Saturday, January 28th, 2023

кеча ва бугун – HURRIYAT


Кейинги йилларда барча соҳалар қатори телерадио тизимида ҳам сезиларли ўзгаришлар, технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш ишлари амалга оширилди. Айниқса, Президентимизнинг барча турдаги оммавий ахборот воситаларини ривожлантиришга, сўз эркинлигини таъминлашга қаратаётган юксак эътибори бугун ўзининг амалий натижасини кўрсата бошлади. Бу жараёнда соҳа вакиллари ҳам бугунги давр шиддати ва ислоҳотлар жараёнига мослашишга, одамларнинг холис ахборотга бўлган талаб ва эҳтиё­жини қондиришга ҳаракат қилмоқда.

Оммавий ахборот воситалари орасида ўз ўрнига эга бўлган радио эшиттиришларида турли соҳаларда кечаётган ислоҳотлар, очиқлик ва ошкоралик сиёсатининг натижалари, ҳудудларда олиб борилаётган бун­ёдкорлик ишлари, юртдошларимиз ҳаётидаги ўзгаришларга   алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси томонидан маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда тизимдаги ҳудудий телерадиокомпанияларнинг моддий-техника базасини тубдан яхшилаш, уларни сўнг­­ги русумдаги техникалар билан таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Шу ўринда айтиш керакки, бугунги кунда замонавий телекоммуникация технологияларининг жадал ривожланиши ра­дионинг ижодий, технологик, эфирга узатиш сифатини тубдан яхшилаш, фаолиятимизни ривожлантириш борасидаги имкониятларни кенгайтирмоқда.

Кейинги давр Самарқанд вилоят телерадиокомпанияси учун ҳам ўзига хос ижодий юксалиш йиллари бўлди. Бугунги кунда вилоят ра­диосининг бир кунлик эфир ҳажми 18 соатни ташкил қилади.

Ҳар кунги   эфиримиздан респуб­ликамиз, вилоятимиз ҳаётида рўй бераётган ижтимоий-иқтисодий,   маданий-маърифий янгиликлар   ўрин   олган. Шуниси диққатга сазоворки, ижодий ходимларимиз томонидан тайёрланаётган эфир маҳсулотлари орқали деярли ҳеч бир соҳа эътибордан четда   қолмайди. “Радио репортаж”, “Хайрли кун”, “Давлат дас­тури амалда”, “Самарқанд садоси”, “Вилоят хабарлари”,   “Радио саёҳат”, “Кун мавзуси” сингари қатор дастурларни шулар жумласига киритиш мумкин.

Маълумот ўрнида айтишим керакки, бугунги кунда вилоят радиосида Зилола Пирназарова, Раҳима Давирова, Зебо Тоғаева, Дилоро Ғозиева, Эркин Юсупов,   Собир Бурхонов каби тажрибали радиожурналистлар фаолият кўрсатишмоқда. Улар эндигина соҳага кириб келаётган ёшларга устозлик қилишяпти. Эшиттириш тайёрлашда анъанавий усуллар билан бирга янги ва замонавий имкониятлардан фойдаланиш борасидаги тажрибаларини ўргатишмоқда.

Ҳафтанинг душанба кунидан жума кунига қадар эрталаб соат 09.00 дан 12.00 гача эфирга узатиладиган “Хайрли кун” дастури орқали мухлислар ўз яқинларига sms ва телефон қўнғироқлари орқали салом ва табрикларини йўллашади. Дастур давомида турли соҳаларга оид қизиқарли маълумотлар берилади. Тингловчилар билан коммуникативликнинг йўлга қўйилганлиги дастур эшитимлилигини оширмоқда деб ўйлайман. Бундан кейин ҳам шу каби дастурларни ривожлантириб бориш устида ишлаймиз.

Айтиш жоизки фаолиятимиз   давомида ечимини кутаётган   муам­молар ҳам йўқ эмас. Бизни қийнаётган энг катта   муаммолардан бири бу     эфир узатиш   радиуснинг   қисқалигидир. Бу борада мухлислардан кўплаб асосли эътироз­лар келиб тушади. Ўйлайманки мазкур муаммо   ҳал   этилар экан   вилоятимизнинг   чекка ҳудудларидаги мухлисларимиз ҳам   ижодкорларимиз томонидан тайёрланаётган   ранг-баранг эшиттиришлардан баҳраманд   бўлишар эди.

Бугунги радиотингловчи кечагисидан анча фарқ қилади. Уларнинг талаби ҳам ошган. Юртдошларимиз соҳалар, тармоқлар, жамият ҳаётига оид ўзгаришлар хусусида маълумот олишни исташади. Қандай ўзгариш ва янгилик­лар юз бераётганлиги, уларнинг тафсилотларини батафсил билишни хоҳлайди. Бундан ташқари, жойлардаги турли ижтимоий ва бошқа муаммоли масалаларнинг кўтарилаётганлиги, унга нисбатан маҳаллий ҳокимлик­лар, масъул идора ва ташкилотлар мутасаддиларининг муносабат билдиришлари ҳам уларни эътиборсиз қолдирмайди.

Ана шу талабга муносиб бўлиш ҳар биримизнинг зиммамизга масъулият юклайди.

Шерзод ЮЛДОШЕВ,

Самарқанд вилоят радиоси

бош муҳаррири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link