Халқимизда ўлмас сиймо, деган ажойиб нақл бор. Халқ ўзининг ардоқли кишиларини ана шундай атайди. Бу билан чексиз меҳри, ҳурмати, ифтихорини изҳор этади. Ана шундай инсонлардан бири академик Эркин Юсупов эди.
Аслида бундай унвону мартабага эга бўлган киши ҳақида республикамиздаги таниқли олимлар, фан докторлари ёки профессорлар ёзишига одатланиб қолганмиз. Лекин мен 45 йилдан бери қалам тебратиб келаётган журналист сифатида бу инсонга салкам 35 йил илгари меҳрим ошгани сабаб қўлимга қалам олдим.
Ўшанда собиқ иттифоқ замони эди. Эсимда, 1989 йил 21 февралда Минск шаҳридаги сиёсий маориф уйида “Билим” жамиятидан собиқ СССР Халқ депутатлигига номзодлар билан учрашув ўтказилди. Унда бари ўша пайтда Собиқ Иттифоқ таркибида бўлган республикалар — Россия, Украина, Белорус, Тожикистон, Латвия ва бошқа минтақалардан 11 нафар номзод қатнашди.
Навбат келганда Эркин Юсуповнинг ишончли вакили Собитхон Қурбонов номзоднинг таржимаи ҳолини ўқиб берди. Савол-жавоблар асносида айрим фитначи “зиёли”лар “Ўзбекистонда рўй бераётган воқеалар, мисол учун, “Пахта иши”, порахўрликнинг авж олгани ростми?” деган гап қилишди. Эркин Юсупов худди шу саволларни кутиб тургандек, кескин жавоб қайтарди: “Бир-икки нафар порахўр бўлса бордир, лекин бутун Ўзбекистон халқини порахўрга чиқариш одобдан эмас. Қолаверса, “Пахта иши” ортидан минглаб одамлар айбсиз бўлсалар-да жабр тортишяпти”.
Катта хона бир қалқиб тушгандек бўлди! Ахир, собиқ СССР Бош прокуратураси терговчилари Гдлян билан Иванов бошлиқ гуруҳнинг қиличи кескир бўлиб турган вақтда бу гапларни айтиш кишидан жуда катта жасорат талаб қиларди. Чунки бу пайтда улар устидан жиноят иши қўзғатилишига ҳали салкам 3 ой бор эди…
Ўша йиғилишдан сўнг Э.Юсупов биз — Минск Олий партия мактаби тингловчилари билан алоҳида учрашиб, икки соатча дилдан суҳбатлашди, ўқиш жараёни, шарт-шароитлар билан қизиқди. Тингловчиларга Ўзбекистондаги ҳақиқий ҳолат ҳақида атрофлича гапириб берди…
Энди шу инсон ҳақида икки оғиз маълумот келтирсак: Эркин Юсупов 1929 йилнинг 15 мартида Фарғонанинг Қува шаҳрида туғилган. Кўплаб раҳбарлик лавозимларида ишлаган. Илм билан шуғулланган. 1965 йилда фалсафа фанлари доктори илмий унвонига сазовор бўлган. Ижтимоий фалсафа, мантиқ, тарих, педагогика, сиёсатшуносликка оид кўплаб монография, рисола, илмий ва илмий-оммабоп мақолалар ёзган…
Яқин тарихни эсласак, ўзбек халқининг забардаст инсонларидан бири Шароф Рашидов вафот этганидан сўнг тўнини тескари кийиб, у кишига маломат тошлари отганлар кўп бўлгани, сир эмас. Буни Асил Рашидовнинг “Акам ҳақида” китобидан ҳам билиб олиш мумкин. Шу китобда Шароф Рашидовга унинг ҳаёт эканлигида қандай муносабатда бўлган бўлса, вафотидан сўнг ҳам ўзларининг тўғри, холис фикрларида собит бўлиб қолганлар орасида академик Эркин Юсупов номи ҳам ҳурмат билан тилга олинган. Бундан амин бўлиш мумкинки, у киши ҳақиқатсевар, бир сўзли инсон бўлган.
Эл севган зукко олим, миллатпарвар, адолатпарвар инсон, миллий ғурур ҳимоячиси Э.Юсупов 2003 йилнинг 5 августида 74 ёшида вафот этди.
Орадан салкам 35 йил ўтганига қарамай Минск шаҳридаги юқорида баён қилганим воқеа сира ёдимдан кўтарилмайди. Шу сабаб академик Эркин Юсуповга бўлган меҳрим, ҳурматим доим қалбимда.
Халқимизнинг ана шундай улуғ инсонларини ёд этиб туриш эса сизу биз учун ҳам фарз, ҳам қарз деб ўйлайман
Иззатулла НОРҚУВВАТОВ,
Ўзбекистон Журналистлар
уюшмаси аъзоси
Янгиликларни дўстларингизга улашинг