Saturday, December 3rd, 2022

Зиёратдан кейинги зиёфатлар… – HURRIYAT


Аллоҳ насиб қилиб, Ҳаж ва Умра зиёратларини адо қилиб қайтган одам ўзининг чиройли ҳулқи, камтаринлиги ва илми билан бошқаларга ибрат бўлиши, исрофгарчилик ва мақтанчоқликдан тийилиши, ножўя қадам босишга мойил ёшларни ўзларининг қимматли маслаҳатлари билан тўғри йўлга бошлаши кераклиги ҳақида кўп имом, домлалардан эшитганмиз. Бироқ зиёратдан қайтаётганларни кутиб олишдаёқ турли исрофгарчиликлар қилинаётгани, кўчаларга узундан-узун поёндозлар ёзилиб, хонадонлардаги кутиб олиш маросимлари тўйларга айлантириб юборилаётганини ҳам кўряпмиз. Ҳатто бир юртдошимиз Умра зиёратидан қайтган отасини туяга миндирганча хонадонига олиб кирганининг ҳам гувоҳи бўлдик. Ҳожи ота эса туянинг устида қўлларини баланд кўтарганча маҳалладошлари билан саломлашарди.

Бу масалада бир қори акамиздан сўраганимда: “Қанчадан-қанча одамлар фарзандига тўй қилиш, чақалоғини туғруқхонадан олиб чиқиш, қайсидир яқинининг туғилган кунини нишонлаш учун ҳам ҳаддан зиёд харажатлар қилади. Энди неча йиллар орзу қилиб, ота-онасини Ҳаж ёки Умрага юборган одам нима учун истаганидек маросим қилиши мумкин эмас? Кейин исрофгарчилик ва дабдабабозликни камайтириш ҳақида қанча гапирилса ҳам барибир ҳеч ким бунга амал қилаётгани йўқ-ку! Нега энди ҳамма ҳожиларга ёпишаверади?”, дея сал ранжигандай бўлдилар. Шу-шу бу мавзуда ёзишдан тийилдим. Лекин… Бу масалада Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаровнинг қуйидаги сўзларини ижтимоий тармоқларда эшитиб қолдим:

— Умрага борган одам Аллоҳ менга шундай ибодатни насиб қилибди, энди уйга қайтсам, маҳалладаги етим-есир, бева-бечораларнинг бошини силайман, деган ниятда қайтиши керак. Минг афсуслар бўлсинки, бу риёкорлик, дабдабабозларнинг ҳаммаси динимиз қайтарган амаллардир. Яна ачинарлиси, Ҳаждан қайтгач бу дабдабаларга уланиб кетадиган “Ҳожилар ўтириши”ни ташкил қилишяпти. Биргина бундай “ўтириш”ни ташкил қилиш учун бир камбағал фарзанди тўйига сарфлайдиган пулни ишлатишмоқда. Сиз кибрланиб, ҳаммани зиёфатга чақириб турган пайтингизда, бошқа бир фақир инсон боласини қандай уйлаш, қизини қандай узатиш ҳақида ўйлаб турганини унутмаслик керак. Ҳаммада ҳам Сизда бор имконият йўқлигини ҳисобга олинг. Қолаверса, бор амални холис Аллоҳ учун қилганингизда, савоби кўпроқ бўларди. Бошқалар кўриши, эшитиши учун қилинадиган ҳар қандай амал катта гуноҳ бўлиб, қилинган ўша амалнинг савобини ювиб ташлайди.

Бундай тадбирларда содир этиладиган катта гуноҳлардан яна бири — исроф. Аллоҳ Таоло Қуръони каримда “Енглар, ичинглар, лекин исроф қилманг­лар. Аллоҳ исроф қилувчиларни севмас” деб марҳамат қилганлар. Шундай ҳолатлар бўляптики, Ҳаж ва Умра зиё­ратига борган одам қайтиб келганидан кейин боришга сарфлаган пулидан ўн баробар кўп пул сарфлаб, маросим ўтказяпти. Бир инсон олдимга келиб нима дейди денг: “Умрага боришга пулим бор, лекин қайтиб келганимдан кейин одам кутиб олиш учун йиғин ўтказишга қаердан пул топаман? Шу сабабли Умрага боролмайман”. Бу гапдан шунақанги дилим оғридики, у кишини юпатишдан бошқа чорам қолмади: “Шариат буни талаб қилмайди. Қўшнингизнинг дабдабали маросими сизни Умрага боришдек хайр­­ли амалдан қайтармасин…”

Юқорида келтирилган икки муносабатдан ибрат бўладиган шундай бир хулосага келиш мумкинки, яхшиям элимиз орасида қутлуғ сафардан кейинги дабдабали маросимларга бериладиганлар кўп эмас. Улар шукур даргоҳига мақтаниш ҳиссини йўлатмайдилар.

К.РЎЗИМАТОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link