Friday, November 25th, 2022

Йўл беринг, ўзбеклар келяпти! – HURRIYAT


2022 йилнинг ноябри ўзбек киноси учун “фестиваллар, эътирофлар, эътиборлар” ойи бўлди десак муболаға бўлмайди.   Киноижодкорларимизнинг фестиваллар бўйлаб “шонли” юришлари ой бошидан бошланди. 30 кишидан иборат Ўзбекис­тон кинематография агентлиги бошчилигидаги ўзбек киноси делегацияси 1-5 ноябрь кунлари Туркиянинг Бурса шаҳрида бўлиб ўтган   туркий давлатларнинг 2-халқаро “Қўрқут ота” фестивалида иштирок этди.

Иккинчи марта ўтказилаётган “Қўрқут ота” кинофестивали доирасида бир неча халқаро аҳамиятга молик тадбирлар бўлиб ўтди. Уларнинг энг асосийси, туркий тилда сўзлашувчи 17 давлатдан ташриф буюрган киноижодкорларнинг саммити ташкил этилгани бўлди. Унда ўзаро ҳамкорлик, келажакдаги истиқбол ҳақида сўз юритилди ҳамда киноижодкорлар ҳамкорлик учун таклиф этилаётган ўз лойиҳалари питчингини тақдим этишди. Ўзбек кинематографлари туркий тилда сўзлашувчи халқларнинг миллий қаҳрамони Хўжа Насриддин ҳақидаги 16 қисмдан иборат анимацион фильм лойиҳасини саммитда биринчи бўлиб лойиҳа продюссери, муаллиф ва режиссёр Тимур Бекманбетов   тақдим қилди.

“Қўрқут ота” туркий халқлар кинофестивали доирасида 4 ноябрь куни “Ўзбекистон киноси кунлари” жуда ёрқин ва кўтаринки кайфиятда ўтказилди. Куй-қўшиқ, рақслар билан уйғунлашган ушбу тадбир якунида ҳужжатли кино режиссёри Шуҳрат Маҳмудовнинг “Матонат” фильми тақдим этилди. Қолаверса, “Ўзбек киноси кунлари” доирасида ҳамюртларимиз ўзбек миллий таомлари имкониятларини ҳам намоён этишди. Тадбир   меҳмонларига ўзбек оши тарқатилди.

Фестивалга 17 та давлатдан уч юздан ортиқ киноижодкорлар ташриф буюрди. Халқаро анжуманда Туркиядан ташқари Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Туркманистон, Венгрия ва Шимолий Кипр каби давлатлардан кино усталари иштирок этди. 57 та фильм икки йўналишда ғолиблик учун рақобатлашди. Улар орасида ўзбек киноижодкорларининг иккита картинаси ҳам бўлиб, улар юртимизга катта соврин билан қайтишди. Кинорежиссёр Дилмурод Масаидовнинг “Аёл қисмати” бадиий фильми ҳамда Фурқат Усмоновнинг “Инсон” кўп қисмли ҳужжатли фильми Гран-прига лойиқ топилди. “Энг яхши ҳужжатли фильм” номинацияси бўйича “Инсон” ҳужжатли фильми Гран-при билан мукофотланди.

Шунингдек, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Шодиева ҳамда актриса Юлдуз Ражабова “Туркий халқлар бирдамлиги ҳамда ҳамдўстлигига қўшган ҳиссаси учун” “ТУРКСОЙ” халқаро мукофотига муносиб кўрилдилар.

Фестиваль доирасида   “Энг креатив қисқа мет­ражли фильм суратга олгани учун”   ВГИК талабалари Акмал Абиджанов ва Саидаълохон Маъсудхоновлар фестивалнинг эсдалик кўкрак нишони билан тақдирландилар.

7-11 ноябрь кунлари эса кино ижодкорларимиз “Ўзбекистон Миллий кинематография агентлиги” бош директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигида Беларусь пойтахтида бўлиб ўтган “Листапад” халқаро кинофестивалида иштирок этишди. Ушбу кинофестиваль ҳам мамлакатимизда киносанъати ва саноатига берилаётган эътибор ва имкониятлар тўғри йўналтирилганини, агентлик раҳбарияти тизимни тўғри ташкил қилганини яна бир бор исботлади. Ушбу фестивалда Ўзбекистон Киноарбоблари ижодий уюшмаси аъзоси, Давлат мукофоти совриндори, кинорежиссёр   Шуҳрат Маҳмудовнинг “Матонат” ҳужжатли фильми навбатдаги мукофотни қўлга киритди. Фильм “Листапад” халқаро кинофес­тивалининг “Энг яхши режиссёрлик иши учун” номинациясида ғолиб деб топилди. Шунингдек, кинофес­тивалда Ўзбекистон Киноарбоблари ижодий уюшмасининг яна икки аъзоси, кинорежиссёр Дилмурод Масаидовнинг “Aёл қисмати” бадиий фильми “Инсонпарварлик ва умуминсоний қадриятлар мавзусининг долзарблиги учун” махсус мукофоти билан, кинорежиссёр Aкром Шаҳназаровнинг “101 рейс” бадиий фильми эса “Кино тили – дўстлик тили” махсус мукофотлари билан тақдирланишди. Қолаверса, МДҲ давлатлари кинематографларининг ишчи йиғилишида Ўзбекистон Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Aбдухолиқов МДҲ Ижроия қўмитасининг “МДҲга аъзо давлатлар кинематография соҳасидаги ҳамкорлигини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” махсус дипломи билан тақдирланди.

Эътироф этиш жоиз албатта. Юртимизда ўзбек киносига, киносанъатига эътибор ва ғамхўрлик боис, мамлакатимиз киносаноати юксалиш сари қадам қўймоқда. Ҳақли равишда ўзбек кинофильмлари жаҳонда тан олинмоқда. Бу нимадан далолат беради? Шак-шубҳасиз, афсонавий ўзбек киносига дунё яна тан бермоқда. Машҳур санъат кошоналарида “Йўл беринг, ўзбеклар келяпти!” деган ҳайқириқлар, эътирофлар жуда қувончли!

Шоҳира ҲАМРО

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link