Tuesday, October 4th, 2022

Лол қолган Мак-Гахан – HURRIYAT


1873 йилги Хива юришида америкалик ҳарбий мухбир Януарий Алоизий Мак-Гахан ҳам қатнашган ва жуда қизиқарли далилларни ёзиб қолдирган. Рус армиясининг бу юриши Беков-Черкасский мағлубиятига жавобан навбатдаги ҳаракат эди. Мак-Гаханнинг таассуротлари ўша даврдаги ҳолат юзасидан ўзига хос манзараларни суратлантиради.

Албатта, ҳарбий журналистнинг кимлиги кўпчиликни қизиқтирса керак.

Асли келиб чиқиши ирландиялик бўлган Януарий Алоизий Мак-Гахан 1844 йилнинг 12 июнида АҚШнинг Огойо штатидаги Нью-Лессингтон шаҳрида дунёга келган. Отаси Джеймс Мак-Гахан денгиз флотида хизмат қилган, ҳатто машҳур лашкарбоши Наполеон Бонапартнинг Авлиё Елена оролига олиб борган “Нортумберленд” кемаси ҳам унга таниш эди. У вафот этганда ўғли 7 ёшда эди, шунинг учун Януарийга турмуш ташвишлари жуда эрта “меҳмон бўлди”.

Януарий вояга етгач, тирикчилик важидан турли юмушларни бажаради. Сотувчилик қилади, ўқитувчи сифатида болаларга таълим беради, ҳатто темир йўл тармоғида ҳисобчилик ҳам қилади. 20 ёшга тўлганда Америкада Фуқаролар урушининг қаҳрамони генерал Филип Шередан билан танишиб қолади ва у йигитчанинг дунёқарашида янги саҳифаларни очади. Унинг маслаҳати билан ҳуқуқшунос мутахассислигини эгалламоқчи бўлади, бироқ саъй-ҳаракатлари беҳуда кетади. Етарлича романтикага эга бўлган ва иқболини ўзга юртлардан излаш иштиёқига тушган Януарий 1868 йил декабрда Европага йўл олади ва Брюсселга етиб келади. Бу ҳаракат ҳам маърифатпарвар генералнинг маслаҳати билан бўлганди.

 

Сен сиёсат билан қизиқмасанг,

сиёсат сен билан қизиқа бошлайди

Икс-доно.

Кўҳна қитъада уни қизғин ҳаёт ўз бағрига олади. Ҳуқуқшуносликда омади чопмаган йигитчани журналис­тика мафтун этиб қўяди ва у қизғин нуқталардан репортажлар тайёрлай бошлайди. Шереданнинг қўллаб-қувватлаши туфайли Лондондаги “Нью-Йорк Геральд” ҳафталиги қўналғаси билан ижодий ҳамкорлик қилишга киришади. Франция-Пруссия уруши ҳақида жамоатчилик фикрини ёритиб боради. Уруш французларнинг мағлубияти билан тугайди, бу ҳолнинг сабаблари юзасидан Мак-Гахан мухбир сифатида ҳарбий саркарда Леон Мишель ва таниқли ёзувчи Виктор Гюгодан интервьюлар олиб, жаҳонга тарқатади. Унинг бу мавзудаги мақолаларини кўплаб газеталар кўчириб босади, шу билан у машҳур бўлиб кетади. Унинг номи жамоатчиликка танилиб боради. Ҳатто Януарий Алоизий интервью жанрининг асосчиси сифатида ҳам эътироф этилади.

1871 йилда “Нью-Йорк Геральд”нинг мухбири сифатида Санкт-Петербургга келади. Шу ерда рус ар­миясининг Хивага юриш қилаётгани хабарини эшитиб қолади. У “эртак­лар мамлакати” – Осиёда бўлишни, унинг экзотикаси билан танишишни орзу қиларди. Гахан мустақил мухбир сифатида юришга қатнашиш иштиё­қида ўз маблағи ҳисобидан сафарга отланади, жуда кўп саргузаштларни бошидан кечиради, чунки у ҳеч қандай расмий ҳужжатсиз йўлга чиққан эди-да. Касбининг сеҳр-жозибаси туфайли кўплаб қийинчиликларни енгиб ўтади, бутун Қизилқум саҳросини отда кезиб чиқди, деса ҳам бўлади. Димоғдор рус амалдорлари ўзлари эгаллаб олган янги ерларида яйраб яшар, салтанатларини кўз-кўз қилишар, океан ортидан келган қандайдир қаламкашга беписанд муносабатда бўлишарди.

Унинг кузатишларидан олган таассуротлари олдин кўрганларига бутунлай ўхшамасди. Айниқса, қарама-қарши икки куч – босқинчи ва маҳаллий аҳолининг бир-бирларига муносабатлари уни лол қолдиради. Кўплаб жиддий воқеаларнинг гувоҳи бўлиб, кўзи анча пишган америкалик мухбир табиатан муросасоз, тинч­ликни дилдан истовчи, ҳар қандай одамдан (ҳатто душманидан ҳам) илтифотини аямайдиган кенг феъл, кўнг­­ли тоза, содда одамларга дуч келади, уларнинг саховати, одамгарчилиги олдида ҳайратга тушади. У Амударёдан кечиб ўтишда рус армияси қаттиқ талафот кўргани, чарчагани, солдатларнинг озуқаси, отларнинг ем-хашаги қолмаганини қайд этиб, юришнинг мағлубияти аниқ бўлиб қолганини таъкидлайди.

Шундай пайтда маҳаллий аҳоли русларга нон ва бошқа егуликлар улашганини, отларига ем-хашак сотганини ажабланиб тасвирлайди: “Амударё кечувидан ўтиб, ҳориб чарчаган эдик. Агар қаттиқ қаршилик бўлса, бу аҳволда нима қиламиз экан, деган ташвиш ҳам бор эди. Аммо биз Ҳазораспдан Хивагача бирор қаршиликсиз, ҳаттоки, маҳаллий аҳолидан озиқ-овқат олиб, қийналмай етиб бордик. Аскарларимиз аҳолидан янги узилган олма, ўрик, шафтоли, шунингдек, нон, чой сотиб олишар эди. Улар қоғоз пулга қарамас, бироқ 25 гривинник кумуш тангани талашиб олишарди. “Жазирама иссиқда отларимизни нима билан озуқлантирамиз”, деб хавотирда эдик. Боғот ва ҳазораспликлар бизга отларимиз учун жўхори ва беда ҳам сотишди”.

Бир сўз билан айтганда, одамлар билиб-билмай ўз душманларининг оёққа туриб олишига кўмаклашаётганди. Босқинчилар Хивага киргандаги вазиятни ўз кўзи билан кўриб, Мак-Гахан шундай сатрларни ёзган экан: “Мен бу халқдан бутунлай ҳайратланмаслигим ҳам ва уни яхши кўриб қолмаслигим ҳам мумкин эмас”.

Кейинчалик у Санкт-Петербургда Хива ҳукмдорлари билан мулоқот қилади ва ўша ҳайронлигига жавоб топ­гандек бўлади. Содда одамларнинг сиёсат билан умуман иши йўқ, энг катта ташвишлари қоринни тўйдириш, тинч яшаш эканлигини, ким уларнинг тирикчилигига кўмаклашса, ўшаларни дўст тутишини билиб олади.

Юртига қайтгач,   Януарий Алоизий Мак-Гахан “Окусга ҳарбий юриш ва Хиванинг қулаши” деган китоб ёзди. Китоб 3 қисм, 62 бўлимдан иборат.   “Қизилқумда”, “Хиванинг олиниши”, “Туркман сафари” деган номларнинг ўзи гап нима ҳақида эканини эслатиб турибди. Унда Хивани забт этиш учун Россия империяси уюштирган “экспедиция”нинг   тафсилотлари бир муаллиф имкони даражасида батафсил акс этган. Бу ҳал қилувчи тажовузкорона юришнинг олдига қарийб икки асрдан буён давом этаётган “бош оғриқ”қа сўнгги нуқта қўйиш қатъий мақсад қилиб қўйилганди. Китобда бу ҳолат алоҳида таъкидланади. Марказдан (яъни ғарбдан) йўлга чиққан Вер­ёвкин бошлиқ кучлар Тошкент генерал-губернатори фон-Кауфман бош­лиқ гуруҳ билан қўшилиб, Хо­размни исканжага олиши кўзда тутилган эди. Верёвкин 1873 йил 15 февралда Оренбургдан, Фон-Кауфман 3 март куни Тошкентдан йўлга чиқади. Хива 28 майда забт этилади.

Ана шу оралиқдаги воқеалар моҳир журналист ва қизиқувчан америкалик томонидан мароқ билан ҳикоя қилинади. Унинг лавҳаларида одамларнинг кайфияти, теварак-атроф манзараси, ўтилган йўлларнинг тарихи майда-чуйда тафсилотлари билан акс этган. Ёғингарчилик бўлса-да, аёзли кунлар, баъзан ҳавонинг ҳаддан ташқари исиб кетиши, сувсизлик, чўл шароити қанчалаб синовларга дуч қилади? Яна бу оддий саёҳат эмас, балки тарихий миссия – жами хавф-хатарлар олдиндан ҳисоб-китоб қилинган ва аниқ мақсад қўйилган ҳарбий юриш эди. Карвон ҳам салмоқли. Фон-Кауфман ихтиёрида 2500 дан кўп одам, қанчалаб қурол-яроғ бор эди. Юклар қирғизлардан ижарага олинган 4 мингга яқин туяларга юкланганди.

Йўлдаги саргузаштлар Мах-Гаханнинг илдам қаламида жуда оҳанраболи тасвирланган. Уларда ўзбек халқи тарихининг лавҳалари, турмуш тарзи, инсоний қиёфасининг ўткир қирралари муҳрланган. Китобдан маълум лавҳаларни келтириш билан мақсад ҳосил бўлмайди, уни бошдан-охир батафсил ўқиш керак. Шунда жами яхши-ёмонни ажратиб олиш, ҳар бир ҳаракатнинг моҳиятини тушуниш мумкин бўлади. Жумладан, муаллиф босқинчиларнинг аскарлари жуда қатъий интизомга амал қилгани, оддий аҳоли билан ўта мулойим, ҳатто ён босиб (эркалатиб) муомалада бўлганини алоҳида таъкидлайди (яъни “Душманингни пахта билан бўғизла!” дегандек). Чунки омманинг норозилиги енгилмас куч экани, аксинча, халойиқда бошлиқларга нафрат уйғотиш билан кўп нарсага эришилиши мумкинлиги (“Сопини ўзидан чиқариш”) юртларни забт этиш тактикасида ёзилган муҳим қоидалардан эди. Бу ҳол босқинчиларнинг тарихни чуқур ўрганганлигидан далолатдир.

Шундай шароитда маҳаллий ҳукмдорлардан жабр кўрганлар уларнинг паноҳига оқиб кела бошлаган, чўлда қудуқларни кўрсатган, йўлбошловчилик қилган (ахир ҳар доим ҳам Широқлар чиқавермайди). Маҳаллий аҳоли руҳиятини чуқур ўрганган истилочилар одамларнинг меҳрини қозониш усулини кейин ҳам кўп қўллаганлар…

Хива забт этилгандан кейин журналистнинг 1873 йил 29 майдаги қу­йидаги қайдларини оғриқсиз ўқиб бўлмайди: “Шундай қилиб, икки юз йил давомида ўзига қарши уюштирилган   манфур экспедицияларнинг қақшатқич зарбалари остида Марказий Осиёда исломнинг мустаҳкам қалъаси Хива қулади”.    

“Окусга ҳарбий юриш ва Хиванинг қулаши” китоби 1874 йилда Лондонда, 1875 йилда Москвада нашр этилди. Унда воқеаларга бевосита гувоҳ таж­рибали қаламкашнинг юртимиз тарихига доир жонли таассуротлари акс этгани шубҳасиз.

Тиниб-тинчимаган ҳарбий мухбир Мак-Гахан ҳарбий ҳаракатлар бош­ланиб кетган Испанияга йўл олади, у ердаги қайноқ нуқталардан мақолалар ёзади. Кейин Атлантика ва Тинч океанларига уюштирилган экспедицияларда қатнашади. Истанбулдаги Американинг бош консули Юджен Скайлер таклифи билан Россия-Туркия уруши фронтларига боради, у ердан қайноқ репортажлар уюштиради. Унинг ёзганлари далил ва исботларга бойлиги, аниқлиги билан халқаро сиё­сатга ҳам таъсир қиладиган даражада баланд мавқеда бўлган. Жумладан, 1878 йилда Болгариянинг Батак қиш­лоғида бўлиб, бу ерда рўй берган инсон ҳуқуқларини камситувчи ҳаракатлар юзасидан мақола ёзади. Шундан кейин Британия ҳукумати унинг мақола ва интервьюларида келтирилган далилларига суяниб, 1877 йилги урушда Туркиянинг ҳаракатларини қоралайди. Мухбирнинг далилларини Чарльз Дарвин, Виктор Гюго, Жузеппе Гарибальде сингари йирик арбоблар қувватлаб чиқади ва давлатлараро муносабатлар юзасидан хақаро ҳужжатларга зўравонликка қарши курашиш юзасидан зарур ўзгаришлар киритилади.

Януарий Алоизий Мак-Гахан 1878 йил 9 июнда 33 ёшида Туркияда қорин тифи касаллиги билан вафот этади. У греклар мозорига дафн этилади. Орадан беш йил ўтгач, ўша пайтда армия бош қўмондони бўлиб турган генерал Филип Шереданнинг саъй-ҳаракати туфайли АҚШ президентининг топшириғи билан юртига олиб кетилиб, миллий ифтихор сифатида қайта дафн этилади. Ўрис тилли ёзувчи Борис Акунин (Григорий Шальвович Чхиртишвили) “Турк гамбити” романининг бош қаҳрамони Шеймас Маклафлинн образида Мак-Гаханни прототип қилиб олган эди.

Януарий Алоизий Мак-Гахан кўп­лаб корифейларга эга бўлган дунё журналистикасида ўзига хос ҳодиса сифатида қайд этилади.

Ҳаким САТТОРИЙ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link