Thursday, January 26th, 2023

Масъулият юки – HURRIYAT


Аёл. У нозик елкасида муқаддас оила масъулият юкини турмуш ўртоғи билан тенгма-тенг кўтарса-да, бу заҳматни писанд этмай, хонадонини беминнат обод этиб келаётган ноёб хилқатдир. Айниқса, айни кунларда бу зот жамиятнинг турли жабҳаларида хизмат кўрсатиб келаётган нафақат меҳрибон она, балки фидокор раҳбар, илғор ходим. Шижоати, матонати таҳсинга лойиқ.

Бироқ каминани бир ўй қийнайди. Бу муштипарларимизнинг нафис қалби юриш-туриши-ю муомаласи борган сари дағаллашиб бораётгандек. Бу уларнинг соғлиғи, энг ачинарлиси, оиласига салбий таъсир этмоқда. Ўзингиз ўйланг, кун бўйи ишдан ҳориб-чарчаб келган аёл турмуш ўртоғи, фарзандларига қандай вақт ажрата олади? Ўсмир ёшлар тарбиясидаги бузилишлар, ажримлар сонининг кескин ошиб бораётганининг энг асосий сабаби ҳозирги замон аёлининг уйдагилари, яқинларига етарлича вақт ажрата олмаётгани, баъзи бир  оила бошлиғининг масъулият юкини ҳам ўз гарданига ортиб олганида эмасмикан?!

Нега ор-номусли, масъулиятли эркаклар тобора камайиб бормоқда?

Нега ўғлонларимиз отасига эмас, онасига суяна бошлади?

Нима учун айрим қизларимиз эркакшода оналаридан андоза олиб ўсаяпти?

Демоқчиманки, аёлнинг жамиятда фаол бўлиши яхши, лекин бу унинг шахсий ҳаётига зарар етказмаслиги, оиласи таназзулига олиб бормаслиги лозим.

Мамлакатимизда кейинги йилларда аёллар ҳақ-ҳуқуқларига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Сир эмас, узоқ йиллар давомида аёлга беписанд муносабатда бўлиш, уни хўрлаш одатий бир нарсадек қаралган вақтлар ҳам бўлди. Аммо эртасини ўйлаган миллат аёлга бўлган муносабати билан буюкликка эришиши мумкин. Зеро, муқаддас каломларда ҳам аёлга эътибор, ғамхўрлик биринчи масала деб тилга олиниши бежиз эмас.

Муҳаббатой АБДУҚОДИРОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link