир ойда чиқадиган журналда бунга имконият бор, деб ўйлардим. Ҳусанжон ҳақдаги суҳбатдан кейин чуч­варани хом санаганимни билдим. Тўғри-да, барча ижодий ходимлар эркинлик талаб қиладиган бўлса, бош муҳаррир ёлғиз матн кўчирувчи билан журнал чиқарадими? Кейин жамодагиларнинг деярли барчаси ижодкор бўлса? Қолаверса, ходимнинг ишдан ташқаридаги ҳаётидан ташвишланадиган раҳбардан нега мамнун бўлмаслигимиз керак? Нега у киши ўз акамиздай бўлиб кўринмаган ўшанда?

Мирмуҳсин домланинг бир одати бўларди. Ўқиб, кузатиб боришлари учун бошқа газета-журналларга ижодий ходимларни бириктириб қўйганди. Ижодий муҳокамада ҳар биримиз чоп этилган яхши асар ҳақда гапириб берардик. Маъқул топилганларининг муаллифлари “Гулис­тон”га ҳам жалб этиларди. Адабиёт ва санъатга оид энг долзарб мақола журналда чоп этилишини талаб киларди. Рақобатдош, деган сўз кейин пайдо бўлди. Аммо Мирмуҳсин домла ўшандаёқ бунга амал қилган ва бошқаларни ҳам бунга даъват этган.

Баъзида чой қўйиш учун кимдандир сув олиб келишни сўраса, “кўпроқ оқизиб, кейин олинг, зинҳор иссиғидан фойдаланманг, у техник сув” дерди алоҳида урғу билан. Буни шундай ҳам билардик. Лекин билмаслигимиз, иссиқ сув тезроқ қайнайди деб ўйлашимиз ҳам мумкин эди-да!

Бош муҳаррир ўринбосари, ёзувчи Оқилжон Ҳусанов, масъул котиб, шоир Муҳаммадали Қўшмоқовлар кўриб берган ҳеч бир мақолани домла қайтармасди. Лекин улар ҳам бош муҳаррир рухсатисиз бир иш қилмасдилар. Энг муҳими, раҳбарда бу мақола замирида бирор манфаат бор, деган хаёлнинг ўзи йўқ эди. Журнал мактабини ўтаган Оқилжон Ҳусанов ва Маҳаммадали Қўшмоқов кейин ҳам кўп йил масъул вазифаларда ишлашди.

Жайдари чапаналиги қиёфасида акс этган, таниқли журналист Шомурод Сиддиқов ижтимоий-иқтисодий бўлимни бошқарарди. У кишининг топшириғи билан лавҳа ёзиб келгандим. Орадан бир оз вақт ўтгач, адабиёт ва санъат бўлими бошлиғи, шоир Эргаш Муҳаммадга бир нечта шеърларимни бериб қўйгандим. Хонамизга кириб келган   бош муҳаррир бу ҳақда гап очиб қолди:

—Лавҳангизга қўл қўйдим, — деди синовчан назар ташлаб. — Шеърларингизни кейинги сонларга қолдирамиз, хўпми?

Қизариб кетдим. Муҳаррирлар бисотида чет муаллифларнинг асарлари қалашиб ётарди. Икки бўлим бошлиқлари бир-бирларидан хабарсиз ҳолда мақола ва шеърларимни бир сон учун тақдим этишлари мумкинлиги хаёлга ҳам келмаган.

Мирмуҳсин аканинг ўзи мени хижолатдан қутқарди:

— Матбуотда кўриниш истаги ҳаммамизда бор. Буни тушунса бўлади. Ёзиб турганингиз яхши. Қўлингиз чархланади.

Енгил тортгандай бўлдим.

— Ташқи ишлар вазирлигини биласизми?   — сўради домла қўлимга бир асар қўлёзмасини тутқазаркан. — Мана, телефон рақами. Бориб, қўнғироқ қиласиз. Тушиб, олишади.

Манзилни такрор тушунтираркан, конвертни қайтариб беришгунча кутиб туришимни қаттиқ тайинлади.

Айтилгандай қилдим. Бир соатга бормай қўлёзмани қайтаришди. Қайтаётиб, беихтиёр унга кўз югуртирдим. Таниқли бир шоирнинг шеърий туркуми экан. Унга қистирилган қоғозчада қалам билан ёзилганди: “ Эътироз йўқ. Лекин… менга қолса муаллифга қайтаришингизни маслаҳат берардим”.

Мирмуҳсин домла, ўқиб чиқдингизми, деб сўрамади. Чунки бундан ташвишлангани ҳам йўқ. Шўролар даврида раҳбарнинг бундай ҳаракати ҳушёрлик, жамиятга содиқлик деб баҳоланарди. Бугун – яқин ўтмиш сиёсатининг машъум моҳияти очилиб бўлган бир даврда бу қисмат кўп раҳбарнинг бошида бор савдо эканлигини билганимиздан кейин адибнинг ўшандаги ҳаракатини тушуниш мумкин эди. Ўша шоирнинг шеърий туркуми журналда эълон қилинмади.

Бу воқеани нега эсладим? Биз ўша даврдаги ўта мураккаб вазиятни ҳис қилсак, бугунги ҳолатнинг қадрига етамиз, аввалгига нисбатан эркин фаолият юритаётганимизга шукур қиламиз.

Уч ой ўтмай Тошкент туман газетаси муҳаррири ишга чақириб қолди. Ишхона уйимга яқин эди. Мирмуҳсин домлага ишдан бўшамоқчилигимни айтдим. У киши кутилмаганда журнал ходими Эргаш Муҳаммадни чақирди:

— Йигитнинг шеърларини ҳам шу сонга тайёрланг. Укангиз ранжиган кўринади. Бўшашга ариза ёзиб кирибди.

— Нега энди? — ҳайрон қолди Эргаш ака. — Аввалги техник муҳаррирнинг қадри ўтади, деб ўйлагандик. Мана, бинойидек эплаб турибсиз.

— Ҳали синов муддатингиз ўтмади, — жиддий олди бош муҳаррир. — Аризага қўл қўйсам, бизни ҳеч ким суриштирмайди. Ўйлаб кўринг, ука! Жўжабирдай болаларингиз бор.

Ўшандаги аҳволдан энди ўйга толаман. Савиясини техник таассурот хиралаштириб қўйган бирор раҳбарга бўшаш учун ариза ёзиб кўринг. Дарров қўл қўйиб беради. Кейин нима иш қиласиз, оилавий аҳволингиз қандай бўлади — уни асло қизиқтирмайди.

Барибир ишдан кетдим. Журналнинг икки сонида лавҳам ҳам, шеър­ларим ҳам босилиб чиқди. Ўшанда Мирмуҳсин домла уларни эълон қилмаса ҳам бўларди. Бунга у кишининг тўла ҳаққи ҳам бор эди. Чунки ишдан бўшамоқчи бўлган ходим уч ой ишлаб бериши меҳнат интизомида белгиланган эди. Мен эса индамай бўшадим, ке-етдим. “Гулис­тон”дан кетганим фақат ўзимга зиён бўлганини кейин англаб етдим. Лекин бу менга умрлик сабоқ бўлди: у кишининг ҳаёти интизом асосидаги ҳалол меҳнатдан иборат экан.

Ёзувчининг асарлари ўз давридаёқ муносиб эътирофларга сазовор бўлган эди. Адибнинг “Қамар”, “Вафо” , “Қадрдон дўстлар”, “Ирмоқлар”, “Қалб ва фалсафа”, “Шеър­лар” каби тўпламлари, “Зиёд ва Адиба” шеърий романи нашр этилган. “Жамила” , “Оқ мармар”, “Чўри” , “Тунги чақмоқлар” , “Араб ҳикоялари” , “Чодрали аёл” қиссалари, “Умид”, “Чиниқиш”, “Дегрез ўғли”, “Чотқол йўлбарси”, “Меъмор”, “Илдизлар ва япроқлар”, “Темур Малик”, “Илон ўчи”, “Турон маликаси” каби романлар муаллифининг бир қанча болалар ҳақида ёзилган шеърий ва насрий асарлари бор.

Адиб бу қадар сермаҳсул ижод қилганига ҳайрон қолмай иложинг йўқ. Энг муҳими, элимиз уларни вақтида ўқиган, бундан кейин ҳам мутолаа қилиши керак. Мен эса юқорида халқимизнинг улкан ёзувчиси битган асарлар ҳақида эмас, балки   у зотнинг инсоний фазилатлари, талабчан раҳбар эканлиги ҳақда билганларимни ёздим.

Мирмуҳсин домла нафақага чиққанларидан сўнг кўришиб қолганимизда мендан сал хижолат бўлганларини эслаб, янада ажабланаман: аслида у меҳрли инсон қаршисида   мен хижолат тортишим лозим эди.

Илҳом АҲРОР

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link