Wednesday, March 22nd, 2023

Мен қандай қилиб газетхон бўлиб қолдим? – HURRIYAT


Ёшим 17да. Кўплаб тенгдошларимдан фарқли равишда газета ўқишни яхши кўраман. Қандай қилиб бунга одатланганимни айтайми?

Ҳар гал устозим, таниқли журналист Аҳмадали Шерназаровнинг ишхонасига борганимда, у киши ўқишимни қаттиқ тайинлаб, менга “Халқ сўзи”, “Hurriyat”, “Янги Сирдарё” каби турли газеталарни берарди. Дастлаб кўп ва катта саҳифали газета ҳеч тугамайдигандек туюларди. Бироқ устознинг “топшириғини” бажариш учун албатта уларни ўқишим керак эди ва ҳар бир мақолани ўқирдим ҳам.

Ҳар борганимда ўқилган эски газетани янгисига алмаштириб қайтардим. Бора-бора бу ҳар доимги машғулотим бўлиб қолди. Шундай вақтлар бўладики, нимадир қилишим керак эди деб ўйлайман-у, “Ҳа-а-а топдим”, — дейман, ёдимга тушгач. Сезиб турганингиздек, газета мутолаа қиладиган вақтим келган бўлади. Ва мактабимиз кутубхонаси сари йўл оламан. Агар камида бир ҳафта газета-журнал ўқисангиз, бу ҳол сизда ҳам доимий   одатга айланиб қолар экан.

Кўплаб тенгдошларим ҳозир ХХI аср, ахборот технологиялари тараққий топ­ган вақт дейди. Тўғри, интернет нашрларда кун янгиликлари шамолдай тез ёритиб бориляпти. Дунёнинг қайси бурчагида нималар содир бўлаётганидан қисқа фурсатларда хабар топиш мумкин. Албатта, мен ҳам интернет орқали янгиликларни кузатиб бораман. Лекин газетанинг мен севган жиҳати шундаки, у электрон қурилмалар каби кўзларингизни толиқтирмайди. Асосийси, босма нашрлар имло, савод масаласида ўрганса арзийдиган энг юқори савияли воситалардир. Газета ва журналлардаги таҳрири жойида гаплар ва матнларни ўқиб, бевосита   улардан тўғри ва ғализсиз ёзишни ўрганасиз. Чунки бу газеталар таҳририятларида азалдан бир нуқта ёки вергулда хато қилиш ҳам катта камчиликка йўл қўйишдек ҳисобланиб келинганини устозимдан кўп бор эшитганман. Бу фик­римнинг исботини газета ўқиб, ижтимоий тармоқлар, интернетдаги кўп­лаб ахборот воситаларида йўл қўйиладиган ғиж-ғиж имловий ва услубий хатоларга кўзингиз тушганда яққол кўрасиз, албатта.

Хуллас, катта ижодий тажриба тўплаган таҳририятлар ва улардаги профессионал муҳаррирлар, журналистлар томонидан тайёрланаётган, узоқ йиллардан буён зиё улашиб келаётган, нуфузли босма нашрлар биз, ёшлар учун ахборот воситасигина бўлиб қолмай, ўзига хос маърифий мактаб бўлиб ҳам хизмат қилади. Билимимиз, дунёқарашимизни оширишда муҳим ва бой манба ҳисобланади.

Гапим сўнггида газета-журналларни мунтазам ўқий бошлаганимдан   сўнг ёзганларимнинг равонлиги, фикрлаш ва таҳлил қилиш даражам анча ошганлигини сездим. Бундан хурсандман.

Ахир икки қатор гапни тўғри, хатосиз ёзолмайдиган, ўз фикрини тўғри ифода қилолмайдиганлар қанча. Шу боис, барча ёшларни, тенгдошларимни газета ўқишга чорлаб қоламан. Зеро, бу ҳам илм олмоқ демакдир.

Дилафруз ҒОФУРОВА,

Ҳалима Худойбердиева номидаги

ижод мактаби битирувчиси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link