Friday, December 2nd, 2022

Марварид юлдузлар шуъласи


Ҳар бир отаётган тонг шуъласининг бир-бирини такрорламайдиган сир-синоати бор. Эндигина кўз очаётган булоғу, ювош тортиб, тиниқлашган куз сойларига ўйчан термулиб турган кўҳна Дунёгача.

Менинг тонгларим ҳам шундай…

Мен бугун тонгдан ота-онам, устозларим қабрини зиёрат қилдим. Дилимни ёрдим, дуолар қилдим. Куз чечакларини по­йига қўйдим. Ва ўйладим – Аллоҳ бизга насиб этган ҳаёт аждодлар, авлодлар силсиласида шу тахлит давом этаверар экан.

Аллоҳ менга Ўзбекистонимиз каби бетакрор юртга фарзанд бўлиш бахтини ато этди. Қалбимга Чотқол тоғларининг ғурурини, булоқларининг шаффофлигини берди. Донишманд халқимизнинг асрлар оша кўз қорачиғидек асраб келаётган миллий қадриятларини томиримда оқаётган қонларимга сингдирди. Ва ОНА олдида фарзандлик бурчи, қарзи қандай бўлиши, уни узмоқ масъулияти ҳақида сабоқ берди.

Болалигимда буважоним, отажонимнинг тупроқ иси, онажонимнинг нон иси келиб турадиган қўлларини кўзимга суришни яхши кўрардим. Бу қўллар менга жуда қудратли, сеҳрли бўлиб кўринарди. Бу қўллар қуп-қуруқ ерларда боғлар яратарди, бу қўллар ўчоқдан   иссиқ нон узиб, бизга ризқ улашарди. Энди билсам бу қўллар меҳнаткаш, табаррук халқимиз қўллари — ҳар доим Аллоҳдан юртга тинчлик сўраб дуо учун очиладиган қўллар экан.

Бугун кўз ўнгимдан   олмосдек хотиралар ярқираб ўтаётир. Паркентнинг тупроқ кўчаларини чангитиб юрган болалик. Ўйинлар… Тунлари тўлин ой шуъласида ҳорғингина сомон янчаётган от, унинг орқасидан уйқусираб, бироқ ёқимли чарчоқдан роҳатланиб кетаётган қизалоқ. Мактабнинг илк остонаси… Илк устозлар. Илк кутубхона ва биринчи синфда ўқиб, сеҳрга чўмганим “Етти оққуш” эртаги… Сўнгра Дорулфунун ўзига чорлади, қучоқ очди. Ўн саккиз ёшдаги тенгқурларимнинг кўзларидан олов сачраб турган оҳанрабоси… Ва ҳаммамизга меҳр ва мурувват билан оғалик қилган Аҳмаджон ака Мелибоев…

Болалигимдан улуғ шоира Зулфияхонимни бир марта бўлса ҳам кўришни орзу қилардим. Кафтдаккина китобчасини ёстиғим тагига қўйиб ётардим. Мен интилган чўққиларнинг жозибаси шундай эди. Устознинг олдиларига севимли шои­­рамиз — Ойдин опа Ҳожиева етаклаб олиб борганларида, ҳаяжондан юрагим дукури самога эшитилаётгандек эди. Шеърият… Устозларим Зулфияхоним, Музайяна Алавия, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Ойдин Ҳожиева дуолари. Ҳалима Худойбердиева чашмалари… Ўзбекис­тон қаҳрамони, донишманд Иброҳим Ғафуров академияси… умрим китобидаги гўзал варақлар…

Бу йил мен учун оғир синов йили бўлиш билан бирга қувонч йили, дийдор йили бўлди. Бемор бўлган пайтларимда мусофирлик оламида дунё­­га боқиб, бегона шаҳарда, бегона юртда, бир ғариб қушчага ўхшаб қолдим мен, деб шеърлар битдим. Ватан дийдорига етмоқ саодатини сўраб Яратганга илтижолар қилдим.

Шукур. Аввало Аллоҳ, азиз инсонлар кўмагида рўпарангизда яна сизлар билан рўбарў бўлиб турибман. Етмиш ёшга тўлишим муносабати билан атрофимда бирлашиб, субҳидам қувончини менга ҳадя этган, уни ташкил қилган Тошкент вилояти ҳокимлиги, унинг зиёбахш қалбли раҳбари Зоир Мирзаев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Маҳмуд Тоир ва анжуманда иштирок этиб, менга гўзал тилаклар билдирган барча азизларга оиламиз номидан ўз миннатдорлигимни билдираман.

Ўзбекистон Қаҳрамони Муножотхон Йўл­чиеванинг самимияти, камтарлиги, дилбарлиги ҳаммани ҳайратга солди. Анжуманда иштирок этган бошқа санъаткорларимизнинг ҳам ажойиб қўшиқлари дилларни-дилларга боғлади. Ва ҳамма бу дийдорлашув саодатини барча аёлларимизга бўлган эътироф, меҳр сифатида қабул қилди.

Мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз бошчилигида амалга оширилаётган залворли ишлар кўлами биз ижодкорлардан ўз ҳисобини сўрайдиган вақт келди. Янгиланаётган, уйғонаётган Ўзбекистон руҳияти ижод кенгликларида барчамиз учун янги имкониятлар эшигини очиб беради.

Бу йўлда халқимиз дуолари ҳаммамизга ҳамроҳ бўлсин!

Гўзал Ўзбекистонимизнинг тонглари сирга, синоатга, шукуҳга тўлиб отаверсин.

…Қадр туни эди. Ўшал тун олам,

Тангри синовидан чўчиб ўтарди.

Етмиш минг фаришта замин устидан,

Нур дарёси янглиғ кўчиб ўтарди.

Орзулар ижобат бўлар ўшал тун,

Аллоҳ ҳам не сўрсанг беради, зотан.

Ўшал қадр туни симоб юрак-ла,

Мен сенга омонлик тиладим, Ватан!

Ватан! Бош қўювчи улуғ меҳробим,

Ётганда тўшагим, суянсам тоғим.

Шу жаннат гўшани, йўғу боримни,

Ўзинг паноҳингда асра, Худойим.

Мен ўзга бойликнинг эмасман қули,

Дунё ганжинаси уйғотмас ҳавас.

Тангрим, шу тупроқнинг қуш қумурсқасин,

Кийикларин бурни қонамаса бас.

Ой кумушин ёғдир. Қуёш нурин сеп,

Бу юрт қуллик нима – мангу билмасин.

Ҳатто бир чеккада судралиб юрган,

Илонига майли, тикон кирмасин.

Оҳ, десам оғзимда лопиллайди жон,

Зулм зардобидан зард эди дилим.

Ҳисобсиз саҳарлар сен тупурдинг қон,

Кўрган-кечирганинг шу бўлсин, элим!

Бу дунё саҳнида омонатдир жон,

Бир ютум ҳаводир умр дегани.

Ватан – бу соҳилдир, ҳар битта юрак,

Шу ерда тўхтатиб ўтар кемани.

Сен менга гул каби фарзандлар бердинг,

Йўқдан бор айловчи Ўзингсан, зотан.

Ёлғиз бир ўтинчим, нурли кўзларим,

Илоё заволинг кўрмасин, Ватан.

Қадр туни, тингла муножотларим,

Мен ҳам бир онаман, балки ожиз жон.

Аммо юрагимда Ватаним бутун,

Зотан, юрагимда бутундир иймон.

Бир ишқ бор гулхандек борим ёндирган,

Алангаларида Қақнус болалар.

Ватан умрин сўраб қонимда порлар,

Ҳурлик заминида унган лолалар.

Ўзбекнинг кўнглидай кўнгил қайда бор?

Даласидай содда, тузидай содда.

Ўзбек баҳоридай баҳор қайда бор?

Ялпизидай содда. Ўзидай содда,

Ўзбек баҳоридай баҳор қайда бор?

Пўпанакларга-да жон ато этган,

Ўзбек аёлидай аёл қайда бор?

Кўзга тик боқолмай бурилиб кетган,

У ҳеч қачон “севдим” деб айтолмайди,

Асли бу сўз танда жон эрур, зотан.

Тарс ёрилган қўлин қадоқларида,

Аёл муҳаббатин ўқийди Ватан!

Қадр туни, сендан сўровларим мўл,

Қорайтмасанг ҳамки соч толасини.

Бағрингдан абадул абад узмагин,

Ўзбек исли, эрка, шўх боласини.

У она заминдай меҳнаткаш, ҳалол,

Баҳори, ёз, кузи, сокин қишидир.

У – Ватан тимсоли, бутун дунёга

Мағрур боқиб турган Ҳумо қушидир.

…Тоғлар нотинч, кезиб юрар қашқирлар,

Бўрилар қонсираб, тишин қайрайди.

Морбоз най чалади, афсунларига,

Эшилиб-эшилиб илон ўйнайди.

…Кўп ғалат бу дунё. Бошдан-оёқ сир,

Қўйнимизда илон кўп экан, зотан.

Найга эшилувчи бундоқ морлардан,

Аллоҳ ўзи сени асрасин, Ватан!

Ким билсин, ҳозирча морлар ўйини,

Софдил юракларни ўйга тўлдирар.

Балки, тез орада ўйинчи морлар,

Маккор соҳибини чақиб ўлдирар.

Кўнглимни чақади, қийнайди бу дам,

Бошимда гувиллаб турфа хаёллар.

Морлар оғусини бизга келтирма,

Эй, оқкўнгил, содда, ипак шамоллар.

Олис асрларнинг титроқ бўғзидан,

Дунёни титратиб, бир нола келди.

Асрий армонларга топтириб якун,

Мустақиллик деган бир бола келди.

У ҳали жуда ёш, бутун вужуди,

Аллоҳдан қуйилган нурдан бунёддир.

У асли ибтидо – “Ҳақ мўъжизаси”,

Мангу ҳур ва озод одамизоддир.

Қадр туни, тингла муножотларим,

Эрк, ахир, томирда лопиллаган қон.

Шу гўдак умрида миллат орзуси,

Шу гўдак умрида бор Ўзбекистон.

Уни асра ўзинг ёмон кўзлардан,

Ғанимнинг чоҳлари ўзини ютсин.

Ўзбекистон, сенинг жиловларингда

Хизр бобом мангу жиловдор ўтсин!

 

                                                    Шарифа САЛИМОВА



Source link