Sunday, December 4th, 2022

Замонавий журналистика сабоқлари – HURRIYAT


ёхуд Фарғонада бўлиб ўтган халқаро конференцияда нималарга ишонч ҳосил қилдик?

 

Дунё ҳеч қачон бу қадар шиддатли ўзгариш палласига кирмаган эди. Биз бугун инсон онг-шуури, тафаккур уфқининг кенгайиши, рақамлаштириш, роботлаштириш, муҳим маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, замонавий ахборот технологияларини янада такомиллаштириш ва амалиётга тадбиқ этиш шароитида яшамоқдамиз. Замон ва яшаш шароитининг ўзгариши ижтимоий ҳаётга, инсон турмуш тарзига жиддий таъсир кўрсатмоқда. Бундай шароитда одамларнинг холис ва ҳаққоний ахборотга, уларнинг “тез”лиги билан бирга самимийлигига ҳам   эҳтиёж ошади, албатта.

Оммавий ахборот   воситалари дунё мамлакатларининг умумий, айни чоғда мантиқан бир-бирига мос бўлмаган сиё­сатларини шакллантиришда фаол иштирок этмоқда. Бу ҳолат ОАВга доир ёзма қонун-қоидаларни қайта кўриб чиқиш, бугунги реал шароитга мослаштиришни тақозо этаётир.

Ўтган ҳафта Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси, Ўзбекис­тон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Фарғона вилоят бўлими ҳамкорлигида “Замонавий журналистиканинг долзарб муаммолари” мавзусида ўтказилган халқаро анжуманда айни шу хусусда жиддий баҳс-мунозара борди. Дунёнинг ўндан ортиқ мамлакатларидан келган оммавий коммуникация мутахассислари, таниқли журналистлар, медиа майдони кузатувчилари Фарғонада қатор йиллардан бери узлуксиз ўтказиб келинаётган бу илмий-амалий йиғинда ўзларининг таҳлилий мушоҳадалари, мавжуд муаммолар ечимига доир жўяли таклифларини эмин-эркин баён қилдилар. Бугунги талотўпли давр хуружлари журналистикага салбий таъсир кўрсатаётгани якдиллик билан эътироф этилди.

Ушбу анжуманда қатнашар эканман, бир жиҳатни аниқ кузатдим. Сир эмас, бугун дунёда неча минг йиллар давомида шакл­ланган маданий-ахлоқий қадриятлар ўрнини янги, замонавийлашган сохта қадриятлар ҳам эгалламоқда. Бу ҳолат турли давлатлар, йирик холдинг ва корпорациялар, сиёсий, ҳарбий бирлашмалар, медиа тузилмаларнинг энг аввало шахсий манфаати билан боғлиқ.

Ҳолат шундайки, умумий мақсадга, тинчлик ва тараққиётга хизмат қилувчи мулоқотлар, иккинчи, учинчи томонни ҳам эшитиш, тўғри мушоҳадаларни қабул қилиш, бир-биридан ўрганиш, бунда тарих синовларидан ўтган халқ дипломатиясидан   фойдаланиш камайиб бормоқда. Ҳамма ўз йўлини тўғри деб ҳисоблайди, бошқача фикр­­га ишончсизлик билан қарайди. Сиёсатдонлар, иқтисодчилар, инсон ҳуқуқи ҳимоячилари ва ҳатто маданият, ахлоқ-одоб тарғиботчилари фаолиятида ҳам бу қусур кўзга ташланади. Давлатчилик, манфаатли ҳамкорлик, қўшничилик муносабатларида юзага келадиган муаммоларнинг олдини олиш учун, халқона тил билан айтганда, “дўппини бошдан олиб очиқчасига дардлашиш” зарурлиги унутилмоқда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг   бундан беш йил аввал бошланган халқ билан мулоқот, эл ичида бўлиш, уни тинглаш сиёсати эндиликда халқлар, миллатлар, давлатлар, яқин қўшниларнинг бир мақсад йўлида бирлашиб ҳаракат қилиш сиёсатига айланди. Бу сиёсат қандай улуғ натижа бераётганига фақат биз эмас, бошқа томонлар ҳам гувоҳ бўлиб турибди.

Фарғонада мен ишонч ҳосил қилган нарса шуки, биз матбуот соҳасида ҳам бир-биримиздан “узоқлашиб” кетган эканмиз. Узоқлашган одам   маҳаллий даражадаги ютуқлари билан қувониб юраверади, аммо ён-атрофида, узоқ-яқин минтақаларда қандай жараёнлар кечмоқда,   хорижий матбуотнинг бош мавзулари, ибрат олса бўладиган хусусиятлари, хато­-камчиликлари қандай – бу тўғрида кам ўйлайди, аниқроғи, бунга қизиқмайди ҳам. Улуғ адиб Чингиз Айтматов миллий адабиётларнинг бир-биридан узоқлашуви алал-оқибат ёндош-жондош халқларнинг ҳам бир-биридан узоқлашувига олиб келишини кўп бор таъкидлаган эди.

Фарғона анжуманида Россия, Хитой, Япония, Жанубий Корея, Исроил давлатларидан келган касбдошларимиз ўзбек миллий матбуоти тизимида ўз йўли, жиддий сўзи ва мус­таҳкам позициясига эга нашрлар, дадил мухбир ва муҳаррирлар борлиги, собиқ тузум шароитида тақиқлаб қўйилган кўпдан-кўп мавзуларда бугун бемалол ёзиш мумкинлиги улар учун янгилик бўлганини таъкидлашди. Шу билан бирга, ҳар бир нотиқ ўз мамлакатида матбуот иши, журналистика масалалари, очиқлик ва ошкоралик, баҳс-мунозара қандайлигига алоҳида тўхталди. Иш бор жойда камчилик ҳам бўлади, деганларидек, журналистика соҳасининг муаммолари кўп жиҳатдан умумий бўлиб, улар ҳеч бир ҳудудни чеклаб ўтмаган экан.

Москва давлат университети журналис­тика факультети декани ўринбосари Ольга Смирнова бугун рус журналистикаси ўзининг кўп йиллик ижодий анъаналарини сақлаб қолиш борасида муайян қийинчиликларга дуч келаётганини таъкидлар экан, “эски” профессионаллар ва янги ҳаваскорлар ўртасида қарашлар кураши давом этаётгани, матбуотда “тезлик” талабига сиғиниш, журналистикани “тик-ток”лаштириш, соҳани роботлаштириш ҳаракатлари ва IТ гигантлари босими ОАВ фао­лияти таъсирчанлигини   пасайтириб юбораётгани хусусида фикр юритди.

Анжуман давомида бу фикр фақат бир мамлакат матбуотига эмас, умуман ОАВ тизимига ҳам тааллуқли эканлиги аён бўлди. Чунончи, қатор нотиқлар ахборот оламининг ҳаддан ташқари тезлашиши, қисқалик ва “ўта қисқалик” ахборотларни тўғри англашда маълум мавҳумликларни юзага келтираётгани ҳақида баҳс юритишди. Йирик медиа тузилмалари даромад ортидан қувиб, журналистиканинг ижтимоий масъулияти ва ахлоқий қоидаларини менсимаётганлари бор гап. Баъзи жойларда матбуот турли босим ва тазъйиқлар остида фаолият юритмоқда. Бунинг оқибатида нашрлар ўз олдиларидаги маънавий бурчларидан чекиниб, газета, журнал, сайт ва бошқа ахборот воситалари йўналишини   хўжайинларнинг талабига мослаштирмоқдалар.

Россия телеканаллари жамият ҳаётида мавжуд жиддий ижтимоий, маънавий муаммолар, масалан, ёлғиз яшаётган кексаларнинг уй-жойларини зўравонлик билан эгаллаб олиш, алдов пирамидалари, сохта дори-дармонлар, шаҳар, мамлакат, қитъа миқёсида ўтказилаётган гўзаллик конкурсларидаги товламачилик ҳақида кўрсатувлар беради, аммо бу муаммолар қандай ечим топаётгани ҳақида ҳеч нима айтилмайди. Баъзи назариётчилар муаммонинг ечими билан шуғулланиш мат­буотнинг иши эмас, деган фикрда қатъий турадилар. Бунга мутлақо қўшилиб бўлмайди. Журналист тер тўкиб, изланиб, расмий-норасмий тўсиқларни енгиб ўтиб, бирор муаммонинг илдизигача етиб бориб, хулосаларини матбуотда эълон қилар экан, жамият, ўқувчи унинг натижасидан, албатта, хабардор бўлиши керак. Одамлар журналистлар аниқлаган ҳақиқатларни, ошкор бўлган сирларни билиши зарур. Аксинча бўлса, касбимизнинг обрўси бутунлай тушиб кетаверади. Анжуманда иштирок этган “Зарафшон” (Самарқанд) газетаси муҳаррири Фармон Тошев газетанинг ҳар бир сонида аввалги сонларда эълон қилинган танқидий мақолаларга мутасаддиларнинг жавоблари эълон қилиниши ҳақида сўзлаб, буни экран орқали намойиш қилганида, меҳмон касбдошларимиз бу иш услубига жиддий қизиқиш билдиришди.

Хитойлик таниқли журналист Чжанг Юаонинг фикрича, “Буюк ипак йўли”да жойлашган турли мамлакатларда яшовчи одамларнинг турлича фикр-қарашлари, дунё воқеаларидан хабардорлик даражалари мавжуд. “Бир макон, бир йўл” лойиҳаси уларга бир-бирларини янада яхшироқ билиб олишга ёрдам беради. Шундай экан, барча касбдошларимни кенг ахборот майдонини яратишда ушбу лойиҳага қўшилишга даъват этаман, деди у.

Тадқиқотчи журналист Навбаҳор Имомова (“Америка овози”) ўзбек матбуотида кузатилаётган ижобий жараёнларга эътиборни қаратди. Булар: аудиториянинг сифатли контентга (ўзбекча — ўқишли, таъсирчан ва фойдали мақола, кўрсатув ёки эшиттиришга) талаби ошган, бу талаб давлат тилидаги журналистика билан боғлиқ. “Журналистика соҳасига ўқитадиган олий ўқув юртлари сони кўпайтирилган. Аммо контент сифати   пастлигича қолмоқда. Журналистика тамойилларига риоя қилиш уёқда турсин, ҳатто (муаммога) мантиқий ёндашув ҳам саёз. Фактлар эмас, фикр бирламчи бўлиши керак.

Тадқиқотчининг фикрича, ўзбек матбуотида бирор-бир муаммо жамият, одамлар учун қанчалик муҳим эканлиги нуқтаи назаридан эмас, кўп ҳолларда ҳиссиёт ва шахсий нуқтаи назарга қараб ёритилади. Журналистиканинг эркинлашуви жараёни суст кечмоқда. Журналистларга тазъйиқ ва босим ўтказиш ҳоллари бутунлай барҳам топмаган. Баъзи нашрлар ўз аудиториясини аниқ билмайди”.

Бу фикрларга эътироз билдириш қийин. Аммо матбуотда сўз эркинлиги сари бораётганимизни, бу борада яхши маънода эътироф этишга лойиқ мисоллар кўплигини сезиш қийин эмас. Кейинги йилларда неча ўнлаб газета-журналлар мазмунан, моҳиятан ўзгарди, танқидий-таҳлилий мақолалари бутунги талаб­лар даражасига етмоқда. Фақат… бу илғорлар мамлакатда фаолият юритаётган газета-журналларнинг умумий сонида неча фоизни ташкил этишига эътибор берсак, ҳали ҳаммаси олдинда эканлиги маълум бўлади.

Кореялик журналист Шин Жи Хе бошқа кўп­лаб мамлакатлар матбуотида (масалан Рос­сияда) мавжуд бўлган бир қусур ҳақида сўзлаб берди. “2019 йилдан бошлаб Кореяда рекламадан тушадиган даромадларни тақсимлашда онлайн кликлар сони асос қилиб олинадиган бўлди ва бу номақбул усул журналистиканинг ҳалокатига олиб келди, — деди нотиқ. — Мақолаларни қизиқарли тарзда эълон қилиш учун машҳур кишилар ҳаётига доир мантиқсиз, одобсиз, ўқувчини жунбушга келтирадиган ғайриоддий сарлавҳалар пайдо бўлди. Эндиликда эса биз бу қусурдан аста-секин қутулмоқдамиз”.

Бугун телеканалларимизда ижодий маҳорат, куюнчаклик, янгича иш услубларини қидириш, заҳматли меҳнат, у ёки бу   муаммонинг профессионал таҳлили, шу билан бирга, дадиллик, масъулиятни ҳис этиш кўзга ташланади. Аммо… хусусий каналларда шундай кўрсатувлар ҳам борки, уларда таниқли санъаткорлар “қимматли вақтларини сарфлаб”, “студияга ташриф буюриб”, болаларча завқ билан шарчаларни идишга узоқдан отиб тушириш, бир оёқда ҳаккалаш, суварак ёки бошқа бир ёқимсиз ҳашаротни қўл билан ушлаш каби антиқа мусобақаларда қатнашадилар. Бундай тантиқлик ғарб дунёсидаги узоққа тупириш, узоқ ҳуштак чалиш, бақириш, бир дақиқада ким кўп тухум пўстлоғини арчиш каби беллашувларни эслатади. Бу хусусда қаерда гап кетмасин, дарҳол ҳимоячилар топилиб, “Жиддий кўрсатувлар кўп, кўнгилочар томошалар ҳам бўлиши керак”, дейишади. Тўғри гап. Аммо кўнгилочарлик ҳам бирор маънавий асосга эга бўлиши керак-ку.

Бу “қусур” бугун кўплаб давлатлар матбуотида етакчилик қилмоқда, буни қуйидаги биргина мисолда ҳам яққол кўриш мумкин. Бундан уч-тўрт ой муқаддам Москва газеталаридан бирида “Алла Пугачева дафн этиладиган жой маълум бўлди” сарлавҳали хабар эълон қилинди. Машҳур қўшиқчининг мухлислари мотам кайфиятига тушишди, кейин маълум бўлдики, Аллахоним қабристондан ўзи учун жой харид қилган экан, холос.

Анжуман қатнашчилари бу мисолга турлича муносабат билдиришди. “Бугун барча ахборот воситалари ўқувчи, аудитория учун жиддий кураш олиб боришга мажбур, шундай экан, нашр ёки сайт қизиқарлилигини таъминлаш учун ҳамма воситалардан, масалан, бўрттириш, ёлғон аралаштириш, ваҳима қўзғашдан ҳам фойдаланса бўлади”, дегувчилар бўлди. Бу фикрдан фарқли ўлароқ, кўпчилик матбуот ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзининг маънавий қиё­фасини сақлаб қолиши кераклигини таъкидлашди.

Туркиялик таниқли журналист Жушкин Озеннинг маърузасини анжуман иштирокчилари қизиқиш билан тингладилар. “ОАВ жамиятнинг кўзи, қулоғи ва тили”, деган гап бор. Аслида шундай бўлиши керак. Хўш, бу майдонда чин ҳақиқат нима? Биз амалда кўз, қулоқ ва тилмизми? Бундай мақомга эришиш учун қандай муаммоларга дуч келамиз? Биринчиси – иқтисодий муаммо. Мақсад – даромад топиш. Афсуски, нашр адади ва рейтинг билан холис журналистика ва холис (рост) ахборот ўртасида жарлик, номутаносиблик мавжуд. Маълум бир мақсадга мўлжалланган ёлғон ва ишончсиз контент ОАВга нисбатан ишончсизликни келтириб чиқаради. БМТ маълумотига кўра, бугун дунё ўзаро ишончнинг заифлашишидан азият чекмоқда. Дарҳақиқат, шундай – ростни ёлғондан, ҳақиқатни сохтакорликдан фарқлаш қийин. Бундай шароитда нима қилиш кераклиги, қайси йўлни танлаш зарурлиги ҳақида ўйлашимиз, ахборот истеъмолчиларини интернет ахлатхонасида айланиб юрган сохта янгиликлардан чин янгиликларга қайтариш йўлларини топишимиз зарур”.

Афғонистонлик журналист Ҳамид Каримий ҳамон нотинч қолаётган мамлакатда оммавий ахборот воситалари, уларда ишлаётган журналистлар учун янги-янги мураккабликлар юзага келаётганини баёнлади. Қўшни Қирғизис­тоннинг Боткен туманидан келган ҳамкасбимиз Адилбек Ахматов журналистика сиёсий ва ижтимоий ҳаётда юзага келадиган турли даражадаги муаммоларни ҳал этиш, манфаатли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишда   беқиёс имкониятга эгалигини айтиб, бу борада Ўзбекистон раҳбариятининг томонларнинг умумий манфаатларига мос   амалий таклифлари, истиқболли ташаббусларига алоҳида тўхталди. Унинг фикрича, бугунги шароитда давлатлар ўртасидаги маданий-маърифий алоқалар, адабиёт ва санъат ҳафталиклари, шулар қаторида ОАВ вакилларининг бугунгидек кўзма-кўз, юзма-юз учрашувлари катта аҳамият касб этади.

Тожикистонлик журналист Фарҳод Жўраев бугун анъанавий журналистика билан бирга фуқаролик журналистикаси ҳам жадал ривож­ланиб бораётганига эътибор қаратди. “Ҳар бир киши ижтимоий тармоқларда ўзининг холис фикрини эмин-эркин баён қилар экан, одамларда   янгича фикрлаш, маънавий уйғоқлик ва ижтимоий фаоллик руҳи юзага келади”, деди у.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори Абдусаид Кўчимов журналистика маҳаллий, ҳудудий қирғоқлардан ўтиб, юқори даражадаги ижтимоий журналистикага айланаётганини ижобий маънода қайд этиб ўтди.

Анжуманда сўзга чиққан меҳмон иштирокчилар Нобуёши Широта (Япония), Мендерес Демир (Туркия), Олег Черних (Россия), Леонид Елизаров (Исроил), Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси раиси Шерзодхон Қудратхўжа, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев, “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррири Салим Дониёров, “Ishonch” ва “Ishonch-Доверие” газеталари Бош муҳаррири Ҳусан Эрматов, “Дунё” ахборот агентлиги бош директори Садриддин Суяров, мустақил журналист Камолиддин Раб­бимов, “Rost-24” интернет сайти бош муҳаррири Анора Содиқова, Адлия вазирлиги медиа­-маркази раҳбари Бобур Алихонов, таниқли тележурналист Муҳаммаджон Обидов, Жаҳон тиллари университети журналистика факультети декани Амрулло Каримов ва бошқалар бугун дунё медиа майдонларида юз бераётган ижобий ўзгаришлар билан бирга, ахборотни тўплаш ва тарқатишдаги нохолислик (ноҳалоллик), юзакичилик, журналист ва ОАВ вакилларининг фавқулодда муҳим маънавий-ахлоқий масъулияти ҳақида сўз юритдилар. Маърузаларда бугунги шароитда ОАВ учун журналист кадрлар тайёрлашнинг ўзига хос талаб ва хусусиятлари, малака ошириш, профессионаллик ва ҳаваскорлик ўртасидаги номутаносиб­лик, таъсисчи ва ижодий жамоа   муносабатлари, фикр эркинлиги, ОАВнинг таъсирчанлиги ҳақида жиддий сўз борди. Журналист кадрлар тайёрловчи олий ўқув юртлари сони ошганини ижобий баҳолаган ҳолда, бу ўзгариш бўлажак ҳамкасбларимизнинг малака ва маҳоратига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳам рўй-рост айтиб ўтилди.

Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link