Friday, January 27th, 2023

Мақоланинг “дарди” бўлиши керак – HURRIYAT


Оммавий ахборот воситаларида меҳнат  қилаётган ёш ва серқирра  ижодкорлар билан мулоқотда бўлиш   инсонга руҳ бағишлайди. Муҳтарам муштарий, руҳиятдаги ана шу файз ва тароватни, ажиб таассуротни қалбингиз кенгликларига  ёйиб юбормоқ ниятидамиз.  Суҳбатдошимиз “Ҳуқуқ” газетаси мухбири, истеъдодли журналист Юлдузхон Ҳожиеванинг журналистика билан боғлиқ   ўз қарашлари бор. Шу сабаб, бир неча саволлар асносида фикр алмашдик.          

— Юлдузхон, ўтиб бораётган йил сиз учун ҳам салмоқли бўлди. Нав­батдаги йилда ҳам ана шу фаоллик мезонларида  қалам тебратасиз деган умиддамиз!

— Раҳмат!

— Бугун “Оммавий ахборот воситаларининг таъсирчанлигини ошириш масаласи” бот-бот таҳлил этил­япти. Сиз ижод жараёнида ана шу масалани нечоғлик ёдда тутасиз?

— Мен шунчаки ўқиб -ўтиб кетилаверадиган мақола ёзишни ўзимга номуносиб ҳол деб баҳолайман. Мақоланинг “дарди” бўлиши керак. Ўзига хос юки, залвори сезилиши шарт.

Масалан, биргина ажримлар масаласини оладиган бўлсак, тўғри бу борада  маҳаллаларда ташкил этилган яраштирув комиссиялари фао­лиятини  эътироф этиш мумкин. Шунга қарамай, сир эмаски, оилавий ажримларга кўп гувоҳ бўлмоқдамиз. Худди шу мавзуда ёзадиган бўлсак, айтайлик статис­тик маълумотларни, рақамларни келтириб қўйсак, мақоланинг ҳисоботдан фарқи бўлмай қолади.

Мавзуни атрофлича ўрганиб, бугун жиноят кўчасига кириб қолаётган  ўсмирларнинг аксариятини нотўлиқ оилаларда вояга етаётган болалар эканлигига шоҳид бўлдим. Чунки  оилавий низоларда  катталар ҳамиша ўзича ҳақ, аммо  ажримлар  натижасида энг кўп жабр чеккан бу болалар бўлиб қолаяпти. Чунки у бахтли болалигини яшаши,  ҳам ота, ҳам она меҳри ва тарбияси остида улғайиши керак.

Бу борада туркум мақолалар ёздим ва уни жиноят кўчасига кириб қолган бола тилидан ҳикоя қилдим. Бои­­си ҳеч ким онасидан жиноятчи бўлиб туғилмайди. Уни  оилавий муҳит не кўйларга солганини ифода этишга ҳаракат қилдим.

— Юлдузхон, нотинч оила, низоли хонадонларда ўсаётган болалар руҳиятига ҳам  озор етади. Чунки ота-она ўз мунозараси билан банд бўлиб,  боласи учун вақт ажрата олмайди. Шу ўринда яна бир мулоҳазани билдирмоқчи эдик. Маҳаллаларда ташкил этилган яраштирув комиссияларига психологларни ҳам  жалб этиш ўринли  бўларди. Никоҳнинг кризис ҳолатларини таҳлил этган мутахассис фикрича, кечириш, унутиш ва олға интилиш  шарт ва зарур экан. Чунки биринчи  оиласи билан келиша олмаган ёшлар, иккинчи бор оила қурган тақдирда ҳам  ана шу ўзаро бир-бирини тўғри тушуниш  масаласида қийналишади. Халқимиз “қушнинг ҳам уяси бузилмасин” дей­ди. Чунки қуш учиб кетиши мумкин, аммо уясидаги  палапонларни парвоз бахтидан маҳрум этиш керакмас. Сиз айни шу ўринда оиладаги бекалик масъулиятингиз ва бурчингизни  қандай тушунасиз?

— Айтайлик, эртага газета босмахонага топшириладиган кун. Уйга одатдагидан жуда кеч келдим. Бироқ бу менга, “чарчадим-ку” деган хулосани бермаслиги керак. Мен болаларимнинг  уй вазифаларини тайёрлашига кўмаклашишим, меҳр ва эътибор кўрсатишим, оила юмушларимни адо этишим учун ўзимда куч ва ирода топа олишим керак. Чунки биз зиёли қатлам ҳам касбимизнинг вазифаларини, ҳамда бекалик-оналик бурчини  бекаму-кўст  бажаришга барча куч ва билимларимизни сафарбар этишимиз  лозим.

— Касбий билим ва  тажрибаларингизни бойитишда айнан нималарга аҳамият қаратасиз?

— Ижодкорда ўзига хослик бўлиши керак. Устоз журналистларнинг ижод  маҳсулларини ўқиб бораман. Айниқса,  Аҳмаджон Мелибоев, Хуршид Дўстмуҳаммад, Маҳмуд  Саъдий, Фармон Тошев, Аҳмаджон Отабоев, Абдурасул Жумақулов ва ҳоказо устозларнинг ижодлари қалбимга жуда яқин. Улар мавзуга қандай ёндашаяпти, қайси ракурсларда ёзаяпти, ижодий муваффақиятини таъминлаётган сир-асрор нимада? сингари саволларга ўзимча жавоб излаб, таҳлил қиламан. Улардан ўрганаман ва шу аснода ўз услубимни шакллантиришга интиламан.

— Сарлавҳа ижодкорлиги борасида  фикрингиз қандай?

— Бизда “дежурний” яъни навбатчи  сарлавҳалар шаклланиб қолган-да! У мақолагаям, бу  мақолагаям тушиб кетаверадиган сарлавҳалар матбуот саҳифаларида айланаверади. Буни бартараф этиш вақти келди, деб ўйлайман.

Баъзида хусусий нашрларнинг топ­қирлигидан биз давлат нашрлари ходимлари қайсидир маънода ибрат олишимиз керак, деган фикрим ҳам  йўқ эмас. Масалан, хусусий газеталардан бирида “Гулсанам  Мамазоитованинг қайнонаси унинг санъатига нима  дейди?”  деган сарлавҳани кўриб қолдим. Газетани айнан шу сарлавҳа учун сотиб олдим. Қизиқ-да энди! Санъатшунос фикрини тахмин қилиш мумкин, мухлиснинг эътирофини ҳам  тасаввур қиламиз, аммо қайнонаси нима  деган экан, деган  фикр мени қизиқтириб қўйганди. Уйга етиб боришга ҳам сабрим чидамай, транспортда ўқидим. “Санъатига қаршилигим йўқ”, деган экан холос. Биз сарлавҳа топишда уларнинг  ишбилармонлигидан  андоза олсак, ёмон бўлмасди. Демоқчимасман, дилтортар  сарлавҳа тагида оддий гап бўлсин, йўқ,  сарлавҳамиз  газетхоннинг дил шишасини бир чертса, сўнгра асос­­ли мулоҳазаларимизни тақдим этсак яхши бўларди.

— Мазмунли суҳбат учун раҳмат! Келаётган  йил сиз учун ижодий муваффақиятлар йили бўлишига тилакдошмиз.

Гулзебо ИБРОҲИМОВА

суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link