Monday, October 3rd, 2022

“Матбуот мени тарбиялади, элга танитди!” – HURRIYAT


Фахрий журналист, публицист Абдуқаҳҳор Қорабоевга тўйхат ўрнида

 

Бўйдор, кенг елкали, қирра бурун, қошлари ўсиқ, кўз қорачиғлари ўткир боқувчи, юзидан табассум аримайдиган бу ҳамкасбимизни чинорга қиёсласак, арзийди. Салобатли, уч қаватли уйнинг томига етадиган бўй-басти бор дарахт тўрт томонга соя ташлаб, одамларни бағрига чорлайди. Бизнинг   тасаввуримизда фахрий журналист, иқтидорли пуб­лицист, ажойиб дўст ва меҳрибон устоз Абдуқаҳҳор Қорабоевнинг тимсоли шу даражада юксакликдан кўринади, десак, муболаға деманг.

* * *

Ўрта мактабни битириш арафасида ҳар бир ёш қайсидир касб эгаси бўлишни орзу қилади. Ким шифокор, бошқаси ўқитувчи, яна бири эса муҳандисликка ҳавас қилади. Бироқ ой, йиллар ўтиб, қай бирлари ниятига етади – бу, номаълум… Негаки, болаликдаги орзу-ҳавас, балки, чин иштиёққа айланиб улгурмаган бўлиши ҳам мумкин…

Мўйлови қора қалам билан чизилгандек мурт уриб қолган Абдуқаҳҳорнинг қалбига эса журналист бўлиш орзуси тушди. Синфдошларидан яна уч нафари унга қўшилди. Тўртовлон шу касбни эгаллашга аҳду паймон қилишди.

1969 йилда мактабни битириб, уларнинг бири Наманган педагогика институтига, яна бош­қаси Харьков педагогика институтига ўқишга кириб кетди. Абдуқаҳҳор ва бир шериги Тошкентга бориб, тиллар институти ва Тошкент давлат университетига ҳужжат топширишди. Омад кулиб боқмагач, иккаласи ҳам келаси йили, албатта, ўқишга киришни ният қилиб пойтахтда қолишди. Ахир, катта дабдаба билан кузатилган йигитларни қишлоқда “ўқишга киролмабди”, деган гап-сўзлар кутаётгани аниқ эди-да!

Абдуқаҳҳор “Ташсельмаш” заводига ишга кирди. Аввал шогирд, сўнгра йўнувчи-созловчи (токарь-наладчик) бўлиб ишлади. Афсуски, кейинги йил ҳам унинг омади келмади. Унга қолса-ку, ўқишга кирмагунча яна Тошкентда юраверарди, аммо ота-онасининг кексайиб қолгани, уларга қараш унинг зиммасида экани уй сари чорлади.

Қишлоққа қайтгач, иш қидиришга тушди. Журналист бўлиш орзуси ҳали ҳам юрагида жўш ураётган йигитнинг оёғи негадир таҳририят томон бошлади. Қарангки, туман “Юқори ҳосил” газетаси таҳририятида мусаҳҳиҳ (корректор)лик ўрни бўш экан. Газета муҳаррири Ғанижон ака Умрзоқов (Оллоҳ раҳматига олган бўлсин) у билан бир соатча суҳбатлашиб, турли саволлар бериб кўрди. Омаднинг келгани шу-да: жавоблар муҳаррирни қониқтирди, шекилли, уни ишга қабул қилди.

Мусаҳҳиҳлик масъулиятли вазифа эканини Абдуқаҳҳор ишлаб юриб билди. Ахир, кунда-кун­ора майда ҳарфлар билан терилган эллик-олтмиш варақ қоғоздаги матнни ўқиш, хатосини топиб, тузатиб чиқишнинг ўзи бўлмайди.

— Биргина хато ёки янглишиш бир умрга татийди, — дея таъкидлашни яхши кўрарди муҳаррир. — Шунинг учун ҳушёр бўл, бола… Корректура ўқиётганда чалғима…

Устоз сўзларига Абдуқаҳҳор қатъий амал қилди. Мусаҳҳиҳлик билан чекланиб қолмади. Муҳаррир ўринбосари Собиржон Исмоилов ва бошқа тажрибали журналистлардан хабар, лавҳа ва мақолалар ёзиш сир-асрорларини ўргана борди. Илк мақоласи газета орқали ўқувчиларга етиб борганда, суюнганларини, уни кўтариб бориб, ота-онаси ва ўртоқларига кўрсатиб мақтанганини айтмайсизми!

Эндигина шу касбнинг ҳадисини олганида, уни ҳарбий хизматга чақиришди. Лекин икки йил гўёки бир зумда ўтиб кетди. Уйга қайтиб, келди-кетди тугамай, таҳририятга ишга чақиришаётганлиги ҳақида хабар келтиришди. Абдуқаҳҳорнинг режалари бироз ўзгариб қолганлигини улар қайдан билишсин! Шу сабабли узрини айтиш учун таҳририятга борса, муҳаррир йўқ экан. Унинг ўринбосари Собиржон Исмоилов (Оллоҳ раҳмат қилсин)га учраб, ростини айтди: уйланиш керак, уй-жой қуриш зарур, бунинг учун таҳририятда корректорлик учун тўланадиган иш ҳақи камлиги, кўпроқ маош тўланадиган иш топиши зарурлигини айтишига тўғри келди.

Собиржон ака оғир-босиқ, мулоҳазали одам эди. Уни индамай тинглади-ю, акаларча елкасига қоқди.

—Сиздан бизнинг умидимиз катта, — деди у. — Муҳаррир сизни мухбир вазифасига олмоқчи. Албатта, келинг, ҳали сиз билан узоқ йиллар бирга ишлаймиз…

Абдуқаҳҳор хижолатдан ерга қаради. Устоз­дек бўлиб қолган, ҳамиша кулиб турадиган бу инсоннинг сўзлари юрагидаги бор шубҳани чиқариб юборди. Дарҳақиқат, у айтгандай бўлди ҳам. 1984 йил ноябрь ойигача адабий ходим, бўлим мудири, масъул котиб вазифаларида ишлади. Бу орада ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетида сиртдан ўқиб, дипломлик ҳам бўлди.

— Собиржон аканинг шу гапи гўё тақдир йўлимда маёқ бўлди, — дейди Абдуқаҳҳор ака. — Мени таҳририятга ишга чақиришлари журналист бўлишдек мақсадимга эришиш учун катта туртки берди. Эҳтимол, ўша чақириқ бўлмаганда мен бошқа йўлдан кетган, балки мактабдан кейин ўқишга боргунча бўлган икки ой давомида юк ташувчи бўлиб ишлаган туманлараро савдо базасига иш сўраб борган бўлармидим… Кейинчалик мартабали лавозимларда ишлаб юрган чоғларимда   ҳам ўша кунги суҳбатни бот-бот эслаб, айрим одамларда ёшлар орасидан бўладиганларини илғай оладиган хис­лат бор эканлигига иқрор бўлдим…

* * *

Газетачилик сир-асрорларини майда икир-чикирларигача ўзлаштириб бўлганида, ўша пайтларда давлат ва жамият бошқаруви тепасида бўлган Компартиянинг туман қўмитасига ишга чақиришди. Журналистика, газета чиқариш техникасининг ҳар бир жараёнига жиддий эътибор билан қарайдиган, русчасига “пунктуальный” дея таърифланадиган Ғанижон ака Умрзоқовдек билимдон устоздан таълим олгани кейинги фаолиятида ўз самарасини берди. У 1984-1996 йилларда туман партия қўмитаси ташкилий бўлими йўриқчиси, бўлим мудири, ширкат хўжалиги партия қўмитаси котиби, Ўзбекистон ХДП туман Кенгаши котиби, Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси туман Кенгаши раи­­си лавозимларида ишлади. 1996 йилда туман “Қўрғонтепа ҳақиқати” газетаси муҳаррири лавозимига тайинланди.

У муҳаррир бўлиб ишга келган йилларда таҳририятнинг моддий аҳволи қониқарли эмас, газетанинг йиллик адади 1000-1400 нусхадан ошмаётган эди. Унинг саъй-ҳаракати, таълим, соғлиқни сақлаш тизими ва бошқа меҳнат жамоалари билан ўрнатган мустаҳкам алоқаси, обуначилар ва туман раҳбарияти кўнглига йўл топа олганлиги натижасида кейинги йилларда газета қарийб 5000 нусхагача чоп этилди. Бу, вилоят туманлари ўртасида энг юқори кўрсаткич эди.

“Қўрғонтепа ҳақиқати”нинг вилоятдаги нуфузли нашрлардан бирига айланиши, газета ададининг йилма-йил ортиб бориши туфайли аввалги йилларда тўпланиб қолган қарздорликлар бартараф этилиб, таҳририятга хизмат машинаси ва компьютер жамланмаси сотиб олинди. Бу эса ўз навбатида ишловчилар манфаатдорлиги ортишини ҳам таъминлади. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фондининг Давлат грантлари ютиб олиниб, таҳририят моддий-техника базаси мус­таҳкамланиши, 2017 йилда таҳририятга бино қуриш учун ер ажратилиши унинг хизмат бурчини сидқидилдан бажаришга одатланганлигидан далолатдир.

* * *

Устозлар ҳақида гап борар экан, Абдуқаҳҳор ака таҳририятда бирга ишлаш насиб этган Абдуманноб Иброҳимов, Собиржон Исмоилов, Холмирза Маткаримов, Фарҳоджон Нурматов, Узоқбой Саксонбоев каби журналистлардан ҳам кўп нарсаларни ўрганганлигини алоҳида таъкидлайди. Бошқарув-партия ишида Абдулҳақ Ибрагимов, Тилаволди Бобохонов, касаба уюшмалари тизимида Ботиржон Жўраев, Ўктамжон Охунов сингари билимдон кишилар ҳам меҳнат фаолиятида алоҳида аҳамият касб этганлигини мамнуният билан эслайди.

— Меҳнат фаолиятим даври 51 йилни ташкил этган бўлса, шундан 31 йили мустақил Ўзбекистонга хизмат қилган вақтига тўғри келади, — дейди у. — Фаолиятим давомида 3 та тизимда ишлаган бўлсам, ишга кириш учун фақат туман газетаси таҳририятига ариза ёзганман, холос. Туман бошқарув идорасига юқори ташкилот буйруғи билан, жамоа хўжалиги сиёсий раҳбарлиги ва туман касаба уюшмалари раҳбарлигига сайлов йўли билан ишга ўтганман…

Касаба уюшмалари туман қўмитаси раиси бўлиб ишлаётганида, Абдуқаҳҳор Қорабоевни газета муҳаррирлигига ўтказишди. У туман раҳбариятининг таклифини иккиланмай қабул қилди. Лекин бу, бошқалар учун эриш туюлди. Ахир, анча юқори ойлик маош олаётган лавозимни ташлаб, таҳририятга — унинг ярмича иш ҳақи бериладиган муҳаррирлик вазифасига ишга ўтишга розилик бериш ҳам ўша пайтлар учун катта жасорат эди-да! Ҳатто, айрим ҳамкасблари ҳам бунга таажжуб билдиришгани ёдида.

— Матбуот ҳаётимнинг асосий мазмуни ва шундай бўлиб қолади, — деди у ўшанда шу каби фикрларга жавобан. — Матбуот мени тарбиялади, менга элни, элга мени танитди…

* * *

Абдуқаҳҳор ака Қорабоев муборак етмишинчи кузни қаршиламоқда. Аслида шунча баҳор кўрди, дея айтилади. Аммо биз бундай дейишимизнинг боиси бор. Негаки, устоз кузда, айни пишиқчиликда туғилган-да! Балки, шунинг учунми, унинг хонадонидан меҳмон аримайди. Ҳамиша дас­турхони тўкин-сочин.

Устознинг доимо табассум билан юришини кўриб, унга ҳавас қиламиз. Гўёки, дунёга бу инсон йиғлаб эмас, кулиб келганлиги ҳақдаги тасаввур юракларимизга жо бўлган. Абдулҳай Махсум Қозоқов, Ҳасанбой Султонов сингари кулгу дарғалари билан кўп суҳбатдош бўлганиданми, аския пайровида унинг олдига биров тушолмайди.

Кўплаб шогирдларнинг устози, комил инсон, нафақат қалами, ижоди, шунингдек, ширин табассуми билан ҳам одамлар кўнглини забт эта олган Абдуқаҳҳор Қорабоевга узоқ умр тилаймиз.

Шукрулло ЖАЛИЛ,

Нажмиддин ИКРОМИЙ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link