Monday, September 26th, 2022

Муносиблар фақат ўзига ишонади – HURRIYAT


Республика Олий таълим муассасаларига 2022/2023 ўқув йили учун қабул жараёни Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 13 июлдаги 1-сон баёнига мувофиқ, жорий йилнинг 20 июнидан 27 июлга қадар яъни бугунгача давом этиши белгиланди.

Мазкур муддат давомида абитуриентлар ўз маълумотларини ўзгартиришлари ҳамда чет тилидан миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлса, сертификат маълумотларини тизимга киритишлари мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини ташкил этиш тўғрисида”ги 2022 йил 15 июндаги ПҚ-279-сон қарори ва “2022/2023 ўқув йили учун давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида”ги Ф-60 фармойиши асосида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2022 йил 17 июндаги 210-сонли буйруқлари қабул қилинди ва ижрога йўналтирилди.

2022/2023 ўқув йили учун Навоий давлат педагогика институтига кундузги, сиртқи, кечки таълим йўналиш­лари ҳамда магистратура мутахассислиги учун жами 3945 та квота ажратилди. Шунингдек, профессионал таълим — ахборот тизимлари ва технологиялари йўналиши (50 та квота) очилди; педагогика-психология йўналиши педагогика йўналиши сифатида ўзгартирилди.   Институтда қабул жараёнини самарали ташкил этиш бўйича маслаҳат маркази (call center) ташкил этилган. Бунда 5 та стационар телефон орқали малакали мутахассислар абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарига жараён ҳақида тўлиқ маълумотлар берилмоқда. Маслаҳат марказидаги телефонлар якшанба кунидан ташқари ҳар куни соат 9:00 дан 18:00 га қадар ишлаб турибди.

Қабул жараёнида бу йил ҳам имтиёзлар жорий этилган: шунга асосан институтимизга камида беш йил иш стажга эга бўлган хотин-қизлар учун тўлов-контракт асосидаги 8 та; ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча икки фоизли давлат гранти асосидаги 75 та; “Меҳрибонлик уйи” ва Болалар шаҳарчасининг битирувчилари бўлган чин етимлар учун 38 та қабул квотаси ажратилган. Шунингдек, Хотин-қизлар учун 4 фоиз қўшимча давлат гранти асосидаги Навоий вилояти миқёсида 60 та қабул квота; бундан ташқари, умумтаълим муассасаларида фаолият олиб бораётган ва олий маълумотга эга бўлмаган ўқитувчилар учун тўлов–контракт асосида алоҳида мақсадли қабул ва Бошланғич таълим йўналиши учун 50 та қабул квотаси ажратилди.

Абитуриентлар билан узлуксиз алоқада бўлиш учун 8 та касбий (ижодий) имтиҳонлар ўтказиладиган таълим йўналишларига кириш бўйича фан дастури ва баҳолаш мезонлари институтнинг nspi.uz (энспи.уз) веб-сайт­­га жойлаштирилган. Қабул бў­йича барча жараёнлар   сайт ва тегиш­ли ижтимоий тармоқлар орқали жамоатчиликка етказиб борилмоқда. Сайт­­да “Қабул-2022” бўлими мавжуд. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022/2023 ўқув йили қабул жараёнларига тегишли қарор ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг буйруқлари, қабул квотасидан ташқари бугунги кунда амалдаги имтиёзларнинг барчаси ҳамда абитуриентларнинг онлайн ҳужжат топширишларига кўмаклашувчи видео роликлар жойлаштириб борилди.

Хорижий давлатлардан ўқишни кўчириш бўйича аризаларни қабул қилиш эса жорий йилнинг 15 июлидан 5 августга қадар онлайн амалга оширилади.

Хорижий давлатлардан ўқишни кўчириш бўйича ўтиш баллари Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг тегиш­ли буйруғи билан тасдиқланган бўлиб, ўтиш баллари билан info.edu.uz сайти орқали танишиш мумкин.

Шуни таъкидлаш лозимки, хорижий мамлакатларда фаолият юритаётган олий таълим ташкилотларидан давлат олий таълим муассасаларининг мос ва турдош бўлмаган таълим йўналишларига талабалар ўқишини кўчиришга рухсат этилмайди.

Хабарингиз бор, бу йилги тест синовлари ҳам очиқ майдонларда ўтказилиши режалаштирилмоқда. Бу бў­йича ҳам тайёргарлик ишлари олиб бориляпти.

Бундан ташқари, касбий (ижодий) имтиҳонлар топширилиши учун барча қулайликлар ва шароитлар яратилмоқда. Бу жараён ҳам абитуриентларни рўйхатга олиш муддати тугаши билан, гуруҳлар кетма-кетлигида ўтказилади. Абитуриентларнинг ота-оналари ва қариндошларининг имтиҳон жараёнларини онлайн кузатишлари учун кенг имконият яратилади.

Унутмайлик, магистратура мутахассисликларига мутахассислик фанидан имтиҳон бўлмайди, фақат чет тилини билиш даражаси ва сертификат ва диплом балига қараб ўқишга қабул қилинади. Филология йўналишидагилардан   С1 даражасидаги чет тилини билиш сертификати, аниқ фан ва техника йўналишидагилардан эса B2 даражасидаги чет тили сертификати талаб қилинади.

Тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилган хотин-қизларнинг базавий тўлов-контрактлари Республика бюджетидан қопланадиган бўлди.

Жорий йилдан бошлаб магистратура мутахассислигига 2 марта (август ва декабрь ойларида) қабул жараёнлари   ташкил этилади. Агар магистратура мутахассислиги қабул квоталари тўлмасдан қолса, ана шу тўлмай қолган магистратура мутахассисликлари бўйича такрорий қабул учун ҳужжатлар қабул қилиш декабрь ойида қайта ташкил этилади.

Абитуриентларга Олий таълим муассасаларига ўқишга киришга омад тиларканмиз, қуйидаги талабларга қатъий амал қилишларини эслатамиз (бу ота-оналарга ҳам тааллуқли) :

— Аввало, таълим йўналишингизни тўғри ва аниқ танланг;

— Абитуриент хоҳлаган ОТМини танлаши (5 тагача) ва тест синовларини ўз вилоятида топшириш учун барча имкониятлар яратиб берилган;

— Жорий йилдан фанлар блоклари мос келадиган 5 та йўналишни танлашда энди кундузги, сиртқи ва кечки таълим шаклларини танлаш имкони яратилди.

Энг муҳими, агар сизларга кимдир ижодий имтиҳон ва тест синовларига кўмаклашаман деб, нопок йўллар билан талабаликни ваъда қилаётган бўлса, билингки, у фирибгар. Асло алданиб қолманг! Мазкур жараёнларни ўтказишда ҳеч қандай ноқонуний ҳолатлар ва турли аралашувларга йўл қўйилмайди. Барчаси шаффоф ва адолатли тамойилларга асосан ташкил этилган. Ўз кучингиз ва билимингизга ишонинг.

Огоҳ бўлинг, коррупциянинг авж олишига сабабчи бўлиб қолманг. Фирибгарлардан ҳушёр бўлинг!

Баҳодир СОБИРОВ,

Навоий давлат педагогика

институти ректори,

қабул комиссияси раиси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link