Monday, October 3rd, 2022

Журналистнинг ҳаж зиёрати рўёбга чиқиши мумкин(ми)? – HURRIYAT


Юртимизда аксарият кексалар нафақага чиқиб, қарилик гаштини сура бошлагач, энг аввало, муқаддас Ҳаж зиёратига бориб келиш чораларини излай бошлашади. Бунинг учун анча салмоқли маблағ зарурлиги барчага аён. Эзгу мақсад йўлида кимдир умр бўйи тўплаган омонатини сарфлайди, кимдир ўғил-қизларига суянади, кимдир эса ёру дўстлари ва ҳомийларнинг ёрдамига. Бутун умрини матбуотга бағишлаган журналист Норбобо Шакаров шахсий сармояси етарли, фарзандлари ва ёру биродарлари ёрдамга шай турса-да бу йўлни танламади. Бошқача йўл тутди: пойтахтни тарк этиб, ўзи туғилиб ўсган қишлоғига қайтди ва маҳаллий ҳокимиятдан бир гектарга яқин сувсиз, қақраб ётган майдонни сўраб олиб, боғу бўстонга айлантиришга ва ундан олинган даромадни эса Ҳаж зиёрати учун сарфлашга   бел боғлади.

Ўша пайтда у 68 ёшда эди. Эзгу ният кекса кишига ҳам ғайрат-шижоат бағишлар экан. Даставвал, артезиан қудуқ қазиб юз метр чуқурликдан сув чиқарди, бир чақирим наридан электр линияси тортиб келди. Асрлар оша оби ҳаётга ташна бўлиб ётган ерларга 1000 туп терак, 200 туп олма кўчати, 200 та ток қаламчасини қадади.

Боғбонлар тилида шундай нақл бор: экилгани эмас, кўкаргани ҳисоб. Дарҳақиқат, ёш ниҳолларни кўкартириш, амал олдириш ҳаддан ташқари қийин кечди. Жазирама иссиқ, тинимсиз шамоллар   ниҳолларни ҳолдан тойдирар, ҳар куни суғорса-да япроқ ёзмай тураверарди. Шундай кезларда одамнинг хафсаласи пир бўлиши, қўл силтаб ниятидан воз кечиши ҳам ҳеч гап эмас.

Аммо Норбобо ота узоқ йиллар мамлакатимизнинг етакчи матбуот   нашрлари –“Қишлоқ ҳаёти”, “Халқ сўзи”, “Ўзбекистон овози” сингари газеталарида ишлаб, таҳририятларда деҳқончилик ва агросаноат бўлимларини бош­қаргани, республика бўйлаб хизмат сафарлари чоғида донгдор боғбону миришкорлар билан учрашиб уларнинг   илғор тажрибалари билан танишгани, соҳанинг йирик олимлари билан қилинган суҳбатлардан олган таассуротлари қийинчиликларни енгиб ўтишда жуда қўл келди.

Боғда томчилатиб суғориш усулини йўлга қўйгач, ниҳоллар ривожи жадаллашди. Кейинги йилларда янги боғда ўрик, шафтоли, гилос, анжир, олхўри, нок, анор ниҳоллари пайдо бўлди, йўлакларга арча, қарағай, садақайрағоч сингари манзарали дарахтлар экилди. Хуллас, олти йиллик тинимсиз меҳнат самараси сифатида каттагина ажойиб боғ вужудга келди. Ҳозир олмазор ва узумзордаги ҳосил чўғидан кишининг кўнгли яйрайди. Яхши ниятлар билан қадалган минг тупга яқин тераклар ҳам етилиб тўсинга ярайдиган бўлиб қолди. Айтишларича, бугун ҳар бир теракнинг баҳоси бозорда 200 минг сўмдан кам эмас экан.

— Мингта теракнинг ўзидан келадиган даромад уч маротаба Ҳаж сафарига бориб-келишга етиб ортади,– дейди маҳалла оқсоқоли — Самарқанд вилояти Қўшработ туманидаги Бойтўп маҳалла фуқаролар йиғини раиси Сафарали Бубаков хомчўт қилиб. — Бу ёқда олмазор, бу ёқда узумзор ҳосили етилмоқда, айтганча, узумлар шунчаки оддий навлардан эмас – кишмишнинг қимматбаҳо гибрид навларидан. Унинг майизи оддий нав­ларга қараганда икки-уч баравар қиммат юради. Отанинг шижоатига қойил, тенгдош­лари тугул ёшларга ҳам ибрат бўлаётир.

Ишнинг кўзини билиб қилинган меҳнат эл назаридан четда қолмади. Фахрий журналист яратган боғ довруғи тилга тушди. Кузда республика қишлоқ хўжалиги ходимлари кунини нишонлаш арафасида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжалик­лари ва томорқа ер эгалари Кенгашининг қарори билан Норбобо Шакаров “Намунали томорқачи” кўкрак нишонига сазовор бўлди. Сув таъминоти оғир ҳудудларда фидокорона меҳнат қилиб, боғ-роғ яратгани, юртимиз маъмурчилигига муносиб ҳисса қўшгани учун давлат томонидан 120 миллион сўм субсидия ҳам берилди.

Ҳозир 75 ёшни қаршилаган отахон журналист кексайганда боғ юмушларига шўнғиб кетган бўлсада, қаламни ҳам қўлдан қўйгани йўқ. Унинг теран таҳлилий ва танқидий руҳдаги мақолалари ҳамон “Hurriyat”, “Зарафшон”, “Иқтисодий газета” сингари нашрларда кўриниб турибди, интернет нашрларига ҳам фаол қатнашмоқда. Айни пайтда у сўнгги йилларда марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида чоп этилган мақолаларини йиғиб “Етмишдан сўнг” ном остида тўп­лам чиқариш ҳаракатини бошлаган.

— Мен шу йил Ҳаж сафарига боришни режалаштирган эдим, – дейди   журналист-боғбон Норбобо Шакаров. – Аммо бу йилги ҳажга борувчилар 65 ёшдан юқори бўлмаслиги керак, дейишди. Шундай бўлсада, бу гапдан тушкунликка тушганим йўқ. Эҳтимол, бу талаб келаси йилда бекор бўлиб қолар, дейди у умид билан.

Яхши ният – ярим давлат, дейдилар. Биз ҳам қаҳрамонимиз фахрий журналист ва боғбон Норбобо ота Шакаровнинг ва у каби 65 ёшдан ошган, лекин ҳали саломатлиги жойда, ўктам ва бардам бошқа кўплаб юртдошларимизнинг бу эзгу ниятлари рўёбга чиқади деган умиддамиз.

                                                                                         Орифжон ЖУМАНОВ,

                                                                                                   журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link