Thursday, January 26th, 2023

Жилғани уммонга айлантирган куч ёхуд оёққа кирган тиконнинг соғинчлари – HURRIYAT


Майсаларнинг оёққа урилиши, чопавериб намиқиб кетган оёқ кийимингизни қоқиб қўйишингиз… буларнинг бари – нақадар БАХТ!

Инсон зоти ўзидаги бор неъматнинг қад­рига ҳамиша ҳам етавермайди. Қачонки, уни йўқотсагина қадрлай бошлайди. Масалан, иситмалаб ётганингизда соғлом юрган кунларингизни соғинасиз ёки арзимас сабаблар билан ҳаётингиздан нолиган вақтларни эслаб афсусланасиз. Бу барчада учраб турадиган таниш ҳолатлар, шундай эмасми?

Ўн йил. Бу вақт бир инсоннинг дардларини ҳис этиб кўрмоққа, англамоққа етармикан?!

Ҳамқишлоғим, Ғаллаорол туманидаги “Хўжакапут” қишлоғида яшовчи ҳунарманд, “Жасорат” медали соҳибаси, Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомчилик   ва дизайн инс­титутининг 2-босқич талабаси Барно Нарзуллаева билан танишганимга роппа-роса ўн йил бўлибди. Бу вақт ичида Барно опа ҳаётнинг кўп синовларини енгиб ўтиб, бир қанча юксак мукофотлар билан тақдирланишга эришди. Уларни суҳбатга таклиф этганимда бироз қимтингандек бўлдилар. Гўё бу қимтинишнинг замирида “мен нима ҳам қилиб қў­йибманки, мақтаниб гапирсам”, — деган истиҳола мужассамдек эди.

Аммо кўпинча тоғни урса талқон қиладиган йигитлар, тўрт мучаси соғ айрим қизлар, аёлларнинг ҳаётдан нуқул нолиб гапиришини эшитиб ўйга толади киши. Аслида турмушнинг аччиқ-чучугини, синовларини енгиб ўтган инсонгина мақсадига эришиши мумкинлигини англаш унчалик қийин иш эмас. Бунинг учун сизга замондош бўлган оддий, камсуқум лекин сабр-қаноатли юртдошларимизга эътибор қилинса, шунинг ўзи етарли бўлса керак.

Демак, бугунги суҳбатдошимиз оғир ҳасталик туфайли соғлар сингари юра олмаса-да, меҳнат қилиб, изланиб элу юртга наф келтираётган бир замондошимиздир.

— Барно опа, энди ҳеч қачон юра олмаслигингиз ҳақида эшитган кунингиздан то бугунги ютуқларга эришиб келгунингизча сизни олдинга бошлаган   куч ҳақида гапириб бера оласизми?

— Биласизми, нафақат болаликда, улғайганда ҳам инсон ўзида мавжуд имкониятларнинг қадрига етавермас экан. 12 ёшимда юришга қийнала бошлагандим. Ўша кезлар жуда қаттиқ оғриқни ҳис этганман. Оёқларим ҳеч нарсани сезмай қолганида эса, ҳатто оёққа кирган тиконнинг оғриқларини ҳис этиш ҳам катта БАХТ эканлигини англаб етдим. Бирдан оёқдан қолган одам учун ҳаёт нақ тўхтаб қолгандек бўлар экан. Яхшиям, ота-онам, яқинларим бор. Улар менга оёқдан қолмаган Барнога қарагандек, одатдагидек муносабатда бўлишарди. Бу эса менинг ўзимга бўлган ишончимни оширган. Ана шу ишонч сабаб ҳам ҳунарга бор эътиборимни қаратганман. Мактаб давридан рассомчиликка қизиқар эдим. Кейинчалик биссерда лаганларга безак беришни, турли суратларни   мунчоқлар ёрдамида картиналарга солишни ўргандим. Ҳозирги кунга қадар 500 га яқин фестиваль ва турли танловларда ўз ижодий ишларим билан иштирок этдим. Худога шукр, мен кутган, кутмаган эътирофларга ҳам сазовор бўлдим.

 — Сизнингча, миниатюра ранг-тасвир, биссердан безакли буюмлар ясашда ҳунарманднинг ижодкорлик маҳорати қанчалик даражада муҳим аҳамият касб этади?

— Ҳатто, яхши пойабзал устаси бўлиш учун ҳам қунт, сабр ва истеъдод керак. Тўғри, даромад олиш илинжида ҳам ҳунар билан шуғулланса бўлади, бироқ унинг чинакам санъат асари даражасига келиши учун, кишида аввало истеъдод бўлиши зарур. Ҳақиқий моҳирлик билан ясалган ижодий ишгина кўнгилларга кўчади…

— Бугунги кундаги фаолиятингиз, шогирдларингиз ҳақида ҳам гапириб берсангиз?

— Ҳунармандчилик билан шуғулланаётганимга ўн беш йиллардан ошди. Уйимиз мактабнинг ёнида бўлгани учунми, бу санъатга қизиқиб қолган жуда кўп ўқувчи қизлар бизникига келарди. Ўша кезларданоқ, мактаб ўқувчилари, маҳалладаги хотин-қизларга тикув-бичувни ўргата бошлаганман. Лекин биссерда ижодий иш яратиш ўзига яраша мураккаб жараён. Ўша қийинчиликларга қарамасдан, ҳунарни ўрганиб кетганлари жуда кўпчиликни ташкил қилади. Қувонарлиси, улар ичида муваффақиятга эришиб келаётганлари ҳам талайгина. Камола Абдуғаниева, Шаҳло Умурзоқова сингари шогирдларим “Камалак юлдузлари” танловининг респуб­лика босқичи лауреати бўлишди.

Бизнинг жамоамиз жуда катта. Тумандаги бошқа қишлоқлардан ҳам кўплаб ўқувчиларим бор, ҳунармандчилик сабаб яқинларимнинг сафи кенгайган.

 — Юқорида ишингизнинг ўзига яраша қийинчиликлари ҳақида айтиб ўтдингиз, бу ҳунар билан шуғулланиш сизга оғирлик қилмайдими?

— Баъзида қийналган вақтларим ҳам бўлади. Ўша вақтлар онамга суянаман. Онам мени гўдаклигимдан то ҳозиргача кўтариб улғайтиряпти, десам ҳақ гапни айтган бўламан. Улар ҳамиша ёнимда. Тумовласам мен билан бирга тумовлайди, йиғласам бирга йиғлайдилар. Айтинг-чи, қайси фарзанд онасини йиғлатишни хоҳлайди?! Шу сабаб ҳам ҳеч қачон хафа бўлмасликка ҳаракат қиламан. Кўпинча турли танлов, фестиваллар сабаб узоқ вилоятларга боришимга тўғри келади. Онам бетоб бўлсалар ҳам ўша жойга мени ўзлари олиб борадилар. Уларнинг мен учун қилаётган фидойиликлари сабаб ҳам, мен янаям кўпроқ ўз устимда ишлашим, ишларимни ривожлантиришим керак, деб ҳисоблайман.

 — Барно опа, киши истеъдодини рўёбга чиқариши учун унга энг аввало нималар зарур деб ўйлайсиз?

— Яқинларининг ишончи. Қолган ҳаммаси кишининг ҳаракатига яраша бўлаверади.

— Соғ бўлинг. Ҳамиша Яратганнинг паноҳида бўлинг.

Сарвиноз МАМАНОВА суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link