Sunday, October 2nd, 2022

Маҳорат дунёсида


Адабиётшунос олим, Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуровга мактуб

 

Иброҳим домла, Жеймс Жойснинг таржимангиздаги “Улисс” романини “Жаҳон адабиёти”да эълон қилинганида ўқиб, очиғи унча тушунмаган эдим. Алоҳида китоб бўлиб чиққач, уни китоб дўконидан сотиб олдимки, асл мақсадим унинг моҳиятига етиш эди. Ростини айтсам, олти ой давомида ўқиб, ҳалиям уни тўлиқ тушундим, дея олмайман. Мутолаа жараёнида ақлим билан кўнг­лим тортишгандай туюлаверди. Ақлим: “Менталитетимизга мос бўлмаса-да, онгу шууримизга таъсир кўрсатадиган асарларни ўқиш ва тушунишдан ҳайиқиш керак эмас, аммо уни тарғиб қилишдан қўрқиш лозим. Зеро, бу ҳолатни ҳатто ёмонлаб ёзиш ҳам тарғибнинг бир тури”, деса, кўнглим уни инкор этарди. “Алмойи-алжойи фикрларингни қўй, — дерди гўё. — Ана шундай   асарлар бўлмаса, бир халқ бошқасини билмасди — унинг урф-одати, анъаналари, қад­риятларидан воқиф бўлмасди”.

Ҳа, ана шундай икки дунёқараш оралиғида ўз олдимда “Улисс” бизнинг романлардан нимаси билан ажралиб туради, деган савол қўйиб, яна такрор ўқий бошладим.

Шоҳона асарларимиз “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён”, “Кеча ва кундуз”, “Сароб” каби романларимизда таъсирчан, романтик тасаввур уйғотадиган воқеаларга маҳлиё бўласиз. Ҳаётийлигидан китоб ўқиётганингизни унутиб ҳам қўясиз. Туйғу, ҳикматга мойил сатрларни ёзиб бориш одатингиз бўлса, буни ҳам эсдан чиқариб қўясиз. Чунки буларда ибрат олса бўладиган иборалар воқеаларга сингдириб юборилган-да, “Улисс”да бундай эмас. Ҳисларингизнинг юз-кўзини боғлаб, ўзи билан қайгадир бошлаб кетадиган равон воқеа йўқ. Аммо ҳар тасвирнинг ўзи бир воқеага асос бўладиган романтика. Яъни, “Улисс” худди фалсафий-психологик шеърлар мажмуасидек. Шунинг учун биридан-иккинчисига ўтишда қийналасиз – уларни боғлайдиган риштани гоҳ топасиз, гоҳида тополмайсиз. Аммо ибораларни ёзиб олиш суръати тезлашади. Ёзиб олган иборангизнинг асар воқеасига ҳам дахли бор, ҳам дахли йўқдай, алоҳида туйғу ёки ҳикматдай таассурот уйғотаверади. Шу жиҳат Жойснинг атоқли ёзувчиларимиздан фарқини белгиласа керак, деб ўйлайман.

Ана шундай англаш аро бир масалага инсоф ва андиша нуқтаи назардан ёндашишимиз керак. Яъни, фалон ғарб ёзувчисининг фалон асарининг ғояси шарқ адабиёти хазинасида мавжуд, деган ўринсиз фахрга берилавермасдан уларни борича халқимизга тақдим қилиш афзалроқдир. Бинобарин, ғарб адабиётида фавқулодда гўзал, тасвирлари бетакрор асарлар борки, бунга Шарқ ҳам маҳлиёдир. Чунончи, “Улисс”да бундай ҳолатлар кўп, жуда ҳам кўп дуч келасиз. Айтайлик, асар қаҳрамонининг лозим бўлган нарсани ўз онасига раво кўрмагани, аммо лозим бўлмаган нарса учун қатъийлик кўрсатгани ҳақидаги воқеани олинг:

“ — Раҳмат, — деди Стивен. – Агар улар кулранг бўлса, мен кия олмайман.

— У киёлмас эмиш, — деди ойнадаги ўз аксига қарата Бак Маллиган. – Тарки одат амри маҳол. У ўз онасини ўлдирди. Аммо у кулранг шим киймас экан”.

Умуман, Жойс тасвирлари қолипловчи мотивлар асосида қурилган, яъни мотив ичида мотив бор. Булар: оддий буюм ва рамзий ишора. Бу ҳолатда моддий мотив – ойна, рамзий мотив эса киноя. Қаҳрамон соқол олаётиб, ойнадаги акси билан гаплашаётган бўлсин, аслида ҳамхонасига тегизаяпти. Ҳамроҳига бу гап таъсир қилади: “Стивен энкайиб ўзига узатилган ойнага қаради, ойнанинг ўртасидан эгри-бугри дарз ўтган, дарз орасида бир тола соч тиқилиб учи чиқиб турарди. Ўткинчиларнинг нигоҳи нимани кўради? Ким менга шу юзимни танлади? Манави ночор, паразитлар билан тўлиб-тошган итнинг вужудини ким берди? Ойна ҳам шуни сўраяпти”.

Стивен онаси ўлгандан бир неча кун ўтгач, Бак Маллиганнинг уйига борганди. Тасодифан ошнасининг онаси саволига жавобини эшитиб қолди. Маллиган Стивеннинг мусибатли ҳолатини назарга илмай: “Яқинда унинг онаси асфласофлинга кетди” дейди. Кўринишидан оддийгина, аммо драматизмга бой   бу суҳбат улар хонадан денгиз соҳилига чиққандан кейин ҳам давом этади. Бак Маллиган Стивенга гўё таскин беради:

“Онангнинг ўлими сенинг ёки менинг ўлимим… Онанг жон таслим этаётганда сендан илтижо қилди, тиз чўкиб мен учун Худога ёлвор, деди. Сен буни адо этишни истамадинг. Нима учун?.. Лекин мен онангнинг хотирасини ҳақорат қилганим йўқ”.

“ – Мен онамни ҳақорат қилдинг, деяпманми?

— Кимни бўлмаса? — сўради Бак Маллиган.

— Сен мени ҳақорат қилдинг, — деди Стивен”.

Қаранг, ёзувчи Стивеннинг онасини эъзоз­лаганини қандай тасвирлайди. Бак Маллиган ўзини бу гапдан таъсирлангандай тутади:

“ — Денгизга қара, — деди у. — Унинг ҳақоратлар билан нима иши бор?!”.

Шарқда “Башаранг қийшиқ бўлса, ойнадан ўпкалама” деган нақл бор. Аммо бу нақл юқоридаги ифодани бутунлай қамраб олади, дея олмаймиз. Эътибор берсангиз, юқоридаги воқеадан олдин Бак Маллиган соқол олишни бошларкан, ошнаси Стивен Дедални ҳам кўкка кўтаради, ҳам ўзи кўтарган юксакликдан пастга ташлаб юборади. Уни “Дедалус – дунёдаги энг тузук   болалардансан” дея эркалайди, “Кинг (устара)нинг тиғи” деб масхара ҳам қилади. Ҳатто “сенда қандайдир ёқимсиз нарса бор” дея камситади. Бир саҳифада асар қаҳрамонини ҳам ёмонлаб, ҳам яхшилашини ёзувчининг ўзига хос йўли деб қабул қилишга мажбур бўласиз. Яъни ифодада қарама-қарши сифатларнинг бир инсонга нисбат берилиши билан тақдир чигалликлари, дунёқарашлар тўқнашувига, бир инсон бутунлай яхши ёки ёмон бўлолмаслигига ишора қилинади. Асар тузилишида ҳам биз ўрганган яхлитлик ва текислик йўқ. Паст деганимиз баланд, кенг деганимиз тор, яхши деганимиз ёмон, ёмон деганимиз яхши ва ҳоказо. Мантиқан қараганда, бировни фазилатли ёки нуқсонли деган инсоннинг ўзи ким? Ёзувчининг бу борада ҳукм чиқаришга ҳаққи борми? Йўқ, Жойс китобхоннинг текин овқатдан ризқланишини истамайди. Шу ўринда яна бир жиҳатни айтиш ўринлики, таржима жараёнида имкон қадар содда, халқона ифода йўлидан юргансиз. Агар тилимиз хазинасидаги аввал мавжуд бўлган, истеъмолга қайта киритилаётган мумтоз адабий манбалардаги сўзларни ишлатганингизда “Улисс”ни ўқиш янада қийинлашарди.

Адабиётшунос олим Ҳамидулла Болтабоев, нафақат илмий рисола ва монографиялар, балки бадиий адабиёт намуналаридаги асос­лар ҳам етарлича илмий манба вазифасини ўтайди, дея тўғри мулоҳаза юритади.

“ – Хўп, сиз Ҳамлет ҳақида нима деб ўйлайсиз? – сўради Ҳейнс Стивендан. “Биз аллақачон Увайдлар ва парадокслардан ўтиб кетганмиз. Бу жуда содда. Гап шундаки, у алгебра ёрдамида Ҳамлетнинг набираси Шекс­пирга бобо – унинг ўзи эса отасининг руҳи, деб ишонтирмоқчи бўлади”.

   “Гап шундаки, — тушунтирди Ҳейнс Стивенга яна олдинма-кейин йўлга тушишгач, —мана шу минора ва манави қоялар нимаси биландир менга Элсинор (“Ҳамлет” трагедиясида қирол саройининг номи) ни эслатди”.

Кўринадики, “Улисс” қаҳрамонлари суҳбат жараёнида сизни “Ҳамлет”дунёсига бошлайди. Бундан шундай хулоса келиб чиқадики, адабий асар илм табиатини нафақат ўзида акс эттиради, балки уни ҳаётийлаштиради ҳам. Эътибор беринг, Ҳамлет қисмати Стивенни қандай ўйлатди: “Мана шу ярқироқ, жим-жимит лаҳза ичида Стивен ўзини ташқаридан уларнинг оч-оқиш либослари аро арзон ғубор босган мотамсаро кийимда кўрди”.

Сир эмас, асарлари бошқа тилга ўгирилган улуғ адибларнинг ўзига хослиги кўринмаган ҳолатларга дуч келганмиз. “Улисс”да эса Жойснинг ўзлиги шундоқ кўриниб турибди, унинг маҳоратини маҳоратингиз қамраб олган. Бунга баъзи мисолларни келтираман:

“Очиқ деразадан келаётган бақириқ-чақириқлар оқшомни ҳуркитади”.

“У денгизга қараб турар, зинапоя саҳнидан денгиз томонга тонг сукунатида ўрмонларнинг соялари сассиз сузиб ўтардилар. Қирғоқ бўйи ва ундан нари сув бети енгил учқур долғалардан оқариб кўринади. Қорамтир туманли денгиз, кўкраги оппоқ. Қўша шеърий   урғуларнинг чатишмалари. Арфа торларини чертади қўллар, янграйди жўр оҳангларнинг саслари. Тўлқинлар каби оппоқ сўзлар жуфт бўлиб, қовушиб, мубҳам долғалар узра муд­райди”.

“Бак Маллиганнинг чеҳрасида кенг-кушод табассум ёйилади, у худди кулги ниқобини таққанга ўхшарди”.“Эркин бўлиш ўзингизга боғлиқ”. “Бекорчи масхарабозлик, кимки шамолни тикишга уринса, бари бўшлиққа гирифтор бўлур”.

“Боланинг бўш юзи бўш деразага бўш қарайди”.

“Зардали, қайнаб чиққан сўзлар, Блейк (Уилям Блейк – 1757-1827 йилларда яшаб ўтган инглиз шоири)нинг муболағадор қанотлари шувиллайди. Қулоғимга чалинар: макон тўзийди, ойналар чил-чил. Қулайди деворлар, вақт эса энг сўнгги шаффоф аланга. Бизга нима қолади?”.

“Ҳа, сэр. Кейин у: биз яна шундай битта ғалаба қозонсак, ҳалок бўламиз, деган. Бу сўзларни дунё эслаб қолган”.

“Муросасозлик эркаликлари учунгина бўлмаса керак? Улар учун ҳам тарих қулоққа кўп чалинган зарбулмасал, Ватан эса – қарз бериб турадиган ғазна бўлиб қолган…”

“Улисс”ни ўқийдиган китобхон, аминманки, дастлаб: “Ўртоқ Жойс, сиз учун бу асар жуда қадрлидир, аммо менинг умрим ҳам ўзим учун азиз”, дейди-ю, сабр қилиб ўқишда давом этса, алалоқибат ундаги фикрий жавоҳирларни кўриб боши осмонга етади.

Иброҳим ака, ростини айтсам, мутолаа жараёнида мулоҳазали ибораларга дуч келиб, менинг ҳам кўз олдимда турлича ҳолатингиз намоён бўлди: бирдан ўрнингиздан туриб кетгансиз, қалам ва қоғозга дилозордан безгандай қарагансиз, кейин яна таржимага машғул бўлиб, тонг ёришганини сезмай қолгансиз…

Ниҳоят, мақсадга етиб, адиб ўйларини ўзбек китобхонига аслидай етказибсиз.

Шу ўринда атоқли шоир Рауф Парфининг қизиқ ҳолати ва кутилмаган бир фикрини келтиришни жоиз топдим: Рауф аканинг телевизор кўриши қизиқ эди. Пульт қўлида бўлар, каналдан-каналга ўтишни канда қилмас, бир кўрсатув ёки кинони тўлиқ кўролмасдинг. Бир сафар бунинг сабабига қизиқдим. “Мен китобни ҳам шундай ўқийман, — деди устоз шоир. — Унинг дуч келган саҳифасини очиб кўз югуртираман. Ўша саҳифадан кутганимни топишим керак. Телевизорга келсак, ҳаммага маълум гапларнинг такрорланиши каналдан-каналга қувиб юради мени. Ҳамма каналда фикрсизлик таъқиб этса, мен билмаган тилда айтилган ёқимли қўшиқларни излайман”…

Шу маънода “Улисс”нинг хоҳлаган саҳифасини очинг, унда кишини ўйлантирадиган жумлалар идрокни уйғотади, ёқимли “қўшиқ”лар ҳисларимизни эркалайди.

Хуллас, саҳифаларда онгу тафаккуримизга аталган нодир инъомлар кўп.

Илҳом АҲРОР



Source link