Friday, December 2nd, 2022

Зуваласида “ўзбек” бор – HURRIYAT


Уни эшитмаганлар ўз оламини (агар ўзбек бўлса) бир зайлда кўриб юргандирлар. Мабодо мазкур маълумотлар қизиқиш дунёсида зоҳир бўлса, ё ажабланиши, ё пушаймон бўлиши (пинагини бўзмаслиги мумкин эмас) турган гап. Маълумотлар анча сирли ва мубҳам. Кўп ўринлар шунчаки очиқланган, баъзан оммабоп ахборотлар тарқалган, хизмат юзасидан расмий маълумотномалар тайёрланган ҳолатлар ҳам бор. Бироқ шуниси аниқки, кўп, балки энг муҳим маълумотлар очиқланмай қолаверади. Бунинг ё иложи бўлмайди, ё зарурат йўқ, ё шундай тамға босилган. Нима бўлганда ҳам ушбу мавзуга хослик шундаки, табиий қобилият билан етарлича сарафроз қилинган   бир бандаи ожиз ҳаётнинг турли нағмаларига дуч келади, бори инсонлар каби шодланади ёки ғам чекади (афсуски, унинг чекига кейингиси кўпроқ насиб этган экан), аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзига Яратган ато этган қобилият туфайли хос ечимлар топади, шу тарзда атрофидаги муҳитда етакчига айланади ёки вазиятнинг қули бўлмай, ҳар қандай муаммога ечим топиш йўлидан боради. Ва бунга эришади ҳам.

Бундай феноменлар (қобилият эгалари) оммада (халқ орасида) кўп учрайди, таассуфки, улар кўзга ташланавермайди. У(лар)нинг саъй-ҳаракатлари ё дўлворлик, ё ҳовлиқмалик, ҳатто девоналик деб қаралади. Шу туфайли айни пайтда уларни англаш қийин бўлганидек, келажакда ҳам ҳаётларини тушуниш қийин бўлади. Фақат умумий тарзда “Унга шундай буюрилган эди ва у шундай адо этди, бажарди” тарзида баҳо бериб, ютуқларини эътироф этиб, камчиликларини кечириб қабул қилишга тўғри келади. Негаки, бандаи ожиз хато қилишдан мосуво бўла олмайди (ҳатто пайғамбарлар ҳам хато қилганлар), фақат “беайб – Парвардигор” деган халқона таскин билан ҳаммасини жой-жойига қўйиш мумкин. (Шу ўринда яна бир мулоҳаза – бундай шароитда хатоларни ортга ташлаб, кечириб, қабул қилиш кўпроқ наф берадими ёки аввал ҳаммасига чизиқ тортиб, кейин доирани кенгайтириш фойдалими – буни жамият тартиблари белгилайди). Масаланинг иккинчи тарафи ҳам мавжуд: шундай характердаги тақдирлар борки, уларнинг фаолиятини ўрганмай, ўша давр­­га, ҳатто тарихга баҳо бериш мумкин эмас, кўлами, залвори; бинобарин, халқаро доирада машҳур ва манзурлиги шунчаликки, уларни тушунмай, бирор халқни, миллатни тушуниб ҳам бўлмайди.

Бир вақтлар ТВ орқали “Тафаккур ўйини” (“Игры ра­зума”) деган фильмни кўриб, математик олимнинг дунё­сини тасаввур қилишга уринган эдим. Фильм жуда таъсирли чиққан экан. Масрур бўлиб, титрни кузатаётсам,   “Фильм Зулфия Назар …романи асосида суратга олинган” деган овоз янграб қолди. Чиройли исм ёдимда муҳрланди ва мени бу ҳодиса (“Голливуд”нинг киносалтанати унча-мунча нарсага эътибор беравермайди, деган тушунча бор эди) жиддий қизиқтириб қўйди. Агар юқоридаги қайдлар сизда ҳам қўзғалиш юзага келтирган бўлса, масаланинг тагига етишга ҳаракат қиламиз. Давомини кузатинг (ўқинг)!

… Эътиборли манбаларда унинг насл-насабини “отаси – ўзбек, онаси – немис” тарзида қайд этишган. Бугун зуваласида ўзбек урпоғи бор кишилар дунёнинг турли бурчакларида умргузаронлик қилиб юрганлари ҳақида кўп гапириляпти. Булар, асосан, сиёсий айб­ловлар билан бир пайтлар юртидан чиқиб кетган ёки қувғин қилинган зотларнинг авлодлари. Аниқ бўладики, чор босқини бошлангандан кейин улгурганлар хорижни ихтиёр қилган, турли маконларда кун кўриб, авлодлари бугунгача етиб келган. Улар Германияда ўқишга юборилган жадидларнинг уруғ-аймоқлари, хонлар, амирларнинг зурриёдлари ва бошқа мусофирлар эдилар. Масалан, француз киносининг машҳур юлдузларидан бири, “Анжелика” сериясидаги фильмлар билан яхши таниш Робер Осейн (1927-2020, аслида “Ҳусайн”)ни Бухоро амирининг қариндошларидан дейишади. Ва ҳоказо. Умуман, булар энди ўрганилиши зарур бўлган мавзулар. Лекин Зулфия (яъни Сельвия) Назар ҳақида кўп нарсалар жамоатчиликка таниш.

Унинг отаси Қўқонда, шоҳичи ҳунарманд оиласида дунёга келганди. Ота Жамшид Умрзоқ ўғли маърифатли, руҳан жадидларга яқин киши, онаси Тожинисо Қўқон хонлари авлодидан бўлган. Айни олатасир йиллар, шўронинг қиличидан қон томади. Оиланинг катта фарзанди Йўлдош қори ҳам ўша сиёсатнинг қурбони бўлгач, ука Рўзи бошқа йўлни танлайди. Бу буҳронга қарши туриб бўлмаслигини сезиб, советнинг хизматига ўтади, ҳатто фирқа ташкилотларида фаоллардан бўлади. Урушга чақириқ бўлгач, 1941 йил, 24 ёшида фронтга сафарбар қилинади. Шундан кейин унинг саргузаштларга бой узоқ ҳаёти бошланади. Украина ҳудудларида жангга кириб, ярадор бўлади, лекин асирга тушмайди. Уни маҳаллий одамлар ўз оилаларида сақлаб, даволайдилар, душмандан яшириб юрадилар. Айни ўринда зиддиятли бир ҳолат рўй беради:   немислар бу жойларни эгаллагач, улар тарафига ўтди.

Хуллас, кучли табиий иқтидор эгаси бўлган Рўзи Назар ҳаётий кузатишлари асосида гап нимадалигини тушуниб етганди, чамаси, акасини мулла бўлгани учун отиб ташлаган шўро тузумининг миллат учун бало эканини сезиб, унга қарши кураш фронтига қўшилади. Баъзи манбаларда унинг “Туркистон легиони”ни ташкил қилувчилардан бўлгани қайд қилинган. Тақдир тақозоси ва ички майллари,   балки эътиқоди туфайли у фронтнинг бу томонига ўтиб олганди. Табиийки, сафида она юрти Ўзбекистон ҳам бўлган “қизил империя”га қарши курашишга онгли равишда, келажакдан умид қилиб қўл ургани шубҳасиз. Орадан етмиш йиллар ўтиб, парчаланиб кетган мажбурий иттифоқнинг келажаги йўқлигини бу зот ўшандаёқ кўра олганмиди, деб ажабланади киши.

Афсуски, ҳар доим ҳам орзулар амалга ошавермайди, “таваккалнинг боши кал” деганларидек, воқеалар ривожи тескарисини кўрсатади. Немислар қатори “Туркистон легиони” ҳам муҳорабада енгилади ва Шимолий Италияга чекинади. Уруш тугаб, ҳаммаси бос­ти-бости бўлгач, Рўзи Назар Германияга қайтади, Розенхайм шаҳрида яшириниб юради. Шу жойда 1946 йилда асли антифашист, Бавария католик черкови судьясининг қизига уйланади. 1947 йилда Эрмилинда Рот хоним билан никоҳидан туғилган қизга она юртининг ҳурмати рамзи бўлса керак, Зулфия деб исм қўяди. Айтиш мумкинки, Рўзи Назар миллатини унутмаган, балки қалбида унга нисбатан сўнмас муҳаббати ҳам бор эди.

Умуман, бу инсоннинг таржимаи ҳоли билан танишган киши унда катта кучга эга ички қудрат борлигини ва ўзбек миллатига муҳаббат, унинг ёруғ кунларига хизмат қилиш нияти билан тўйинганини, ана шу имкониятини турли йўллар билан миллати истиқболи йўлида сарфлаганини тушуниб олиши қийин эмас. Гап бу ўринда бошқа мавзуда бўлгани учун тафсилотларга нуқта қўямиз ва Рўзи Назарга Ўзбекистон мустақиллигини кўриш насиб этганини, озод юртга 1992 йилнинг май ойида ташриф буюрганини, ўғли Эркин билан янги ташкил этилган “Халқ сўзи” газетаси таҳририятида ҳам бўлганини таъкидлаш билан чекланамиз.

Суронли ҳаёт қизалоқ Зулфия ҳаётига жиддий таъсир этган. Ота Германияда яшаган йилларида ўзбек, умуман, Ўрта Осиё республикаларидан муҳожирликда юрган элдошлар билан яқин муносабатда бўлишга ҳаракат қилади, турли ташкилотлар воситасида улар билан алоқа ўрнатишга интилади. 1951 йилда Украина ва Ўрта Осиё миллатпарварларининг Мюньхендаги ташкилоти билан боғланиб, Степан Бандера ва Ярослав Стецько билан яқин муносабат ўрнатади. Шу шаҳарда антисовет тарғиботига йўналтирилган радиостанциялар ишга тушишида фаол бўлади.

Ўзига хос қобилият эгасининг хатти-ҳаракати АҚШ Марказий разведка бошқармасининг эътиборини тортади ва уни Америкага таклиф этишади. Шундай қилиб, оиласи билан Америкага ташриф буюрганларида Зулфия 4-5 ёшда эди. Бу “сеҳрли диёр”да уни узоқ ва саргузаштларга бой ҳаёт кутиб турарди. Шу ўлкада унинг исми талаффузда қулай бўлиши учун “Сильвия”га ўзгарди, американча ҳаётда яшади. Ўзини кўрсатди, эътироф этилди, жамоатчилик уни танийди.

Албатта, отанинг ҳаёт мароми оддий одамлар умргузаронлигидан тубдан фарқ қилар, шунга мос равишда оиланинг яшаш тарзи ҳам ўзгача эди. Шундай ёпиқ муҳитда Сильвия (Зулфия)нинг болалик – беғуборлик йиллари ўтган. Гап бу ўринда чекланганлик, маҳдудлик ҳақида эмас, боланинг қандай улғайиши, унинг табиий қобилиятлари камол топиши ҳақида кетадиган бўлса, Сильвия тенгдошларидан ортда қолмаганлигини, у катта ҳаётга обдон тайёрланганини, яъни порлоқ келажакни таъминлайдиган таг-замин пухта қўйилганини таъкидлаш жоиздир. Бу ўринда ўзига ҳам (бу ҳол унинг хизмат бурчига ҳам кирарди), атрофидагиларга, жумладан, оиласидагиларга ҳам ўта талабчан бўлган отанинг ўрни ҳал қилувчи мавқе касб этган, дейиш мумкин.

Худди шу қайноқ ҳаёт талаби билан яшаш жойларини яна ўзгартиришга тўғри келди. 1959 йилда отасининг хизмати туфайли Туркияга йўл олишди. Икки қитъадаги бу мамлакатда ўн йилдан кўпроқ яшадилар. Одатда, ҳамма сиёсат ичида яшайди (одатдаги ҳол – “бозордаги нарх баланд   ёки паст” дейиш ижтимоий муносабат ҳисобланса, бундай савол ҳаммада туғилиши табиий ва ҳар қандай одам шу туфайли сиёсат ичида яшаётган бўлади). Не ажабки, “дунёдаги энг бемаза иш” – сиёсат билан ҳамма шуғулланади, уни ўзича талқин қилади, тортишади, қувватлайди, лаънатлайди, яъни шу қозонда қайнайди. Шундай тоифа борки, улар ана шу оммага муҳокама учун озуқа берадиган “сиё­сат”ни яратади. Уларнинг ҳатти-ҳаракати турлича талқин қилинади, шов-шувларга ёки нохос ваҳимага сабаб бўлади ва ҳоказо. Ота ана шундай ҳаёт ичида эди, бу мамлакатда “элчи ва ҳарбий миссия оралиғидаги вазифани бажарувчи   танланган офицер” лавозимида фаолият кўрсатди. Отанинг хизмат тўлқини Сильвиянинг бола ҳаётида ҳам акс этарди.

Ниҳоят, Туркиядаги навбатдаги ҳарбий тўнтаришдан кейин Америкага қайтишди. Сильвия Назар 1970 йилда Огайо штатидаги коллежларнинг бирини битириб, адабиёт бўйича бакалавр даражасини олди. Шу билан унинг ҳаётий йўналиши аниқ бўлгандек эди. Албатта, Сильвиянинг таржимаи ҳоли юзасидан етарлича маълумотларга эга бўлиш қийин, лекин фараз қилиш мумкинки, у кейинги йилларда иқтисодчи Дэррил Маклеодга турмушга чиққан. Уч фарзанд: Клара, Лили, Жекнинг онаси бўлган. Балки турмуш ўртоғининг таъсиридадир, адабиёт йўналишини ўзгартириб, 1976 йилда Нью-Йорк университетининг иқтисодиёт бўйича ма­гистрлик дипломини олган.

Шундан кейин унинг қаршисида икки йўл пайдо бўлди. Кейинги ҳаётини таҳлил қилиб кўрсак, у иқболини гоҳ иқтисодиёт назарияси соҳасидан, гоҳ адабиёт (жумладан, журналистика) йўналишидан излаганини кўриш мумкин. Дастлаб Россиядан бош олиб кетган, кейинчалик Нобель мукофотини қўлга киритган иқтисодчи, академик Владимир Леонтьев (1905-99) раҳбар бўлган Иқтисодий таҳлил институтида фаолият кўрсатди. Рақамлар ва уларнинг сирлари билан роса ошно бўлиб олгач, 80-йиллардан бошлаб журналистика ва адабиёт билан шуғуллана бошлади. Дастлаб ишбилармонларнинг “Фортуна” журналида доимий муаллиф бўлиб ишлади. 1990 йилдан эса “Америка янгиликлари ва дунёдан хабарлар” нашрида шарҳловчи сифатида фаолият юритди.

Унинг чиқишлари тезда жамоатчиликнинг эътиборига тушган шекилли, мамлакатда ва дунёдаги йирик нашрлардан бири ҳисобланмиш “Нью-Йорк таймс” газетасига иқтисодий мавзудаги мухбир бўлиб ўтди. Бу машҳур газетадаги ўн йилга яқин фаолияти давомида қизғин ҳаётий жараёнлар ичида бўлиш билан бирга атрофидаги одамлар (улар сафида ишбилармонлар, миллионерлар, машҳур шахслар, масалан, Нобель мукофоти сингари юксак эътироф эгалари ҳам бор эди) ҳаётига теран разм солди, уларнинг қиёфалари, ички олами, муваффақиятларининг сири ҳақида кўламли мулоҳазалар юритишга имкон топди. Бу таассуротлари балки болалигидаёқ зеҳнига синган тезкорлик, кес­кинлик хислатларига эрк берди, буюкларнинг муваффақиятлари сирини кашф этишга интилиб, инсон табиатидаги нодир жиҳатларни илғагандек бўлди. Унинг асарларидан келиб чиқадиган хулосалар шу зайлдаги   таассуротларни тасдиқлайди.

Ана шундай кайфиятда 1998 йилда Американинг таниқли математиги, 1994 йилда иқтисодиёт бўйича Нобель мукофотини қўлга киритган Жон Форбс Нэш ва турмуш ўртоғининг тақдири ҳақида “Ёрқин ақл. Даҳо матемаатик, Нобель мукофоти лауреати Жон Нэш ҳаё­­ти” (инглизча: A Beautiful Mind. The Life of Mathematical Genius and Nobel Laureate John Nash) китобини яратди. Унда иқтисодиёт илмида “Нэш тенглиги” формуласини, математикада Нэш-Кёппер теоремасини яратган, бир вақтнинг ўзида математика соҳасида кейинчалик Абел мукофотини қўлган киритган (Нобель ва Абелни олган ягона олим) машҳур математик ва иқтисодчи ҳаётининг турли қирралари қаламга олинган. Буюк ақл ва тафаккур эгасининг бир қолипга тушмайдиган ҳаёти – у баъзан ечиниш хонасида жамоат тартибига амал қилмайди ёки тартибга бўйсунмай, полициянинг талабларини бажаришдан бош тортади, турмушда эса тутуруқсиз шахс – севган аёли фарзанд кўргани учун уни ташлаб кетади – ана шундай зиддиятлар орасидаги шахснинг қиёфаси асарда ишонарли акс этган. Асар қаҳрамонининг илмдаги буюк кашфиётлари шахсий ҳаётидаги зарбаларни енгиб ўтиши билан пайваста кечгани – икки ўт орасидаги ҳаёти қизиқарли ва кескин лавҳаларда очиб берилган.

Олимнинг турмушидаги омадсизлик туфайли шизофрения касаллиги хуруж қилади. Фанга, соҳасига бўлган эътиқод бу мажбурий жиннилик касалини енгиб ўтишга куч ато этади. Унинг иродасига, касалликни енга олганига мутахассислар ҳам қойил қолади, чунки медицинада бунақаси бўлмаганди. Нэшнинг касаллик билан курашиши, илм йўлидаги заҳматлари асарда жуда ҳаётий ва таъсирчан ифодаланган. Китоб эълон қилиниши билан машҳур бўлиб кетди. Бирданига ўттизга яқин тилга таржима қилинди, “Танқидчилар давраси”нинг миллий мукофотига сазовор бўлди, Пулитцер мукофотига тавсия қилинди.   Китоб асосида режиссёр Рон Ховард “Тафаккур ўйини” номли бадиий фильм суратга олган. Унда бош ролни Голливуднинг машҳур актёрлари Рассел Кроу ва Женнифер Коннелли ўйнаган. Фильм тўрт йўналишда Оскар мукофотини қўлга киритди, “Олтин глобус”га сазовор бўлди ва яна кўп бора эътироф этилди.

Албатта, катта давралардаги бундай эътибор иқтисодчи ва журналист ҳаёт тарзига янги даража ва кўлам бахш этди. Зулфия Назар ҳаётининг янги босқичи бош­ланаётганди. Энди кечираётган туйғуларининг шарҳи кичик газета мақолаларига ёки ихчам шарҳларга сиғмасди. Кечинмаларини бир нуқтада жамлаш, таассуротларини тартибга солиш ва   китоблар ёзишга тайёрланиш мақсадида   2001 йил газетани тарк этди ва Колумбия университетида амалий журналистика профессори вазифасида иш бошлади.

2011 йилда Сильвия Назарнинг иккинчи китоби жамоатчиликка етиб борди. “Буюк мақсад сари. Бир иқтисодий ғоя тақдири тарихи” (инглизча: “Grand Pursuit: The Story of Economic Genius”) китобини эълон қилди. Унда Карл Маркс, Альфред Маршалл, Ирвинг Фишер, Йозеф Шумпетер, Джон Кейнс, Фридрих фон Хайек, Милтон Фридман ва Амартия Сен сингари буюк иқтисодчилар фаолияти ҳақида ҳикоя қилинади, уларнинг бу фан соҳасига қўшган ҳиссалари таҳлилга тортилади. Муаллиф фикрларининг хулосасида ана шу йирик олимларнинг беназир хизматлари туфайли мавҳум тушунчалардан иборат бўлган иқтисодиёт илми инсоният ҳаётини қайта қуришга олиб келган воситага айланди, деб таъкидлайди. Китоб нуфузли давраларда муносиб эътироф этилди. “Лос-Анжелес таймс” газетасининг йиллик мукофотига сазовор бўлди.

Зулфия (Сильвия) Назар ҳамон олий ўқув юртларида маърузалар ўқийди. Учинчи китобини ёзиб тугаллаш арафасида. Бу китоб коллаборационализм, яъни ҳарбий шароитда оккупация қилган мамлакат таркибида туриб, ўзининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аниқроғи — “Туркистон” легиони, унинг фаолияти ва тақдирига бағишланган бўлади. Маълумки, ўтган асрнинг энг зиддиятли ва баҳсталаб воқеаларидан бири – Иккинчи жаҳон уруш даврида ташкил қилинган “Туркис­тон легиони” мавзуси ҳамон муҳокамалар доирасидан ташқарида бўлиб турибди.

Гап шундаки, кейинги саксон йилда кечган воқеалар кўплаб қарашлар ва назарияларни остин-устун қилиб юборди. Бир вақтлар инсониятни “фашизм балосидан қутқазган халоскор” сифатида қаралган “қизил империя” кунпаякун бўлди. Энди унинг асосида турган ва меросхўри бўлиб келган шовинистик давлатнинг келажаги ҳам мавҳум бўлиб турибди. Қолаверса, одамзот бу салтанатнинг зулм ва истибдодга асосланганига тўла ишонди.

Халқимизда “Жўжани кузда санаймиз” деган пурмаъно ҳикмат бор. Не ажаб, бу “жўжа” шунчалар баттол эканки, то саноққа келгунча қанча иссиқ-совуқ кунлар ўтди. Афсуски, дунё бу ҳақиқатларни тан олгунича,   тасдиқлагунича қанчалаб қурбонлар берди?! Шундай шароитда бугун лаънатланилаётган тузумга, тизимга, мафкурага қарши курашни ўз пайтида бошлаган фидойи зотлар фаолиятига ҳам холис баҳо бериладиган кунлар келгани аниқ. Томирида ўзбек қони оқаётган, таниқли олим ва ёзувчи Зулфия   Рўзи Назар қизи (Сильвия Назар)нинг кейинги китоби ана шу саволларга ойдинлик киритишини умид қилиб қоламиз.

Интервьюларининг бирида тўла ҳуқуқ билан “Мен ўзбек қизиман” деб эътироф этган миллатдошимиз жўшқин ижодий режалар қуршовида, фарзандлари билан Нью-Йорк шаҳрининг Тарритаун қишлоғида доимий яшайди.

Ҳаким САТТОРИЙ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link