Thursday, May 25th, 2023

Гуллар чаёнга айланмасин – HURRIYAT


Шу кунларда таниқли ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Чаёнгул” қиссасини мутолаа қилдим. Асарни ўқиркансиз, эркаклар ярамас, безбет, “тепса  тебранмас” тўнкадай таассурот қолдиради. Аламзада аёллар (гуллар) эса чаёнга айланиб бориши, “чаён”ларнинг қўлидан  кўп иш келиши, уларни ҳеч нарса тўхтатолмаслиги тасвирлаб берилгандай. Шу жараён ҳая­жонимни оширди, жамиятнинг бир эркаги сифатида ғуруримни оширди, охир-оқибат, ёрилишга, таассуротларимни сизлар билан баҳам кўришга  чоғландим. 

Асарнинг занжири тасодифлар асосида қурилган. Икки гул – Гулсум ва Гулшод Чаман момонинг бағрида ўсган. Уларнинг боғбони – отаси йўқ. Бирига  ака, бирига ука бўлган Ёқуб эса ўқишдан, шаҳардан ортмади, боғ боғбонсиз қолди. Қолаверса, бу  бешафқат ҳаётнинг тасодифлари, асли аччиқ қисматлари бор эканки, улар инсоннинг тинч ҳаётини алғов-далғов қиларкан, борини йўққа чиқараркан. Асар “гул”лари ҳам ана шу қисмат тўзонида қолдилар балки. Хуллас,  ўша биз айтган тасодиф Гулшодни – балоғат ёшидаги, мактаб битирувчиси бўлган қизни помидор териш  баҳонасида сой бўйига, кимсасиз сўқмоққа етаклади. Забардаст, қони қайноқ ўсмир Ашурни ҳам ўша  сой бўйи ўзига чақирган эди. Улар тасодифнинг, йўқ, биз тасодиф дейдиган бераҳм қисматнинг қурбонлари  эдилар. Ашурни қисмат иродасизликка, номардликка, жирканчликка мажбур қилди. Гулшод эса номуссизлик,  шармандалик тамғасини бўйнига олди. Ўша сой бўйида қизнинг номуси йиғлади… Бу воқеага инсон  зотидан фақат Ашурнинг укаси, аслида нима бўлаётганига умуман тушунмаган гўдак Акбар гувоҳ  бўлган. Ҳатто қизнинг сочидан ерга тортиб, ўзича акасини унинг чангалидан озод қилмоқчи бўлганди. Уни ҳам бу ерга тасодиф олиб келдию Ашурнинг “ёрдамчи”сига айлантирди-қўйди. Ким учундир бу  фожиа эмасдир, аммо воқеа бу билан тугамади, охири никоҳ бўлган келишув ва ваъдалар ҳам тақдирнинг  аллақайси шамолида учди-кетди. Ашурнинг онаси “кўчада номуси бузилган” қизни келин қилишни  хоҳламади (бузғунчи ўз ўғли бўлса-да). Ашур тоғасиникига жўнатилди, отаси – Адҳам муаллим бетоб  бўлди, оила кенжаси Акбар эса ҳар куни мактабда акасининг хатоси бўлган қизни кўришга, ўша мудҳиш  кунни эслашга, оиласининг тўламаган товонини тўлашга мажбур. Қиз ҳам ҳар куни Акбарни кўраркан,  ўзининг қора ўтмиши ва қоронғу келажагини ўйлаб ўсал бўлади. Икки томонда икки оила пароканда. Ҳаммасига  айбдор – “тақдир”, ҳаммасига сабабчи – тасодиф! Ҳа… тасодиф инсонлар умрини якунлашга, гулларни сўлдиришга қодир. Гулшод сўлди. Сўлмаслиги,  ҳали узоқ яшнаши мумкин эди, аммо, тасодиф-да, ёлғиз она ғафлатда қолди. У ҳовлида зинғиллаб ишлаб  юрган қизини кўриб шод бўлди, дунёга қайтди, ўзини топди, дея кўнгилхотиржам қўшнининг тўйига  чиқди. Шу пайт тасодиф говмиш сигир шаклида Гулшодни оғилхона томон олиб борди. Гулнинг сўлиқ  танасини ўша ердан топишди…

Ўша тасодиф энди гулларнинг сардори – Гулгуннинг ҳаётига раҳна сола бошлади. Номус дарди негадир  укани – Ёқубни эса қўзғатиб ҳам қўймади. Ашурни виждон азоби қийнамади. Жиноят ишига масъул прокурор  ҳам қимир этмади. Унингча, ҳамма нарсага аёл зоти айбдор, улар ўз бузуқликлари билан  қолганлар ҳаётини ҳам бузадилар, не-не “мардлар” аёл макрига қурбон бўлмаганми?! Бор изтиробни  чекканлар эса Чаман ва унинг бағридаги Гулгун бўлди. Қасос ўтида тўрт томон чопган ҳам Гулгун бўлди. Бу  югурикларнинг охири прокурор Зобитовдан “Ўлган ўлди, у ёғига тинч яшанглар-да энди” деган жавобни  олиш билан битди. Жавоблар эса унинг чаёнга эврилишига сабаб бўлди. Гул чаён бўлди. Эркак зотига, ҳа,  бенаф, бефаҳм, бераҳм эркак зотига қирон келтирмоқчи эди у чаён. Шу он укасини тополмади, йўқса уни ҳам  бўйнидан бўғарди. Занглаган пичоқ эса Гулгуннинг қўлида Адҳам домланикига  борди. Қўлда пичоқ, дилда алам ва қасос олови билан бир маҳалла ошган бу қизни тўхтатгани одам  топилмади, зотан у кимдир тўхтатишини ич-ич хоҳлаган, биров “шошма, қайт бу шаштингдан” дейишини  кутганди. Биз бот-бот такрорлаётган шум тасодиф бунга ҳам изн бермагандир. Қасоскорнинг қотиллиги содир бўлди.  Гулгун ҳовлига кирди, бақирди, дод солди, олдидан чиққан биринчи эркак зотига қўлидаги пичоқни қайта-қайта санчди. Гулгуннинг алам пардаси қоплаган кўзлари йўлак қонга белангандагина очилиб,  Акбарнинг жасадини базўр таниди. Ашур эмас, Акбар эди бу. Тасодиф Акбарни Гулгуннинг кўзига Ашур  қилиб кўрсатди.

Асарни ўқиб тугатаркансиз, инсон умри нақадар ўткинчилигига амин бўласиз. Тасодифдан бош­ланган қора қисмат икки оилани тўзитиб, икки ёш жоннинг ўлимига сабаб бўлди, ахир. Айбсиз айбдорга айланган (балки бироз айбдордир) Акбар ҳам эркак, аммо уни асардаги бошқа “эркаклар” билан бир  сафда кўришни истамайсиз. Бутун бош­­ли эркаклар бир томон, ёш бола Акбар ва унинг қалбидаги  кечинмалар бир томон. Яна бир хулоса шуки, мардлик, жасурлик, номуслилик жинс танламайди. Асар реал воқеаларга асосланиб ёзилган, буни мен ёзувчининг ўзидан учрашувларнинг бирида  эшитганман. У даврда аёллар, умуман қора  халқ ўлиб кетаверар, адолатсизликка қарши курашгувчи  чаёнлар топилмас, бори бўғилар, қамалар ва отилар эди. Исёнкор руҳ йўқ эди. Ёзувчи шуни ҳам  уқтирмоқчи, тузумнинг халққа келтирган жафоларини кўрсатмоқчи бўлгандир. Ҳажман кичик, маънан  улкан бу асар мени янги-янги саволлар гирдобига ташлайверади. Ҳар бир эркак шу қиссани бир ўқиса,  ўрнак олса, дейман! Зеро, ўзбекнинг гуллари бошқа чаён бўлмасин.

 Муҳаммадали  ПЎЛАТОВ

 

Ўзбекистон Журналис­тика ва оммавий коммуникациялар университети ташкил топ­ганинг беш йиллиги муносабати билан ушбу олий ўқув даргоҳида таҳсил олаётган бир гуруҳ талабаларнинг мақолалари — изланиш намуналаридан эълон қилмоқдамиз. Уларни ўқиб, танишиб ёш ижодкорларнинг ўй-кечинмалари, тил ва услуби, маҳоратини баҳолаш қийин эмас.

Қолаверса, улар мисолида эртанги матбуотнинг эгаларини тасаввур қилиш, уларнинг тафаккур тарзини англаш имкони ҳам мавжуд.

Қуйида бўлажак журналистлар қаламга олган лавҳалар билан танишинг:

 

Аёл фақат турмуш қуриш учун яратилганми?

 

Ҳамон тўйларимиз обрўимизми?

 

“Ўқимаган”ларнинг “ўқиган” болалари

 

Гуллар чаёнга айланмасин

 

Саҳифани  ЎзЖОКУ ўқитувчиси Ўктам МИРЗАЁРОВ  тайёрлади.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link