Sunday, September 25th, 2022

Кўксимда ой каби балқишинг аён – HURRIYAT


Зикрилла НЕЪМАТ ВАФОИЙ

 

Муаллиф ҳақида:

Зикрилла НЕЪМАТ ВАФОИЙ — 1961 йил Бухоро вилоятида туғилган. 1989 йилда ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетини, 2001 йили Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академиясини тугатган.

“Иккимизнинг ёниқ ишқимиз”, “Юртим навоси”, “Ватан ва муҳаббат”, “Қайтар дунё”, “Остонадан бош­ланар Ватан”, “Муҳаббатсиз яшаб бўлмас”, “Спитаменнинг сўнмас қўшиғи”, “Муҳаббат меҳроби”, “Соғинч сарчашмаси”, “Эзгулик ўлкаси”, “Онам эккан райҳонлар” (Сайланма), “Ватан ҳақида қўшиқлар”, “Мухаммас гулшани”, “Қалбим қалъаси”, “Қалдирғочлар қайтган кун”, “Мангу қўшиғимсан, Ватан”, “Вафо байтин битайлик”, “Дилда   ишқнинг марваридгули”, “Навоийдан наво истаб”, “Бухорони соғинмай бўлмас” номли китоблари нашр этилган.

Юқоридагилардан ташқари “Беш баҳо олган куним”, “Марди майдонлар юрти”, “Жирафа нечун хафа?!”, “Айиқнинг набираси”, “Аълочилар алифбоси” сингари болалар учун ёзилган тўпламлар муаллифи.

У машҳур рус шоирлари – Сергей Есенин, Михаил Лермонтов, Белорус шоирлари – Якуб Колас, Игорь Бордулин, Молдаван шоири – Павел Боцу, Авар шоири Расул Ҳамзатов, грузин шоирлари –   Григол Абашидзе, Георгий Леонидзе, қозоқ шоирлари – Абай, Ўлжас Сулаймон, туркман шоири Ота Отажонов шеърларини ўзбек тилига ўгирган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

 

БЕШ МАҒРУР ЖАНГЧИНИНГ МУНИС ОНАСИ

Иккинчи жаҳон урушида беш фарзандидан айрилган

Зулфия ая Зокированинг хотирасига

 

Бир аёл ув тортар туннинг бағрида,

Ойни ҳам титратар оҳу ноласи.

Шамдек ёниб-куймиш фарзанд доғида,

Беш мағрур жангчининг азиз онаси.

 

Уруш йилларининг дарду азобин,

Билар у даврнинг қадди доллари.

Кўтармиш замоннинг зилдайин юкин

Уруш йилларининг мард аёллари.

 

“Бошинг тошдан бўлсин, жоним болам”, деб,

“Ой бориб омон қайт, кўзи қорам”, деб,

Бир эмас, беш ўғлин жангга кузатди,

“Ғалаба билан қайт, жигарпорам!”, деб.

 

Аҳмаджон, Исҳоқжон, Муҳаммаджон-у

Ваҳобжонлар ёрин йиғлатиб кетмиш.

Ҳатто бир гўзалдан ўпич   олмаган—

Юсуфжоннинг доғи қалбни қон этмиш.

 

Наҳот, беш ўғилдан бири қайтмаса,

“Она, қайтдим” деган сўзни айтмаса.

Илҳақ бўлиб кутган онаизорнинг—

Бағрига гўдакдек   ўзин отмаса?!

 

Бошингни мағур тут, эй онажоним,

Бугун беш ўғлонинг — беш мард қаҳрамон.

Фидо айласа-да гар жангда жонин,

Тинчлик қалъасини сақлашди омон.

 

Сенинг ўғлонларинг шиддати боис,

Зафар таронаси элга бўлди ёр.

Ёвни қувиб токи Рейхстаггача —

Борганлар ичра мард ўғлонларинг бор.

 

Қўйгил, бунча йиғламагил эзилиб,

Куйма бунча фироқларнинг доғида,

Фарзандларинг гўё қайта тирилиб.

Кезиб юрар   Ғалабанинг боғида.

 

Сенинг ўғлонларинг — мардликка тимсол,

Келинларинг ишқу вафо рамзидир.

Сендек мард   аёлнинг борлиги, алҳол,

Буюк ўзбек миллатимнинг бахтидир.

Кел, бу дам дардингга дармонлар бўлай,

Кел, бўлай бедор кўзингнинг жоласи,

Бош эгиб пойингга, таъзимлар қилай,

Беш мағрур жангчининг азиз   онаси.

 

                        ЁШЛИК

(қўшиқ)

Умримиз тонгининг наҳори – ёшлик,

Гўзал умримизнинг баҳори – ёшлик.

Ундадир муҳаббат, шиддат — шижоат,

Ошиқ аҳлин илк дил изҳори – ёшлик.

 

Кимлар бор   ёшлигин бахш этар элга,

Кимлар бор, бор умрин совурар елга.

Сен мисли маёқдек ёнгил, эй   қалбим,

Олисларни кўзлаб чиққанмиз йўлга.

 

Ойу кунлар ўтар қувлашиб йилни,

Вақт келиб куч-қувват тарк этса белни.

Қалбга оташ солган илк муҳаббатдек,

Ёшлик ўти ҳаргиз тарк этмас дилни.

 

Ҳаёт тилсимларин тумори – ёшлик,

Ташна кўнгилларнинг хумори – ёшлик.

Бир умр авайлаб – ардоқлаб яшанг,

Меҳру садоқатнинг ашъори – ёшлик.

 

Ўз ўтган умримни ўйладим мен ҳам,

Уни қўшиқ қилиб куйладим мен ҳам,

Бир зум бўзтўрғайдек бўзладим мен ҳам,

Қалбнинг ҳеч туганмас алёри – ёшлик.

 

МИНОРАИ КАЛОН ПОЙИДА

 

Қадим Бухоронинг сокин бағрида

Минораи Калон турар вазмин, жим.

Гўё бу кунлардан минг йил нарида,

Хаёл суриб турган кекса мунажжим.

 

Бу қадим минора, не тонгки бу кез

Ёдга солар адиб – Омон Мухторни.

Ҳар гал Бухорога борсак иккимиз,

Бирга тавоф этар эдик минорни.

 

Буюклик бобида Омон акам ҳам,

Вазмин минорага жуда ўхшарди.

Назм ила насрда тебратиб қалам,

Улуғ қалб соҳиби хоксор яшарди.

Э, воҳ, энди ўшал донишсифат зот –

Ётар Шошнинг “Минор” қабристонида.

Ажалнинг дастидан дегим келар дод,

Булутлар тўпланур дил осмонида.

 

О, она Минора, бугун ёнингга

Кечир, келганим-чун Омон Мухторсиз.

Бир алам чанг солиб жисму жонимга,

Пойингда турибман ғамгин, мадорсиз.

 

Ҳайҳот! Зўрға тутиб турибман бу дам,

Кўксимни куйдириб келган йиғини.

Бошимда ялтираб турган ҳилол ҳам

Қалбимга санчгайдир ўткир тиғини…

 

Лек менга куч берар умид шукуҳи,

Кўнглим бир таскинни сезиб турибди.

Бошларимиз узра ўтганлар руҳи –

Ҳурлик шамолидай эсиб турибди.

 

Кўнглимдан тарқалур зумда ғубор, ғам,

Юпанчлар юмшатар алам заҳрини.

Бугун гўё устоз Омон Мухтор ҳам,

Шодон кезиб юрар она шаҳрини…

 

Қадим Бухоронинг сокин бағрида…

 

ҚИШЛОҚ ЧЕККАСИДА…

 

Қишлоқ чеккасида, мозор устида

Ҳижрондай сарғайиб ўсган, эй қамиш.

Аччиқ ёшлар томиб кўзим тубидан

Сенга термуларман ўйчан ва хомуш.

 

Эй, азиз отамнинг қабри узра жим

Қон-қон йиғлаб турган маъюс қизғалдоқ.

Алвон гулкосаси ғам билан лим-лим,

Қалбимнинг рангидан ранг олдинг қандоқ?!

 

Меҳрибон волидам қабртошига

Сумбулдай чирмашган, рангин печаклар.

Мен эмас, сиз букун онам бошига

Гул олиб келмишсиз этак-этаклаб.

 

Шўрхок тупроқ узра аста тиз чўкиб,

Майин япроғингиз аста   ўпарман.

Хушбўй ҳидингизда азиз онамнинг

Ҳеч сўнмас меҳрининг тафтин сезарман.

 

Сизга минг ташаккур, майса-гиёҳлар,

Эй, Сиз – Эзгуликнинг яшил лашкари!

Бу ёруғ дунёда кошкийди ҳамма

Меҳрибон бўлсайди сизлар сингари.

                                              

Гоҳ ойлаб боролмай қолгум қишлоққа,  

Ҳайҳот, ташвишларим кўпми шунчалик?

Наҳот, ота-онам   зиёратига

Имкон тополмасман бир гиёҳчалик?!.

О, майса-гиёҳлар, Сизга минг таъзим,

Ҳаёт ибтидоси – эрурсиз ҳар чоқ!

Энг олий мавжудот – инсонга, ҳатто

Меҳру оқибатдан берурсиз сабоқ!  

                           

                          ОҚ ҚАЙИН

Ўзбек юртга келин бўлган рус қизидай,

Сув бўйида ўсмиш гўзал бир оқ қайин.

Новдалари тебранадир   нақ ялпиздай,

Майин-майин, шўх саболар эсган сайин.

 

О, бунчалар гўзалсан, бунчалар дилбар,

Эй, анҳор бўйида   ўсган шўх оқ қайин.

Шимол томонларга маъюс ташлаб назар,

Бағрини соғинчлар эзган шўх оқ қайин.

 

Бўлмиш энди она юртим сенга ватан,

Қайтиб кетмоққа-да сенда йўқ ихтиёр.

Есенин куйлаган оппоқ, эй гулбадан,

Эҳтирос уйғотдинг дилда   беихтиёр.

 

Мафтун бўлиб оқ қайинга боққаним он,

Соғинчдан энтикиб кетар юракларим.

Ёдга тушиб қишлоқдаги дўст-қадрдон,

Оқ қайинга ўхшаган оқ   теракларим.

 

Гўё сувдан чиқиб келган бир афсунгар,

Сув парисин ёдга солар оҳ, оқ қайин.

Акасин кузатиб қолган бир сингилдай,

Ортимдан қўл силкиб қолар шўх оқ қайин.

 

                         УМИД

Булутлар ортидан ой чиқар сузиб,

Сутга чайилгандек оппоқ бу кеча.

 

Ҳажрингда қалбимнинг оромин бузиб,

Кўз юммай чиқурман токи тонггача.

 

Қорамтир булутлар телбалик билан,

Ойни тўсмоқ учун бенаф уринар.

Улар иккимизни ҳижронда ёққан –

Шубҳа-гумонларга ўхшаб кўринар.

 

Юрагим бир ширин умиддан эриб,

Севинчдан дарёдай қалқир ногаҳон.

Бир кун булутларни доғда қолдириб,

Кўксимда ой каби балқишинг аён.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link

Bir cevap yazın

E-posta hesabınız yayımlanmayacak.