Журналист бўлишни болаликдан орзу қиламан. Бу олдимга қўйган энг эзгу мақсадларимдан. Мақсадимга эришиш йўлида эса бугун ўқиб, ўрганмоқдаман. Аммо… гоҳида баъзилар ғайриоддий фикрлари билан ақлимни шошириб қўяди. Жуда ҳайронман. Нима эмиш, “ўқимай туриб ҳам журналист бўлиши мумкин” эмиш!
Ахир, ўқимай журналист бўлиш… қандай қилиб?
“Шунчаки, қизиқарли мавзуларда видео лавҳалар тайёрлаб, ижтимоий тармоқларга жойлаш ва уни тарқатиш керак. Бўлди, қарабсизки, журналистсиз-да”, дейди бир акахонимиз.
Очиғи, бу гапдан ҳафсалам пир бўлади.
Ўйлашимча, ҳар бир воқеа, ҳодисани чуқур ўрганиш, мукаммал тарзда ёритиш, ўз фикрини асослаш ва шарҳлай олиш, муносабат билдириш чин журналистга хос хусусият. Лекин бугун кўпчилик япалоқдек телефонда тасвирга олишни ва уни ўз билганича ижтимоий тармоқларга жойлашни журналистика деб ўйлашаётгани ғалати-да.
Катта устозларнинг битикларини ўқиганман. Улар айтишадики, Журналистика катта билим, чуқур тафаккур, доимий ижод ва изланишни, энг муҳими, жасорат билан холис ва ҳалоллик ила яшашни талаб қиладиган соҳадир. Унинг меҳнати оғир, нони қаттиқ. Эл дарди, ташвиши билан яшаш осон эмас.
Қизиқ, бугун кимларнингдир бўлган-бўлмаган айбини, баъзида турли оилавий икир-чикирларни ошкор этишни асосий ижод мезони билиб, журналист касбини ниқоб қилаётган кимсалар аслида қайси соҳага тегишли? Журналистикага, матбуотга қандай алоқаси бор бундайларнинг?!
Ундайларни блогерлик ҳунари билан шуғулланувчи шахс сифатида ҳам кўролмайсан, киши. Чунки, журналистиканинг олтин қоидаси — ҳақиқатни бир томонга бўйин товламасдан ёритиш эмасми?
Жуда ачинарли, шундай шарафли касбни кейинги пайтларда баъзи бир “доно”лар ўта юзаки ҳисоблаб, бир думалаб ўзларидан “журналист, мухбир” ясаб олишаётганига жим қараб туриб бўладими? Шундай экан, мен ҳали шу соҳага қизиқувчи, келажакда шу йўналишдаги олий даргоҳларга кириб ўқишни ният қилиб турган ёш инсон сифатида, элу халққа чинакам матбуот, ОАВ вакили киму, блогер ким, ижтимоий тармоқларда ўз профилини очган одам кимлигини тушунтириш керакмикан, — дея ўйлаб қоламан. Йўқса, бугун кимнинг қўлида телефон йўқ, ё ким ижтимоий тармоқларга кирмайди? Ёхуд ким телеграммда ўз рақамига эга эмас? Тавба, телефони бор одам осонгина журналист бўлиб қолаверадими?
Асло. Кечириб қўйишсин, бундай ҳовлиқмалар! Керак бўлса, журналист бўлиш учун нафақат олий маълумотга эга бўлиш, балки ижодкор инсон бутун умрини шу соҳага бағишлаши керак деб биламан. Негаки, ҳаётини соҳага бахшида қилиб юрган қанча устозларни биламан, улар ижодини кузатиб бормоқдаман.
Сўзим охирида айтмоқчи бўлганим шуки, улуғ ва шарафли касбга соя солмоқчи бўлаётган айрим на саводи, на мутахассислигининг тайини бўлмаган бетайинлар қанча чиранмасин, уринишмасин осонгина журналист бўлиб қолишолмайди. Машҳур ҳофиз куйлаганидек, ҳақиқий журналистни эл билади, эл танийди, тан олади. Ундайларни ким билади?
Улуғбек ШAРОБИДДИНОВ,
“ЮКСAЛИШ” умуммиллий ҳаракати аъзоси
Янгиликларни дўстларингизга улашинг