Saturday, January 28th, 2023

Дарров хулоса чиқаришга ошиқманг – HURRIYAT


Телеэкранлардан кўриб гувоҳи бўлганимиздек охирги вақтларда киночилик соҳаси анчайин сустлашиб сериаллар сони ортиб бораётган эди. Албатта сериаллар сонининг ортгани ҳам бир томондан яхши. Негаки, қайсидир соҳада маҳсулотнинг кўп бўлгани ўзаро рақобатни юзага келтириб, сифат даражаси анча кўтарилади. Аммо негадир эфирга узатилаётган қатор сериалларимиздаги мавзулар деярли бир хил бўлиб, воқеалар ҳам қисман так­рорланади. Қайнона-келин муносабатлари дейсизми, эр-хотин ўртасидаги хиёнатлар дейсизми, ҳамма-ҳаммаси томошабинларни зериктириб, сериаллардан анча узоқлаштирди. Одамларда маҳорат билан тасвирга олинган, жамият ҳаётидаги муҳим мавзуларни кўтарган, таъсирли кинофильмларга катта эҳтиёж сезила бошлади.

Хайриятки, кино соҳасига бўлган юксак эътибор натижасида сўнгги икки йил давомида одамларнинг мана шу эҳтиёжини қондира оладиган ҳамда жаҳон кино оламида рақобатга дош бера оладиган сифатли кинолар сони кўпайди.

Ўзбекистон кинематография агентлиги томонидан пойтахтимиздаги Киночилар уйида тез-тез янги кинофильмларнинг премьералари уюштирилаётганидан ҳам буни билиш қийин эмас.

Шулар қаторида куни-кеча яна ўша манзил, пойтахтимиздаги Киночилар уйида ўзининг “Абдуллажон”, “Бомба”, “Яратганга шукур”, “Кичкина табиб”, “Ойижон”, “Осмондаги болалар”, “Ватан”, “Қўрғошин”, “Қовун”, “Хазонрезги”, “Новда”, “Дадам бетоб” каби фильмлари билан мухлислар қалбидан чуқур жой олиб, “Меҳнат шуҳрати” ордени, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби” унвонига сазовор бўлган Зулфиқор Мусоқовнинг “Касаллик тарихи” деб номланган янги фильмининг ёпиқ намойиши бўлиб ўтди.

Бу янги асарда шифокорлар ҳаётида юзага келадиган айбсиз айбдорга айланиб қолиш ҳолати кўрсатиб берилади. Фильмда “Кардиология   маркази”да фавқулодда воқеа содир бўлиб: томир тромбози ва юрак хуружи операциясидан 4 соат ўтгач бемор вафот этади. Бу ишни олиб борган машҳур жарроҳ-кардиолог Нуров ишдан ҳайдалади ва газетада уни операция чоғида катта хатоликка йўл қўйиб, беморнинг вафотига сабабчи бўлган дея танқидий руҳдаги мақола чоп этилади.

Кейинги воқеалар Нуровнинг икки хонали уйида содир бўлади. Туҳмат ва гинавозлик қурбони бўлган Нуров бошлиғи Шарипов билан бўлган суҳбатда ортиқ бу давлатда шифокор мақомида ишлай олмаслигини билдириб, раҳбарининг бир неча фойдали таклифини рад этади. Ке­йинроқ эса, бошқаларнинг назлида бир беморнинг ўлимига сабабчи бўлган Нуров хорижнинг машҳур тиббиёт компанияси билан меҳнат шартномаси тузгани, яқин орада мамлакатдан чиқиб кетишга тайёрланаётгани маълум бўлади.

Фильм шу ерга етганида барча томошабинларда ноинсоф шифокорга нисбатан нафрат ҳисси жўш уриши табиий, аммо воқеалар давомига диққат қиладиган бўлсангиз, сизда мутлақо бошқача таассурот уйғонади. Хорижнинг тиббиёт компа­нияси билан меҳнат шартномаси тузган Нуров ҳар бешта бемордан биттаси ўзбекис­тонлик бўлиши ва у ерда даволанган ўзбекларнинг барча харажатлари компаниянинг ҳайрия фонди маблағлари ҳисобидан қопланиши шарти билан ишга жойлашаётган бўлади.

Бевақт вафот этган бемор эса, юқори мартабали амалдор бўлиб, касалхонага келтирилган вақтда маст ҳолатда бўлгани, ҳаддан зиёд кўп ичиб юборгани боис юраги ушлаб қолгани фильм давомида маълум бўлади. Бироқ уни олиб келган одамлар беморнинг маст ҳолатда эканини очиқлаш унинг обрўсига таъсир қилишини сезиб барчадан буни яширишни талаб қилишгани, шифохона ходимларини турли йўллар орқали қўрқитгани аён бўлади.

Бу фильмни томоша қилган одам борки, қандай вазиятда бўлмасин ўзича ҳукм чиқаришга шошилмаслик кераклиги, кимнидир айблашдан аввал мавжуд ҳолатни ҳар томонлама ўрганиб чиқиш зарурлигини тушуниб етади.

Ўта психологик шиддатли фильм замонимизнинг долзарб муаммолари ва оддий умуминсоний қадриятлар ҳақида олингани билан эътирофга лойиқ. Ўйлаймизки, “Мусоқов” бренди остида олинган мазкур “Касаллик тарихи” фильми сизга ҳам манзур бўлади.

Ўз мухбиримиз.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link