Saturday, November 26th, 2022

Матбуотнинг олтин авлоди – HURRIYAT


Куни-кеча пойтахтимиздаги “Оқсарой” маросимлар кошонасида Ўзбекис­тон Журналистлар уюшмаси томонидан ўтказилган маънавий-маданий тадбир “Фахрий журналистлар — соҳанинг олтин авлоди” деб номланди. У Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “2022-2023 йилларда оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда журналистика соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури”, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 26 сентябрдаги тегишли баённомасида белгиланган “Кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш – халқимизга хос эзгу фазилат” ғояси остида, “Кексалар ҳафталиги” доирасида ташкил этилди.

Тадбирда узоқ йиллар оммавий ахборот воситаларида фаолият олиб борган устоз журналистлар, олий таълим муассасаларида журналистика соҳаси бўйича ёшларга таълим берган фахрийлар, шунингдек, айни кунда газета ва журналлар, телерадиоканаллар ҳамда интернет нашрларида ёшларга намуна бўлиб келаётган соҳа фидойилари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Уюшма раиси О. Ўсаров, Ўзбекистон Рес­публикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори А.Ходжаев, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори А.Кўчимов, Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати Х.Дўстмуҳамедов мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида инсон қад­рини улуғлаш, кекса авлод вакилларига ҳурмат-эътибор кўрсатиш, уларни моддий-маънавий рағбатлантириш, “Устоз шогирд” анъанасини давом эттириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани ва бу борадаги ишлар ўз самараларини бераётганини алоҳида таъкидладилар.

Бир юз ўттиз нафарга яқин соҳа фахрийлари қатнашган кечада устоз журналистлар билан дилдан суҳбатлашилди, уларнинг фикр-­мулоҳазаларига қулоқ тутиш, соҳа ривожига хизмат қиладиган таклиф ва тавсиялар олиш имкониятига ҳам эга бўлинди.

Қуйида ушбу тадбир иштирокчилари бўлган устоз ижодкорларнинг айримлари билдирган дил сўзлари билан танишинг.

 

Шерзод Ғуломов,

Ўзбекистон Журналистлар   уюшмаси қошидаги

Фахрий журналистлар кенгаши раиси:

– Журналистика шундай соҳаки, унинг вакиллари кексаликни тан олмайдилар, шу боис қўлларидан қалам тушмайди,   балки йиллар давомида тўпланган тажриба туфайли янада сайқал топаверади. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан ишлаб чиқилган йиллик режада кекса журналистлар иштирокида “Авлодлар учрашувлари”ни ташкил этиш, нуроний ижодкорлар тажрибаларини ёшлар ўртасида кенг ёйиш, катта авлод вакиллари ҳолидан хабар олиш, уларни қўллаб-қувватлаш каби хайрли ишларга алоҳида эътибор қаратилган. Бугунги учрашув ҳам мана шундай   тадбирлардан бири бўлиб, журналистикамиз оқсоқоллари, онахонларини бир даврага йиғиб, уларнинг фикр-мулоҳазаларини тинглаш, вақтларини   мазмунли ўтказишларига яна бир имконият бўлди.

 

Жаббор Раззоқов,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист:

– Фахрий журналистлар – бу ўзбек журналистикасининг олтин авлоди. Улар ҳақиқий истеъдод эгалари, маҳоратлари ва ижод услублари ва йўллари ҳам ўзига хос. Ҳар бирлари ўнлаб, юзлаб шогирдларга устоз. Улар мустабид тузум алдовларида тобланиб, ўткир қиличдай сўзларни дадил айта олган ҳақиқий матбуот заҳматкашлари. Бу инсонларни қадрига етиш, эъзозлаш ва уларнинг бой тажрибасини Янги Ўзбекистоннинг ўсиб келаётган ёш журналистларига етказиш – Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вазифаларидан бири деб биламан. Моҳиятан ана шу вазифаларни Уюшма кейинги йилларда дадиллик билан амалга оширмоқда.   Биз фахрий журналистлар Ўзбекистон деб аталмиш Ватан сарҳадларини маънавий қўриқлаш учун бор кучимизни, ижодимизни, фикр-ўйимизни сафарбар этишга бурчлимиз.

 

Дилбар Саидова,

фахрий журналист:

— Ўзбекистон   Журналистлар уюшмаси Устозлар ва мураббийлар байрами муносабати билан матбуот фахрийлари учун   тадбир ташкил қилди.   Унда иштирокчилар шарафига   қутловлар, шеъру   қўшиқлар   янгради, рақслар ижро этилди, совғалар, гуллар   улашилди, дастурхонга паловхонтўра тортилди. Ижодкор дугоналарим — шоиралар Шарифа Салимова,   Ханифахон Зокирова, мен ва шу атрофда кўришиб қолган мухлисларимиз биргаликда эсдаликка суратга ҳам тушиб олдик.

Тадбир ташкилотчиларига алоҳида раҳмат!

 

Хуршид Даврон,

Ўзбекистон халқ шоири:

— Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси оммавий ахборот воситаларида (газеталар, журналлар, ахборот агентликлари, телевидение ва радиода) узоқ йиллар хизмат қилган устоз журналистларни катта бир даврага тўплаб, нозу неъматли дастурхон ёзишди.

Устозларни ўтган айём билан қутлашди, уларнинг хизматларини тақдирлаб, совғалар беришди. Менгаям алоҳида қучоғимга сиғмайдиган бир совға топширишди. Жуда кўп устозу шогирдларни кўрганимдан кўнг­лим ёришиб уйга қайтдим.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ахборот хизмати

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link