Saturday, January 28th, 2023

дўстлик ва қардошлик кўприги – HURRIYAT


Озарбайжон Республикасида “Ўзбек киноси кунлари” ўтказилди

 

Бир асрдан кўпроқ тарихга эга бўлган ўзбек киноси сўнгги йилларда ривожланишнинг янги босқичига кўтарилди. Буни миллий кинематография соҳасидаги янги ўзгаришлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Хусусан, Ватанимиз тарихи, буюк аждодларимиз ҳаёти, Янги Ўзбекистондаги ўзгаришлар, халқимизнинг бугунги кундаги қувонч ва ташвишлари ҳақидаги фильмлари сони ва сифати ортмоқда.

 

Қардош диёрга ташриф

Чорак аср аввал тўхтаб қолган Тошкент халқаро кинофестивали қайта тикланди, дунё миқёсида катта нуфузга эга бўлган Бутунроссия давлат кинематография институти фи­лиали иш бошлади. Ўзбекистон кинематография агентлиги таркибидаги тузилмалар бугунги кун талаблари асосида қайтадан ташкил этилди. Хориждан энг сўнгги русумдаги техникалар келтирилмоқда. Ўзбек кино усталари ишлаган фильмлар халқаро фестивалларда юқори ўринларни қўлга киритмоқда. Бу борада узоқ ва яқин ўлкалар киноижодкорлари билан ҳамкорлик алоқалари кенгайиб бораётгани, турли мамлакатларда “Ўзбек киноси кунлари” юқори савияда ўтказилаётгани, ҳамкорликдаги кинолойиҳалар суратга олинаётгани ҳам алоҳида аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги ва Озарбайжон Республикаси Маданият вазирлиги ташаббуси билан жорий йилнинг 7-10 декабрь кунлари Боку шаҳрида “Ўзбек киноси кунлари” бўлиб ўтди. Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов раҳбарлигидаги делегация таркибидан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Лола Элтоева, кинорежиссёрлар Рустам Саъдиев, Элдор Мамедов, Дилмурод Ма­саидов, киножурналистлар Феруза Нодирова,   Шоира Рауфбоева ва бошқалар ўрин олди.

Асрлар синовидан ўтган дўстлик

Айтиш жоизки, дунёда тили, урф-одатлари, маданияти, ҳатто ташқи кўриниши жиҳатидан бир-бирига ўхшаб кетадиган миллат ва элатлар кўп. Ўзбек ва озарбайжон халқларини ана шулар қаторига бемалол қўша оламиз.

Бу икки буюк халқни асрлар мобайнида бир-бирига боғлаб келган ришталар бисёр. Халқларимизнинг муштарак ёдгорлиги ҳисоб­ланмиш “Авесто”, “Ошиқ Ғариб”, “Гўрўғли” сингари қадимий ёдгорликлар азалий қардошлик, дўстлик ва биродарликнинг ёрқин исботидир. Ўзбек мақомлари ва Озарбайжон муғомлари орасидаги ҳамоҳанглик ҳар икки халқ ўртасидаги яқинликни ўзида ифодалайди. Назм мулкининг султони Ҳазрат Мир Алишер Навоий буюк Шарқ мутафаккирларидан бири Низомий Ганжавийни ўз ус­тозларидан бири сифатида эътироф этган. Ўз навбатида Муҳаммад Фузулий ҳазрат Навоийнинг издошларидан саналади. Шоҳ ва шоир, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва Шоҳ Исмоил Сафавий орасидаги дўстона муносабатлар ҳам тарихий манбаларда ўз аксини топган.

Қувончлиси, Ўзбекистон ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг ўзаро ташрифлари, учрашувлари асносида ўнлаб ҳужжатлар имзоланган. Айни пайтда маданият, санъат, хусусан, кинематография йўналишидаги ҳамкорлигимиз ҳам ривожланмоқда.

Қадрдон кинолар, таниш чеҳралар…

Озарбайжон киносининг беназир намуналари кириб бормаган ўзбек хонадонини топиш мушкул. Озарбайжон киноусталари томонидан яратилган “Аршин мол-олон”, “Қайнона”, “Аҳмад қаерда?” сингари ўлмас фильмларни ўзбек томошабинлари бугун ҳам айрича завқ-шавқ ила томоша қилишади. “Тоҳир ва Зуҳра”, “Тошкент – нон шаҳри”, “Сен етим эмассан”, “Тўйлар муборак” каби ўзбек киноасарлари қардош томошабинлар учун ҳам қадрдон бўлиб қолган.

Яхши биламиз, Шукур Бурхонов, Ўлмас Алихўжаев, Тамара Шокирова сингари ўзбек актёр ва актрисалари Озарбайжон картиналарида роль ўйнаган бўлишса, Расим Балаев, Тариэль Қосимов, Насиба Зейналова сингари озарбайжонлик санъаткорлар ўзбек фильмларида бетакрор образлар яратишган. Икки давлат киноусталари ҳамкорлигида яратилган “Учрашув”, “Қизил поезд”, “Шерали ва Ойбарчин” бадиий фильмлари минглаб томошабинлар қалбидан жой олган.

Шу йилнинг 7 ноябрь куни ўзбек кино­ижодкорлари Озарбайжон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Давлат кино фондига ташриф буюришди. Фонд раҳбари Жамил Гулиев икки мамлакат кино фонди усталари ҳамкорлиги узоқ тарихга эга эканлиги, сўнгги йилларда бу ҳамкорлик янада чуқурлашиб бораётганини қайд этди.

— Мен бутун ҳаётимни кино санъатига бахшида қилганман, – деди Жамил Гулиев. – Фондимизда 20 дан ортиқ мамлакат кино тарихи билан боғлиқ ўн минглаб   фото ва видеоматериаллар, қўлёзмалар, реквизитлар, ҳужжатлар сақланмоқда. Улар орасида ўзбек киноси тарихига оид қимматли тарихий материаллар ҳам анчагина.

Дарҳақиқат, бугунги Озарбайжон давлат кино фондида ўзбек кино усталари ижодига мансуб 48 та фильм кинотасмаларда сақланмоқда. Бундан ташқари ўзбек киносининг тарихий онлари, буюк санъаткорларимизнинг ёрқин сиймолари акс этган 3000 дан ортиқ фотосуратлар мавжуд. Жамил муаллим суҳбат асносида Мелис Абзалов, Йўлдош Аъзамов, Ўлмас Алихўжаев, Шуҳрат Аббосов билан боғлиқ хотираларини сўзлаб бераркан, кўз-ёшларини тутиб туролмади.

Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов самимий қабул ва меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, ҳамкорлик учун барча имкониятлар сафарбар қилинишини қайд этди. Жамил муаллимнинг ўзбек киносининг тарихий меросини сақлашдаги фидойилиги Ўзбекистон Кинематография агентлиги томонидан муносиб тақдирланишини қайд этди ва Озарбайжон давлат кино фонди раҳбарига “Ўзбекистон кино санъати” китоб-альбомини тақдим этди.

Маданий ҳамкорлик янада ривожланади

Шу куни ўзбекистонлик киноижодкорларни Озарбайжон Республикаси маданият вазири Анар Каримов қабул қилди.

Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, икки халқ ўртасидаги маданий алоқалар узоқ тарихга бориб тақалишини қайд этди.

— Кейинги йилларда Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ташаббуслари билан мамлакатларимиз ўртасидаги маданий алоқалар ҳам янги босқичга кўтарилмоқда, — деди Фирдавс Абдухолиқов. — Жумладан, кинематография соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, биргаликда янги лойиҳаларга қўл уриш, кино мухлисларига ажойиб туҳфалар ҳозирлаш учун биргаликда ҳаракат қилишимиз лозим.

— Мен бир неча бор   Ўзбекистонда бўлиб, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз сингари қадимий шаҳарлар нафақат Ўзбекистон, балки Турк дунёсининг маданий марказлари эканига ишонч ҳосил қилганман, — деди Анар Каримов. — Икки мамлакатда миллий кино кунларини ўтказиш яхши анъанага айланган. Бундан кейин ҳам киноижодкорларимиз ўртасидаги маданий ҳамкорликни ривожлантириш, янги-янги лойиҳаларни ҳамкорликда амалга ошириш учун барча имкониятларни ишга солишга тайёрмиз.

Ўзбекистонлик киноижодкорлар ҳам вазир билан мулоқот давомида икки халқ маданий ҳамкорлигини мустаҳкамлашга имкон қадар ҳисса қўшишларини билдиришди.

Оққан дарё оқмасдан қолмас…

Кечки пайт Боку шаҳридаги Низомий номли кино марказида Ўзбекистон киноси кунларининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Кинематография агентлиги делегацияси, Озарбайжон Маданият вазирлиги, Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги элчихонаси вакиллари, кино ихлосмандлари иштирок этишди. Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов кириш сўзи билан очди.

— Оққан дарё оқаверади, деган нақл бор. Биз бу ҳолатни кейинги йилларда ўзбек ва озарбайжон киноусталари ўртасида ҳамкорлик тобора ривожланиб бораётганида ҳам кўришимиз мумкин, — деди Ўзбекистон Кинематография агентлиги раҳбари Ф.Абдухолиқов. — Сўнгги олти йилда бир неча бор Ўзбекис­тонда Озарбайжон, Озарбайжонда Ўзбекис­тон киноси кунлари ўтказилди. 2021 йилда Ўзбекис­тон Республикаси Президенти ташаб­буси билан қайта тикланган “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивалида озарбайжонлик ҳамкасбларимиз фаол иштирок этиб келишмоқда. Айни дамда икки давлат кино­усталари ҳамкорлигида бир қатор янги ло­йиҳаларни бошлаганмиз. Умид қиламизки, бу ҳамкорлик тез орада кутилган самараларни беради.

Очилиш маросимида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Лола Элтоева, ўзбекистонлик таниқли кинорежиссёр Элдор Мамедов, Озарбайжон давлат фильм фонди директори Жамил Гулиев ва бошқалар икки мамлакат кино­ижодкорлари ҳамкорлиги хусусида тўхталиб ўтдилар.

Шундан сўнг томошабинлар эътиборига икки халқ дўстлиги ҳақида ҳикоя қилувчи “Азалий дўстлик ва қардошлик” деб номланган ҳужжатли фильм намойиш этилди.

Хўжа Насриддиндан Тағиевгача…

“Ўзбек киноси кунлари” доирасида икки халқ кино усталари ҳамкорлигидаги кинолойиҳалар бўйича ҳам фикр алмашилди.

Айни пайтда ўзбек ва озарбайжон киноусталари томонидан “Хўжа Насриддин: оғир кунлар ҳамроҳи” бадиий фильмини суратга олиш бўйича музокаралар давом этмоқда.

— Хабарингиз бор, жорий йилда Хўжа Нас­риддин латифалари ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилди, — деди озарбайжонлик кинорежиссёр Вагиф Мустафаев. — Ўзбек ва озарбайжон халқларининг умумий қаҳрамони бўлган Хўжа Насриддин ҳақида суратга олинадиган янги фильм нафақат бизнинг томошабинларимиз, балки жаҳон кино мухлислари учун ҳам муносиб туҳфа бўлишига умид қиламиз.

9 декабрь куни Боку медиа марказида ҳам ўзбекистонлик ва озарбайжонлик киноижодкорлар учрашуви ўтказилди. Мазкур учрашувда ўзаро ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишувларга эришилди.

Озарбайжонлик ёш киноижодкорлар “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивалида иштирок этишганини фахр билан ёдга олишди. Айни пайтда озарбайжонлик кино усталари таниқли жамоат арбоби, бокулик санъат ва маданият ҳомийси, йирик саноат ходими Ҳожи Зайнулобидин Тағиев ҳақида саккиз қисмли бадиий фильм яратилаётгани, фильмнинг маълум қисми Ўзбекистон ҳудудида суратга олинишини маълум қилишди.

Ҳожи Зайнулобидин   Тағиев (1838-1924) Озарбайжон тарихида катта мавқега эга бўлган тадбиркорлардан бири саналади. Унинг ташаббуси билан Озарбайжоннинг турли ҳудудларида ўнлаб йирик ишлаб чиқариш корхоналари очилган, минглаб кишилар иш билан таъминланган, мактаблар, маърифат марказлари, матбуот нашрлари ташкил қилинган. Ҳожи Зайнулобидин Тағиев Бухоро амирлиги билан доимий   алоқада бўлган. Амир Абдулаҳадхон, Амир Олимхон ва бошқа давлат арбоблари Тағиев билан тез-тез учрашиб турган. Амир хонадони вакиллари Бокуда, Тағиевнинг хонадонида бир неча маротаба меҳмонда бўлишган. Айни пайтда Тағиевнинг Озарбайжон Давлат тарихи музейига айлантирилган шахсий саройида Бухоро ҳукмдорларининг бир қанча эсдалик совғалари сақланади.

Ўзбекистон делегацияси раҳбари Фирдавс Абдухолиқов З.Тағиевнинг ҳаёти ва фаолияти бугунги ёш авлод учун намуна бўла олишини, унинг Бухоро амирлиги билан алоқаларини чуқурроқ ўрганиш, кино воситасида бу борадаги маълумотларни томошабинларга етказиш лозимлигини қайд этди. Мазкур сериалнинг маълум қисмларини   Ўзбекистонда суратга олинишида зарур ёрдам кўрсатилиши, сериални яратишда ўзбек санъаткорлари ҳам бевосита иштирок этиши мумкинлигини таъ­кидлади.

“Бизга ўзбек фильмлари манзур бўлди!”

Кино кунлари доирасида озарбайжонлик кино мухлисларига режиссёрлар Дилмурод Масаидовнинг “Аёл қисмати”, Ёлқин Тўйчиевнинг “Фариданинг 2000 қўшиғи”, Рустам Саъдиевнинг “Барон 2: Соғинч”, Нурулла Нарзуллаевнинг “Мақсуд Шайхзода” сингари бадиий ва ҳужжатли фильмлари намойиш этилди. Эътиборлиси, ҳар бир намойишда заллар томошабинлар билан тўлди. Намойиш тугамай туриб, кинозални тарк этиш ҳоллари кузатилмади. Киномухлислар сеанслардан сўнг ўз таассуротлари, ҳаяжонларини биз билан баҳам кўришди.

— “Аёл қисмати” фильми менда айрича таассурот қолдирди, — деди томошабинлардан бири, журналист Холид Казимли. – Фильмда оддий ўзбек аёли тақдири мисолида аср фожиаси бўлган халқаро терроризмнинг мудҳиш қиё­фаси очиб берилган. Бундай ҳолатлар афсуски бизнинг мамлакатимизда ҳам юз берганидан хабарим бор. Ушбу фильм томошабинни, айниқса, ёшларимизни, хотин-қизларимизни мушоҳадага, огоҳликка чорлайди. Режиссёрнинг маҳоратига, топқирлигига қойил қолмасликнинг иложи йўқ.

Ҳа, “Ўзбек киноси кунлари” ёрқин лаҳзаларга, ёқимли таассуротларга бой бўлди. Озарбайжонлик кино мухлислари билан учрашувлар ҳам қизғин ва самимий руҳда кечди.

— Озарбайжонга биринчи келишим, — дей­ди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Лола Элтоева. – Аммо бу ўлкада ўзимизни хорижда эмас, ўз Ватанимизда юргандек ҳис этдик. Ҳар лаҳзада қардошларимизнинг меҳрини, ҳурмат-эҳтиромини ҳис этиб турдик. Ҳар бир намойиш сўнгида улар биз билан узоқ суҳбатлашиб, фильмларимиз уларга манзур бўлганини билдиришди, ижодий фаолиятимиз билан қизиқишди. Умуман олганда, Бокуда кечган кунларимиз шахсан мен учун бир умр эсда қоларли хотираларга бой бўлди.

“Бунда ҳар ён гулдир, чечакдир…”

Айни пайтда Ўзбекистон маданий меросини асраш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти аъзолари ҳам Озарбайжондаги кутубхоналар, музейлар ва илмий муассасаларда турли учрашувлар ўтказилди. Шаҳарнинг диққатга сазовор жойлари, тарихий обидалари бўйлаб саёҳатлар уштирилди.

Хусусан, Озарбайжон Миллий фанлар академиясининг Фузулий              номидаги Қўлёзмалар институтида бўлиб, бу ерда сақланаётган Ўзбекистон маданий меросига оид қўлёзмалар билан ҳам танишишди. Бу ерда Алишер Навоийнинг қатор девонлари, “Бобурнома”нинг XVII асрдаги қўлёзмаси, Ибн Сино асарларининг нодир нусхалари, Абдуллоҳ Ҳотифийнинг “Темурнома”си ва бошқа дурдоналар ўрин олган.

Шунингдек, ўзбекистонлик меҳмонлар Озарбайжон тарихи давлат музейи, “Ичери шаҳар” ёдгорлик мажмуаси, Озарбайжон давлат санъат музейи, Ҳайдар Алиев марказида ҳам бўлишди. Чиндан ҳам Озарбайжонда салкам бир ҳафта давом этган “Ўзбек киноси кунлари” икки давлат маданий ҳаёти саҳифаларидан муносиб жой олди, десак асло муболаға бўлмас.

Шоҳира ҲАМРО

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link