Friday, June 2nd, 2023

“Заминдай вазмину меҳнаткаш, мушфиқ…” – HURRIYAT


Ҳар гал фидойи олим ва педагог Бойбўта Дўстқораевни эсга олганимда, “Заминдай вазмину меҳнаткаш, мушфиқдеган мисра беихтиёр хаёлимга келади. Назаримда, атоқли шоиримиз Ғафур Ғуломнинг халқимиз таърифида битган бу шоҳ сатри шу элнинг чин фарзанди бўлган Бойбўта акага ҳар жиҳатдан муносибу киши ҳақиқатан ҳам заминдай вазмин, ҳақиқатан ҳам меҳнаткаш, мушфиқ ва камсуқум инсон эди

Бойбўта акани биринчи марта 1973 йилнинг ёз ойларида, акам билан Тошкент давлат университетига ўқишга ҳужжат топшириш учун келганимда учратганман.

Университетнинг кенг-мўл, узун коридорига қўйилган қатор столлардан бирида ўттиз ёшлар чамасидаги йигит журналистика факультетига ҳужжат қабул қилаётган экан. Столдаги пешлавҳадан бу ёш ўқитувчи факультет қабул комиссиясининг аъзоси Бойбўта Дўстқораев эканини билиб олдик. Домла ҳар бир ҳужжатни ниҳоятда синчковлик билан кўриб чиқар, ўз ишига масъулият билан ёндашиши хатти-ҳаракатларидан яққол сезилиб турар эди.

Навбат менга келди. У киши ҳужжатларимни диққат билан кўздан кечирар экан, бир зум тараддудланиб қолди. Гоҳ паспортимга, гоҳ аттестатимга, сўнгра юзимга қаради, кейин мулойимлик билан деди:

— Укажон, паспортингизда туғилган жойингиз Орджоникидзе райони деб кўрсатилган экан, аттестатингизда Паркент деб ёзилибди. Албатта, мен ишонаман, бунда сизнинг айбингиз йўқ, лекин ҳужжат – барибир ҳужжат-да, тўғрилаб келмасангиз бўлмас…

Аттестатни олаётган вақтда азбаройи суюнганимдан эътибор қилмаган эканман, қарасам, ҳақиқатан ҳам туғилган қишлоғим Паркент деб кўрсатилибди. Ҳолбуки, менинг насл-насабим шу жойдан бўлса-да, 1956 йилнинг 19 январь куни собиқ Орджоникидзе (ҳозирги Қибрай) туманининг Тузил қишлоғида туғилганман. Ота-­онам иқтисодий шароити ночор бўлган Паркентдан кўчиб келиб, шу ердаги совхоз, яъни давлат хўжалигида оддий ишчи бўлиб меҳнат қилишган.

Мактабда Холиқ Эшматов деган ҳуснихати чиройли математика ўқитувчимиз бўларди, паспортга қараб ўтирмасдан, ҳамма синфдошлар қатори менинг аттестатимга ҳам комил ишонч билан “Паркентда туғилган” деб ёзиб юборган экан.

Ноилож, қишлоққа қайтиб, аттестатдаги хато ёзувни тўғрилаш ҳаракатига тушдим. Ҳамма ёзги таътилга чиқиб кетган эмасми, мактаб бўм-бўш. Директоримиз – раҳматли Умарали аканинг уйига бордим, бояги хатони тузаттириб, кейин туман халқ маориф бўлимидан аттестатга “Исправленному верить!” деган муҳрни бостиргунимча, орадан икки-уч кун вақт ўтиб кетди.

Ниҳоят, ҳужжатларни тахт қилиб, яна акам билан Тошкенти азимга йўл олдик. Университетга келсак, ҳужжат қабул қилиб ўтирган Бойбўта ака жо­йида йўқ, коридорда узунгина, асабий нав­бат ҳосил бўлибди.

Бир соатлар ўтгач, у киши шоша-пиша кириб келди. Биздан олдинроқда турган ёши каттароқ одам норози оҳангда нимадир деган эди, домла мулойимлик билан:

— Узр, кечирасизлар, келинингизни туғруқхонага жойлаштириб келяпман, шунга кеч қолдим, – деб жилмайди.

Мен оиласида янги фарзанд кутилаётган ҳаяжонли ва ташвишли паллада ҳам ишидан қолмаган, ўзига хос оғир-вазминлик ва синчковлик билан хизматини давом эттираётган бу инсоннинг сабр-бардоши ва масъулиятига қойил қолдим.

Журналистика факультетида ўқиганлар билади, бу даргоҳда таҳсил олмоқни ният қилган “абутўра”, яъниким, абитуриент зарур ҳужжатлар билан бирга ижодий ишларини – турли нашрларда эълон қилинган материалларини ҳам топшириши лозим. Менинг собиқ Коммунистик (ҳозирги Юқори Чирчиқ) туманида чиқадиган “Суръат” газетасида босилган ва ўн икки варақли расм дафтарига ёпиштирилган тўрт-бешта хабар ва лавҳаларим бор эди, холос.

Мендан олдин ҳужжат топшираётган йигит сандиқдек бир альбомни стол устига қўйди. Секин разм солсам, унинг ичида журналистиканинг ҳамма жанрларидан намуналар – мақола ва репортаж ҳам, интервью ва очерк, фелъетон, ҳатто, саҳифа-саҳифа шеърлар ҳам бор. Гап-сўзларидан маълум бўлдики, бу йигит воҳадаги туман газеталаридан бирида масъул котиб бўлиб ишлар экан.

Бойбўта ака унинг материалларини қизиқиш ва эътибор билан кўриб чиқди, сўнгра: “Укажон, газетада катта вазифада ишлар экансиз, ҳарбий хизматга ҳам бориб келибсиз. Ҳаётий ва ижодий тажрибангиз етарли экан, менинг сизга маслаҳатим, ҳужжатларингизни сиртқи бўлимга топширинг. Чунки, баъзан университетни тугатган журналистлар ҳам лоақал район газетасига ишга ўтолмайди. Сиртқи бўлимга топширсангиз, ҳам олий маълумотли бўласиз, ҳам иш жойингизни йўқотмайсиз”, дегани эсимда.

Албатта, бу ҳаётнинг паст-баландини кўрган, биздан уч-тўрт кўйлакни ортиқроқ йиртган одамнинг реал вазиятдан келиб чиқиб, бўлғуси талабага берган холисона, хайрихоҳ ўгитлари эди.

Мухтасар айтганда, ўша илк учрашувдаёқ Бойбўта Дўстқораев менда ҳар қандай ҳолатда ҳам ўз вазифасига сидқидилдан, масъулият билан ёндашадиган, мулоҳазакор, барчага, айниқса, ёшларга меҳр-эътибор билан муносабатда бўладиган инсон сифатида таассурот қолдирди. Ва йиллар оша домла ҳақидаги бу фикрларим ҳаётда ўз тасдиғини топа борди.

Ўша вақтларда, адашмасам, Бойбўта ака факультетда энди меҳнат фаолиятини бошлаган, “лаборант” деган камтарона бир лавозимда ишларди. Баъзан катта домлаларимиз узрли сабаблар билан келмай қолганида, у киши бизга дарс ҳам ўтиб турарди.

Аслида, устоз-шогирдлик деган гап жуда шартли тушунча. Инсон баъзан биргина учрашув орқали ёки фавқулодда ўткир бир фикри, бир оғиз ўринли маслаҳати билан ҳам ҳаётингизда ўчмас из қолдириши, сиз учун умрбод устоз мақомида бўлиб қолиши, аксинча, сизга тўрт-беш йил сабоқ бериб ёки узоқ вақт бир идорада, бир хонада бирга ўтириб, сизга раҳбарлик қилиб ҳам устозлик даражасига кўтарила олмаслиги мумкин.

Ҳақиқий устоз бўлиш учун одамнинг аввало ички дунёси бутун, виждон-эътиқоди пок, маънавияти юксак бўлиши лозим экан.

Бойбўта ака журналистика назарияси бўйича ора-сира ўтган мана шу икки-уч соатлик сабоқлари билан ҳам биз талабаларнинг меҳримизни қозониб улгурган эди.

Шу ўринда ўша даврда бизга XIX аср чет эл адабиётидан қисқагина – атиги бир семестр дарс берган бетакрор Талъат Солиҳов домламиз ёдимга тушади. У табиатан ниҳоятда оғир-вазмин, доим озода ва сипо кийиниб, қалин гардишли кўзойнак тақиб юрадиган, шу қиё­фаси билан “Уруш ва тинчлик” фильмидаги Сергей Бондарчук яратган Пьер Безухов сиймосига ўхшаб кетадиган бир киши бўлиб, нафақат ўз фанини, балки адабиёт илми, сўз санъати моҳиятини “сув қилиб ичган” олим эди.

Эсимда, бир гал домла машҳур француз адиби Ги де Мопассаннинг “Дўндиқ” номли ҳикоясини уч соат давомида ипидан игнасига қадар батафсил таҳлил қилиб берган эди.

Тасаввур қиляпсизми, уч соат фақат биргина ҳикоя, фақат ва фақат таҳлил!

Ушбу сатрларни ўқиётган дўстларимиз ҳикоя мазмуни билан албатта таниш бўлсалар керак, деган умидда унинг сюжетини айтиб ўтирмоқчи эмасман. Ўқимаганлар бўлса, шу баҳона мутолаа қилсалар, ажаб эмас.

Фақат шуни айтмоқчиманки, дилижанс аравада кетаётган бир гуруҳ француз фуқароларини йўлдаги назорат бекатида бир прусс зобити тўхтатади ва улар орасидаги фоҳиша аёл – Дўндиқнинг ўзи билан кўнгилхушлик қилишини очиқдан-очиқ, сурбетларча талаб қилади. Бу гапни эшитиб, аравадаги йўловчилар – амалдор, руҳоний, олим, савдогар, ҳарбий хизматчи ва бошқалар дастлаб қаттиқ дарғазаб бўладилар. Аммо орадан икки кун ўтгач, улар энди ярамас пруссакнинг талабига кўнмасдан, уларни йўлдан қолдираётган Дўндиқдан норози бўлиб, уни душман зобитининг истагини бажаришга қистай бошлашади. Яъни, бу худбин кимсалар ўз манфаати йўлида ғанимдан нафратланиш, жирканиш ўрнига унга хушомад қилишга, ўз миллатдоши бўлмиш бахтиқаро аёлга нисбатан сотқинлик қилишга тайёр эканликларини намойиш этадилар.

Учинчи машғулот сўнггида Талъат ака: “Мопассан асарда тасвирлаган бош қаҳрамон – бу фоҳиша аёл Дўндиқ эмас, ҳикоянинг бош қаҳрамони – бу ўз фуқароларининг маънавий қўрқоқлиги ва хиё­нати сабабли Пруссияга қарши урушда мағлубиятга учраган мазлума Франция”, дея бу кичкинагина ҳикоядан жуда катта, фавқулодда теран фалсафий хулоса чиқарган ва буни эшитиб, ҳаммамизнинг кўзимиз ярқ этиб очилиб кетган эди.

Мана шундай унутилмас сабоқлар туфайли мен ҳақиқий адабиёт қандай бўлишини, чинакам бадиий асарнинг иккинчи маъноси, иккинчи қатлами ҳам борлигини ва уни англаш зарурлигини ўргандим.

Кейинчалик жаҳон адабиётининг машҳур намояндалари, хусусан, Хемингуэй, Маркес, Жойс сингари адиблар ижодига мансуб кўп маъноли, тагдор қатламли асарларни мутолаа қилар эканман, уларнинг мағзини чақиш, ботиний мазмунини идрок этишда Талъат Солиҳовнинг сабоқлари, ҳеч шубҳасиз, мен учун ноёб дастур, сеҳрли калит вазифасини ўтаганини миннатдорлик билан эътироф этаман.

Қалбимдаги чуқур ҳурматга қарамасдан, мен Талъат Солиҳов билан яқин бўлиб кета олганим йўқ. Раҳматли домланинг ўзлари ҳам жуда салобатли, сипо ва сирли инсон эди-да. У кишини университетда онда-сонда узоқдан кўриб қолар эдик. Ҳозиргача шу юксак интеллектуал салоҳиятли шахснинг суҳбатидан кўпроқ баҳраманд бўлмаганимга, кўпроқ билим олиб қолмаганимга афсусланаман.

Лекин шунга қарамасдан, мен Талъат домлани Асқад Мухтор, Эркин Воҳидов сингари чин устозларим қатори ҳамиша эҳтиром билан ёдга оламан. Худди шунингдек, Бойбўта Дўстқораев ҳам мен учун устозлик мақомига эга инсон эканидан фахрланаман.

Орадан йиллар ўтди. Университетни тугатиб, ҳаммамиз ҳар томонга тарқаб кетдик. Бойбўта ака қадрдон дорулфунунда қолди. Мен домланинг ижодий ва педагогик фаолиятини имкон қадар кузатиб, ёзганларини ўқиб, турли тадбирларда салом-алик қилиб юрдим.

Ва ниҳоят, 2010 йили у кишини йирик ва заҳматкаш олим сифатида ўзим учун янгитдан кашф қилдим.

Кунларнинг бирида Бойбўта ака мен ишлаётган Президент девонига мурожаат қилиб келди. Маълум бўлишича, домла анча вақт муқаддам “Ўзбекис­тон журналистикаси тарихи” номли дарслик яратган бўлиб, қўлёзма турли босқичларда илмий муҳокамалардан ўтиб ижобий баҳоланган, лекин қандайдир сабабларга кўра босилмай келаётган экан. Муаллифнинг илтимосидан сўнг қўлёзмани олий таълим вазирлиги раҳбарларидан бири “шахсан ўзим кўриб чиқиб, ҳал қиламан”, деган ваъда билан қабул қилиб олган, аммо қарийб ярим йилдан буён бу илмий иш унинг ғаладонида ҳаракатсиз ётган экан.

Гарчи бу дарсликни чоп этиш масаласи менинг хизмат ваколатимга кирмаслигини яхши билса-да, домла қўл­ёзма билан шунчаки бир ўқувчи сифатида танишиб чиқишимни сўради.

Одатда илмий тадқиқотлар, дарслик ва қўлланмалар қатъий талаблар асосида, ўзига хос услубда яратилишини, шу сабаб уларни “ҳазм қилиш” ҳам оддий китобхон учун анча мураккаб, ҳатто бироз зерикарли бўлишига ҳаммамиз кўникиб қолганмиз.

Лекин “Ўзбекистон журналистикаси тарихи. 1-қисм. 1870–1917 йил ноябрь” деб номланган, каттагина ҳажмли ушбу қўлёзма билан танишар эканман, очиғини айтсам, худди ўткир сюжетли детектив асарни ўқиётгандай, ундан бош кўтара олмай қолдим.

Чуқур илмий таҳлил, инсоний ҳарорат, фаол гражданлик позицияси, энг муҳими, миллий истиқлол ғояси билан суғорилган бу асар ўта жиддий, ғоят оғир ва машаққатли меҳнатнинг самараси бўлиб, шак-шубҳасиз, маънавий жасорат намунаси эди.

Қўлёзмани ўқиб тугатгач, беихтиёр ўйга толдим. Муаллифнинг Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Китоб палатаси, Давлат марказий архиви ва бошқа даргоҳларда қанчадан-қанча тарихий манбаларнинг, бундан бир-бир ярим аср олдин чоп этилган, варақлари ҳилвираб кетган газета-журнал тахламларининг чангини ютиб, неча йиллар тинимсиз изланишлар олиб боргани, ўнлаб, юзлаб саҳифа материалларни фақат қўлда кўчириб чиққанини ўзимга тасаввур қилдим. Манбалардан парча ва иқтибосларни тўплаш ўз йўлига, лекин уларнинг барчасини бир мантиқ ипига моҳирона, худди маржондек тизиб чиқилгани мени беҳад лол қолдирди.

Китоб ноҳақ қатағонга учраган, отилган, осилган, сўйилган, лекин “Ватан учун, миллат учун” деган ҳаёт маслагидан қайтмаган маърифатпарвар аждодларимиз фаолиятининг сўнмас бир жаб­ҳаси – жадидчилик деб аталадиган улкан ва қудратли ҳаракатнинг туб илдизи, унинг тадрижий тараққиёти ва фожиали тақдиридан ҳикоя қиларди.

Бу асарнинг ҳар бир варағи, ҳар бир сатрида Туркистон қайғуси, Туркистон дарди унсиз фарёд каби янграрди.

Бу – мустақил Ўзбекистоннинг чин зиё­лиси бўлган фидойи шахс тафаккури билан яратилган, сўнгги йилларда мен қаноат ҳосил қилиб ўқиган оз сонли китоб­лардан бири, таъбир жоиз бўлса, Бойбўта Дўстқораев деган заҳматкаш олим умрининг бош китоби эди.

Гарчи муаллиф бугунги ёши улуғ барча инсонлар қатори умрининг асосий қисмини совет мафкураси даврида ўтказган бўлса-да, “Ўзбекистон журналис­тикаси тарихи” асари унинг эски ғоя ва маслаклардан бутунлай воз кечиб, истиқлолимизни англаш ва қадрлаш, озодлик йўлида жон фидо қилган аждодларимизнинг жасоратли курашини ўрганиш ва тарғиб этишга қаратилган олижаноб ва ибратли интилишларини ўзида ёрқин мужассам этади.

Ушбу тадқиқотнинг яна бир ноёб хусусияти – муаллиф унда фақат бирламчи манбаларга, аниқ факт ва маълумотларга асосланиб мушоҳада юритади, ортиқча изоҳ ва тафсилотларга деярли ўрин бермайди. Асарда фақат ҳужжат ва далиллар “гапиради”, таъбир жоиз бўлса, тарих тилга киради. Бу эса китоб билан танишган ҳар қандай ўқувчининг онгида мустақил ва холис фикр уйғотади.

Тадқиқот ишида Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдурауф Фитрат, Сад­риддин Айний, Абдулҳамид Чўлпон, Ҳамза, Абдулла Қодирий, Ҳожи Муин сингари номлари ҳаммамизга, кенг жамоатчиликка ёд бўлиб кетган атоқли жадид намояндаларидан ташқари, шарафли исмлари, эзгу ишлари ҳали-ҳануз кўпчилигимизга нотаниш ва номаълум бўлиб келаётган Обид Исмоилов, Мирҳайдар Мирбадалов, Жалол Юсуфзода, Мўминжон Муҳаммаджонов, Рауф Музаффар, Холид Саид, Каримбек Норбек ўғли, Обиджон Маҳмудов, Убайдулла Сулаймоний, Шокиржон Раҳимий, Кабир Бакир, Нўширавон Ёвушев, Абдураҳмон Содиқ ўғли, Муҳаммадқул Ўринбоев, Мавлон Ашурбоев сингари ўнлаб, юзлаб маърифатпарвар курашчилар ҳақида ғоят нодир маълумотлар баён этилган. Бу ажойиб одамларнинг ҳар бири ҳақида достон ёзса арзийди.

Муаллиф шундай таъсирчан мисолларни топиб келтирадики, ўқувчи ўта оғир тарихий шароитда, чор ҳукумати цензураси ва таъқибига, маҳаллий амалдорлар ва мутаассиб кимсаларнинг қаршилигига қарамасдан, миллий матбуотимиз фидойиларининг беқиёс мардлиги ва матонатидан хабардор бўлади. Бу жасур ота-боболаримизнинг мислсиз саъй-ҳаракатлари, азоб-уқубатлари ҳисобидан ёруғлик юзини кўрган “Ҳуррият”, “Тараққий”, “Хуршид”, “Садои Туркистон”, “Садои Фарғона”, “Тужжор”, “Самарқанд”, “Шуҳрат”, “Нажот”, “Ойина” каби машҳур нашрлар билан бир қаторда, “Озиё”, “Бухорои шариф”, “Турон”, “Шўрои ислом”, “Турк эли”, “Улуғ Туркистон”, “Тирик сўз”, “Эл байроғи”, “Кенгаш”, “Юрт”, “Ал-Ислоҳ”, “Ал-Изоҳ”, “Чаён” сингари ўнлаб газета ва журналлар ҳақидаги мутлақо янги маълумотлар китобхонни ҳайратга солади.

Ишонч билан айтиш мумкинки, Бойбўта Дўстқораев мана шу фундаментал асари билан ўзбек халқи тарихининг шонли, мунаввар даври – жадидчилик ҳаракатининг унутилаёзган, биз билмаган номаълум ва айни вақтда ёрқин саҳифаларини тиклаб берди.

Мазкур китоб яратилаётган вақтда юртимизда Озод Шарафиддинов, Шариф Юсупов, Солиҳ Қосимов, Шерали Турдиев, Бегали Қосимов, Наим Каримов, Ғайбулла Саломов, Сайди Умиров, Улуғбек Долимов, Рустамбек Шамсуддинов, Зайнобиддин Абдурашидов, Сирожиддин Аҳмедов, Шуҳрат Ризаев, Баҳодир Каримов, Ҳалим Саидов каби кўплаб олимлар мазкур йўналишда самарали фаолият олиб бормоқда эдилар. Аммо айрим вазирлик ва идоралар ходимларида жадидчилик ҳаракатига ҳамон ҳадиксираб қараш, ушбу мавзу тадқиқотчиларини иложи борича эътибордан четда тутишга уриниш ҳолатлари сақланиб келаётгани сир эмас. “Ўзбек журналистикаси тарихи” китобининг қўлёзмаси вазирлик ғаладонларида сирли равишда бедарак ётиши ҳам ана шундай қўрқув, маънавий мутеликнинг бир кўриниши эди, холос.

Мутолаа ниҳоясига етгач, мен дарҳол домлага телефон қилиб, ушбу фундаментал асар билан табрикладим, таассуротларим ва айрим фикр-мулоҳазаларимни билдирдим. Сўнгра масаланинг амалий томонига киришиб, олий таълим мутасаддилари билан боғландим, дарсликни нашр этиш бўйича биргаликда иш олиб бордик. Ниҳоят, асар дунё юзини кўрди. Зиёлиларимиз, талаба-ёшлар, кенг маданий жамоатчилик томонидан қизғин кутиб олинган китоб илмий-маърифий ҳаётимиздаги муҳим воқеа сифатида эътироф этилди.

Мана шундай эзгу ишга озми-кўпми ҳиссам қўшилганидан ҳали-ҳануз қувониб, ғурурланиб юраман.

Бойбўта ака ўзига хос инсоний камтарлиги, мулойим феъл-атвори, табиатан хокисорлиги туфайли юқорида номлари зикр этилган олимлар рўйхатида, уларнинг даврасида аксарият ҳолларда кўзга кўринмайгина юрарди. Лекин домла мана шу китоби билан ўзининг қандай юксак салоҳиятга эга эканини, биргина асар билан ҳам илм-фан, адабиёт тарихидан муносиб ва мустаҳкам ўрин олиш мумкинлигини исботлаб бергани айниқса эътиборлидир.

Биз баъзан ҳаяжонимиз жўшиб, Асқад Мухтор, Бегали Қосимов сингари адиб ва олимларимизга нисбатан ҳақли равишда “сўнгги жадид” деган таърифни ишлатамиз. Бойбўта Дўстқораев ҳам ана шундай улуғ шахслар қаторидан ўрин эгаллашга лойиқ маърифат соҳиби эди.

Мен ишонаман, агар у киши ўзи ҳар томонлама чуқур тадқиқ этган даврда, яъни XIX аср охири – XX аср бошларида яшаганида, ҳеч шубҳасиз, жадидларнинг энг фидойи вакилларидан бири сифатида намоён бўлур эди.

Домла китобига эзгу тилаклар битиб, менга ҳам совға қилган эди. Эндиликда ноёб библиографик манбага айланиб қолган ушбу асарни дам-бадам ўқиб тураман ва ҳар гал мутолаа чоғида янги-янги қизиқарли тарихий маълумотларга дуч келаман, муаллифнинг чеккан заҳматлари, фидокорона меҳнатларини ўйлаб, қойил қоламан.

Бойбўта Дўстқораев “Ўзбекистон журналистикаси тарихи” китоби учун “Олтин қалам” миллий мукофотига сазовор бўлди. Матбуот тарихини ўрганишга оид салмоқли асарлари, таълим соҳасидаги кўп йиллик самарали фаолияти инобатга олиниб, давлатимизнинг юксак мукофоти – “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвони билан тақдирланди.

Афсуски, мамлакатимиздаги барча бўлғуси журналистларнинг, ҳар бир адиб ва шоир, оммавий ахборот воситалари ходимларининг, ижтимоий-гуманитар соҳада фаолият юритаётган домла ва ўқитувчиларнинг, умуман олганда, ўзини зиёли деб ҳисоблайдиган ҳар қайси инсоннинг наинки китоб жавонидан, балки юрагидан ўрин олиши, доимо иш столида туриши зарур бўлган мана шундай ноёб китоб жуда кам – бор-йўғи 2 минг нусхада чоп этилган эди.

Мана, у нашр этилганидан буён орадан 13 йил ўтибди. Шунча вақт давомида миллий ўзлигимизни англаш, тарихимиздан ғоят зарур ва ибратли хулосалар чиқариш борасида бебаҳо манба бўлган ушбу дарслик қайта нашр этилмагани албатта ачинарлидир. Мутасадди ташкилотлар, тегишли раҳбарлар бу масалага алоҳида эътибор қаратадилар, деб барчамиз умид қиламиз.

Юқорида айтганимдек, китобнинг илк саҳифасида “1-қисм. 1870–1917 йил ноябрь” деган ёзув қайд этилган. Асар дарсликнинг иккинчи қисмида қандай мавзулар ҳақида сўз юритилишига оид эслатма билан якунига етади. Демак, унинг кейинги бўлимлари ҳам қисман ёзилган ёки уларга материаллар тўпланган бўлиши мумкин.

Таассуфки, домла умрининг охирларида оғир дардга чалиниб, бошлаган эзгу ишини охирига етказа олмагани барчамиз учун армон бўлиб қолди.

Лекин ҳали ҳам кеч эмас. Агар “Ўзбекистон журналистикаси тарихи” қайта нашр қилинадиган бўлса, устознинг шогирдлари, фарзандлари томонидан муаллифнинг шахсий архивида қолган қўшимча материаллар билан тўлдирилиб, бойитилиб чоп этилса, айни муддао бўлур эди. Зеро, кейинги йилларда юртимизда маърифатпарвар боболаримизнинг ибратли ҳаёти ва фаолиятини ўрганишга қаратилаётган алоҳида диққат-эътибор ҳам шуни тақозо этади.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномасида ўринли таъкидлаганидек:

“Биз қадимий ва бой тарихимизни, айниқса, ғоят оғир шароитда илм-маърифат, инсон эркинлиги, халқ озодлиги, Ватанга, миллий қадриятларга меҳр ва оқибат ғояларини дадил кўтариб чиққан жадид боболаримиз фао­лиятини янада чуқур ўрганишимиз лозим. Уларнинг улуғ мақсадлар йўлидаги мардона кураши ва фидойилиги Янги Ўзбекистонни қуришда барчамиз, аввало, ёшларимиз учун ибрат мактаби бўлиб хизмат қилиши зарур”.

Бугунги кунда мамлакатимизда тарихга, хусусан, яқин ўтмишимизда юз берган ижтимоий-сиёсий, маърифий жараёнлар, хусусан, жадидчилик ҳаракатига, таълим-тарбия масаласига муносабат ва эътибор тубдан ўзгарган, шу билан бирга, тинч ва осойишта ҳаётимиз, маънавиятимизга турли таҳдид ва хатарлар кучайган бир вазиятда “Ўзбекис­тон журналистикаси тарихи”дек китоб­лар биз учун сув билан ҳаводек зарур, деб ўйлайман.

Биз Бойбўта Дўстқораевдек ўзининг бутун онгли ҳаётини маърифат ва эзгуликка бағишлаган, илмдан, сўздан бош­­қа таъмаси бўлмаган фидойи олимларимизни эл-юртимизга, ёшларимизга кўпроқ танитишимиз, улар ҳақида кўрсатув ва мақолалар, китоблар эълон қилишимиз, хотира кечалари, таваллуд саналарини мунтазам ўтказиб туришимиз керак.

Буюк Заҳириддин Муҳаммад Бобур айтганларки: “Донишмандлар шараф билан ёдланишни иккинчи умр демиш­лар”.

Шу маънода, ибратли ҳаёт кечириб, солиҳ фарзандлар ўстирган, билимдон шогирдлар тайёрлаган, севган касбида она юртга садоқат билан хизмат қилиб, ўзидан қутлуғ мерос, яхши ном қолдирган Бойбўта Дўстқораев бугун ўзининг иккинчи умрини яшамоқда.

Илоҳим, домламизнинг охиратлари обод бўлган бўлсин.

Хайриддин СУЛТОН

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link