Saturday, January 28th, 2023

Дадаларни йиғлатган кино – HURRIYAT


ёки “Дада дегин” бадиий фильми ҳақида ўйлар…

 

Рости фильм намойиши ҳақидаги хабарни ўқигач, унинг режиссёри ким экани билан қизиқдим. Режиссёр Муҳаммад Исо Абдулхаиров эканини билгач: “У яхши актёр эди, режиссёр бўлиб нима қилар экан?” дея фильмни кўргим келмади. Очиғи, номиям унча маъқул бўлмади. Аммо яқинда пойтахтимиздаги “Киночилар уйи”да кўрсатилган картинани кўрдим ва дастлабки гумонларим туман каби тарқади, нега фильмга бундай ном танланганини ҳам билиб олдим.

* * *

Ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўст: “Омадсиз одамлар ҳақида ёзилган асарлар яхши чиқади”, деган эди маҳорат дарсларидан бирида. Мен бу фикрни бадиий фильмларга нисбатан қўллаб, бахтсиз одам ҳақида ишланган картиналар яхши чиқади, дегим келди. Чунки бир кам дунё деганларидай, ҳаётда доим кимгадир нимадир етишмайди. Бошқалар кўзига энг бахтли кўринган одам ҳам ўзини бахтсиз ҳис қилиши мумкин-да. Орзу ва ниятнинг эса чегараси йўқ. Шунинг учун ҳаётда аксар одамлар бахтсиз ёки бизга шундай туюлаверади. Бундай кишилар ҳақида ёзилган асарлар, ишланган фильмларда эса ўзимизнинг дардимизга ўхшаш бахтсизлик борлиги учун ҳам улар бизга ёқаверади.

* * *

Ботир (Муҳаммад Исо Абдулхаиров) ва Гавҳар (Маърифат Ортиқова) — аҳил оила. Бир-бирини яхши кўради, қадрлайди. Бироқ уларнинг бахти тўкис эмас, негаки ўртада фарзанд йўқ. Мавзунинг ўзи одамни ўйлатади. Қолаверса, ижодкорлар икки қаҳрамонга улуғ вазифа юклаган. Бобур – бешикчи. Гавҳар – Меҳрибонлик уйи­­да тарбиячи. Иккаласиям тақдир томонидан болаларга боғлиқ касбу ҳунар билан сийланган. Аммо ўзлари фарзандсиз. Улар одамларга, жужуқларга қувонч улашади. Лекин ўзларида севинч йўқ. Қаҳрамонлар қисмати ва ҳунари ўртасидаги қарама-қаршилик. Ажойиб топилма. Ғалати парадокс. Кино асарга қайси томондан қарамайлик, фарзандсизлик ҳақидаги картина юракни эзаверади. Мана шу дард фильмнинг биринчи ютуғи.

Ўзбекчилик – яқинларнинг турткилаши, таниш­ларнинг юракни тирнаши эру хотинни янада кучли бўлишга ундайди. Уйига келадиган опаси (Вазира Юнусова), акаси (Абдураим Абдуваҳобов)нинг қис­товлари ҳам уларни ажрата олмайди. Ботир бу ҳақда ҳеч кимга ҳеч қачон оғиз очган эмас. Гўё бутун дунё уларга қаршидай. Ҳатто фарзандли бўлган собиқ дўс­тининг бешик олгани дўконига тасодифан келиши, хотинининг: “Фарзандсиз одамдан бешик олиш бехосият бўлади”, деган гапига учиб, ўртоғи томонидан совға қилинган бешикни олмасдан кетиши нафақат қаҳрамонга, балки томошабиннинг юрагига наштар бўлиб қадалади. Бу каби воқеалар сабаб эркак сабр тимсолини ярата олган.

* * *

Фильм драма жанрида ишланган. Аммо унда комедия унсурларидан фойдаланилган. Муҳаммад Исо Абдулхаировнинг комик актёр экани, диа­логлардаги ҳазиллари томошабинни кулдиради. Фильм ўзи дардли мавзу устига қурилган. Бош қаҳрамоннинг характери ҳам тунд, бадбин бўлса, томошабин баттар эзилар эди. Шу боис ижодкорлар одамларга айт­моқчи бўлган гапни енгил кулги орқали сингдиради. Қолаверса, эркак фарзандсизлик азоби, яъни ички изтироблари шу қадар кучли бўлсаям, бу дардни ҳазил-мутойиба билан енгиб яшаши бахтсизлик ичида яратилган бахтни ифодалайди.

Худди саҳродаги икки дарахтдай бир-бирига суя­ниб қолган эру хотин узоқ йиллик орзусига етишишига бир қадам қолганида улар асраб олмоқчи бўлган боланинг онаси қаердандир пайдо бўлиб қолиши ҳаммасини барбод қилади. Ботирнинг руҳиятидаги ўзгаришлар мана шу нуқтадан бошланади. У аввал фарзанди учун олган ўйинчоқ самолётни ўйнайди, синдиради, бақиради. Камига болани олиб қочади. Воқеалар ривожи эса динамик тарзда тугундан ечимга қараб худди кучли бадиий асарлардагидай ривожланиб боради.

* * *

Фильмда Сардорнинг онаси (Нигора Каримбоева) эпизод ролда бўлса-да, қарама-қаршиликларнинг асосий нуқтасида туради. Содда қилиб айтганда у ҳаммасини расво қилади. Она бола керак бўлмаганда ташлаб кетган. Ботир билан Гавҳар Сардорни асраб олмоқчи бўлганда эса худди бирдан пайдо бўлган қора шарпадек пайдо бўлади ва болага эга чиқади. Ботир ўлгач, тағин етимхонага келиб: “Кечирасизлар! Мен ҳали бола боқишга тайёр эмас эканман, сизларга ташлаб кетмоқчи эдим”, деб Сардорни яна етимхонада қолдириб кетиши томошабинни бу қаҳрамонга нисбатан ғазабини қўзғайди. Бошқа фильм намойишида Нигора Каримбоевага бу роли учун раҳмат айт­дим. “Ўшанда сизни кўриб, экрандан чиқариб олиб дўппослагим келди”, десам: “Демак, ролим яхши чиқибди”, деди. Ҳа, бу салбий роль жудаям ишонарли ўйналган. Ҳатто томошабин қалбида агар танноз хоним бўлмаганида Ботир тирик қоларди, деган армон пайдо бўлади. Қаҳрамонга ижодкорлар томонидан исм ҳам берилмаган. Бу роль ҳаётимизда учрайдиган бу каби енгилтак оналар қиёфаси жамлангани билан аҳамиятли. Демак, унга исм берилмагани тўғри қарор.

Картинада яна бир мураккаб қаҳрамон бор: боғча мудираси Хуршида опа (Муқаддас Холиқова). Эру хотинга бола асраб олишни у таклиф беради, аммо Сардорнинг туққан онаси пайда бўлиб мудирага конверт узатгач, у дарров ўзгаради-қолади. Сардор бир неча бор Меҳрибонлик уйидан қочиб кетган бўлса-да, Мудира ҳеч бирида орган ходимларига хабар бермайди. Бир гал Ботир милицияга хабар берайлик деса: “Йўқ, менинг ишимни текшир-текшир қилишади”, деб унамайди. Бу ерда боланинг тақдирини эмас, ўз обрўйининг путур етишини ўйлайдиган кишининг болалар уйига бош бўлиши жамият учун хавфли ҳисобланади. Фильмда ушбу муаммо ҳам юзага чиқарилган. Аммо боланинг онаси “топилиб” унга пора “узатгач”, йўқолган болани топишда ички ишлардан ёрдам сўрайди. Аммо ғишт қолибдан кўчиб бўлгач эса олган пулини йиртиб ташлайди. Хуршида опа роли жамиятимиздаги вазиятга қараб ўз тусини ўзгартирадиган буқаламун кимсаларнинг қиё­фасини яққол ифодалаган.

* * *

Назаримда, фильмга кучли муҳаррир етишмагандай. Диа­логлардаги сўзларнинг услубий хатолари, такрор ишлатилиши нафақат тилчиларнинг, балки томошабиннинг ҳам асабига тегади. Агар сценарий Эркин Аъзам сингари синчи ёзувчининг назаридан бир қур ўтказиб олинганда эди, картина янада ҳаётийроқ чиқарди. Энди эса афсуски кеч. Фильм ижодкорларидан кейинги ижодий ишларида бунга аҳамият беришини сўрардик.

Картинада Ботирнинг кўчадаги мошина балони тагига қисилган пулни кўриб қолиши ва уни олиш учун емакхонага кириб, чой буюриш саҳнаси бор. Мошина эгаси келгач, кафедаги ҳамма одамлар пулни олиш учун кўчага қараб чопади. Ўша эпизод бизнингча фильм учун жудаям ортиқча. Картинада ҳеч қандай аҳамияти йўқ, воқеалар ривожи учун хизмат қилмайди. Шунинг учун ўша эпизод фильмдан олиб ташлангани маъқулмиди? Қолаверса, ўша саҳна интернетда айланиб юрадиган машҳур роликдан шундоқ кўчирилган.

* * *

Бугунги ўзбек фильмларининг охирини томошабин бошиданоқ билиб олади. “Дадам дегин”да эса бунинг акси. Ботир Сардордан фильм охиригача “Дада дегин”, деб сўрайди. Аммо бола бу гапни айтмайди. Мен ҳам кўпчилик томошабин қатори фильм охирида – Ботирнинг ўлимидан аввал Сардор дада деса керак, улар болани асраб олгач, Гавҳар ҳам фарзанд­­ли бўлади, деб ўйлайди киши. Йўқ, фильм биз кутмагандай якунланмайди. Яъни, “happy end” бўлиб тугамайди. Бугунги ўзбек кино оламига мана шундай дардли фильмлар етишмаяпти. Бундай фильмлар одамни ўйлатади, йиғлатади. Қаҳрамоннинг якундаги монологи эса беихтиёр томошабин тилига кўчиб ўтади:

Минг йил умр кўрганда ҳам биздан фақат,

Худо берса фарзанд отлиқ из қолади.

Биздан кейин фарзандимиз тилларида,

Ё дадам, ё онам деган сўз қолади.

Кимлар учун оддий неъмат,

менинг учун қазо бўлди,

Тақдиримга кўнолмадим,

умрим менга жазо бўлди.

Ҳа, Ботир пешонасига “фарзандсиз” деб битилган тақдирдан қочди, унга кўнишни истамади. Лекин қисматига рози бўлмагани учун қаттиқ жазоланди.

Ботирнинг ўлим саҳнаси жуда ҳам гўзал рамзлаштирилган. Унинг танаси ерга қулаётганда ўзи ясаган бўш бешиклар, боласиз бешиклар боши атрофида ҳалинчакдай тебранади. Ботирнинг ўлими ва боласиз тебранаётган бешиклар қоришиб кетади. Бу эса томошабинга янада қаттиқ таъсир қилади. Фильм мана шу ерга келганда залдагилар қарсак чалиб юборди.

Чеховнинг машҳур ибораси бор-ку, деворга осилган милтиқ албатта отилиши керак дейилган. Картинада мана шу деталдан ўринли фойдаланилган. Фильм бошида болакай Ботирдан милтиқ сўрайди. У олиб бераман, дея ваъда беради. Ботир сўзини бажаради ва унга милтиқ бўлмаса-да, ўйинчоқ автомат олиб беради. Мана шу ўйинчоқ автомат Ботирнинг ажали бўлади. Мерган аскар унинг қўлидаги мана шу автоматни кўриб, уни отиб қўяди. Томошадан сўнг баъзи журналистлар: “Мерган ўйинчоқ автомат билан ҳақиқийсини фарқлай олмайдими?” деб эътироз билдирибди. Аммо бу ерда Ботир ўйинчоқ автомат кўтаргани билан сал аввал қотиллик қилган, яъни уларни излаб келган участка нозирини бехосдан ўлдириб қўйганди. Шу ҳолатда эса ёш болани ўғирлаб олиб юриши ҳар қандай кишини сергаклантиради.

* * *

Айтиш жоизки, фильм фарзанди борларга ҳам кучли таъсир қилади. Уни кўрган дадалар боласини янада яхши кўриб кетиши, фарзанд азиз неъматлигини такрор англашига ишонасан. Назаримда, ўша куни катта намойишдан чиққан юзлаб оталар боласини қаттиқ қучиб: “Дада” дейишини сўраганига ишонгинг келади.

Картинадан камина ҳам таъсирландим, ҳатто йиғладим, ўғлимга қўнғироқ қилиб, ўша сўзни айтишини сўрадим: “Дада дегин”…

Фозил Фарҳод

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link