Saturday, November 26th, 2022

Жавоҳир – HURRIYAT


Икки ойча ҳеч нарса ёза олмай юрдим. Жавоҳир ҳақида ёзиш жуда оғир бўлди. У билан боғлиқ хотиралар жонланади-да, ёзишимга қўймайди. Кўнгилга ғам чўкади. Унинг орамизда йўқлигига ҳалигача ишонгим келмайди.

Ҳозир ҳам у ҳақда ёзишга чоғландим-у, бўғзимда нимадир ачишгандек бўлаётир…

Дунёда яхши инсонлар, чин дўстлар борлиги ҳақида, албатта, ёзиш керак. Йўқса одамлар яхшилар борлигига, дўстликка ишонмай қўяди.

Жавоҳир Қудратов билан талабалик йиллари танишгандик. Илк танишувдаёқ у менда яхши таассурот уйғотган эди. Фақат қалбида қандайдир дард, чеҳрасида ғалати маъюслик бордек эди. Ҳар гал учрашганимизда менга доим нимадир демоқчидек бўлиб кўринарди. Давраларда ўзини жуда вазмин, жиддий тутарди. Кам гапирарди. Бақириб кулганини, қувончини овоза қилганини деярли кўрмаганман.

Тақдир насиб этиб у билан Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетида магистратура босқичида бирга ўқидик.

Курсимизда бакалавр босқичини Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида ўқиган талабалар кўп эди. Очиғи, уларнинг кўпи билан ўша пайт ҳам, кейинчалик ҳам, ҳозир ҳам аҳил бўлиб кетолмадик. Саноқлилари билан дўстона муносабат пайдо бўлган.

Таҳсилдан кейин ҳам Жавоҳир билан ҳаётнинг турли кўчалари, журналистларнинг давралари, кўпдан-кўп тадбирларда учрашиб юрдик. Доим муносабатларимиз самимий бўлган. Бир-биримизга доим ҳурматимизни билдириб турардик. Унда   ҳаммаси рост эди. “Қўқонча” тарбиям боис баъзан ўзим ёқтирмаган давраларга ҳам мослаша олардим. Аммо Жавоҳир бундай қилолмасди, ёлғон билан муросаси йўқ эди. Шу боис унда зўрма-зўраки, сунъий кайфият бўлмасди. Ҳаммага ўз муносабатини, ички ҳиссиётини сездириб турарди. Чунки тоза одам эди. Бошқаларга соҳта мулозамат қилолмасди. Шундай қилишга мажбур бўлганида ҳам буни ўзи билмай сездириб қўярди.

Шундай даврлар бўлдики, ҳаёт бизларни ўз-ўзимиз билан овора қилиб қўйди. Қачонлардир журналистикага меҳр ва қизиқиш туфайли танишган, дўстлашган биз — ёш журналистлар оила қуриш, рўзғорни бутлашга андармон бўлиб қолдик. Бу даврда ҳаёт барчамизни обдон синовдан ўтказди. Кейинроқ билдимки, Жавоҳирда ҳам бу давр осон кечмаган экан. Эшитдим, ҳаётнинг кўп синовларини бошидан   ўтказибди.

Бирмунча ўзимизни тутиб, улғайиб учрашган пайтларимизда эса мен бошқача Жавоҳирни кўрдим. Ўшанда у Ўзбекистон Республикаси Президенти Администра­цияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида   ишларди. Ўзаро суҳбатларимизда ҳаёт унинг дунёқарашига кучли таъсир ўтказганини сездим. Лекин характери ўша эди, вазмин, самимий.

Бу вақтга   келиб ўзим ҳам кўп орзулардан воз кечган, аллақачон бу ҳаёт ҳақида хулосалар қилишни ўрганган эдим. Дўстлик ҳақидаги қарашларим ўзгариб, инсонлар ўртасидаги дўстликка ишонмай қўйгандим. Бу борада аччиқ хулосаларим бор эди.

Лекин Жавоҳир уларга таъсир ўтказди. У туфайли ҳатто айрим қарашларим ўзгарди. Боиси Жавоҳир тимсолида чинакам дўст топгандим!

Матбуот котиби сифатидаги фаолиятимиз Агентлик билан узвий боғлиқлиги сабаб бизлар тез-тез мулоқот қилардик, учрашардик. Айрим масалаларда ўзаро маслаҳатлашардик, кўпинча фикрларимиз уйғун бўларди.

Шу даврда Жавоҳир жуда кўп ҳамкасбларимга ёрдам берганига шахсан гувоҳман. У доим бошқаларга ёрдам беришга ошиқарди. Буни ҳамма яхши биларди. Шу боис матбуот котиблари кўпроқ унга мурожаат қилишарди. Чунки, улар масала Жавоҳир билан тезроқ ва ўзларига фойдалироқ ҳал бўлишини яхши тушунишарди. У ҳамкасбларимни доим   қўллаб-қувватларди, муаммоли масалаларда матбуот котибларига қайишарди.

Шу боис у оламдан ўтганда кўпчилик яқин инсонини йўқотгандек қайғуга тушди. Ҳа, биз уни   ростмана яхши кўрар эдик! Ундаги одамийликни, зеҳнни, масалага профессионал ёндашувни қадрлардик. Унга тан берардик.

Жавоҳирда касбимизда жуда муҳим бўлган яна бир хусусият бор эди. У қийин ва тезкор вазиятларда зарур қарорни қабул қила оларди. Бошқаларни ҳам керак бўлса, шунга ундарди. Айрим ҳолатларда масалага ўзи ечим топиб берарди ва кўпинча шу қарор тўғри бўлиб чиқарди. Буни ўз фао­лиятимизда кўп бора кўрганмиз.

Жавоҳир жуда қийин даврда – давлат органлари ва ташкилотларда ахборот хизматлари шаклланиб, муҳим тузилмага айлана бошлаган пайтда ОАКАда ишлади. Соҳада кузатилаётган муаммолар янги ва кўп эди. Табиийки, аксарият матбуот котиблари ҳам тажрибасиз эди. Бемалол айтиш мумкинки, айнан ўша вақтда — 2019-2020 йилларда ташкилотларда, маҳаллий ҳокимият идораларида ахборот хизматлари деган жуда муҳим тузилмалар шаклланди. Бу жараён осон кечгани йўқ. Шу даврда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ходимлари, шу жумладан, Жавоҳир Қудратов ҳам масъулиятни, оғир юкни ўз зиммасига олиб кечаю кундуз тиним билмай меҳнат қилди. Керак бўлса, бу йўлда шахсий ҳаёти   ва ҳаловатидан воз кечди.

Баъзи кунлари   тунги вақтда қўнғироқ қилганимда ҳали ҳам иш жойида эканини билардим. Дам олиш кунлари ҳам кўпинча топшириқлар билан банд бўларди. Ҳазиллашиб менга ҳаваси келишини   ва оиласига етарлича вақт топа олмаётганини айтарди.

2019 йил ноябрининг охирида бир гуруҳ матбуот котиблари Москвага — халқаро анжуманга бордик. 4-5 кунлик сафар давомида Жавоҳирни янада яхшироқ кашф этдим. У делегациямизнинг раҳбари бўлиб   борганди. Ўша кунлари   ҳам тиним билмади, гуруҳнинг ҳар бир аъзоси ҳақида қайғуриб юрди. Айрим хорижлик экспертларни Ўзбекистонга матбуот котиблари учун махсус семинарлар ўтказиш учун таклиф қилди   ва улар билан ўзаро келишувлар олиб   борди.

Эсимда, ўшанда у билан “Москва-сити” мажмуасини кўришга боргандик. Бирга тушган суратимиз ҳам бор. Кўнглим   сезгандек суратга тушишни таклиф этган эканман…

Ҳозир ҳам ўша суратга кўзим тушса, кўзларимга ёш келади. Яқин бир инсоним, бу дунё­даги бор-йўғи бир дона бўлган дўстимни   йўқотиб қўйганимни ич-ичимдан ҳис қиламан…

Жавоҳир ўз исмига мос бебаҳо инсон эди, жавоҳир йигит эди. Ҳаётда унингдек олижаноб, яхши ва тоза одамларни кам учратдим. Оилапарвар ота эди, қалбида кўп орзулари ва бошқаларга ҳаваси бор   эди.

Жуда кўп ёш журналистлар, ҳозирги кунда матбуот котиби бўлиб   ишлаётган ҳамкасбларим Жавоҳирни ўзига устоз деб билади. Унинг яхшиликларини, фазилатларини доим эслаб гапиришади.

Коронавирус пандемияси кучайган давр­­да унинг беморлигини эшитиб, ҳол-аҳвол сўраб ёздим. “Ака, дуо қилиб қўйинг. Шифохонада даволанаяпман”, деб хабар йўллади. Айтганидек дуо қилдик. Лекин Аллоҳнинг ҳукми экан, бироз ўтиб   қабри бошида ғамга ботдик…

Яхши инсонларнинг исми доим дуоларда, қалбларда бўлади.

Жавоҳир, сенинг хотиранг ҳам қалбларимизда!

Охиратинг обод бўлсин, дўстим!

Шуҳрат ОРИФ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link