Шу йилнинг 12-16 октябрь кунлари мамлакатимизнинг бир гуруҳ журналистлари Тожикистон Республикасида ижодий сафарда бўлишди
Халқимизда “Ён қўшни — жон қўшни” деган нақл бор. Халқ — тафаккур булоғи-да. (Халқдан ким ўзини доно билса, йўғ-ей, бунақа одам бўлмаса керак дунёда!)
Тожикистон — ён қўшнимиз. Ўзбек ва тожик — неча-неча минг йиллар давомида яшаб келган, тарихи, миллий қадриятлари, урф-одатлари икки томчи сувдек бир-бирига ўхшаш икки халқ. Тўғрироғи, икки тилда сўзловчи — битта халқ! Бир дарахтнинг икки шохи, томири, илдизи бир эл. Аммо бу ҳаётда нималар бўлмаган, нелар юз бермаган дейсиз?!
Ўтган 20 йилдан кўп вақт давомида Ўзбекистон-Тожикистон халқларига осон бўлмади. Чегараларимиз дарвозаси қаттиқ ёпиб қўйилди. Қон-қариндошлар, бировнинг қизи—Тожикистонга келин бўлиб тушган, неча минг юртдошимиз у ёқдан келин олган. Кимнингдир опаси ё акаси, ота-онаси денг—Тожикистонда. Ўзбекистонликларнинг ҳам қанча қавму қариндошлари тожик юртида бўлса. Чегараларимизга туташ манзилларда, бир ариқ бўйида икки юрт одамлари, ҳатто баланд овозда чақиришса бир-бирларини эшитиши мумкин эди. Лекин дийдор кўришмоқ мушкул эди. Сабаби ўртада тиконли симлар тортилган эди.
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонимизга давлат раҳбари бўлгач, қўшни Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон билан чегараларимизни очди, икки давлат ўртасидаги азалий борди-келди, меҳр, самимият яна қайтди.
Майли, бу гаплар бугун ортда қолди. Уни кўп эслаш ҳам жоиз эмасдир эҳтимол. Шунчаки, сафаримиз давомида бўлган учрашувлардаги меҳр, дийдор сабаб сиёсатда кимдир хато қилса, юраги шер бошқа бир раҳбар уни тузатар экан-да, деган ўйлар кечди-да!
…Шу йилнинг май ойида Тошкентда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров ва Тожикистон Журналистлар иттифоқи раиси Зиннатулло Исмоилзода уюшмалар ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди. Унда ҳар икки мамлакат журналистлари, матбуот ва ОАВ вакилларининг яқинлигини, ўзаро мулоқотларини уюштириш, тажриба алмашиш, ижодий борди-келди юмушларини бажариш кўзда тутилган эди. Ана шу ҳужжатга кўра Тожикистон Журналистларининг раҳбари З.Исмоилзода Ўзбекистон журналистлари сардори Олимжон Ўсаровга таклиф билан чиқди. Меҳмонга чақирди. Элимиз “чақирилган жойдан қолма”, дейди.
Хуллас калом, шу йилнинг 12-16 октябрь кунлари — 5 кун давомида бир гуруҳ матбуот ва ОАВ вакилларидан иборат ижодий гуруҳ Тожикистонга йўл олди. Уюшма сардори О.Ўсаров бошчилигида 11 киши 12 октябрнинг тонгида Тошкент вилоятининг Бекобод туманидаги “Ойбек” — чегара божхона постидан тожик заминига ўтди. Очиғи, бундай постлардаги бир замонлардагидек сарсон-саргардонлик, асаббузарликлардан асар ҳам йўқ. Чиндан ҳам ўзгарибмиз! Ҳаммаси ҳар қандай эркин, ривожланган давлатлардагидан авло, муносабат тез ва самимият билан. Бунинг учун чегарачиларимиз, божхоначиларимизга ташаккур билдирсак арзийди.
Чунки хушкайфият билан қарши олиш, хайрли сафарлар тилаш, ҳужжатларни текшириш, ўзга мамлакатга чиқишга изн берувчи муҳрларни паспортларимизга қўйиш жуда тез амалга ошди.
— Сизларни Тожикистонда, қадим Хўжанд шаҳри (Суғд вилояти)да пешвоз чиқиб кутиб олаётганимиздан бағоят хурсандмиз. Сизлар келиб бағримиз тўлди, олдинда қанча учрашувлар, сайру саёҳатлар кутиб турибди. Ахир, неча ўн йилларки бундай учрашувларга муштоқ эдик, — деди Зиннатулло Исмоилзода.
— Икки давлат ўртасидаги қондош-жондош ўзбек ва тожик элининг азалий борди-келдисини тиклаган мамлакатларимиз Президентларига мингдан-минг раҳмат. Биз ҳам Давлатимиз Йўлбошчилари томонидан яратиб берилган ана шундай улуғ саодат туфайли дийдор кўришиб турибмиз. Қаранг, биз келган ва сизлар кутиб олган мана шу чегара манзилигача автомобилларимизгача ўтиб турибди. Ахир, дилимиз ҳам, эзгу мақсадларимиз ҳам бир, —деди Олимжон Ўсаров.
Дарҳақиқат, самимият, меҳр, ҳурмат ва кўнгли бирликда гап кўп.
Демак, Тожикистонга сафаримизнинг биринчи куни қадим Хўжанддан бошланди. Бу ўлканинг тарихи ўзимизнинг Самарқанд ё Термиз шаҳарларидан кам эмас. Улуғ хўжандийларни камолга етказган қадим кентда илк учрашув бу ердаги “Коҳи матбуот” яъни “Матбуот уйи”дан бошланди. Яширмаймиз, ҳайратимиз ана шу манзилдан бошланди. Биринчидан, шаҳарни қоқ икки бўлиб ўтган дарё—Сирдарё ястаниб, тўлиб оқаётган эди. Чор тарафи тоғлар, қирлар билан ўралган шаҳар эртаклардагидек таассурот уйғотарди. Иккинчидан, битта вилоят матбуоти ихтиёрига бу ердаги ҳукумат (ҳокимият) 13 қаватли бинони ажратиб қўйибди! “Суғд ҳақиқати”, “Сагдийская правда” ва “Ҳақиқати Суғд” — уч тилда чиқарган вилоят нашрлари ана шу бинода жойлашган. Бошқа хусусий нашрлар, Республика нашрларининг вилоятда фаолият юритувчи мухбирлари ушбу матбуот масканидан жой олган. Йўқ, ўйламанг, улар бунинг учун биздаги таҳририятлар каби отнинг калласидай ижара ҳақи тўлашмас экан.
Албатта, бугун газетачиларнинг “бош оғриғи”, бош муаммоси нима? Обуна масаласи-да. Суғд вилоятида газеталар қанча ададда чиқяпти, уларни ўқишяптими, уларга ким ёрдам беряпти? Шу каби саволларга ҳам жавоб олдик. Фақат энди шу жойини алоҳида таъкидлаб айтмоқчимиз: Вилоят ҳукумати босма нашрларни тўлиқ давлат қарамоғига — бюджетга олган, биздаги каби “мажбурий обуна” ёки бошқа у-бу деган эътирозларга ҳам ўрин қолдирмабди. Қандай дейсизми, масалан, туман нашрими — тумандаги барча ташкилот, корхона ва ўқув муассасалари газетага обуна бўлишлари шарт экан. Режани ҳам ҳукумат берар экан! Керак бўлса, унинг ижросини таъминлашаркан. Нима ҳам дердик, омадини берсин! Ахир, шу асосда маънавият манбалари билан қамраб олинибди-ку.
Газеталарининг ададлари ҳам ёмон эмас, ҳеч бири — 6 мингдан кам эмас. Буни кўриб, ўзимизда баъзи бир республика даражасидаги нашрлар бўла туриб 1000 ва ундан нари-бери чиқаётган газеталарни эсга олдик.
Яна бир гап. Тожикистон босма нашрларига обуна нархлари — жуда арзон. Биздаги каби 600 минг сўм ё 1 миллион эмас, нари борса йиллик обуна баҳоси бизнинг пулга — юз минг сўм. И-я, бунча арзон, қандай қилиб? Қизиқсиндик ва дарҳол тушундик. Ахир, бу ерда таҳририят жамоалари ойлик ва бошқа ҳаражатларини бюджетдан қоплайди-ку. Ҳа, ҳавас қилдик.
Шундан сўнг вилоятда пахта толасини қайта ишлашга ихтисослашган тўқимачилик корхонасида, 2006 йилда ташкил этилган вилоят ўлка музейида бўлинди. Ҳақиқатан ҳам ҳаммаси ажойиб! Текстиль корхонасида 800 нафардан зиёд аҳоли иш билан банд. Тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараён ташкил этилган. Музейда эса нафақат Хўжанднинг, балки бутун Суғд вилояти тарихи тош асридан кечаги кунгача бўлган замонлар оша ҳикоятлардан сўзловчи 20 мингдан кўпроқ экспонатлар ўрин олган.
… Иккинчи кун. Хўжанддан мамлакат пойтахти — Душанбе шаҳрига йўлга чиқдик. Уловлар — замонавий, учқур. Пуллик йўлни узоқ давлатларда кўрганмиз. Тожикистонда ҳам пуллик йўллар жорий қилинган экан. Аммо жуда текис, равон. Тангадай ўйилган жой йўқ. “Шаҳристон-Варзоб” довони орқали кетар эканмиз, мезбонларга қараймиз, улар бемалол юравериб ўрганиб кетишган бўлишса керак, лекин биз — ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз кўнглидан бир хил ўй кечгани рост: “жуда хавфли-ку. Худонинг ўзи асрасин-да!”
Ҳа, қизиқчи Аваз Охуннинг айнан шу довон ҳақидаги ичакузди ҳангомалари эсга олинди. Пастлик, зов, жарликларга одамнинг қарашга юраги бетламайди. Яна шуниси чатоқ экан, йўл четида чиндан ҳам ҳимоя-тўсиқлар йўқ, қўйилмаган. “Оҳиста рон, эй сарбон”, дея ҳазиллашамиз машинага газни босиб, иномаркасини учириб, яна бемалол сигарет тутатиб кетаётган тожик ҳайдовчисига. У жилмайиб қўяди. Бу билан “хавотир олманглар, ҳаммаси яхши”, дегандек бўлади.
Яратганга шукурки, қарийб 5 соат виқорли тоғли йўллар оша, табиатнинг не-не мўъжизаларини кўриб, тоғ бағридан қиз сочидай ёйилганча отилиб чиқаётган шаршаралар дейсизми, тоғлар пойида қайнаб чиқаётган булоқлару, осмонталаш чўққилар, кескир қиличдек қоялар, хуллас, Буюк Рассом чизган бетакрор манзараларга ошно бўлиб манзилга етиб келганимизни сезмай ҳам қолдик. Беҳазил. Тожикистон жуда гўзал тоғли ўлка экан. Умумий ҳудудининг 93 фоизи тоғлардан иборат давлат. 10 миллиондан зиёд аҳолига эга. Тоғлари ям-яшил арчалару, писта, бодом каби дарахтларга кон. Душанбегача келиш йўлида ҳар бири 4-5 километрли ер ости, тўғрироғи тоғости йўллари — тонеллардан ўтилади…
Душанбеда ҳам бошқа манзилларда ҳам делигация аъзолари — ўзбек журналистлари бор расм-русум, тантана билан кутиб олинаётганига хижолат бўла бошладик. Аммо на илож, мезбонларга бир нарса деб бўладими?!
Душанбедаги “HULTON” меҳмонхонасида жойлашилди. Эрталаб мезбонлар бизни “Тожикфильм”га таклиф этди. Бу ерда ҳам мамлакат киноижодкорлари билан самимий мулоқот, қизғин ижодий гурунг бўлди. “Тожикфильм” раҳбари Махмадсаид Шохиён ўзбек-тожик ижодкорларининг асрга тенг ҳамкорлик ришталари, қандай ижодий кўприкларга асос солингани ҳақида тўхталар экан, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Олимжон Ўсаровга ташриф учун самимий миннатдорлик билдирди. Ўзаро совға-саломлар улашилди. “Тожикфильм” ва Ўзбекистон Кинематография агентлиги билан ижодий ҳамкорлик шартномаси имзолангани, шу йили икки мамлакат киноижодкорлари ҳамкорлигида “Жомий ва Алишер” бадиий фильм суратга олиниши ҳақида сўз юритди. Ана шу хайрли лойиҳага оид ҳужжатли лавҳалар намойиш этилди.
Душанбедаги ижодий мулоқотлар жумҳурият “Варзиш” телевидениесида, “Кино” студиясида давом этди. Бу ердаги ижодий ва техник имкониятлар, ҳамкасбларимизнинг ўз иш жараёнлари ҳақидаги фикр-мулоҳазалари барчани бефарқ қолдирмади.
Сафар давомида Мирзо Турсунзода шаҳридаги ўша машҳур Тожикистон алюминий заводига, ҳа, ўша юракларни оғритган, юртимизнинг Тожикистон билан яқин чегарадош ҳудуди бўлган — Сурхондарёнинг Узун, Сариосиё туманлари табиатига хавф солувчи яъни экинларни қовжиратган, ҳайвонот ва наботот оламига, энг ачинарлиси одамларга зиён бергувчи — “ТАЛКО” корхонасига бориш, у ердаги аҳвол билан танишиш кўзда тутилган эди.
Алюминий заводи масъуллари, мутахассислари билан очиқ суҳбатлашилди. Корхона бугунги кунда ҳавога заҳарли чиқитлар чиқаришнинг олдини олиш мақсадида керакли чора-тадбирлар кўрилганини маълум қилди. Шунинг учун хавф-хатар масаласи орқада қолган. Илоҳим, шундай бўлгани рост бўлсин!
Яна кўнгилдагини айтганда, шу ерда корхона тарихи ва фаолиятига оид музей билан танишиш унча ёқмайроқ турган эди. Аммо корхонага оид барча маълумотлар билан танишиш имкониятини қўлдан бермадик.
Мирзо Турсунзода ноҳиясида айнан алюминий завод яқинида жойлашган узумчиликка ихтисослашган “Боғи Сомон” деҳқон хўжалиги фаолияти билан ҳам танишилди. Таърифлашга тил ожиз, нақ 500 гектарлик узумзорнинг ўзи—жаннатнинг бир бўлагимикан деб ўйлаб қоласиз!
Хўжаликнинг бугунги бошлиғи Муҳаммадамин Камоловнинг айтишича бу ерда 1100 га яқин доимий иш ўрни яратилган. Мавсумий эса 5000 киши меҳнат қилади. 14 минг тоннадан зиёд бир неча навли сархил узумлар етиштирилади. Маҳсулотнинг асосий қисми хорижий мамлакатларга экспорт қилинади. Бу меҳнатнинг заҳматлари, сир-синоатлари ҳақида боғбон амаки батафсил сўзлаб берди. Лекин ҳамкасбларимиздан бирининг “Йилда жами қанча даромад оласиз?” деган саволига у “тижорат сири”, деб кулиб қўйди.
Ҳа, тўғри, бу ўша боғ — давлатимиз раҳбари Тожикистонга 2018 йили ташриф буюрган пайтида хўжалик раҳбари Камол ҳожи Мадумаровга — асли фарғоналик уста деҳқонга “Captiva” автомашинасини совға қилган эди.
— Ўзбекистон Президентининг хўжалигимизга ташриф буюрганини доимо эслайман,—дейди раҳматли Камол ҳожи Мадумаровнинг ўғли Муҳаммадамин Камолов. — Муҳтарам Шавкат Миромоновични Хизр кўрган одам десак хато бўлмайди. Мард ва бағрикенг йўлбошчи. Мана яқинда оиламизга қўшни Сурхондарёдан келин тушириб келдик, ўғлимни уйлантирдик. Худога шукур, ўзбек-тожик халқлари яна аввалгидек борди-келди қиляпти, тўй-томошаларимизга бир-биримизни таклиф қиляпмиз. Ҳеч қандай муаммо, тўсиқ йўқ. Ана шундай имкониятларни яратиб берган ҳар иккала давлат раҳбарларимизга ташаккур.
…Сафарнинг учинчи куни яна Душанбе шаҳрида давом этди. Биз шаҳарда бунёд этилган “Кўҳи Наврўз” мажмуасида бўлдик. Тожикистон мустақилликка эришгандан сўнг қарийб 6 йилдан зиёд вақт мобайнида бунёд этилган ушбу сарой чиндан ҳайратланарли.
Давлат ташрифлари давомида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳам қадам ранжида қилган ушбу сарой қурилишида бирорта мих ишлатилмаган. Ҳунармандлар, сангтарош усталарнинг маҳоратига тан бермай илож йўқ. Асл ёнғоқ дарахтидан ясалган, нақшли эшиклар, рус ёғочларидан кўтарилган нақшинкор устунлару, қимматбаҳо тошлар, олтин ва бошқа ёнбилар билан чирой очган ушбу мажмуага қанча маблағ сарф этилганини билолмадик, “ўзимиз ҳам аниқ билмаймиз, бу сарой мамлакатимиздаги тадбиркорларнинг халқимизга совғаси”, дейишди. Беихтиёр бизнинг ҳам дилимиздан Тошкент, Самарқанд ва бошқа шаҳарларимизда бунёд этилаётган улкан бунёдкорликлардан фахр ҳисси кечди.
Навбатдаги ҳайратли манзил — Душанбе шаҳрининг қоқ марказида шу йил қурилиб фойдаланишга топширилган “Истиқлол” мажмуаси бўлди. 14 қаватли ушбу мажмуада бой ва жуда ажойиб музей ташкил этилибди. Бутун шаҳарни 14-қаватга чиқиб томоша қилиш эса янада завқли.
Албатта, ижодий гуруҳ фақат бундай гўзал обидаларнигина эмас, ўз соҳасига тааллуқли яъни ҳамкасбларимиз ишлайдиган жойларни кўришга, танишишга иштиёқманд эди. Шу боис, кеч тушиб қолаётганига қарамай “Душанбе шаҳар телевидениеси” ва унинг сайёр телестудияси билан танишишга бордик. Телевидение бош директори Маъруфжон Оқилов билан суҳбат жуда самимий руҳда кечди. У кейинги йилларда шаҳар телевидениясида амалга оширилган янгиликлар билан, хусусан, Хитой давлатидан келтирилган энг сўнгги русумдаги телемарказ, кўчма авто-студиялар ва журналистлар учун яратилган бошқа имкониятлар билан таништирди.
Ижодий сафаримиз якунланиб бормоқда эди. Тўртинчи кун Тожикистоннинг Норак шаҳрига, машҳур Вахш дарёсида ҳали Собиқ Иттифоқ замонида қурилиб фойдаланишга топширилган “Нурек” гидроэлектростанциясига борганимиз, Нурек ГЭСида амалга оширилаётган модернизация жараёнлари билан яқиндан танишганимиз ва бошқа манзиллардаги таассуротларни бирданига ҳикоя қилиб бўлмайди. Фақат шуни айтиш жоизки, мамлакат электр таъминотининг қарийб 60 фоизини таъминловчи ушбу ўта муҳим стратегик корхонадан ташқари, Тожикистонда яна ўнлаб янги ГЭСлар ишлаб турибди. Жумладан, гўзал Вахш дарёсининг юқори қисмида — Помир тоғлари бағрида улкан Роғун ГЭСи узоқ йиллардан бери қурилаётганини яхши биламиз. У манзилларга бориш келгуси сафарларга қолдирилди.
Қизиғи, ўзимизнинг Фарғонадагидек, Данғара деган жой бу ерда ҳам бор экан. Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон шу ердаги мактабларнинг бирида ўқиган экан. Бугун деярли музейга айланган ушбу мактабда ҳам бўлдик. Ўша бир пайтларда, 1970 йилларда ўзимиз ҳам таълим олган чоғларимиздаги оддий ёғоч-тахтали парталар, сиёҳли пероларда тўлдирилган дафтарлар… ўқувчилик йилларимиз ёдга тушди. Шубҳасизки, бу ердагилар бу мактабда Давлат раҳбари ўқигани, шундай инсон етишиб чиққани билан фахрланишади. Бу табиий, албатта.
…Ҳар қандай сафарнинг бошланиши бўлганидек, ниҳояси ҳам бўлади. Шу ҳақиқат бизнинг ижодий саёҳатимизга ҳам тааллуқли эди, шубҳасиз. Бешинчи кун яна ўша текис, равон йўллар, ваҳимали довонлар оша ортга қайтилди. Бироқ ҳар бир кундан унумли фойдаланишни кўзлаган мезбонлар Панжикент шаҳридаги қадимий Саразм — археологик қадамжосига таклиф қилишди. Бу ердаги музей билан танишилди.
Ниҳоят, улуғ шоир, ана шу маконда яшаб ўтган аллома Абу Абдулло Рудакий ҳазратлари қадамжоси зиёрат қилингани ғоят унутилмас иш бўлди. IX-X асрларда аллома яшаб ўтган бу макон — Рудаки қишлоғи ҳам тоғлар ичида, пойида қанча-қанча ирмоқлардан ташкил топувчи шошқин сойли бир гўша экан. Классик адабиётимизда жуда катта ўрин тутувчи буюк шоир Рудакий қабри пойида Ўзбекистон Журналистларининг раҳбари Олимжон Ўсаров Қуръон тиловат қилди. Ҳамма дуога қўл очди… Руҳий собитлик юракларимизни янада тўлдиргандек, тиниқлаштиргандек бўлди. Улуғ файласуф Рудакий ўн асрдан зиёд муқаддам
“Жаҳоннинг шодлиги йиғилса бутун,
Дўстлар дийдоридан бўлолмас устун”,—дея ёзган эди.
Дарҳақиқат, ҳар иккала мамлакат журналистлари уюшмаларининг ҳамкорлиги, ижодий мулоқотлари, борди-келдиларида фақат яхшилик, эзгулик мужассам. Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси, ижодий гуруҳ раҳбари— Олимжон Ўсаров, “XXI аср” газетаси бош муҳаррири Норқобил Жалилов, “Ёшлар” телеканали бош муҳаррири Ҳамза Жумаев, “Овози Тожик” газетаси бош муҳаррири Шерпўлат Вакилов, ЎзМТРК тасвирчиси Раҳматулло Қудратов, “Овози Самарқанд” газетаси бош муҳаррири Баҳодир Раҳмонов, “Sevimli” телеканали мухбири Достон Исмоилов, “Podrobno.uz” ва “Batafsil.uz” интернет нашри раҳбари — Андрей Тешаев, “Xabar.uz” мухбири Улуғбек Орипов, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси маслаҳатчиси, “Новости Узбекистана” интернет нашри шарҳловчиси, устоз журналист Раҳимжон Султонов ҳамда “Hurriyat” газетаси мухбиридан иборат ижодий гуруҳнинг Тожикистонга сафари завқли ва ҳайратли онларга бой бўлди. Сафар давомида Душанбе шаҳридаги Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий, Исмоил Сомоний ҳайкаллари ўрнатилган майдонлар, кутубхона ва бошқа кўпдан-кўп маданий-маърифий ўчоқларда бўлинди. Делегациямиз аъзолари Жомий ва Алишер Навоий ҳайкали пойига гулчамбар қўйиб, улуғ зотларга ҳурмат бажо келтирди. Душанбе шаҳрида тунги саёҳат уюштирилди. Энг муҳими, диллар дилларга пайваст, унга четдан таржимон керак бўлмади.
Ижодий сафар якунида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров, Тожикистон Журналистлар Иттифоқи раиси Зиннатулло Исмоилзодани тожикистонлик ижодий гуруҳга бош бўлиб Ўзбекистонга ижодий сафарга таклиф этди. Таклиф миннатдорлик билан қабул қилинди.
Демак, дўстлик ва аҳилликка йўғрилган ижодий мулоқотлар давом этади.
Абдирасул ЖУМАҚУЛ,
“Hurriyat” мухбири
Янгиликларни дўстларингизга улашинг