Saturday, November 26th, 2022

Мен нима учун “Hurriyat”ни ўқийман? – HURRIYAT


Бугун газета чоп этиш ўта оддий, аммо қизиқарли, баъзи ҳолларда анчайин ёғли бир юмуш бўлиб қолди. Сифатини демаса, газеталарнинг кўпайгани хавотирли эмас – ўқувчи учун кураш шароитида ўзига хос рақобат юзага келиб, таҳририятлар бир-биридан ўрганади, таж­риба орттиради, газетхон эса танлаш имкониятига эга бўлади.

Бир қарашда шундай. Аммо битта тилли-жағли, ўз йўли ва овозига эга, журъати ҳавас қилгудек газетани йўлга қўйиб, миллий матбуот сафига олиб кириш, сўзи, одоби ва характерини тоблаш, газетхон ишончини қозониш инжиқ боланинг тарбиясидан ҳам мураккаб иш. Бунинг учун гоҳ текис, гоҳ чағир йўллардан ўтиш, сунъий тўсиқларни ортда қолдириш, турли босимларга дош бериш, соғлом ижодий жамоани шакллантириш зарур бўлади. Фақат шу эмас, ижодий жамоа бош муҳаррир билан бирга газетачилик маҳоратини муттасил ошириб бориши, кечаги ва бугунги матбуотга доир илмий-­амалий қарашларни ўрганиши, ҳаётдан ортда қолмаслиги, фикрлар хилма-хиллиги чин ҳақиқатга олиб боришини ҳамиша ёдда тутиши ҳам керак.

Истиқлол фарзанди бўлмиш “Hurriyat” қисқа вақт ичида айни шундай мураккаб йўлни босиб ўтди. Йўли ва сўзини номига яраша белгилади, журъат отидан тушадиган нияти йўқ. Мақолаларда бир мақсад йўлидаги турлича қарашлар, жўяли таклифлар, асосли танқид ҳам борлиги, таҳрирда муаллифларнинг услуби сақланиб қолаётгани жуда муҳим.

Газета ўзининг ташкилотчилик вазифасини талаб даражасида бажармоқда. Уни таълим-тарбия иши билан боғлиқ мураббийлар, ижодкор зиёлилар, жамиятнинг фикр­ловчи қатлами, албатта, ўқиши керак.

“Hurriyat”ни мен бир эмас, икки жиҳатдан ўқийман. Биринчиси – газетанинг нишона сонига имзо чекканим учун у менга жуда азиз бўлиб қолган, ўзимча ғурурланиб юраман. Шу боис ютуқ-камчиликлари, мавзу қамрови, сўзидаги аниқ-тиниқликка эътибор бераман, шиддати сустлашса, иқтисодий муаммолар юзага келса, чоп этишда узилиш юз берса, бефарқ қараб туролмайман, иккинчиси – эълон қилинаётган таҳлилий мақолаларни, айниқса, бадиий, ижтимоий публицистик чиқишларни журналистика факультетлари талабалари билан муҳокама қилиш учун. Бу муҳокамалар нечоғли қизғин ўтишини тасаввур қилиш қийин эмас.

Яна бир фикрим шуки, ўтган йиллар давомида “Hurriyat”га иқтидорли, журъатли, жамоада ижодий муҳит ва эркинлик ярата оладиган касбдошларимиз муҳаррирлик қилишди. Уларнинг ҳар биридан ўзига яраша из, тажриба қолди. Бу анъана бугун ҳам давом этмоқда.

Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ,

“Жаҳон адабиёти” журнали

Бош муҳаррири

 

ОБУНА — 2023

Азиз юртдошлар, қадрли муштарийлар!
2023 йил учун обуна мавсуми давом этмоқда. Сиз албатта, севимли газетангизга келгуси йил учун ҳам обуна бўласиз деган умиддамиз.
“Hurriyat” — эркин сўз ва ҳурфикрлар минбари!
“Hurriyat” — тафаккур чироғини баланд тутиб, халқ дилидагини тилига, тилидагини ўз саҳифаларига олиб чиқадиган газета!
“Hurriyat” — бу шунчаки варақлаб қўйиладиган нашр эмас, ўқиладиган газета!
Обунани “Ўзбекистон почтаси” АЖ, “Матбуот тарқатувчи” АК ва соҳага тааллуқли бошқа корхоналар ҳамда Таҳририят орқали тўғридан-тўғри расмийлаштириш мумкин.
“Hurriyat”нинг обуна индекси: 233

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link