Sunday, December 4th, 2022

Дўстим барибир — ғолиб! – HURRIYAT


Қашқадарёлик журналист Норбўта Ғозиевни нафақат вилоятда, балки мамлакатимизда соҳа вакиллари яхши танишади. Узоқ йиллар “Ҳуқуқ” газетасининг Қашқадарё вилояти бўйича мухбири бўлиб фаолият кўрсатди. Айни пайтда вилоятда нашр этиладиган “Адолат кучи” газетасининг бош муҳаррири.

Норбўта Ғозиев 1969 йили Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институти (ҳозирги Тошкент давлат педагогика университети)нинг ўзбек тили ва адабиёти бўлимини битирганидан кейин Чироқчи туманидаги “Олға” газетасида иш бошлади. Бироз муддат ўзи ўқиган мактабда ёшларга сабоқ берди. Сўнгра Тошкентда “Ўзбекистон энциклопедияси”, “Ўқитувчи” нашриётларида меҳнат қилди. Тиниб-тинчимас журналист илмий иш билан машғул бўлди, аспирантурада ҳам ўқиди.

Ҳаёт экан-да. Оилавий шароити Қашқадарёга қайтишни тақозо этди. 1982 йилдан “Қашқадарё ҳақиқати” вилоят газетаси таҳририятида турли лавозимларда фаолият юритди. Маълум бир муддат Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Қашқадарё вилоят бўлимига раҳбарлик ҳам қилди…

Камина 1985 йили Қашқадарё вилоят газетасига ишга борганимда биринчи бўлиб йўл-йўриқ кўрсатиб, сабоқларини аямаган бу инсон билан бутун умр қадрдон бўлиб қолдим. Ёшимизда анчагина тафовут бўлса-да, бу бизнинг дўстлигимизга асло ҳалақит қилмади.

Норбўта ака ниҳоятда кўнгли очиқ, сўзи билан иши бир, самимий, дилкаш инсон. Ғайрати, тиниб-тинчимаслиги, изланувчанлигига ҳамкасбларининг ҳаваси келади. Ҳамон ёшларга ибрат кўрсатиб мақолалар ёзади. Босма матбуот учун қийин кечаётган шу кунларда ҳам вилоят прокуратураси асосий ҳамкори бўлган газетасини ҳеч бир нашрдан кам қилмай чиқариб турибди. “Адолат кучи”ни варақласангиз, бош муҳаррирнинг салоҳияти, изланувчанлиги, ташаббускорлигига гувоҳ бўласиз.

Меҳнаткаш ҳамкасбимиз ҳаётда турмушнинг не-не қувончу-шодликларига ҳам, ташвишли дамларига ҳам рўбарў бўлди. Болалигида етимлик азобларини тортди. Аммо улғайиб, оила қургач оқил фарзандлар тар­биялади. Тўйлар қилиб, ўғилларини уйлантирди, қизларини чиқарди. Бугун набиралар қуршовида бировдан кам, бировдан зиёд бўлиб яшаётган бахтиёр кишилардан биридир, десак, хато бўлмайди.

Норбўта аканинг ҳаётида кечган ташвишли, оғир кунларнинг аксариятига гувоҳман, ёнида турганман. Қайси бир йиллари дардга чалиниб, тўшакка михланиб қолди. Тажрибали шифокор: “Операцияга кўндиринг, бўлмаса оғайнингиз ногирон бўлиб қолади”, — деди. Чўрткесар оғайнимиз опера­цияга кўнмади. “Йўқ, – деди Норбўта ака қатъий. – Мени бу ердан олиб кетинг. Ўзим тузаламан”. Қатъий иродаси ва чидами, айтиш мумкинки, матонати   туфайли оғир хасталикни енгиб, оёққа турди. Қадрдон ишига қайтди.

Ўтган асрнинг охирларида Олий Мажлис депутатлигига дўстимизнинг номзоди қўйилганда, унга ишонч­­ли вакил бўлиб, вилоят қишлоқларини бирга кездик, учрашувларга бордик. Оташин нутқлар сўзладик. Шунда бир нарсага гувоҳ бўлганман: оддий одамлар барибир, ижод аҳлини яхши кўраркан, ҳурмат қиларкан, ишонаркан. Сайловда муҳим роль ўйнайдиган “каттакон”лар билан қанча баҳсу мунозараларга киришдик. Ва бугун ишонч билан айта оламизки, биз виж­донимизни ҳар хил “ўйинчи”, манфаатпараст, лўттибозларга сотмадик.

Ғам-ташвишлару, қийинчиликлар, қувончли кунлар, мағлубияту муваффақиятлар, бари-бари ўтиб кетаверар экан. Лекин бугун Норбўта ака Ғозиев ғолиб – ёруғ юз, тоза виждон билан қутлуғ ёшни қарши олмоқда.

Ҳа, дўстим ғолиб. Унинг ғолиблиги шундаки, бирор манфаат, фойда учун ўзлигига қарши бормади, баъзи бировларга ўхшаб қандайдир ўткинчи шон-шуҳрат, лавозимларга ҳам учмади. Уларни деб оқни-қора, қорани-оқ демади. Бу эса жуда катта фазилат. Эҳтимол, шунинг учун ҳам унинг ҳаёт йўли текис, равон бўлмади. Аммо у ўз обрўсини, ҳурматини эларо сақлаб қолди, йўқотмади.

— Мазза қилиб қарилик гаштини суриб юрибсизми? – дедим тунов куни Норбўта акага ҳазиллашиб.

— Қанақа қарилик? – дейди у қўнғироғимга жавобан. – Бор-йўғи “45”га кирдим-ку. Энди дунё кўзимга бошқача кўриняпти.

— Яшанг, доимо шундай бўлсин. Биз сиз билан ҳали яна кўп довонларни бирга ошиб ўтамиз!, – дейман ҳазилга ҳазил билан жавоб қилган дўс­тимга меҳрим ошиб.

— Баъзилар нега ҳалиям ишлайсиз, нафақани олиб ётавермайсизми, дейишади, – дейди Норбўта ака. – Нафақага чиқиш ишдан чиқиш, дегани эмас. Донолар кексалик – аҳмоқ учун оғир юк, жоҳил учун – қиш, ижод аҳли учун – айни ҳосил бериш даври, де­йишади. Аллоҳга шукур, соғлигим жойида, қаламим қимирлаб турибди.

Ҳа, ҳамкасбимизнинг ярим ҳазил, ярим чин гапларида асло муболаға йўқ. Ижод ва изланиш – ҳаёти мазмуни.

Мухтасар айтганимизда, Норбўта Ғозиевдай меҳнаткаш, эзгу мақсадли одамлар бор экан, матбуотимиз ерда қолмайди. Айниқса, ёшлар у кишининг ҳаёт йўлидан ибрат олса, сира кам бўлмайди.

Абдужалол ТАЙПАТОВ,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link