Thursday, January 26th, 2023

Мен нима учун “Hurriyat”ни ўқийман? – HURRIYAT


“Hurriyat”— севимли газетам. Уни газетанинг илк сони нашр этилган 1997 йилдан бери ўқиб бораман. Ростини айтсам, газетани қўлга олган заҳоти танқидий-таҳлилий мақолаларни қидиришга тушаман. Сабаби инсон ҳуқуқлари дадил ҳимоя қилинган, адолатсизликка учраган одамларнинг дарду-ҳасратлари доимий равишда ёритиб келинган. Негадир бундай чиқишлар нафақат “Hurriyat”да, балки бошқа нашрларда ҳам камайиб бормоқда. Шунисидан хафаман. Барибир, қадрли газетамизнинг шахсий фикрларга ҳурмати эътирофга лойиқ. Чунки фуқаролар мурожаатлари асосида танқидий-таҳлилий материалларнинг мунтазам эълон қилиб келинаётгани нашр нуфузини оширмоқда. Яна “Тўртинчи ҳокимият” саҳифаси орқали матбуотимиз муаммолари чуқур таҳлил қилинади. Уларни ҳам зўр қизиқиш билан ўқийман.

Хуллас, бир муштарий сифатида айтишим жоизки, матбуот мен учун нон ва сув кабидир. Тўғри, интернет, сайтларнинг ўрни бўлак. Улар тезкор. Аммо қалб ҳарорати билан суғорилган босма нашрларнинг ўрнини ҳеч бири боса олмайди.

Дарвоқе, “Hurriyat”да адабиётнинг энг сара намуналари бериб борилаётгани ҳам эътиборга молик. Газета жамоасига бугунгидан ҳам юксакроқ шиддат ва журъат тилаб қоламан.

Лазиз БЕШИМОВ,

Бухоро вилояти насос станциялари

энергетика алоқа бошқармаси

Олот участкаси электр чилангари

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link