Sunday, September 25th, 2022

Деновда бир кун… – HURRIYAT


Денов Сурхон   воҳасидаги энг катта туманлардан   бири. Умумий майдони 752,8 квадрат километр ёки 80,9 минг гектардан иборат. Вилоят марказидан 156 километр шимоли- шарқда жойлашган. Тумандаги   98   маҳаллада 68470 та хонадон   бўлиб, 101921 оила истиқомат   қилади. Демоқчимизки, камида ҳар оилада   иккитадан ҳал қилиниши лозим бўлган муаммо бўлганда   ҳам   икки юз мингдан ортиқ муаммо кўндаланг турибди!? Аҳолиси   402 мингга яқин. Шундан 196 минг, 415 нафарини хотин- қизлар ташкил этади. Жорий йил бошида аҳоли бандлиги борасида ўтказилган рўйхатга кўра, уларнинг 3448 нафари иш изловчилар. Ўтган олти ойда уларнинг 65 фоизи иш билан таъминланган.

Ҳозирда туманда 98 та умумтаълим, 5 та мактаб- интернат, 4 та касб-ҳунар мактаби, 2 та техникум, 1 та коллеж, 1 та олийгоҳ   фао­лият олиб боради. Туман тиббиёт бирлашмаси   тасарруфида 1 та болалар, 2 та кўп тармоқли, 15 та оилавий поликлиника, 4 та ҚВП, 1 та санитария эпидемиологик осойишталик маркази аҳолига хизмат кўрсатиб келади. Турли соҳаларда фаолият олиб бораётган 3073 та   тадбиркорлик субъекти мавжуд. Бу   рақамлар замирида катта ижтимоий ҳаёт барқ ураётганлигини тасаввур қилиш қийин эмас.

Ҳа, нафақат Сурхон воҳасида, балки мамлакатимизда ҳам ўз ўрнига эга туманлардан бири бу Деновдир. Яқинда ушбу гўшада бўлиб, янгиланаётган, обод бўлаётган, ҳар қадамда қурилиш, ўзгариш кечаётган тумандаги ишлар билан танишдик. Денов туман ҳокими Абдумалик Алламуродовга деярли бир кун ҳамроҳлик қилдик.

…Селектордан сўнг ҳоким бува билан туманда янги ташкил этилган заводга кетаётгандик, қўнғироқ бўлгач, ҳоким ҳайдовчига: “Орқага   қайтинг, “Шаҳринав”   маҳалласига   борамиз”, деди. Икки маҳалла одамлари тортишаётган экан. Ярим соатда муаммо ҳал этилиб, масъул   раҳбарларга тегишли топшириқлар   берилди. Бундан сўнг кўп қаватли уйлар қурилаётган кичик даҳага бордик. Ҳокимнинг қурилиш бўйича ўринбосари бошчилигида бир гуруҳ мутахассислар, бунёдкорлар йиғилишган экан. Биргалашиб бўлажак мактаб ва боғча биноси   қурилишини узоқ муҳокама этдилар. Ҳоким: “Кўп қаватли уйларга   одамлар кўчиб кела бошлашди. Аҳолига қулайлик керак.   Мактаб ва боғча биносини тезда   қурмасак бўлмайди”, — деди.

Тўртта фермер даласида бўлиб, ғалла ўримининг кунлик натижаси суриштирилди. Олдинги кундан 50 тонна кам бўлганлиги учун кечаси соат иккигача комбайнлар ўришни тўхтатмаслиги қатъий   тайинланди. Ғалла кластерининг раҳбар-мутахассислари билан маслаҳатлашилди. Қайсидир фермер даласига ўрим комбайни киритишга тайёрлигини кўздан кечиришди. Хуллас, кечаси соат   ўнда (тан олиш керак, жуда толиқиб қолгандим) ҳоким, энди сизлар бориб дам олингизлар, бир соатдан кейин штаб йиғилиши бор, деди. Сиз ҳам яхши дам олинг, дея хайрлашдик.

Ўн икки соатда ўн икки тадбир, қатнашса нима қипти, дейишингиз мумкин! Ахир ўша тадбирда кўтарилган ўн иккита муаммони ечиш ва ижросини ҳам таъминлаш зарур. Бу нарсаларни келтиришимиздан мақсад, кўрганларимизнинг тафсилотини баён қилиш эмас, очиғи, жисмонан бир кишига, спортчига ҳам оғирлик қиладиган юмушлар.

Демоқчимизки, Президентимиз бекорга ҳокимларнинг кўпгина ваколат   вазифаларини кенгашлар зиммасига ўтказиш вақти келди, деб айтмаган эканлар. Ўттиз йилки ҳокимият қарор, фармойиш чиқарувчи ва ижро этувчи “механик” органга   айланиб қолган. Табиийки   фаолиятини таҳлил қилади, лекин танқид қилмайди. Кенгашлар эса аллақачон сессия ўтказиладиган куни зални тўлдириб турадиган гуруҳ ёки холис томошабинга айланиб қолган. Шундай бўлса-да, бугун ўз вазифасини сидқидилдан адо этаётган раҳбарлар кам эмас. Денов тумани ҳокими ҳам одамларни рози қилиш билан бирга юксак марраларни кўзланига гувоҳ бўлдик. Омадини берсин!

Сафар ОМОН,

“Hurriyat” мухбири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link