Monday, October 3rd, 2022

Директор кимнинг эркатойи? – HURRIYAT


Халқ таълими вазирлиги эътиборига

 

Мамлакатимизда ёш авлод таълим-тарбияси давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Бу борада оламшумул ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айни мавзуда юзлаб мисоллар келтириш мумкин. Лекин ҳозир гап бу ҳақда эмас.

Гап шундаки, Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланмаётган ёки аксинча, уларни ноўрин мақсадлар томон йўналтираётганлар, оз бўлса-да, ҳамон учраб турибди.

Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманидаги 12-умумтаълим мактабига қадам қўяр эканман, бинойидай фойдаланиб келинаётган саккиз хонадан иборат айвонли мактаб биносининг кули кўкка совурилгани, ўнг томондаги 10 сотихдан зиёд мактаб ҳовлиси девор билан тўсилиб, брусчатка қилувчиларга бериб юборилгани ва мактабнинг чап томонидаги катта йўл тарафида тижорат дўкони қад ростлаётганига кўзим тушди.

Ажабландим!

Янгиқўрғондаги 12-мактабда ташқаридан қараганда бинойидай иш кетаётгандек кўринади. Ичкарига кирсангиз эса дилларни ранжитадиган аҳволга дуч келасиз.

Келинг, бир бошдан ҳикоя қилайлик.

Мактаб ҳудуди нотекис, ўйдим-чуқур. Жисмоний тарбия дарси мактабнинг шу ерида ўтилади. Сабаби:

— Спорт зали йўқ! Ёғингарчилик бўлса, синф хонасига қамалиб ўтирамиз.12 йилдан бери шу аҳвол! — дей­ди жисмоний тарбия ўқитувчиси.

Янгиқўрғон тумани ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари Муроджон Сотиболдиевга қўнғироқ қилиб, спорт зал бўлмагани ҳолда мактаб ҳовлисида тижорат дўкони қурилаётгани таажжубли ҳол эканини, спорт зали қурилишига ёрдам беришларини сўрадим. Бироқ у:

— Халқ таълими мендан чиқиб кетган… Текширтираверинг! — деди.

Ўринбосарнинг гапида жонкуярликдан кўра, менсимаслик кучлироқ эди. “Мен нима дейману қўбизим нима дейди”, деган мақол ёдга келди. М.Сотиболдиевнинг гапи вазифасига масъулиятсизлик, лоқайдликдан бош­­қа нарса эмас!

…2021 йилнинг 26 апрель куни туман Халқ таълими бўлими мудири вазифасини бажараётган Ойбек Холмирзаев билан мактабда қурилаётган тижорат дўкони ёнида тургандик. Иттифоқо мактаб директори Нўъмонжон Қўчқоров пайдо бўлди. Ундан мактабда спорт зал ишламаслиги, ошхона ва буфет йўқ бир пайтда тижорат дўкони қурилаётгани ҳақида сўрадик:

— Дўкон қурилишига мен рухсат бердим. Дўкон битгач, мини стадион қуриб беришади, — деди қўлини силтаганича тескари қараб, ва:

— Спорт залимиз бор, — деди қаровсизликдан нурай бошлаган катта бинога ишора қилиб.

Ҳа, спорт зали борлигини инкор этмаймиз! Аммо ичида одам жонидан бошқа ҳамма нарса қалашиб ётгани ва бу ер эски омборхонадан фарқи йўқлигидан ҳайратда қоласиз! У 1994 йили фойдаланишга топширилган, бетон тўсини дарз кетганлиги сабабли 2009 йили ундан фойдаланиш тақиқланган. 13 йилдирки, таъмирлаб ишга туширилмайди. Нега?

Мактаб ҳудудига ноқонуний дўкон қурилишига жонбозлик қилган директор бу саволга юқоридаги жавобни бергани яна ҳам таажжубли!

Мактаб ҳовлисидан 15 сотихча майдон ва қозонхона тадбиркорларга бериб юборилган. Шунингдек, қоровулхона ёнидан 8 сотих майдон туман “Сувоқава” ташкилотига туман ҳокимияти қарори билан берилганини хўжалик мудири Зокиржон Меҳмонов гапириб қолди. Аммо на “Сувоқава”да, на директор Н.Қўчқоровда бундай қарор йўқ!

Энди асосий гапга ўтамиз.

Спорт залнинг бетон тўсини синган бўлса-да, ўрнида турибди. Аммо мактабдаги эскирган баҳонаси билан қарағай ёғочдан бунёд этилган 8 хонадан иборат айвонли мактаб биноси бузиб “БРОКЕР БИЗНЕС ИМПЕХ” масъулияти чекланган жамиятига 10572000 (ўн миллион беш юз етмиш икки минг) сўмга сотиб юборилган. Ваҳоланки, бино яна ўн беш, йигирма йил хизмат қилиши мумкин эди!

Астағфурулло дейсиз. 25-30 машина ёғоч, яна аллақанча шифер ва қурилиш материаллари бор-йўғи шу пулга сотилганига эси паст киши ҳам ишонмаса керак! Ахир ҳозир ёғочнинг бир машинасини бозорда ўн миллион сўмдан камига олиб бўлмайди! Туман ҳокими (фармойиш чиқарилишига асос бўладиган ҳеч қандай қонуний ҳужжат бўлмаса-да, Қ.И) фармойишига асосан бузиб, материалларни қонунийлигини назорат қилиш ўринбосари Муроджон Сотиболдиев зиммасига юклатилган эса-да, у эса:

“Халқ таълими мендан чиқиб кетган!” деб айбни ўзидан соқит қилиши қайси қуюшқонга сиғади?!

Ваҳоланки, ўн учинчи йилдирки, спорт зал ишламайди, мактабда ошхона, буфет йўқ, таъмирталаб деворларнинг ҳолига маймунлар йиғлайди. Асосий жавобгар Нўъмонжон Қўчқоров вилоят ва туман халқ таълими бўлимидаги, туман ҳокимлигидаги ва бошқа “танка”- лари билан ҳамкорликда тайёр бинони сотиб, яна “қўй оғзидан чўп олмаган” каби юриши ҳеч кимни ташвишга солмаяпти.

Янгиқўрғондаги 12-умумтаълим мактабига Нўъмонжон Қўчқоров ўн уч йилдан буён директорлик қилади. Бу даврда мактаб ўқувчилари сони 565 нафардан 300 тага тушиб қолди. Нега? Чунки ота-оналар фарзанд­ларини шароити яхши, етарли билим ва тарбия берадиган бош­­қа мактабларга олиб кетишмоқда. Устозлар ёмонми? Йўқ, улар ўз касбини севадиган, заҳматкаш инсонлар! Аммо уларга шароит, эмин-эркинлик, қулайликлар яратиш ўз ҳолига ташлаб қў­йилган! “Мен сенга тегмайман, сен менга” қабилида ишлаш рекорд даражасига чиққан бу даргоҳда. Чунки мактабда ишлаётганларнинг бири фарзанд, бири қуда, яна бири маҳалладош, бошқаси ошна-оғайни. Сиртдан тинч-тотувдек кўринган мактаб жамоаси аллақачон ичидан емирилиб бўлган. Кўпчилик меҳнат интизомига риоя қилмайди. Ишга хоҳлаган пайтида келади ва кетади. Масалан, 2021 йилнинг тўртинчи май куни мактабга кираверишда директор, икки ўқитувчи ва мен бор эдим. Дарс аллақачон бошланганига қарамай, кутубхоначи, ёшлар етакчиси, ўқитувчи ва фаррошлар (саккиз нафар) соат салкам тўққизга қадар хотиржам келишяпти. Ўйладимки, кеч қолганлар ҳозир директордан танбеҳ эшитади. Йўқ, директор ҳатто бошини кўтариб қўймади.

Булар интизомсизликни мактаб раҳбаридан ўрганишяпти. 2021 йил, 29 октябрь куни 8 дан 2 дақиқа ўтганда мактабга кирдим. Дарс эса 8 да бошланган. Бироқ бир гуруҳ болалар ҳовлида. Қолганлари хона ва коридорларда тўпалон қилиб юришарди.

Ўқитувчилар расмий хонага директор томонидан саккизга йиғилишга айтилган. Н.Қўчқоров 8 дан 16 дақиқа ўтганда йиғилишга кирди ва йигирма дақиқа одоб-аҳлоқ ва интизом ҳақида йиғилиш ўтказди… 300 ўқувчи бир соат дарсдан маҳрум бўлди. Бу йўқотиш на ўқувчи-ўқитувчиларни, на директорни ташвишга солди?

Камчиликларни директорнинг юзига айтиб, бартараф этилишини илтимос қилдим. Лекин… бари беҳуда.

2021 йил 3 август куни ариза ёзиб, ўша вақтдаги Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов қабулига бордим. У киши узоқ вилоятда сафарда эканлар. Аризамни ёзма ва электрон вариантда масъул ходимга топширдим. Ва эртани кутдим. Маслаҳатчининг айтишича, вазир келмади…

Хуллас, 2021 йилнинг 25 август куни кечки пайт Вазирнинг назорат-ҳуқуқий хизмати ходими С.Милибаев телефон қилиб эртага мактабда кўришишимизни айт­­ди. Айтилган вақтда мактабга бордим. Халқ таълими вазирининг Наманганда фаолият олиб борадиган икки вакили – Ҳабибулло Маткаримов билан Собитхон Милибоев, туман халқ таълими бўлимининг (собиқ) мудири Шавкат Мамарасулов, амалдаги мудири Даврон Аролов, ҳисобчиси Улуғбек Исламов, юрист Қаҳрамон Шарипов, қурилиш мутахассиси Шуҳрат Сўфижонов, мактаб директори Н.Қўчқоров ва мактабнинг хўжалик ишлари бўйича мудири Зокиржон Меҳмоновлар жам бўлдик.

Мақсад – ёзганларимни ўрганиш эди.

Гаплашилди. Ҳабибулло Маткаримов менга юзланиб:

— Қамбарали ака, аризангиз батафсил ўрганилади ва сизга бу ҳақда ёзма жавоб берамиз, — деди…

Тарқалдик. Бор гап шу бўлди. Орадан 20 кун ўтгач, 12-мактабдаги талон-тарожлик ва қонунбузарликлар учун жавоб бериши шарт бўлганлар имзо чеккан текшириш маълумотномасига қўл қўйдиргани келишди!

Бунга имзо қўйиб бўлмаслиги ёки мумкин эмаслигини ВАЗИРликда ишламаган одам ҳам билиши ҳаммага маълум-ку!?

Вазирлик вакили С.Милибаев билан туман халқ таълими бўлими мудири Д. Ароловга “Маълумот билан танишдим” деб имзо чекишимни айтдим. Шундан сўнг Собитхон ҳамкасби Ҳабибулло Маткаримовга қўнғироқ қилиб менга телефонини узатди. Ҳабибулло Маткаримовга “мактабни яхшилаш учун вазирга бирга борайлик. Зора вазирнинг эътибори билан маҳалламиздаги мактаб ҳам ривожланиш йўлига чиқиб олса,” дедим. Ҳабибулло Маткаримов “албатта бирга бориб, ҳал қиламиз”, дегандан сўнг маълумотномасига имзо чекдим. Афсус­ки… Ҳабибулло Маткаримов ваъдасини унутди…

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов   билан юзма-юз гаплашиш, адолатли иш тутмаганликлари хусусида ариза ёзиб, иккинчи марта фуқароларни қабул қиладиган чоршанба куни 2021 йилнинг 13 октябрида маслаҳатчи Шоумаров Ғайрат Баҳромович ҳузурига бордим. Яна эски гап бўлди: “Вазирнинг ишлари кўп, қабул қилолмайдилар”.

Ўйланг, ҳатто қабул кунида 350 километр узоқдан борсам ҳам оддийгина қабул қилмади…

Энди ўзингиз инсоф билан айтингчи, вазирнинг ўзи фуқароларни қабул қилмас экан, унда вазирлик биноси деворига осиб қўйилган “Вазирнинг қабул куни ҳафтанинг ҳар чоршанба куни соат 1600 – 1800”, деган эълоннинг кимга кераги бор экан?

Аризамни яна вазир маслаҳатчиси Шоумаров Ғайрат Баҳромовичга қолдиришдан ўзга чорам қолмади. Орадан 65 кун ўтиб, 2021 йил 20 декабрь санасида ёзилган ва вазир ўринбосари Т.Комилов томонидан хат олдим. Аммо бу жавобни ўқиб куясизми ё куласизми?

Биринчи абзацга эътиборингизни қаратамиз: “Сизнинг, Халқ таълими вазирлигига 2021 йил 13 октябрда рўйхатга олинган 3001-сонли мурожаатингиз масъул мутахассислар томонидан ўрганиб чиқилди” дейилган.

Ахир, 13 октябрда ёзган аризамда айнан 26 августдаги текшириш жараёнидан қониқмаганим учун Вазирга яна янги ариза билан мурожаат қилганим акс этмаяптими? Наҳотки, Вазир ўринбосари Т.Комилов аризамнинг моҳиятини англаши қийин бўлса!? Эссиз… “мана сенга” қабилидаги юқоридаги қоралама билан танишгач, сиз азиз газетхонларнинг ҳам ҳайратингиз ошган бўлса ажаб эмас!

Республика Халқ таълими вазири этиб Бахтиёр Саи­дов тайинланганида кўзимга адолат учқуни кўрингандай бўлди. Янги вазир қабулхонасига катта умид ва қатъий ишонч билан 2021 йил 29 декабрь, чоршанба – қабул куни Тошкентга бордим. Афсуски, янги вазир ҳам мени қабул қилмади. Аризам яна эътиборсиз қолдирилди.

2022 йил 26 январь куни юқоридаги воқеалар хусусида адолат ва ечим истаб янада юқори идораларга ариза ёздим. Орадан бир ой вақт ўтгач, аризамга яъни 1 март санаси билан Янгиқўрғон туман прокурори К.Н.Аҳмаджонов номидан қуйидаги хатни почта орқали олдим. Унда:

“…мавжуд муаммолар бартараф этилмаётганлигидан норози бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Халқ қабулхонаси”га қилган мурожаатингиз”... дея тўғри таъкидланяпти. Аммо текшириш қачон ва кимлар томонидан ўтказилгани мен учун яна мавҳумлигича қолаётир. Балки, бу жавобнинг шунчаки ёзилишига ҳам 2021 йилнинг 26 августидаги “Текшириш ҳақида ёзилган маълумотнома” асос қилиб олингандир.

Шу ўринда Халқ таълими вазирлиги вакилларининг текшириш якунига оид маълумотномасидан айрим далилларни келтиришни лозим топаман.

Мурожаатдаги биринчи масала:

Янгиқўрғон тумани ҳокимининг 2020 йил 1 августдаги 78ф-сонли фармойишига асосан 12-сонли умумий ўрта таълим мактабининг 3-ўқув биноси ҳақиқатдан ҳам 2020 йил август ойида бузиб ташланган. Бироқ фармойиш чиқарилиши ва бинони бузилишига асос бўладиган ҳеч қандай ҳужжат мавжуд эмас.

Туман ҳокимининг 2020 йил 1 августдаги 78ф-сонли фармойиши ўрганилганда, унда “туман халқ таълими бўлими мудири (Ш.Мамарасулов) ва 12-сонли умумий ўрта таълим мактаби директори (Н.Қўчқоров)ларга бинони бузилиши юзасидан белгиланган тартибда ишчи комиссия тузиш ва далолатнома расмийлаштириш ҳамда фойдаланишга яроқли деб топилган қурилиш материалларини 12-сонли умумий ўрта таълим мактабини махсус ривожлантириш ҳисоб рақамига кирим қилиш ҳамда мазкур фармойиш ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг ўринбосари М.Сотиболдиев зиммасига юклансин”, – деб кўрсатиб ўтилган. Фармойиш ижроси дои­расида туман ХТБ махсус таъмирлаш эксплуатация хизмати бошлиғи Ш.Сўфижанов ва мактаб директори Н.Қўчқоровлардан тузилган комиссия ва улар томонидан расмийлаштирилган далолатнома сўралганда, бундай комиссия тузилмагани ва далолатнома расмийлаштирилмаганини билдиришди…

Иккинчи масала:

Мактаб директори (2021 йил 26 апрель) маҳаллий тадбиркор И.Валижоновга тижорат дўкони қуриш учун ҳеч қандай асоссиз мактабга тегишли ердан ер майдони ажратиб берган…

Шунингдек, И.Мирзабеков 2018 йилдан ҳозирга қадар белгиланган ер майдонидан ортиқча бўлган 666 кв.м. ер майдонидан фойдаланиб келмоқда.

Ортиқча 666 кв.м. ер майдони учун қўшимча ижара шартномаси тузилмаган.

Учинчи масала:

2009 йилдан буён мактабдаги спорт зал таъмирталаблиги сабабли ишламайди. Янгиқўрғон туманида куз-қиш фаслида энг камида уч ой ёмғирли, қорли ва изғиринли кунлар бўлиши сабабли очиқ ҳавода физкультура дарсларини ўтишнинг имкони бўлмайди, болалар синфда ўтирадилар. Борингки, икки ой давом этганда ҳам бу 9 ҳафта бўлади. Мактабда 15 та синф бор. Ҳар бир синфда ҳафтасига икки соат жисмоний тарбия дарслари ўтилиши режалаштирилган. Демак, ҳафтасига 30 соат дарс ўтилиши керак. Агар бу соатни 9 ҳафтага кўпайтирилса, 270 соатни, 12 йилга кўпайтирсак 3240 соатни ташкил қилади. Хулоса шуки 12 йил давомида 12-мактабда директорнинг лоқайдлиги, ёш авлод тарбиясига бефарқлиги ва “хотамтой”­лиги сабабли жисмоний тарбия ўқитувчилари ўтилмаган 3240 соат учун маошни қуртдай санаб олганлари аён бўлади. Бу нимадан далолат? Ишончим комилки, қонуншунослар бу ҳақда директор Н.Қўчқоровга тушунтириб қўядилар?!

Тўртинчи масала:

Туман “Сувоқава” ташкилоти тасарруфида бўлган сув иншоотининг мактаб ҳудудига жойлаштирилиши тўғрисида ҳеч қандай ҳужжат йўқ… ер майдони учун ХТБ ер солиғи тўламоқда…

Яна бир гап. Шахсан менинг директор Н.Қўчқоровда адоватим йўқ. 69 ёшдаман. Оиламда ва бошқа яқинларимда мактабда ишлаши мумкин бўлган ҳеч ким йўқ. Қисқаси, мактабга даъвогар эмасмиз. Фақат, ёш авлод тарбияси, билими ва келажаги учун Президентимиз қайғураётган ва мактаб жамоаси учун барча имкониятларни яратиб бераётган бир пайтда маҳалламиз мактаби   аянчли ҳолга келганидан, фарзандларимиз, набираларимиз қўшни мактабга бориш учун жонларини ҳовучлаб, катта йўлдан кесиб ўтаётганларидан изтиробдаман…

Ахир, йил сайин болалар кўпайиб бораётган бир пайтда мактабда шароитни замон талаби даражасида жиҳозлаш, ўқиш ва ўқитиш ишларини тубдан яхшилаш ўрнига мавжуд мактабни йўқолиш даражасига олиб келган бундай мактаб директоридан аллақачон воз кечиш даври келган, десам адолатли гапни айтган бўламан.

Юқоридаги масала билан 16 ойдан бери шуғулланаман. Мақсадим – ким бўлса ҳам таълим даргоҳига виждонли, жонкуяр, ёш авлод таълим-тар­биясига астойдил қайғурадиган фидойи инсон раҳбар бўлса. Бу муаммо қайсидир муассасада ечилиши, мактабда соғлом муҳит яратиб, болаларни ҳам соғлом руҳда тарбиялашнинг фурсати аллақачон келган эмасми?!

Айнан шу масалада Республика Халқ таълими вазирига уч марта, туман ҳокими ва туман халқ таълими бўлими раҳбарларига ҳамда бошқа идораларга бир неча мартадан мурожаат қилдим. Афсуски… ҳеч қандай натижа йўқ. Ўйлаб қоламан: айрим одамлар бир тарсаки ургани, айримлар юз минг сўм таъма қилгани учун қонун олдида жавоб беряптилар. Бироқ… юқоридаги ҳолатлардан сўнг ҳам директор Нўъмонжон Қўчқоров лавозимида “жавлон уряпти”!

Қамбарали ИБРАГИМОВ,

меҳнат фахрийси.

Наманган вилояти,

Янгиқўрғон тумани

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link