Уни одатда алдашарди.
Майинлигидан, феълининг кенглигидан, ўзига қандай ишонса, бошқаларга ҳам ана шундай ишонганидан алдашарди. Энг қизиғи, Абдулазиз ака Яхшилиқов ўзгаларнинг алдаганини, чувв туширганлигини, янада дангал айтадиган бўлсак, олдига сомон ташлаб кетишганини билмай ҳам қоларди.
У узоқ йиллар туман, шаҳар ва “Сирдарё ҳақиқати” рўзномаларида мусаҳҳиҳ вазифасида ишлади. Маоши тушлиги-ю йўлкирасидан салгина ортарди, десак тўғри гапни айтган бўламиз.
Ўша йиллари вилоят рўзномасини диёнатда кўпга дарс берадиган Саъдулла Боқиев бошқарарди. Бир куни адабий ўқиш тугагач, устоз мана бундай деди:
— Ҳамкасблар, Абдулазиз Яхшилиқов ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетини сиртдан тугатди. Нега дипломингни бош муҳаррирга келтириб кўрсатмаяпсан, деб сўранг. Бир оғиз тугул, ярим оғиз ҳам жўяли жавобни эшитиб бўпсиз! Кулади, қўяди. Хабарлари, лавҳалари, мақолалари газетада пайдар-пай чиқиб ётган бўлса! Нега тортинасан, нега хайрли ишни орқага ташлайсан, эй мусулмоннинг боласи… Шулардан келиб чиқиб, менда битта таклиф пайдо бўлди. Шу йигитни саноат ва қурилиш бўлимига адабий ходим қилиб олсак, нима дейсизлар…?
Йиғилганлар қарсак чалишди. “Бўлади, зўр… Аллақачон ана шундай қилиш керак эди” деганлар анчагина эди. Худди нони яримта бўлиб қолаётгандек четга қараб тўмшайганлар ҳам бўлди.
У салкам чорак аср адабий ходим бўлиб ишлади. Вилоят ва республика рўзномаларида унинг чўлқуварлар ҳақидаги юзлаб мақолалари чоп этилди. Таҳририятга кўпдан-кўп миннатдорчилик мактублари тегирмоннинг новидаги шоли-ю буғдойдек оқиб кела бошлади. Қисқа қилиб айтганда, Абдулазиз Яхшилиқовни эл таниди. У юртнинг тилига тушди. Кўпдан-кўп рағбату мукофотларга муносиб деб топилди.
Гап келганда отангни аяма, деган нақл бор. Қаҳрамонимиз бир хўжалик даласига шартнома билан ярим гектар карам экди. Кимдир “Мухбир ака пулга кўмилиб қолгандир-ов?”, дея мўлжал ҳам қилгандир. Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади, деган гап бор. Ҳамкасбимиз уйига 10 пуднинг нари-берисида карам оборди, холос. Хўш, нима бўлди? Қурту ҳашарот еб кетдими? Далага ўғри тушдими? Э, қаёқда! Яшириб нима қилдик, акамиз саховатда Ҳотами Тойни ярим йўлда қолдириб кетадиган бир инсон эди. Гулистонда неки ижодкор бор, неки таниши бор, велосипедда ўшаларнинг уйига хўб ва кўп карам ташиди.
Кимдир тузлаб олди, кимдир банка ёпди. Акамиз дуоларга кўмилиб кетди. Акамизнинг кўкраги тоғ бўлди. Кафтини кувача қилиб ўша кувачага йўталиб-йўталиб қўяркан, ота-боболари асл деҳқон эканлигини такрорлашдан толиқмади.
Акамиз қўй боқди. Оз эмас, кўп эмас, ўн йил шу ишнинг этагидан маҳкам тутди. Кундузи ишга қатнайди, ишдан келгач эса ўту хашак илинжида пахтазордан ул-бул ўриб келади. Унинг эътиборидан кузнинг барглари ҳам яшириниб қололмайди. Аммо бизнинг бу ҳақда кўп гапириш ниятимиз йўқ. Биз айтмоқчи бўлган нарса шуки, унинг қўйлари сони неча-неча йиллар ўтсада сира кўпаймайди. Бўлмаса қўйларнинг ичида эркаги ҳам, урғочиси ҳам бор.У бўлди, бу бўлди, охири биз бу сир-синоатнинг ҳам тубига етдик. Бу ишда бизга устознинг турмуш ўртоғи Раҳбар опа “холис” ёрдам қилиб юборди.
— Ким қарзга қўю қўчқор сўраб келса, “мана” дея арқони билан тутқазадиган одам ким деб сўрасангиз, сира иккиланмай хўжайинимни кўрсатган бўлардим. “Дадаси, бу кимса ёлғончи эканлигини менга қараганда ўзингиз яхши биласиз. У икки дунё бир бўлса ҳам пулини бермайди. Мана мени айтди, дейсиз дейман. Бу одам эътирозимга эътироз билан эмас, ёйилиб кулиш билан жавоб қайтарарди. Қўявер, онаси, менда бор экан, илтимос билан келди. Алдаб кетса, ўзига қийин. Ҳў-ў, у ёқда жавоб берадиган жойлари бор. Қўю қўчқор деганлари одамнинг жони эмас-ку?” дер эди.
Юқорида айтилган гапларга изоҳу шарҳ керак эмас, деб ўйлайман.
Ўн йиллар муқаддам акамиз бироз хаста бўлиб қолди. Андаккина дардга чалингандай бўлди. Бироқ юзидаги табассумни, кўзларидаги ишончни, ҳаёт аталмиш турмушнинг ташвишу ғурбатларини чин ихлос билан аччом-аччом қилиб яшади. Нолимади. Дардларини дастурхон қилмади. Онда-сонда ўғли Абдулатифу қизлари Фотима-Зуҳроларга айтиб туриб, кичик-кичик ҳикоялар ёзди. Кўплаб рўзномалар бу митти ҳикояларни қувониб-қувониб чоп этди.
Қизиғ-а, умрни оқар сувга ўхшатишади. Кимдир шу ҳаёт суви билан далаларга оби раҳмат улашади. Камина эса негадир Абдулазиз ака Яхшилиқовнинг умрини ҳар доим момоқаймоққа ўхшатгим келади. Бу гул қачон қараманг, совуқ кунларни, аёзли дамларни хивчин кўтариб қувиб юради. Далв ўтар-ўтмас ариқ уватларида, тепаликларнинг кунгай томонларида қуёшга қараб тинимсиз салом бергани берган. Ўзи ёш боланинг кафтидай сап-сариқ гул. Кўзга ҳам кўпам илашавермайди. Арава-ю одамлар уни бемалол босиб, янчиб ўтиб кетаверишади. Лекин бу гул кўпнинг кўзу киприкларига табассумдан ўсмалар суради. Кўпнинг лаблари зийига кулгу улашишдан сира-сира тортиниб ўтирмайди.
Хонадаги тувакларда ўсадиган ноз-карашмали не-не гулларни биламиз. Бир кун-ярим кун эътибор бермай қўйсак, қош-қовоқларини заҳар одамдек юмиб олади. Уларни эпга келтиргунча эсингиз кетади. Улар гўзал, улар ранго-рангдир.
Бироқ ҳеч бири умри Абдулазиз акамнинг умрига қай жиҳати биландир ўхшаб кетадиган момоқаймоққа тенглашиб бўпти! Момоқаймоқ бойчечакларни ҳам, чучмомаларни ҳам ортда қолдириб, сизга кўклам аталмиш бир фасли нозаниндан муждалар олиб келгани-келган.
Алиқул ХОНИМҚУЛОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган
журналист
Янгиликларни дўстларингизга улашинг