Friday, November 25th, 2022

Маърифатни кўзлаган буюк ҳамкорлик – HURRIYAT


Ватанимизнинг ўтмиши ва буюк келажагимизни маънан ва маърифий кўприк сифатида боғлаб турадиган, Туркий дунё халқларини улуғ аждодлар қолдирган буюк мероснинг ворислари, келажак давомчилари сифатида Янги Ўзбекистоннинг маърифатли жамият сари жаҳон ва замоннинг умумбашарий ютуқларига эришмоққа йўл очиб берадиган “Туркий цивилизациянинг янги даври: умумий тараққиёт ва фаровонлик сари” мавзусидаги саммити барчамизни эътиборимизда бўлди, дақиқама –дақиқа тадбирни кузатдик. Унинг аҳамиятли жиҳати эса, узоқ ўтимишимиз туфайлидир. Зеро, тилимиз, маданиятимиз ҳатто буюк меросимиз ҳам яқиндир. Айниқса, маърифат бешиги бўлган Ўзбекис­тон учун алоҳида қадрият десак хато бўлмас.

Колумбия университети профессори тарихчи олим, Эдвард Оллворт “Замонавий ўзбеклар” китобида “Жадидлар ташқи цивилизация – тамаддун ва дунёдаги янгиланишлар ҳақидаги билимни бошқаларга ўргатишга ҳаракат қилиб, на анъанавий, на рус-тузем мактаблари ҳақиқий тараққиёт йўлини таклиф қилмаётган пайтда янги усулдаги мактаблар оча бошлади” деб ёзган эдики, тарихан халқимиз илм-маърифатга интилганининг гувоҳимиз. Барча даврда халқимиз илмга чанқоқ бўлиб, бу маърифатпарварлик ғояси ҳатто Ғарб мутафаккирларининг сиёсий, маърифий таълимотларида ҳам тадқиқ этилган ва илгари сурилган. Зеро, янги Ўзбекистон маърифатли жамиятга қадам ташлар экан, унинг учун аҳолимизнинг билими, савиясини ошириш аввало илм-маърифат, юксак маънавият кераклиги ҳақида Давлатимиз раҳбари бежиз бот-бот такрорламаётир. Жумладан, мактабгача таълим, президент мактаблари, “Темурбеклар” мактаби, ихтисослаштирилган ва ижод мактабларининг очилгани, таълим-тарбия борасида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаётган “Мўътабар аёл кўкрак нишони”, хотин-қизлар учун ОТМдаги таълим олиш учун яратилган шарт-шароитлар, қулайлик ва имкониятлардан кўзланган мақсад, миллат, давлат тақдири, эртасидир. Зеро, Абу Наср Форобий бобомиз ёзганидек, битта давлат маърифатли бўлиб, атрофдагилари жоҳил бўлса, бу давлатнинг эртаси узоққа бормайди. Шу боис ҳам, бугун Ўзбекистон маърифатли жамият сари ғоясини кенг халқаро миқёсга олиб чиққани таҳсинга ло­йиқдир. Жадидчи улуғ шоирларимиздан Чўлпоннинг таълим ҳақидаги қарашларига назар ташласак, у ўзининг илк машқларидаёқ жадидларнинг бу борадаги эзгу орзу-умидларини шундай ифодалаган: “Халқ ўз фойдасини англаса, миллий мактаб ва мадрасалар очса, Оврўпа дорилфунунларига болаларини юборса, дўхтур, адвокат, муҳаррир ва ҳунарманд, савдогарлар ва муҳандис (инженер)лар чиқса, буларнинг ҳар бири ўз вазифаларинда туриб ишларини тартиб ила юргузсалар ва халқимизнинг фойдасини кузатсалар, нақадар олий ва нақадар гўзал бўларди”.

Дарҳақиқат, тарихимизнинг кичик, лекин келажак учун улкан аҳамиятга эга бўлган маърифатпарварлик ғоя­лари давлат сиёсати даражасига кўтарилди, десак, муболаға бўлмайди. Ҳозирги даврда дунёда глобаллашув жараёнини кузатар эканмиз, дунёда кечаётган турли хил мақсад-манфаатларни ифода этувчи мафкуралар кўпайиб бораётганига гувоҳ бўламиз. Бугунги кунда янги давр, янгича дунё­қараш халқимиз, айниқса, ёшлар онгигига сингиб бораётган даврда Янги Ўзбекистон Маърифатли жамият сари концеп­циясини нафақат илгари сурмоқда, балки уни амалга оширишда ҳам Ўзбекис­тонда кенг халқаро ҳамжамиятга олиб чиққани диққатга сазовордир. Чунки турли хил ёт ғоя ва мафкураларни тарқатишдан кўзланган асосий мақсад — инсон, авваламбор, ёшлар қалбини эгаллаш, халқаро ҳамжамият   ёки халқнинг онгига, унинг таъсир ўтказиш, уни маънавий жиҳатдан заиф ва тобе этишга қартилаётган ёвуз­ликка қарши бугун Ўзбекистон катта ташаббусини илгари сургани ҳам эътиборга молик, албатта.

Туркий тилли   тарихий, илмий ва маданий меросини ўрганиш тадқиқот марказининг ташкил этилиши билан   ушбу марказ қардош халқларнинг бебаҳо меросини тадқиқ этиши ва келгуси авлодларга етказишда муҳим аҳамият касб этишининг ўзи –маърифатли жамият чари концепциянинг тарихий-маънавий-маърифий асосини ташкил этади. Бунда бу соҳада ёш олимлар, тадқиқотчилар, ҳатто ўқувчи-талабаларнинг илмий қизиқиши ортади, ҳамда янги илмий таҳлилий асарлар яратилишига замин бўлади.

Иккинчидан, жорий йилнинг 11 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Туркий давлатлар ташкилоти йиғилишида ҳам маънавий ва маърифий ишларимизнинг юксалишига янги қадам ташлангани барчамизга руҳий тетиклик, бир олам қувонч бахш этгани билан тарихга муҳрланади.

Зеро, бу каби муҳим тадбирлар нафақат халқларимизнинг улуғ ижодкорлари қолдирган бой маънавий меросни кенг тарғиб этади, балки уларни асраб-авайлашга, чуқур ўрганишга ҳам даъват этади.

Бундан ташқари, ҳар йили қадимий ва бой маданий обидаларга эга, катта аҳамият касб этувчи шаҳарлар Туркий дунё маданий пойтахти, деб эълон қилиб келинмоқда.

Масалан, 2012 йилда Остона, 2013 йилда Эскишехир (Туркия), 2014 йилда Қозон (Россия), бир йил ўтиб Марв (Туркманистон), 2016 йилда Шеки (Озарбайжон), 2017 йилда Қозоғистоннинг Туркистон, 2018 йилда Туркиянинг Костомону, 2019 йилда Ош шаҳри бу мақомга эга бўлди. 2020–2021 йилларда эса бу мақомни Хива шаҳри қўлга киритган эди.

Эътибор берсак, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўз нутқида тинчлик ва дўстлик рамзи, фан ва маърифат маркази бўлмиш Самарқанд шаҳрини “Туркий цивилизация пойтахти” деб эълон қилгани, тарихан навқирон Самарқанд шаҳрининг мақомини халқаро нуфузини оширган воқеа десак, давлат раҳбарлари ҳудудлар ўртасида фан ва таълим, технологиялар ва инновациялар борасидаги ҳамкорликнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш ташаб­бусини илгари суришгани “Учинчи Ренессанс”нинг пойдеворига тамал тоши қўйганининг бир исботи бўлди. Ўзбекистон таклифи билан 2022 йил Туркий давлатлар ташкилоти доирасида “Ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш йили”, деб эълон қилингани эса муҳим халқаро ташаббус бўлиб, унинг доирасида Бухоро шаҳри – Туркий дунё ёшлар пойтахти мақомига эга бўлгани ёшларимизга, халқимизга маънан юксак ишончни берган эди. Бухоро — ислом маънавияти, маърифати ривожида чуқур из қолдиргани, бу мерос эса, бугунги Янги Ўзбекистонда ёшларни бағрига олган “Ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаган пойтахт” бўлиб тарихга киргани ғурур ва ифтихор бахш этмоқда. Яна унинг мантиқий давоми сифатида Президентимиз ёш авлодни ҳар томонлама рағбатлантириш, уларнинг истеъдод ва қобилиятларини рўёбга чиқариш мақсадида бошлаган хайрли ишлар изчил давом эттирилишини илгари сурди.   Шу боис, 2023 йил юртимизда Туркий дунё ёшларининг илм ва инновациялар халқаро конгрессини ўтказиш таклифи илгари сурилдики, унинг доирасида инновация ва таълим вазирлари, олийгоҳлар ректорлари ва ёш етакчилар, иқтидорли ўғил-қизларимиз, Ташкилотимиз оқсоқолларининг кенг қамровли учрашувларини ташкил этиш кўзда тутилган. Эътибор берсак, Шарқ Уйғониш даври, темурийлар даврининг мантиқий Янги Ўзбекистоннинг маърифатли сиёсатидир. Шунингдек, мазкур   ишларни қўллаб-қувватлаш ва натижадорликни таъминлаш мақсадида Давлатимиз раҳбарининг Ташкилот Бош котибининг Ёшлар масалалари бўйича ўринбосари лавозимини жорий этиш таклифи ҳам ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, креатив ғоя ва лойиҳаларини рағбатлантириш, миллий қадриятларимизга ёт бўлган таъсирлардан асраб-авайлашга хизмат қилади.

Дарҳақиқат, “Туркий цивилиза­циянинг янги даври: умумий тараққиёт ва фаровонлик сари” шиорининг ўзи барча аъзо давлатларнинг аҳолисига, айниқса, ёшларига янги изланишлар, имкониятлар, илмий тадқиқотлар кўп­ригини очади. Маърифатли жамият халқлар ўртасида кенг қулоч ёйгани эса, туркий дунё ёшларининг ёруғ келажагини таъминлашга хизмат қилишига шубҳа йўқ. Буюк маърифатпарвар Алишер Навоий ўз даврида турк тилининг ривожи учун беқиёс ҳисса қўшганини бутун олам аҳли яхши билади. Бугун Юртбошимиз раҳнамолигида ана шу улуғ саодат йўлида олиб борилаётган эзгу амаллар янги мазмун касб этаётгани фахрлидир. Келаётган 2023 йилнинг “Туркий цивилизациянинг юксалиш йили” деб эълон қилиниши эса тарихий воқеадир.

Фируза МУҲИТДИНОВА,

ТДЮУ профессори,

юридик фанлар доктори

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link